Дағал толали пояларнинг тузилиши - Ҳар бир ўсимликнинг қатлами ўсиш жараёнида маълум вазифани бажаради (6-расм). Ўсимлик поясининг сиртқи қисми юпқа, сув ва ҳаво ўтказмайдиган «кутикула» (1) деб аталадиган қаватлардан иборат бўлиб, унинг таркибида ёғли, парафинсимон модда мавжуд. Бу юпқа қатлам ўсимлик поясини ташқи намлик таъсиридан ва ички намликни керагидан ортиқча сарфлашидан асрайди. Кутикула қатламидан сўнг эса «эпидермис» (2) деб аталадиган қатлам жойлашган бўлиб, унинг таркиби целлюлозадан иборат. Эпидермис қатламининг сирти тешикчалардан иборат бўлиб, уни биологияда «устица» (3) деб аталади. Устицанинг вазифаси ўсимликнинг ўсиши жараёнида атроф-муҳит билан ҳаво алмашишни таъминлашдир. Кутикула билан эпидермис, ўсимлик поясининг сиртқи қатлами бўлиб, унинг остки қисмида «колленхима» (4) қавати жойлашган. Бу қаватнинг тузилиши узунчоқ катаклардан иборат бўлиб, унинг сирти целлюлоза билан қопланган. Айни шу қатлам пояга мустаҳкамлик ва чидамлилик бағишлайди. Бироқ зиғир ўсимлигининг поясида колленхима қавати бўлмайди. Колленхима қаватининг остида эса «паренхима» (5) қатлами жойлашган бўлиб, бу қават нозик ва юпқа деворли қатламлардан иборат. Паренхима қатламининг остида «эндодермис» (6) қатлами жойлашган бўлиб, одатда бир қавати ҳалқасимон қобиқни эслатади. Бу қатламнинг вазифаси ўсимлик учун зарур миқдордаги крахмални сақлашдан иборатдир. Кейинги қатлам «перецикл» (7) бўлиб, унинг таркиби юпқа паренхима ва қалин тола дастаси (а) целлюлозадан иборат. Бу қатламни, поядан олинувчи бирламчи тола деб ҳам аталади. Бу толалар кўпчилик турдаги поясидан тола олинувчи ўсимликларда паренхималар билан ажратилган тўда-тўда ҳолида жойлашган.
- «Перецикллар» остида «флоема» (8) қавати ётади. Унинг таркибида елаксимон найчаларга ўхшаш тўқималар ва иккиламчи толалар жойлашади (б). Иккиламчи тола каноп, жут поясида кўп ривожланган бўлади. Зиғир поясида иккиламчи тола дастаси бўлмайди. Бирламчи ва иккиламчи толалар худди тўрсимон цилиндр шаклида бўлиб, поянинг тузилишидаги қатламларни чегаралаб турувчи сирт кўринишида бўлади. Бу толаларнинг вазифаси поянинг эгилганидан яна аввалги ҳолатига тез қайтишига чидамлилик бағишлайди ва шу билан бирга ўсиш даврида уларнинг йиқилмаслигини, ётиб қолмаслигини таъминлайди. Флоема қатлами остида «камбий» (9) қатлами бўлиб, бу қатлам поя атрофида узлуксиз ҳалқалар кўринишида бўлади. Камбий қатлами флоема билан, кейинги «ёғоч» қатламини (10) ажратиб туради. Ўсимликнинг ўсиш жараёнида камбий қатламидан янги-янги флоема ва ёғоч қатламлари пайдо бўлади. Шунинг учун ҳам поя нафақат бўйига, балки йўғонлигига ҳам ривожланади. Пояларнинг йўғонлиги бўйича ривожланиш жараёнида иккиламчи толалар пайдо бўлади. Иккиламчи толаларнинг миқдори ўсимликларнинг ёшини белгилайди, яъни поянинг пастки қисми қанчалик йўғон бўлса, шунчалик уларнинг иккиламчи толалари кўп бўлади. Ёғоч қатлами қалин ёғочсимон тўқималардан иборат бўлиб, ўсимлик поясига бикирлик ва мустаҳкамлик бағишлаш билан бирга унинг тик ўсишига ёрдам беради. Ўсимлик поясининг энг сўнгги қатлами, унинг «ўзаги» бўлиб, бу поянинг марказий қисмида жойлашади. Бу қатламнинг тўқимаси паренхимага ўхшаш, йирик ва юпқа деворлидир. Поянинг марказий қисмидан, яъни ўзагидан кейин бўшлиқ бўлиши мумкин.
- Зиғир поясининг дағал пояли ўсимликлардан фарқи шундаки, унинг ҳамма тўқималари нозик ва ингичка. Бундан ташқари, зиғир поясида колленхима ва иккиламчи толалар дастаси бўлмайди. Пояларнинг толали қатлам тўқимасининг тузилиши ўсимлик поясининг толали қисми пўстлоғида алоҳида ёки даста шаклида жойлашади. Алоҳида бўлган толалар ёки дастага кирувчи якка толалар танҳо тола деб аталади. Даста ҳолидаги толалар эса техник тола деб аталади. Битта техник тола таркибида 10-40 тагача танҳо толалар бўлиши мумкин (зиғирда). Танҳо толаларнинг ўртача миқдори битта поянинг кўндаланг кесим юзасида 320-450 тагача бўлади. Танҳо толалар урчуқсимон кўринишда бўлиб, қалин деворли кичик бўшлиқдан иборат. Бироқ иккала учи ҳам берк бўлади. Танҳо толаларнинг ўткир учли томони бошқа танҳо толалар билан қовушиб, узун техник толани ҳосил қилади (7-расм).
- Танҳо толаларнинг кўндаланг кесим юзаси кўп қиррали кўринишда бўлади. Толаларнинг кўндаланг кесим юзаси микроскоп орқали қаралганда, уларнинг турли хилдалиги аниқланган. Бунинг сабаби техник толада, танҳо толалар бир хилда жойланмаганлигидан далолат беради.
- 7-расм. Зиғир толаларининг тузилиши.
- 1-техник тола; 2-танҳо толалар.
- 8-расм. Танҳо толанинг кўндаланг кесими.
- 1-бирламчи қобиқ; 2-иккиламчи қобиқ; 3-учламчи қобиқ; 4-бўшлиқ (канал); 5-елимловчи моддалар.
- 9 -расм. Техник толалар тўрсимон тузилиши.
- Танҳо толаларнинг узунлиги ва кўндаланг кесим ўлчамлари турли толаларда турлича бўлади, ҳатто битта поянинг ўзида ҳам уларнинг ўртача миқдорини 4-жадвалдан кўриш мумкин.
- Барча турдаги ўсимлик поя пўстлоғидан олинадиган толаларнинг кимёвий таркиби асосан целлюлозадан иборат. Бундан ташқари кам миқдорда гемицеллюлоза, пектин ва лигнин моддалари мавжуд. Целлюлоза толага мустаҳкамлик ва эгилувчанлик берса, целлюлоза бўлмаган бошқа моддалар унга бикирлик, мўртлик бағишлаб, унинг технологик хусусиятларини камайтиради. Танҳо толалар ўзаро бир-бири билан пектин моддалари ёрдамида елимланган бўлади. Танҳо толалар дастаси ҳам поянинг бошқа тўқималари билан пектин моддаси ёрдамида елимланган бўлади.
- Танҳо толаларнинг деворлари уч қават қобиқдан иборат бўлиб, улар асосан ўзининг кимёвий таркиби билан фарқланади: бирламчи қобиқ целлюлозадан, гемицеллюлозадан ва пектин моддаларидан иборат бўлиб, айрим ҳолларда унинг таркибида лигнин ҳам учрайди. Бирламчи қобиқ (1) танҳо толаларнинг кўндаланг кесимида юпқа қават шаклида кўринади (8-расм). Иккиламчи қобиқ (2) ҳам асосан целлюлозадан иборат бўлиб, у толанинг асосий йўғонлигини ташкил этади. Иккиламчи қобиқ кетма-кет унинг деворларига целлюлоза қатламлари қўшилиши асосида йўғонлашиб боради. Учламчи қобиқ (3) юпқа бўлиб, асосан унинг таркиби протоплазма қолдиғидан иборат.
- Зиғирнинг техник толаси бўйламасига сирти микроскоп ёрдамида қаралганда, унда силжишлар (с) борлиги кўринади. Бу силжишлар асосан ўсиш жараёнида ва механик усулда ишлов берилганда пайдо бўлади. Тола сиртидаги силжишларнинг энг кўпи пардозлаш жараёнида учрайди. Шунинг учун ҳам танҳо толаларнинг энг нозик қисми силжиш жойи бўлиб, у ерда механик емирилиш ҳосил бўлиши мумкин. Техник толалар дасталари, уларнинг ён қисмидан, қўшимча боғлар ёрдамида боғланиб, ўсимлик поясида тўрсимон шакл ҳосил қилади (8-расм). Бу билан поя тузилишининг эгилувчанлиги таъминланади. Айрим дағал толали ўсимликларда, иккиламчи толалар ҳам бўйламасига, ҳам кўндалангига тўр ҳосил қилган бўлади (каноп, жут).
Do'stlaringiz bilan baham: |