21-Mavzu: Qo’qon xonligidagi mingboshi lavozimi haqida
-Mavzu: Ibratning “Farg’ona tarixi” asar haqida
Download 165.5 Kb.
|
Mustaqil ishi
24-Mavzu: Ibratning “Farg’ona tarixi” asar haqida.
“Тарихи Фарғона” асари аввалида “Аммо баъд, бу бандаи Худо ва уммати Мустафо алкан ул-лисони, нотавон, аъно Қози Исҳоқхон сокини қалъаи Хон, аъно Тўрақўрғон мин музофоти Фарғона ва аз иқлими Туркистон, бу тариқа аён ва бу тарзда баён қилур…” жумласини ўқиймизки, демак, Ибрат бу асарни қозилик даврида (у 27 йил Тўрақўрғон қозиси бўлган) ёзган. Бу тарихий асарда асосан ўзбек давлатчилиги ривожининг оқсаган босқичи, яъни хонликларнинг таназзулга юз тутиши, рус босқинчилиги кулфатлари кенг тасвирланади. Тарих шундай: Наманган шаҳри ва атрофи 1875 йил октябрь ойида Чор Россияси томонидан истило қилинган. Босқинчиларнинг ўта шафқатсизлиги “Тарихи Фарғона”да рўй-рост кўрсатилган. Ибратнинг ёзишича, Тўрақўрғонга кирган рус солдатлари қочганларни ҳам, қочолмай қолганларни ҳам отаверган. Ёки Головачев бошлиқ аскарлар Наманган шаҳрида бир кун қатли ом қилган, хатто масжид ва хонақоҳдагиларни ҳам қириб ташлашган. Исҳоқхон Ибрат халқимиз бошига тушган ўша кунларнинг жонли шоҳиди эди. У ўз кўзи билан кўрганларини шундай ёзади: “Муаллифи китоб ул вақтда ўн беш ёшимда хату саводим чиққан талаба эдим, бирдан қоч-қоч бўлуб, ҳар ким ўз ҳолиға овора бўлуб, қиблагоҳимиз ўз ҳоллариға бўлуб, қаён кетдилар, билмадук. Бизлар ўз маҳалламиздаги хотунлар ва болалар илан қочиб бир боғда ётдук, то шомғача бу тўпу милтиқ овози ўқлар бошимиздан овоз бирла ўтуб тургани ваҳмида ҳеч ерга чиқолмай, боғда эдик, … “Кечаси сизларни бир киши чақирди” дедилар. “Ким экан?” деб боғдан чиқсам, қиблагоҳимиздан келган одам экан. Ул киши Муллакудинг (Наманган туманидаги қишлоқ. Муаллиф изоҳи – Р.У.) да эканлар. Боруб, болалар асир бўлдиму ёки отилиб ўлдиму, эсон-омон кўрмак муяссар бўлса эди, деб Юсуфхўжа ва Муҳаммад Зоҳид деган кишиларни юборган эканлар. Алар бизларни олуб, кеча илан жўнадук. Бу муҳораба Ботур Тўра аскар йиққандан бўлғон эди, ўзлари қочиб кетиб, Тўрақўрғон фуқаросини бадном қилдилар. Мунда эски сипоҳлардан бир неча ададлари анча-мунча етушуб, Муҳаммад Мусо безанжир деган киши бош бўлуб, нодон кишилар ҳар ердан ўқ чиқаруб, Тўрақўрғонни ҳам икки кун отув қилдилар. Охируламр… эртаси жумъа куни юрт катталари маслаҳат қилиб, мусолаҳа сўрамоқға… борганларида Гловачўб қаттиқ сиёсат қилиб, сўзлашибдурлар. Айтибдурки: “Нимага эртароқ чиқмадинглар ёки тезроқ келмадинглар, мунча одам ўлмас эди… Русия катта подшоҳдур, сизлар урушолмайсизлар, яхши туруб фуқаролик қилсаларингиз, сизларни бой қиладур, агар жанжал қилсаларинг мана шунга ўхшаган отув қиладур… Валҳосил, ўша отувдан сўнг Наманган тинчиди. Ўшал вақт куз вақти ҳижрий 1293-инчи, 94-инчисида эди, қавс чилласи бўлса керак. Наманган тамом Русия давлатига ўтди. Бу ишларики, яъни беҳуда фасод ишлар сабаб ўз аҳлимизни беилм ва бефикрлигидан бўлди”. “Тарихи Фарғона” Қўқон хонлиги ҳақидаги асарлар орасида холислиги билан мўътабар, китобхон қалбига ҳам шу жиҳатдан яқиндир. Негаки, 1991 йилгача яратилган тарих дарсликларида ягона хулоса хукмрон. Яъни, биздаги бир-иккита хону хоқондан ўзга ҳамма подшолар илмсиз, жоҳил, золим, муттасил фуқаросининг қонини ичган ва эзилган халқ эса йил ўн икки ой қўзғолон билан банд бўлган. Айтинг-чи, у ҳолда миллий давлатларимизни ким бошқарган, тарих ва тараққиёт чархини ким айлантирган? Буюк ўтмишимиз фақат зулм, қон ва исёндан иборат бўлса, ўзбекнинг буюк тамаддуни осмондан тушганми? Людовиклар, Пётрлар, Елизаветалар, ҳатто Екатериналар буюк бўлганда, нега энди бизнинг ҳукмдорлар қип-қизил аҳмоқ деб сифатланиши керак?.. “Тарихи Фарғона”да Ибрат гўё ана шундай саволларга жавоб беради, юқоридаги бирёқлама қарашлар пойдеворига зарба уради. Ва муаллиф алоҳида айтмаса-да, уқмоқ мумкинки, ҳукмдор ҳам хом сут эмган бир банда ва табиийки, янглишади-да. Бинобарин, Ибрат қайси бир хонни ҳаққоний танқид қиларкан, айни чоғда унинг ижобий ишларини ҳам унутмайди: “Бу Фарғона ва Туркистон хонларидан икки киши фуқаро ва дину миллат учун ҳаракат этган эди. Бири бу амирлашкар (Алимқул. Муаллиф изоҳи – Р. У.) ва бири марҳумий Маллахон. Тўплар қуйдуруб, милтиқлар ясаб, корхоналар қилиб, тўплар узрасига кумушлар била ёзувлар ёзуб, яхши диққат эткан эди”. Шунинг учун ҳам бу асар нафақат Қўқон хонлиги, балки, Ўрта Осиё халқлари тарихини ёритишда муҳим ва ишончли манба эканлиги билан ўз аҳамиятини йўқотмай келмоқда. ИСҲОҚХОН ТЎРА ИБРАТ ТАРИХИ ФАРҒОНА: Миллий уйғониш даврининг ёрқин намояндаларидан бири, маърифатпарвар шоир, олим, сайёҳ, матбаачи ва муаллим Исҳоқхон Тўра Ибрат 1862 йили Наманган вилоятининг Тўрақўрғон қишлоғида зиёли оилада таваллуд топган. Отаси Жунайдулла хўжа ва онаси Ҳурибибилар хат-саводли кишилардан бўлиб, мактабдорлик ҳам қилганлар. Исҳоқхон она-отаси қўлида савод чиқариб, кейинчалик турли мактаб ва мадрасаларда таълим олган. Ибрат 1886 йилда Қўқон мадрасасини тугатгач, она қишлоғи Тўрақўрғонга қайтади. Ўз фаолиятини маърифат тарқатишга қаратади. «Усули қадим» қабилидаги мактабларни ислоҳ этиб, жадид мактабларини очишга киришади, меҳнаткаш халқ болаларини мактабга тортади. Аммо кўп ўтмай, мутаассиб кимсалар бу мактабларни «кофирлар мактаби» деб ёпиб қўйишади. Шундан сўнг у 1887 йилда, яъни 25 ёшларида онаси Ҳурибибини ҳажга олиб бориш баҳонасида Жидда шаҳрига йўл олади. Аммо онаси ўпка шамоллаши орқасида вафот этгач, у Шарқ ва Ғарб мамлакатларига сафар қилиб, Истамбул, София, Афина, Рим, шунингдек, Қобул, Макка, Калкутта, Бомбей каби шаҳарларда бўлади. Сафар давомида араб, форс, ҳинди, урду, инглиз тилларини мукаммал ўрганади. Ибрат 1896 йили Ҳиндистон, Бирма, Хитой, Қашқар орқали ўз ватани Наманганга келади. Сафар натижаси ўлароқ, унинг «Луғати ситта ал-сина» асари майдонга келади. Асар 1901 йилда нашр этилиб, у ўзбекча-русча ва кўп тиллик луғат яратишда муҳим тажриба ролини ўтайди. Муаллифнинг «Жомеъ ус-хутут» асари эса 1912 йилда яратилган, у дунёдаги қирқдан ортиқ тиллар ва ёзувлар ҳақида маълумот беради. У тарихчи олим сифатида «Тарихи Фарғона» (1916) асарини яратади. Унда Қўқон хонлиги ва, умуман, Туркистондаги хонликларнинг инқирози, мустамлакачилик зулми, энг муҳими, ўз халқининг ёрқин келажагига ишонч руҳи ўз ифодасини топган. Шунингдек, 1928 йилда унинг яна бир асари — «Мезон ул-замон» юзага келди. Исҳоқхон Ибрат матбаачи сифатида 1908 йилдаёқ Наманганда «Матбааи Исҳоқия»ни ташкил этиб, китоб нашрига киришган эди. Бу ерда у кўплаб илмий, тарихий, бадиий асарлар билан бирга, замонавий мавзулардаги китобларни ҳам нашр этиб, илм-маърифат ва маънавият ривожи йўлида хизмат қилган. Ибратнинг шоир сифатида ҳам кўплаб шеърлар яратгани маълум. У махсус девон тузганлиги ҳақида маълумотлар бор бўлса-да, улар бизгача етиб келмаган. Аммо кўп шеърлари матбуот саҳифаларида сақланиб қолган бўлиб улар ҳаётнинг турли жабҳаларидан ҳикоя қилади. Ибратнинг миллий кутубхона, китобхонлик ишларининг илк ташкилотчиси ва тарғиботчиси сифатида ҳам хизматлари беқиёсдир. У асос солган «Кутубхонаи Исҳоқия» фонди бу жиҳатдан анча бой бўлиб, унда китоб бериш ва олиш маълум тартиб-қоидага мослашган эди. 1937 йилга келиб унинг барча фаолиятига чек қўйилди, китоблари ёқиб, йўқ қилиб юборилди. Ўзи эса қатағонга учради. Фақат истиқлол даврига келиб унинг номи ва ижоди асл қадр-қимматини топди. Китоблари чоп этилиб, ўзи туғилиб ўсган Тўрақўрғонда музей ҳам ташкил этилди. Download 165.5 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling