Маҳаллий экспертлар: Атом электр станциясининг қурилиши Ўзбекистонга қанчалик фойда келтиради?
Яқин орада Ўзбекистонда атом электр станцияси (АЭС) қурилади. АЭС қурилиши биз учун нега керак ва унинг аҳамияти нимада? Бу атроф-муҳит ҳамда аҳоли яшаш тарзи учун нечоғлиқ хавфсиз? Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш қандай амалга оширилади?
“Ўзатом” агентлиги бош директори:
— Ўзбекистонда АЭСни қуриш қарори ўз-ўзидан, шунчаки қабул қилинган эмас. Бунинг учун ҳар томонлама чуқур ҳамда пухта таҳлилий ўрганишлар олиб борилди, хорижий тажриба ва соҳадаги замонавий тенденциялар эътиборга олинди. АЭСнинг қурилиши иқтисодий зарурат эди. Боиси ҳозирги кунда аҳоли сони кўпайиши билан электр энергиясига бўлган талаб ҳам ошиб боряпти. Тахминларга кўра, 2030 йилга бориб, бугунги кундагига нисбатан ушбу ресурсга бўлган талаб 2 баробар ошиши кутилмоқда. АЭС қурилиши эса ана шундай мураккаб масалалар ечимида ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда катта роль ўйнайди.
Айни пайтда Ўзбекистоннинг электр энергиясига бўлган йиллик эҳтиёжи 69 млрд. киловатт/соат бўлгани ҳолда, ишлаб чиқариш ҳажми 64 млрд. кВт/соатни ташкил этади. Демак, орадаги фарқ талабга нисбатан 5 млрд. кам. Бундан ташқари, мазкур энергиянинг қарийб 85 фоизи газ, кўмир ҳисобидан олинса, атиги 15 фоизи гидроэлектростанциялар ҳиссасига тўғри келади. Мутахассисларнинг фикрича, 2030 йилга бориб, Ўзбекистоннинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи 117 миллиард кВт/с.га етади.
Do'stlaringiz bilan baham: |