- 4-Мавзу. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ НАЗАРИЯСИ
- Режа:
- 1. Ишлаб чиқариш ва ишлаб чиқариш омиллари.
- 2. Ишлаб чиқариш функцияси ва ундан фойдаланиш.
- 3. Изокванта ва ишлаб чиқариш омилларини чекли технологик алмаштириш нормаси.
- 4. Изокоста ва ишлаб чиқариш харажатларини минималлаштирувчи омиллар сарфини аниқлаш.
1. Ишлаб чиқариш ва ишлаб чиқариш омиллари Фирмаларни (корхоналарни) иқтисодий бошқаришда ишлаб чиқариш ва сарф-харажатлар асосий ўринни эгаллайди. Масалан: Ишлаб чиқариш жараёнида қайси ресурсдан қанча миқдорда жалб этиш мақсадга мувофиқ? Корхона максимал даражада маҳсулот ишлаб чиқариш учун ишлаб чиқариш ресурсларини (омилларини) қандай нисбатда бириктириш талаб қилинади? Агар корхона маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтирмоқчи бўлса, ишчиларни кўпроқ ёллаши керакми ёки кўпроқ техника ва ускуналар жалб этгани маъқулми? Бу каби саволларга ишлаб чиқариш назариясини ўрганиш орқали жавоб топиш мумкин. Ишлаб чиқариш - корхоналарнинг асосий фаолият тури бўлиб, чекланган ресурслардан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Ишлаб чиқариш – бу керакли маҳсулотларни тайёрлаш учун ишчи кучи, машина ва ускуналар ҳамда хомашё-материаллардан маълум нисбатда (комбинацияда) фойдаланиш жараёнидир. Ишлаб чиқариладиган маҳсулот миқдори ушбу товарларни ишлаб чиқариш учун сарфланадиган ресурслар ҳажмига хамда ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган технологиянинг ҳолати ва даражасига боғлиқдир. Микроиқтисодиётда ишлаб чиқариш омиллари йириклашган 6 гуруҳга бўлиб ўрганилади. Булар: - ер; - ишчи кучи; - тадбиркорлик қобилияти; - капитал; - материаллар; - ахборот. Корхоналар ишлаб чиқариш омилларини сарфлаб, маълум бир технологиядан фойдаланган ҳолда маҳсулот ишлаб чиқарадилар. Масалан, нон пиширадиган корхона ишчилар меҳнати, хамирқоргич, печь ва бошқа асбоб-ускуналар ҳамда ун, сув, ачитқи ва шакар каби ишлаб чиқариш омилларидан фойдаланиб, нон ва булочкалар ишлаб чиқаради.
Do'stlaringiz bilan baham: |