2- модуль диншунослик 10-мавзу. Дин маданият феномени


-савол баёни Миллий динлар ва уларнинг замонавий кўринишлари


Download 135.79 Kb.
bet10/27
Sana12.11.2023
Hajmi135.79 Kb.
#1768272
1   ...   6   7   8   9   10   11   12   13   ...   27
Bog'liq
2-модуль Диншунослик.

2-савол баёни Миллий динлар ва уларнинг замонавий кўринишлари: Дунёдаги энг қадимий миллий динлардан бири бўлган Яҳудийлик тахминан мил.авв. 2 – минг йилликда Мисрда пайдо бўлган. Ушбу дин таълимотига кўра, Худо 400 йил давомида Мисрда қулликда сақланиб келган Иброҳим авлодларини озод қилиб, Миср ерларидан олиб чиқиб кетган Мусо (Моше)га Синай тоғида ваҳий юборди ва яҳудийлик дини юзага келди, деб ҳисобланади. Ҳозирда дунё бўйича тахминан 15–20 миллион киши яҳудийликка эътиқод қилади. Улардан 4,4 миллиони Исроилда, 6 миллиони АҚШда, қолганлари эса Европа ва дунёнинг бошқа мамлакатларида истиқомат қилади. Яҳудийликнинг муқаддас китобларида Бани Исроил билан Тангри орасидаги “аҳд”га кенг ўрин берилгани унинг энгмуҳим хусусиятларидан биридир. Шунинг учун ҳам, бу дин “Аҳд” дини сифатида ҳам эътироф этилади. Яҳудийлик ягона Худога, муқаддас китобга ва пайғамбарларга имон келтирилиши билан миллий динлардан, миллийлаштирилиши билан эса, илоҳий динлардан ажралиб туради. Яҳудийликда динийлик ва миллийлик ўзаро бирлашиб кетган бўлиб, уларни бир–биридан алоҳида тушуниш мумкин эмас. Яҳудийлик дини вакиллари тарихий ва адабий – бадиий манбаларда “яҳудий”, “иброний” ва “исроил ўғиллари” каби номлар билан тилга олинади. Бани Исроилнинг 12 қабиласига асос солган, деб ҳисобланадиган Исҳоқ пайғамбарнинг ўғли Яъқубнинг 12 ўғлидан бирининг исми “Юда” ёки “Яҳуда” бўлган деган тахминдан келиб чиққан ҳолда унинг исмига монанд равишда “яҳудий” атамаси шаклланган. Мусо пайғамбарнинг “Биз сенга қайтиб, ёлвордик” сўзларига таяниб баён этилган бошқа бир тахминга кўра, яҳудий сўзи арабча “ ав ”шитйақ“ ,билўб наққич билек надигазў )адоҳ(”داه “тавба қилиш” маъноларига эга. Тарихий манбаларда “иброний” атамаси (ибр. “Ибри” – “нариги томоннинг одами, келгинди”) Фрот ва Иордан дарёларининг нариги тарафидан келган кўчманчиларга нисбатан ишлатилган. Бу ном Фаластиннинг Канъон ўлкасида яшовчи маҳаллий халқ томонидан Яҳудийларга нисбатан ҳам ишлатилган ва даврлар ўтиб, ушбу икки сўз синонимларга айланган. Яҳудийларнинг ўзлари орасида кенг тарқалган қарашларга кўра, “Исроил” атамаси “Худо билан курашиб уни енгган” деган маънони англатади. “Ибтидо” китобининг 32 – боби 28 – матнида келтирилишича, бугунги кунда барча яҳудийларга нисбатан ишлатиладиган “Исроил ўғиллари” номи Яъқуб пайғамбарга Худо томонидан берилган. Юқоридаги каби ёндашувларни умумлаштирган ҳолда мутахассислар орасида бу халқ Канъон (Фаластин)га жойлашишдан олдин яҳудий, Канъонда иброний, кейинроқ эса Бани Исроил деб номланган ва ушбу уч атама бир–бирининг ўрнига ишлатилган, деган қарашларда муайян якдиллик мавжудлигини алоҳида қайд этиш лозим. Умуман олганда, яҳудийликда насл–насаб отага эмас, балки онага қараб белгиланишидан келиб чиққан ҳолда яҳудий онадан туғилганлар бошқа дин танламайдилар. Агар бошқа миллат вакиллари яҳудийликка ўтишни истаса, унда у руҳонийлар томонидан белгилаб қўйилган диний қонун– қоидаларга итоат этиши шарт ҳисобланган. Ҳар бир дин асосларини қамраб оладиган манба лар мавжуд. “Танаҳ” ва “Талмуд” Яҳудийликнинг ана шундай манбаларидан ҳисобланади. “Танаҳ” (христианларда “Қадимги аҳд”) “Тора” (“Таврот”), “Навиим” (“Пайғамбарлар”) ва “Кетувим” (“Китоблар”) каби уч бўлимдан ташкил топган. “Танаҳ” номи эса, ана шу уч бўлимнинг ибронийча бош ҳарфларининг қўшилишидан ҳосил бўлган. Мазкур манба “Китве кодеш” (“Муқаддас китоблар”), деб ҳам юритилади. “Танаҳ” (“Қадимги аҳд”) христианликнинг ҳам муқаддас китобидир. Шундай бўлса–да, уларнинг бўлимлари борасида жузъий фарқлар учрайди. Жумладан, “Библия”да “Қадимги Аҳд” 39 та китобни ўз ичига олса, яҳудийликда баъзи қисмлар бирлаштирилгани учун 24 та китобдан ташкил топган. “Танах”нинг биринчи бўлими “Тора” (ибр. – қонун, амр, дарс, раҳбар)нинг ўзи беш китобдан иборат. У Худо томонидан Мусо пайғамбарга Тур тоғида таҳминан мил. авв. 1571 йилда нозил қилинган, деб эътиқод қилинади. Яҳудийликда мил. авв. 586 йилда раввинлар ва яҳудий дини арбоблари томонидан жамланган “Бобил Тавроти”га таянилса, христианликда унинг юнон тилига таржима қилиниши натижасида “Юнон Тавроти”, шунингдек, таржима қилишда 72 та яҳудий руҳоний иштирок этганидан келиб чиқиб “септуагинта” деб номланган “Таврот”га асосланилади. Беш китобдан иборат “Таврот”ни ифодалаш учун ибронийча “Ҳумаш”, юнонча “Pentateukhos” (penta: беш, teukhos: китоб), Ғарб тилларида пентакок (Pentateuch– Pentateuque) каби сўзлар ишлатилади. 50 бобдан иборат “Ибтидо” (ибр. – “Берешит”) китоби “Таврот” таркибидаги биринчи китоб ҳисобланади. Унда илк инсон ва коинотнинг яратилишидан то исроил халқининг Мисрга келиб жойлашишигача бўлган воқеалар тадрижий равишда баён қилинган. 40 бобдан иборат “Чиқиш” (ибр. – “Шемот”) китобида эса, исроил халқининг Мусо бошчилигида Мисрдан чиқиши ва шу воқеа билан боғлиқ тафсилотлар ҳикоя қилинган. 27 бобдан иборат “Ловийлар” (ибр. – “Вайикра”) китобида эса, яҳудийлик динининг асосий ахлоқий асослари ва диний кўрсатмалар, гуноҳларнинг каффорати, истеъмоли ҳаром қилинган нарсалар, тақиқланган никоҳлар, диний маросимлар, байрамлар ва қурбонликлар билан боғлиқ масалалар ёритилган. Бани исроилнинг чўлда ўтказган ҳаёти ва бошдан кечирган ҳодисалари, қоя тошдан сув чиқарилиши, ўлим ва илон воситасида шифо топиш билан боғлиқ бўлган маълумотлар эса 36 бобдан иборат “Сонлар” (ибр. – “Бамидбар”) китобида келтирилган. Мусонинг ўлими, дафн этилиши, тутилган аза ва шу каби масалаларни ўз ичига олган 34 бобдан иборат “Иккинчи қонун” (ибр. – “Дварим”) китоби эса “Таврот”нинг сўнгги қисмини ташкил этади. “Танах”нинг 2–бўлими бўлган “Навиим” китоби 8 бобдан иборат. Унда Ҳокимлар (ибр – Шофтим), I ва II–Самуэл, I ва II Қироллар (ибр. – Малахим), Ёшуъа, Йирмиях, Ихзқиёл, Ҳашуъ, Йўъэл, Амос, Овадя, Йонаҳ, Миҳа, Наҳум, Хавакук, Тзефания, Хагаи, Закарийё, Малахи каби пайғамбарлар фаолияти, жумладан, уларнинг яккахудолик ғоясини тарғиб қилиш борасидаги ҳаракатлари, ҳаёт йўллари ва амаллари ҳақида сўз боради. “Кетувим” китоби эса, Теҳилим (Забур), Мишле (Сулаймониннг Масаллари), Ийов (Айюб), Шир аширим (Нашидалар нашидаси), Коҳелет (Воиз), Рут, Эстер, Еремянинг марсиялари, Дониёл, Узайр ва Неҳемя, Дивре Айамим (I ва II Тарихлар) каби қисмлардан иборат бўлибуларда ибодат вақтида ўқиладиган дуолар, шунингдек, тарихий воқеалар баён қилинган. “Таврот”нинг шариҳи сифатида эътироф этиладиган “Талмуд” (ибр. – “ўрганиш”) оғзаки тарзда авлоддан авлодга ўтиб келган. Кейинчалик уларни унутиш хавфи пайдо бўлиши яҳудийликнинг келажагига таҳдид сола бошлади. Бундан ташвишга тушган яҳудий руҳонийлари оғзаки бўлган “Талмуд”ни ёзма шаклга келтирганлар. “Талмуд” яҳудийлар учун “Таврот” каби аҳамиятга эга бўлиб, унинг ваҳий ва илҳом маҳсули эканига ишонилиб, уни инкор қилган киши яҳудий, деб эътироф этилмайди. Қадимдан “Талмуд”нинг ҳажмига алоҳида эътибор беришган. Шунинг учун ҳам, мавжуд “Талмудлар”нинг барчаси 2947 варақ ва 5894 бетдан иборат. “Талмуд” “Мишна” (ибр. – “ўрганиш”, “таълимот”) ва “Гемара” (ибр. – “хотима”) каби икки бўлимга бўлинади. 190–200 йиллар оралиғида патриарх Яҳуда ҳа–Наси (135– 220) томонидан жамланган “Мишна”да Худо томонидан Сино тоғида Мусога ваҳий қилинган яҳудийликнинг диний, ахлоқий асослари баён этилган, деб эътиқлд қилинади. “Гемара” эса, “Мишна”нинг баёни ва шарҳидир. Умуман олганда, овқатланиш, кийиниш, озодалик, кун тартиби, ибодатлар, маросимлар ва байрамларга тааллуқли масалаларни ўз ичига олган “Талмуд”да яҳудийлик маросимлари тизими ишлаб чиқилган, дейиш мумкин. Шунингдек, унда яҳудийлар бутун умри давомида қатъий амал қилиши ва бажариши лозим бўлган 248 та буйруқ ва 365 та тақиқ ҳам мавжуд. Туғилган ўғил фарзанд саккиз кунлигида хатна қилиниши, фақат махсус қассоб – шойихет томонидан диний қоидаларга мувофиқ сўйилган гўштнигина истеъмол қилиш, эркакларнинг бир рангдаги (сидирға) матодан узун қилиб тикилган, чўнтаклари белдан пастда жойлашган кийим кийиши, бошни ҳатто уйқуда ҳам ёпиб ётиши зарурлиги ҳақидаги талаблар шулар жумласидандир. Ибодат пайтида “Талмуд”да келтирилган 248 та буйруқ ва 365 та тақиққа амал қилишларини ўз зиммаларигаолганларнинг ифодаси сифатида қирғоқларида 613 та тугун тугилган махсус ибодат чойшаби – “талес”ни елкаларига ташлаб олишлари ҳам, ушбу талабларнинг яҳудийлар ҳаётида нечоғлик улкан аҳамиятга эга эканини кўрсатади.

Download 135.79 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   6   7   8   9   10   11   12   13   ...   27




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling