5-mavzu. Xiva xonligining qizil armiya tomonidan tugatilishi va xxsrning tashkil topishi. (2soat) Reja
ХХСРнинг 1921 – 1924 йиллардаги сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий турмуши
Download 178.2 Kb.
|
5-mavzu
6. ХХСРнинг 1921 – 1924 йиллардаги сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий турмуши
Хоразм воҳасида 1920 йил бошларида юз берган фожиали воқеалар маҳаллий халқларнинг кейинги ҳаётида ўчмас из қолдирди. Хива хонлиги ағдарилгандан сўнг янги ташкил қилинган Хоразм Халқ Совет Республикасида 1920 – 1924 йилларда кечган мураккаб жараёнлар, қизил армиянинг ҳарбий тажовузи ва унинг оқибатлари, совет Россияси раҳбариятининг доимий равишда ёш республиканинг ички ишларига аралашиши воқеалар жараёнининг Ёш хивалик жадидлар кутмаган бошқа ўзандан кетишига олиб келди. Хоразмдаги Муваққат инқилобий ҳукуматнинг дастлабки қабул қилган қарорларидан бири – “Хоннинг мулки тўғрисида”ги декретга кўра Хива хони, унинг қариндош-уруғлари ва ворисларига қарашли бўлган кўчмас мулклар тортиб олинди ва ҳукумат ихтиёрига топширилди. Халқ Нозирлар Шўроси таркибида ташкил этилган дастлабки еттита нозирлик ичида Молия нозирлиги (нозир – Матпанобой Мадраҳимов) ва Халқ хўжалиги нозирлиги (нозир – Эшчонқори Жабборқулов) ҳам бўлиб, улар бевосита иқтисодиёт билан шуғулланган223. Кейинчалик Бутунхоразм халқ вакилларининг I қурултойида Зироат нозирлиги (Қишлоқ хўжалиги нозирлиги) ташкил қилинди ва унга ёш республикада ер-сув ишлари билан шуғулланиш вазифаси юклатилди. ХХСР Зироат нозири лавозимига Ҳаким Бобожонов сайланди. Бундан ташқари ушбу қурултойда Муҳаммадпанобой Абдуллаев Молия нозири лавозимини (Матпанобой Мадраҳимов ўрнига) ҳам эгаллади224. ХХСР Зироат нозирлиги дастлаб хон ва унинг амалдорлари, йирик ер эгаларига қарашли ер-мулклар, тўқай ва кўллар, меҳнат қуроллари ва иш ҳайвонлари ҳамда уруғлик донни мусодара қилиб (ҳужжатда национализация қилинади, деб ёзилган), уларни қизил армия оилаларига, ерсиз ва кам ерли деҳқонларга тақсимлаб берди. 1920 йил апрель – 1921 йил март ойларида бу нозирлик давлат ғазнасига 2 млн сўм даромад туширди225. Янги ҳукуматнинг “Вақф ерларини бошқариш тўғрисида”ги декретига мувофиқ дастлаб вақф ерлари тортиб олинмади, бироқ вақф мулкидан фойдаланиш давлат назоратига олинди. Вақфдан келадиган даромад ва уни тақсимлаш ишлари билан ХХСР Маориф халқ нозирлиги (нозир – Бекжон Раҳмонов) шуғулланди226. ХХСР ҳукумати ташкил бўлган дастлабки кунлардан бошлаб, Туркистон АССР тажрибасидан фойдаланиб, вақф мулкларидан тушадиган даромадни ишлатишни назорат қилиш, ундан совет мактаблари учун фойдаланиш чора-тадбирларини кўрди. Шу мақсадда вақфларни бошқарадиган давлат ташкилоти – ХХСР Маориф халқ нозирлиги қошида вақф бўлими ташкил қилинди. Ёш республика ҳукумати томонидан бу бўлимга вақфларни бошқариш бўйича масъулиятли вазифалар юклатилди. Бутунхоразм халқ вакилларининг II қурултойи (1921 йил май) ҳукуматнинг диний сиёсатини такомиллаштирди ва вақф масаласига аниқлик киритди.227 ХХСР Марказий Ижроия Комитетининг II чақириқ 1-сессияси (1921 йил 9 октябрь)да қабул қилинган қарорда вақф ерларидан олинадиган ижара ҳақидан фойдаланиш тартибига қисман аниқлик киритилди. Бу ҳужжатда кўрсатиб ўтиладики, Маориф халқ нозирлигининг вақф бўлими ХХСР Конституциясининг 25-моддасига асосан, вақф ерларидан вақфнома бўйича ижара ҳақи ундириб олади ва унинг шартларига биноан тақсимлайди, шунингдек, у масжид, мадраса, қорихоналарнинг шикастланган биноларини таъмирлаш ишларини ташкил қилади. Диний муассасалар йўқ бўлган тақдирда ортиқча маблағлар Маориф халқ нозирлигига тушади. Қарорнинг охирги жумласида шундай дейилади: “Масжид, мадраса, қорихона ва бошқа диний ташкилотлар вақф ерларидан олинадиган даромаднинг улар эҳтиёжидан ортиқча қисмини мактаб, технукум ва бошқа маориф шохобчаларига сарфлаш назарда тутилган”.228 ХХСР ҳукумати диний ташкилотларнинг вақф мулкларидан тушадиган даромадларнинг бир қисмини бўлса ҳам, совет мактабларини ривожлантириш учун фойдаланишга бежиз ҳаракат қилмаган. Чунки республикада вақф мулклари катта миқдорда бўлиб, улардан тушадиган даромад ҳажми ҳам салмоқли эди. ХХСРнинг дастлабки Конституциясида шундай ёзилган эди: “Вақф мулклари бутунлай маориф ва маданият билан боғлиқ бўлганлиги учун Маориф нозирлиги ихтиёрига берилади”.229 ХХСР Конституциясининг РСФСР ва Туркистон АССР конституцияларидан фарқи шундаки, унда ишлаб чиқариш воситаларига, шунингдек, ерга хусусий мулкчилик бекор қилинмади. Бу Хоразмнинг ўзига хос тарихий шароитлари билан боғлиқ аграр ўзгаришларнинг муҳим жиҳати эди. ХХСРда кўпгина мадраса ва қорихоналар фаолият кўрсатарди. Хива хонлигида 132 та мадраса бўлганлиги маълум. 1922 йилдаги маълумотларга қараганда, ХХСР ҳудудидаги мадрасаларда 189 нафар мударрис, 101 нафар имом, 89 нафар муаззин, 338 нафар хизматчилар ишлаган ҳамда 1395 нафар талаба ўқиган.230 Бу мадрасаларга қарашли вақф ерларининг ўзи фақат 328 054 танобни ташкил қилган. Бундан ташқари мадрасаларга қарашли кўплаб саноат ва савдо вақф корхоналари бўлган. 1924 йилдаги маълумотларга қараганда, ХХСРда 126 та мадраса мавжуд бўлиб, улардан 61 та мадраса пойтахт Хива шаҳрида бўлиб, 45 таси доимо фаолият кўрсатиб келган.231 ХХСРда қорихоналар ҳам кўп бўлган. 1922 йилда 195 та қорихона бўлиб, бироқ уларнинг ярмидан ортиғи ишламас эди. Қорихоналарда ҳаммаси бўлиб 172 нафар қорилар ўқиган. Қорихоналарга қарашли вақф ерлари 35164 танобни ташкил қилган.232 Ерлардан ташқари қорихоналарнинг ҳам бозор майдонлари, карвонсаройлари, дўконлари, тегирмон ва бошқа вақф мулклари мавжуд эди. ХХСР ҳукуматининг 1921 йил июндан 1922 йил июнгача ўтган даври фаолияти тўғрисидаги ҳисоботида диний соҳада олиб борилган сиёсат тўғрисида шундай дейилган: “Дин ва вақф мулкига нисбатан бутунлай аралашмаслик тамойили амалга оширилди ва масалалар энди ҳеч қийинчилик туғдирмайди. Руҳонийлар раҳбарлари билан муносабат ўрнатилди”.233 Шу билан биргаликда партия ва совет идораларининг расмий ҳужжатларида айтилишича, мадраса, қорихона ва бошқа диний ташкилотларнинг ички ишларига аралашмаслик йўли тутилади. ХХСР Конституциясида расман ёзилганки, руҳонийлар томонидан ташкил қилинган, диний фанлар ўқитиладиган мактаблар хусусий маблағлар ҳисобига фаолият кўрсатади. Давлат бу мактабларга ёрдам бермайди, шунингдек, уларнинг эркин ишлашига тўсқинлик ҳам қилмайди.234 Амалда эса диний ташкилотларнинг барча ишларига партия ва совет идоралари аралашар ҳамда уларнинг ҳуқуқларини чекларди. 1921 йил 26 декабрда ХХСР Марказий Ижроия Қўмитаси масжид ва мадрасалар хизматчиларининг иш ҳақини тартибга солиш тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлайди. Бу ҳужжатга асосан руҳонийларнинг вақф мулкидан фойдаланиш ҳуқуқи чекланган. 1920 – 1921 йиллар давомида ХХСРда мусодара қилинган ерлар ҳисобига камбағал деҳқонлар, қароллар (батраклар), беватанлар, корандалар ва вақфчиларга 10000 десятина ер бўлиб берилди. Шунингдек, уларга қишлоқ хўжалик асбоб-ускуналари, уруғлик, чорва моллари, уй-жой ва бошқа нарсалар ҳам тарқатилди235. 1921 йил 4–11 декабрда Хива шаҳрида бўлиб ўтган ерсиз ва кам ерли деҳқонларнинг биринчи қурултойи уларни ер-сув, иш ҳайвонлари, меҳнат қуроллари, уруғлик дон, ссуда билан таъминлашда катта аҳамиятга эга бўлди. Қурултойда озиқ-овқат солиғи, ерсиз ва кам ерли деҳқонлар иттифоқининг асосий масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги банки ташкил қилиш масаласи ҳам кўрилди. Ушбу банкнинг асосий вазифаси ерсиз ва кам ерли деҳқонларга қишлоқ хўжалик асбоб-ускуналари, иш ҳайвонлари, уруғлик ва бошқа нарсалар олиши учун қисқа муддатли қарз беришни ташкил қилишдан иборат эди236. 1920 – 1921 йилларда ХХСРда аграр соҳада дастлабки ўзгаришлар амалга оширилди. Деҳқонларга кредит ҳисобидан 5000 та чорва мол сотилди. Эски суғориш иншоотларини қайта тиклаш билан бирга янгилари ҳам қурилди. Масалан, 1922 йил охиригача Хоразм деҳқонлари Ҳазораспдан Хўжайлигача бўлган ҳудудда 12 та дамба қурдилар. 1922 йилда чоракор ва камбағалларга ер бўлиб бериш учун давлат ер фонди тузишга ҳамда деҳқонларга узоқ муддатли ва қайтариб олинмайдиган ссудалар бериш учун давлат Деҳқонлар банкини таъсис этишга қарор қилинди. Банкка 3 млрд сўм маблағ ажратилган. Хуллас, 1921–1922 йилларда 400 000 танобдан ортиқроқ ер камбағал деҳқонларга берилди237. ХХСРда иқтисодий сиёсат ва хўжалик соҳасидаги ислоҳотлар зиддиятли тарзда кечди. Хоразм Республикасидаги солиқ сиёсатида совет Россиясининг таъсири кучлироқ бўлганлиги учун синфий ёндашув яққол намоён бўлди. Солиқнинг оғир юки савдогарлар, судхўрлар ва йирик ер эгалари зиммасига тўғри келди. 1922 йил декабрда қишлоқ хўжалигида ягона солиқ тизими жорий қилинди. Солиқ тўлашни тўғри йўлга қўйиш мақсадида Давлат банки ва солиқ палатаси ташкил қилинди. 1923 йил июнда ҳунармандчилик ва саноат соҳасидаги солиқлар ҳам бир тизимга солиниб, давлат саноат солиғи жорий қилинди.238 Янги иқтисодий сиёсат (НЭП)нинг эълон қилиниши билан ХХСРда карвонсаройлар, корхоналар, кўллар ва тўқайлар ижарага берила бошланди. Хоразмда дарё кемачилигини тиклашга киришилди. Бир қанча йирик кўприклар қурилди. Пахта майдонларининг ҳудуди 1921 йилдаги 10000 танобдан 1924 йилда 85000 танобга, ҳосилдорлик 100000 пуддан 800000 пудга кўтарилди. Умумий экин майдонлари 1913 йилдаги даражанинг 62 фоизини, ҳосилдорлик 70–75 фоизини ташкил қилди. 1924 йилга келиб, 6 та пахта тозалаш заводи, 10 та ғишт заводи, ёғ заводи, босмахона, электростанция тикланди, қоғоз ва шиша заводлари қурилди. Саноатда давлат сектори устувор мавқени эгаллади. ХХСРнинг ёш ҳукумати БХСР, Туркистон АССР, РСФСРдан ташқари Финляндия, Швеция, Германия, Туркия, Афғонистон, Эрон каби хорижий давлатлар билан ҳам мустақил равишда савдо-сотиқ, иқтисодий алоқаларни олиб боришга ҳаракат қилган. Хусусан, Финляндия билан савдо-сотиқ алоқалари самарали бўлган. Бутунхоразм халқ вакилларининг II қурултойи (1921 йил 15 – 23 май)да қонун чиқарувчи олий орган – ХХСР Марказий Ижроия Қўмитаси (раиси – Муҳаммадрайим Оллоберганов) ва ижро қилувчи орган – ХХСР Халқ Нозирлар Шўроси (раиси – қорақалпоқ Менглихўжа Ибнияминов) ташкил қилинди. Қурултойда Ёш хиваликлар ҳукуматининг сиёсати халққа қарши қаратилган сиёсат эди, деб қораланди.239 Бу қурултойда янги қабул қилинган ХХСР Конституцияси матнига Туркистон комиссиясининг тазйиқи билан кўплаб моддалар мажбуран тиқиштирилди. Хоразмликларнинг сайлов ҳуқуқлари анча чекланди. Бироқ қурултойда миллий масалага катта эътибор қаратилди. ХХСР МИК ҳузурида туркманлар бўлими ва қозоқлар бюроси тузилди. Кейинчалик шу асосда ХХСРда махсус Қозоқ-Қорақалпоқ вилояти ташкил қилинди. ХХСР давлат бошқаруви жиҳатидан худди БХСРга ўхшаб халқ демократик республикаси эди. ХХСР Конституциясига мувофиқ давлат ҳокимиятининг олий бошқарув органи Бутунхоразм халқ вакиллари қурултойи, қурултойлар ўртасида – ХХСР Марказий Ижроия Қўмитаси бўлган. Ижро қилувчи олий орган (ҳукумат) –Хоразм Халқ Нозирлар Шўроси саналган. Бироқ асосий ҳокимият ХХСРда турган совет Россияси ва кейинчалик СССРнинг турли фавқулодда органлари қўлида тўпланди. Афсуски, Хоразмда ҳокимиятнинг янги органлари фаолияти бу гал ҳам узоққа чўзилмади. 1921 йил сентябрь ойида бўлган ХХСР МИК мажлисида “Ўз вазифасини бажара олмаган ва ишни чалкаштирган” деган сохта айблар билан М. Оллоберганов ўз лавозимидан олиб ташланди ва ўлимга ҳукм қилинди.240 ХХСР МИК раиси қилиб Отамахсумохун (Ота Махсум) Муҳаммадраҳимов тайинланди.241 О. Муҳаммадраҳимов ҳам ўз ўтмишдошлари сингари ХХСРнинг мустақил давлат сифатида ривожланиши учун бир қанча ишларни амалга оширди. У куч ишлатиш йўли билан тинчлик ўрнатиш мумкин эмаслигини тушунгач, Жунаидхон билан муросага келиш учун махсус комиссия тузиб, унинг қароргоҳига жўнатди. 1921 йил 6 ноябрда ХХСР ҳукумати билан Жунаидхон ўртасида “Келишув шартномаси” тузишга муваффақ бўлинди.242 О. Муҳаммадраҳимов ХХСРнинг мустақил давлат сифатида ривожланишини таъминлаш мақсадида қўшни Афғонистон, Бухоро ва бошқа давлатларда элчихоналар очиш ва мазкур давлатларнинг элчихоналарини Хоразмда очишга рухсат берди. У ислом дини, уламолар ва вақф ерларига большевиклар чизиб берган андоза асосида ёндашмай, Бутунхоразм халқ вакилларининг II қурултойида қабул қилинган вақф тўғрисидаги қарор ва вақф даромадларидан олинадиган солиқни бекор қилди.243 1921 йил 27 ноябрда бўлган ҳукуматнинг кенгайтирилган қўшма мажлисида ХХСР МИК раиси О.Муҳаммадраҳимов, ХХСР Халқ Нозирлар Шўроси раиси М.Ибнияминов, ХХСР МИК иш бошқарувчиси Мулла Бекжон Раҳмонов, ХХСР МИК ижроия бўлими бошлиғи Муҳаммаджон Абдалов, молия нозири Муҳаммад Юсуф Отажонов, дохилия (ички ишлар) нозири Ҳасан Эрматов, хорижия (ташқи ишлар) нозири Мулла Ўроз Хўжамуҳаммедов, ҳарбий ишлар нозири Миркомил Миршаропов, туркман шуъбаси раиси Янгибой Муродов, шунингдек, Тригулов, Агайдаров ва Юнгиров каби масъул ходимлар Хоразм халқининг душмани деб эълон қилинди. Улар ўз масъул лавозимларидан олиб ташланди ва қамоққа олинди.244 Мажлисга келмай Оллоқулихон мадрасасига яширинган давлат раҳбари О. Муҳаммадраҳимов қизил аскарлар билан бўлган отишма пайтида ўлдирилди. Шу тариқа Хоразмда учинчи марта большевикларнинг мухтор вакили томонидан давлат тўнтариши амалга оширилиб, ҳукумат раҳбарлари қатағон қилинди.
Download 178.2 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling