20-модда. Фуқаро муҳофазаси тузилмалари
Фуқаро муҳофазаси тузилмалари қутқарув ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга ошириш учун ҳудудий-ишлаб чиқариш принципига кўра ташкил этилади.
Фуқаро муҳофазаси тузилмалари:
бўйсунувига кўра — ҳудудий (вилоятлар, туманлар ва шаҳарлардаги) ҳамда объект (халқ хўжалиги объектларидаги) тузилмаларига;
белгиланган вазифасига кўра — умумий мақсаддаги (зарарланиш ўчоқларида қутқарув ишларини олиб бориш учун) тузилмаларга ва махсус тадбирларни бажарувчи хизматлар (қидирув ишларини олиб бориш, тиббий ёрдам кўрсатиш, ёнғинларнинг тарқалишига йўл қўймаслик ва уларни ўчириш, жамоат тартибини сақлаш ва ҳоказо) тузилмаларига бўлинади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фуқаро муҳофазаси тузилмаларига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари: 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркаклар, 18 ёшдан 55 ёшгача бўлган аёллар қабул қилинади, сафарбарлик кўрсатмасига эга бўлган ҳарбий хизматга мажбурлар, I, II, III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, ҳомиладор аёллар, саккиз ёшга тўлмаган болалари бор аёллар, шунингдек уч ёшга тўлмаган болалари бор, ўрта ёки олий тиббий маълумотли аёллар бундан мустасно.
(20-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 17 майдаги ЎРҚ-770-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.05.2022 й., 03/22/770/0424-сон)
V. ФУҚАРО МУҲОФАЗАСИНИ МОЛИЯВИЙ ТАЪМИНЛАШ. ФУҚАРО МУҲОФАЗАСИ ОБЪЕКТЛАРИ ВА МОЛ-МУЛКИ
21-модда. Фуқаро муҳофазасини молиялаш
Фуқаро муҳофазасини молиялаш вазирликлар, идоралар ва улар тасарруфидаги бюджетдаги ташкилотларда, вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда тегишинча республика ёки маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан, ташкилотларда эса — ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Фуқаро муҳофазасини молиялаш ижтимоий фондларнинг маблағлари, фуқароларнинг ихтиёрий бадаллари ва бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилиши мумкин.
22-модда. Фуқаро муҳофазаси қўшинларининг асосий фондлари
Ҳарбий шаҳарчаларнинг турар жойлари ва иморатлари, фуқаро муҳофазаси ҳарбий қисмларининг ўқув-моддий базаси объектлари, моддий ва техник воситалари давлат мулки бўлиб, фуқаро муҳофазаси қўшинларининг асосий фондларини ташкил этади. Фуқаро муҳофазаси қўшинлари кўрсатиб ўтилган ва ўзларига ажратилган бошқа мол-мулкка нисбатан тезкор бошқарув ҳуқуқидан фойдаланадилар.
Фуқаро муҳофазаси қўшинларини жойлаштириш ва уларнинг доимий фаолияти учун ер участкалари, жойлар, омборлар ва бошқа объектлар тегишли давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари томонидан уларга доимий ёки вақтинчалик фойдаланиш учун берилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |