2-мавзу. Мустақилликка эришиш арафасида Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий жараёнлар


йил 11 ноябрда “Бирлик” халқ ҳаракати ташкилий жиҳатдан уюшди


Download 225.28 Kb.
bet5/7
Sana19.06.2023
Hajmi225.28 Kb.
#1618008
1   2   3   4   5   6   7
Bog'liq
2-мавзу. Ўз.энг янг.тар

1988 йил 11 ноябрда “Бирлик” халқ ҳаракати ташкилий жиҳатдан уюшди. Ўзбекистоннинг сиёсий раҳбарияти 1989 йил май ойида “Бирлик” халқ ҳаракатининг дастурий ҳужжатларини маъқуллади, мазкур дастурий ҳужжатлар “Ёш ленинчи” (ҳозирги “Туркистон”) газетасида эълон қилинди. “Бирлик” халқ ҳаракати ҳузурида Ўзбекистон ёшларининг эркин уюшмаси (1988 йил ноябрда асос солинган) ҳамда “Тўмарис” аёллар ҳаракати фаолият кўрсата бошлади. Ҳаракатнинг “Бирлик”, “Тўмарис” ва бошқа газеталари ярим очиқ ҳолатда нашр этилди. “Бирлик” халқ ҳаракати Орол муаммоси, ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш, Ўзбекистоннинг миллий давлат мустақиллиги, пахта яккаҳокимлигига қарши кураш, пахтакор аёлларнинг оғир ҳаёти, болалар ўлими муаммолари, оилани режалаштириш масалалари, аскарлар ўлимининг асосий сабаблари, Фарғона, Паркент, Ош-Ўзган воқеаларига муносабат каби масалаларни илгари сурди. Кейинчалик “Бирлик” халқ ҳаракатидан бир гуруҳ шоир ва ёзувчилар, олимлар ажралиб чиқишди ва 1990 йил 30 апрелда “Эрк” демократик партиясига асос солишди. Партиянинг 1990-1992 йилларда “Эрк” газетаси нашр этилди ва у Ўзбекистон аҳолиси ўртасида жуда машҳур бўлиб кетди. Бу ҳаракат ва партиялар ошкораликни кенгайтириш, сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни фаоллаштириш, ўзбек халқи миллий қадриятлари, хусусан, анъаналар ва маросимларни қайта тиклаш, шунингдек, республика ҳаётида Марказ ҳукмронлигига барҳам бериш ҳамда Ўзбекистоннинг том маънода сиёсий ва иқтисодий мустақиллигига эришиш талаблари билан чиқди.
ХХ аср 80-йиллари охирларида Ўзбекистонда кенг мунозараларга сабаб бўлган муаммолардан бири-ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш масаласи эди. Ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш ҳаракатлари 1988 йилдан бошланган бўлсада, хали-хануз бир қарорга келишнинг имкони йўқ, матбуотда эса бу ҳақида турли қарашлар ва фикрлар билдирилар, аниқ бир натижа белгилашнинг имкони бўлмас, қолаверса, марказнинг зўровонлиги, миллатларни йўқ қилиш, уларнинг равнақини барбод этиш сиёсати авж олган бир давр эди. 1989 йил июнь ойида республикада раҳбарликни бошлаган И.А.Каримов ўзбек тилига давлат тили мақомини берувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва тайёрлаш учун алоҳида комиссия тузиш ҳақида кўрсатма беради. Янги тузилган комиссияга тўрт ой давомида жами тўрт мингга яқин таклифлар келиб тушди, бу таклифлар ўрганиб чиқилди ва тезда қонун лойиҳасининг уч варианти, яъни, комиссия лойиҳаси, ёзувчилар уюшмаси лойиҳаси, норасмий ташкилотлар вакиллари тузган лойиҳалар тайёрланди. Барча лойиҳалар очиқ, холис муҳокама этилди ва уларни умумлаштириш асосида янги лойиҳа тайёрланиб, у 1989 йил 11 октябрь куни матбуотда эълон қилинди. Лойиҳа умумхалқ муҳокамасидан сўнг XI чақириқ Ўзбекистон ССР Олий Советининг XI сессиясида (1989йил 21 октябрь) “Ўзбекистон ССРнинг Давлат тили ҳақида” Қонуни қабул қилинди. Ўзбек тили давлат тили деб эълон қилинди. Иш юритиш секин-аста ўзбек тилига ўтказиш бошланди, уни ўрганишни яхшилаш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Айни вақтда рус тилини ва бошқа республикада яшовчи бошқа халқларнинг тилларини ўрганиш учун шарт-шароитлар яратилиши лозим эди, тилни ўрганишнинг ихтиёрлиги ва уни танлаш ҳуқуқи қонунда белгилаб қўйилди. Бу қонуннинг қабул қилиниши ўзбек халқи, шу халқ миллий ўз-ўзини англашнинг ошиши, республикада миллатлараро ҳамжиҳатликнинг сақланиб қолиши учун жуда катта аҳамиятга эга бўлди.
“Давлат тили тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганидан сўнг, миллий ўзликни англаш, миллий давлатчиликни тиклаш йўлида республикада яна бир тарихий аҳамиятга эга бўлган муҳим сиёсий қадам қўйилди. Янги шаклланган XII чақириқ Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг I сессиясида (1990 йил 24-31 март) республика истиқболи учун катта аҳамиятга молик ва собиқ Иттифоқ доирасида биринчи бўлиб сиёсий қарор - “Ўзбекистон ССР Президенти лавозимини таъсис этиш тўғрисида” қонун бўлди. 1990 йил 24 мартида республика комфирқасининг биринчи котиби Ислом Каримов Ўзбекистоннинг биринчи Президенти этиб сайланди. Шу тариқа, Ўзбекистон – иттифоқ республикалари ичида биринчи бўлиб ўзининг миллий-ҳудудий ва демократик давлатига мустаҳкам замин яратди.
Ўзбекистоннинг мустақилликка эришишда қўйилган навбатдаги муҳим қадамлардан бири бу - 1990 йил 20 июнда Ўзбекистон ССР Олий Совети XII чақириқ II сессиясида (1990 йил 18-20 июнь) 12 моддадан иборат бўлган “Мустақиллик Декларацияси”нинг қабул қилиниши эди. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон қонунларининг Иттифоқ қонунларидан устуворлигини таъминлади. Шу билан бирга, “Мустақиллик Декларацияси” Ўзбекистоннинг 1991 йил 31-августига қадар мавжуд бўлган бошқарув, ҳудудий фаолиятни таъминлади, барча соҳада мустақил сиёсат олиб бориш имконини берди. Декларацияда ҳар бир миллатнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳудудидан келиб чиққан ҳолда, халқаро ҳудуд қоидаларига, умумбашарий қадриятларига ва демократия тамойиллларига асосланиб Ўзбекистон ССРнинг давлат суверентитети эълон қилди. Декларациянинг қабул қилиниши билан Ўзбекистонда республиканинг иқтисодий ва сиёсий ҳаётига доир масалалар мустақил тарзда ҳал қилина бошланди.

Download 225.28 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling