Ғўза турлари - Госсипиум хербацум - бир йиллик ўтсимон пахта. Унинг ватани Африка ва Осиё давлатларидир. Поясининг бўйи паст, ҳосили тез пишар, толаси калта ва дағал.
- Олимлар ғўзанинг хербацум тури билан ҳар хил селекция ишларни олиб бориб, ҳозирги юқори хусусиятларга эга бўлган навларни етиштиришга муваффақ бўлдилар. Пахтанинг бу тури Ўзбекистоннинг пахтачилик тарихида «Ғўза» номи билан аталган. Бугунги кунда ўтсимон пахта Ҳиндистонда, Ироқда, Афғонистонда ва бошқа давлатларда етиштирилади. Пахта тўқимачилик саноатининг муҳим хом ашёси ҳисобланади. Пахтанинг 1/3 қисмини тола, 2/3 қисмини чигит ташкил этади. Пахта 3-5 чаноқли бўлади. Толаларнинг тузилиши, уларнинг пишганлик даражасига боғлиқ бўлади. Толаларнинг тузилиши уларнинг пишганлик даражасига боғлиқ бўлади. Пишмаган (ўлик) пахта толаси ясси, тасмасимон, юпқа деворли бўлади ва ўртасида кенг қувури, бўшлиғи бор. Толалар пишган сари деворларига целлюлоза йиғилади ва деворлари қалинлашади ва қувури тораяди, толалар бурамдор бўлиб қолади. Пишган пахта толаларининг бўйлама кўриниши спиралсимон буралган ясси найчалардан иборат. Энг пишган толалар ўртасида қувури кичик бўлиб, тола цилиндрик шаклида бўлади (1-расм).
- 1-расм. Пишганлик даражаси ҳар хил пахта толаси.
- 2-расм. Пахта толасининг тузилиши.
- 1-кутикула; 2- бирламчи девор; 3-буралган катлам; 4-целлюлоза спиралининг бурилиши; 5-қувур; 6-иккиламчи девор.
- Пахта толалари бўшлиғининг бир томони очиқ бўлади. Пахта толасининг кўндаланг кесими ҳам пишганлик даражасига боғлиқ. Умуман пишмаган толаларнинг кўнда-ланг кесим юзи тасма, пишмаганларники эса ловия-симон, пишган толаники эллипс ва энг яхши пишган толаларники эса доира кўринишида бўлади. Кимёвий таркиби жиҳатидан пахта толаси деярли соф целлюлозадан иборат. Пишган пахта толасининг таркибида 95-96 % целлюлоза ва 4-5 % турли аралашмалар-мой, мум ва маъдан моддаларидан иборат. Сиртқи қатлами кутикула деб аталади (2-расм).
- Пахта толасининг узунлиги навга боғлиқ бўлиб, 25 дан 45 мм гача, кўндаланг кесимининг ўртача ўлчами 12 дан 25 мкм гача бўлади. Пахта толаси кислотага бардошсиз, у ҳатто суюлтирилган кислоталар таъсирида ҳам емирилади, кислоталар узоқ вақт таъсир қилиши натижасида ундан олинадиган ип газламаларнинг пишиқлиги шунчалик пасайиб кетадики, худди папирос қоғозидек йиртилиб кетаверади. Агар пахта толасига концентрланган сульфат кислотасини таъсир эттирсак, унда тола кўмирга айланади. Агар пахта толасига совуқ ўювчи ишқорлар таъсир эттирсак, толалар шишади, бурамдорлиги йўқолади, сирти силлиқланади, ипакка ўхшаб товланади, пишиқлиги ошади, бўялувчанлиги яхшиланади. Мис гидроксидининг нашатир спиртдаги эритмаси таъсирида пахта толаси эрийди. Натижада, ҳосил бўлган эритмага сув қуйилса, нашатир спиртнинг концентрасияси пасаяди ва целлюлозанинг массаси коллоид эритма тарзида чўкади.
- Пахта толаси барча органик толалар каби ёруғлик таъсирида пишиқлигини аста-секин йўқотади. Пахта толалари сарғиш аланга бериб ёнади ва тўлиқ ёниб кул ҳосил қилади. Толалар куйдирилганда улардан куйган қоғознинг ҳиди келади.
- Чигитли пахтани дастлабки ишлаш пахта тозалаш корхоналарида бажарилади. Пахта тозалаш корхонасининг асосий вазифаси қабул қилинган чигитли пахтадан, унинг табиий хусусиятларини сақлаган ҳолда юқори сифатли тола, момиқ, калта момиқ ва чигит ишлаб чиқаришдан иборат. Пахтани дастлабки ишлаш жараёнида ҳосил бўладиган чиқиндиларни қайта тозалаб, толаларни ажратиб олиш ва уруғли чигитларни тозалаб, дорилаб экишга тайёрлаш каби вазифаларни бажарилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |