Ернинг шакли ва физик хусусиятлари.
Ерни шар шаклида деган фикр эрамиздан 530 йил аввал Пифагор томонидан айтилган эди. Лекин ХIII асрда бажарилган ўлчов ишлари ернинг меридиан ёйининг узунлиги экваторда қутб доирасидагига нисбатан қисқаришини кўрсатиб берди. Меридиан ёйининг бир градус узунлиги: экваторда 110,9 км, Парижда 111,3 км, қутб доирасида 111,9 км га тенглиги исботланади. Яъни ер қутблар бўйича бироз қисилган бўлиб, (экваториал радиусли 6378, 245 км, қутбий радиуси 6356,863 км) эллипсоид шаклига яқин келади.
Ер шаклини ўрганишда унинг юзасидаги релефнинг йирик нотекисликларини, яъни жуда ҳам баланд тоғ чўққиларини ва чуқур океан чўкмаларини ҳисобга олиш зарур. Масалан, Химолай тоғининг энг баланд (Еверест) чўққиси 8848 м, Тинч океанининг Мариан чўкмаси 11521 м га тенг. Демак, ер юзаси релефнинг ўзгариш амплитудаси 20,369 км га тенг экан. Шунга кўра ер ўзига хос бўлган геометрик шакл, яъни геоидга ўхшайди.
Ер юзаси жуда ҳам нотекис тузилган. Айрим қисмлари тоғли ўлкалардан, континентал платформалардан, чуқур денгизлардан, денгиз чўкмаларидан ва денгиз тубигача бўлган континентал ёнбағирликларидан иборатдир. (1.1-жадвал).
Ернинг тузилиши,таркиби.
Ер планетаси бир неча бир-бирини устида ётган констентрик (битта умумий марказга эга бўлган) қобиқлардан иборат. Ернинг ташқи томонини ўраб турган биринчи қобиқ атмосфера-ҳаво қобиғидир. Унинг қалинлиги 500 дан 2000 км гача етади ва у ҳар хил газ ва сув буғларидан ташкил топган. Атмосферанинг юқори қатламларини тузилиши тўғрисидаги маълумотлар ернинг сунъий юлдошлари ёрдамида олинган материаллар асосида янада бойиди. Атмосфера-тропосфера, стратосфера ва ионосфера қобиқларидан иборат.
Тропосфера-атмосферанинг ерга энг яқин бўлган қатлами бўлиб унинг қалинлиги 6-0 км дан (қутубларда) 15-18 км гача (екваторда) ўзгаради. Унинг таркибида атмосферадаги ҳамма газларнинг 9/10 қисми ҳамда сув буғлари мавжуд. Юқорига кўтарилган сари температура пасайиб боради. Ҳавонинг қатламида булутлар ҳосил бўлади ва исиган ҳаво ҳаракати кузатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |