13-мавзу. Ислом дини тарихи ва фалсафаси. Режа: 1. Ислом динининг вужудга келиши, унинг асосий оқимлари ва йўналишлари. 2. Қуръон – ислом динининг муқаддас китоби. 3. Ҳадислар – Қуръондан кейинги мўътабар манба. 4. Калом фалсафаси. Тасаввуф ва унинг тариқатлари. 1. Ислом динининг вужудга келиши, унинг асосий оқимлари ва йўналишлари. Ислом пайдо бўлгунча милоднинг бошларида анча кенг худудда жойлашган араблар деҳқончилик, савдо ва кўчманчи чорвачилик билан шуғулланганлар. Исломга қадар араб жамиятида турли ибтидоий динлар ва қўшни Мессопатамия, Византия в Эрон таъсиридаги диний эътиқодлар кенг тарқалган. Масалан, қуёш ва ойга, айрим худолар ва арвоҳларга, табиат кучлари ва ўлик аждодларга сиғиниш, жанубий Арабистонда, айниқса, фетишизм муҳим роль ўйнайган. Маккадаги муқаддас ибодатхона Каъбада энг катта Қора тош ва унинг теварагида ўрнатилган ҳар бир қабиланинг арвоҳлари ва худоларини ифодаловчи Фетиши бўлган санамлар (умумий сони 360) муқаддас ҳисобланган. Куб шаклидаги машҳур Қоратош барча қабилалар томонидан олий худо рамзи сифатида танилган. Шубҳасиз, бундай тасаввурлар энди куртак отаётган монотоистик ғоялар билан боғлиқ энг олий худо образини ифодалаган. Якка худолик, яъни монотеисик ғоялар Арбистонда ҳам яҳудийлик ва христианлик таъсирида Макка ва Ясриб (Мадина) да анча вақтдан бери маълум эди. Чунки, кўп шаҳарларда, айниқса, савдо марказларида яҳудийлар жамоаси мавжуд бўлиб, ўз динларини тарғиб қилганлар. Хатто V-VI асрлар оралиғида Ясриб ва Яманда қисқа муддат Иудаизм давлат дини деб ҳам тан олинган. Яманни хабашлар босиб олгандан кейин иудаизм таъсири сусайиб, христианлик дини кенг тарқала бошлаган. Айниқса, Фаластин, Сурия, Мессопатамия араблари орасида унинг таъсири жуда кучли бўлган. Бу ерда қўшни Эрон таъсири остида зороастризм дини ҳам тарқала бошлаган, кейинги зороастризм христианлик билан аралишиб, маҳаллий диний эътиқодлар заминида моноистик ғояларга яқинлашган манихейлик-маздакизм таълимотини юзага келтирган эди. Мана шундай ниҳоятда мураккаб бир вазиятда ҳилма-хил диний-маданий тасаввурлар ва эътиқодлар таъсири остида қолган араб қабилалари ўзига хос монотеистик диний таълимотга муҳтож эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |