9-маъруза мавзуси: Глобаллашув ва глобал муаммоларнинг фалсафий жиҳатлари Маъруза режаси
Download 20.23 Kb.
|
1 2
Bog'liq9-мавзу
- Bu sahifa navigatsiya:
- “Аср фалокати”
- Глобал муаммолар
9-маъруза мавзуси: Глобаллашув ва глобал муаммоларнинг фалсафий жиҳатлари Маъруза режаси: 1. Глобаллашув – янги фалсафий мавзу. 2. Муаммоларнинг турли даражалари: миллий, минтақавий, глобал муаммолар. 3. Ҳозирги даврнинг асосий глобал муаммолари. 4. Глобал муаммоларни ҳал қилишда халқаро кучлар бирлашувининг аҳамияти. Ҳозирги давр ҳақида аниқроқ тасаввур ҳосил қилиш учун ХХ аср бошигача жаҳон тарихи асосан мустақил ривожланган ва бир-бирига жиддий таъсир кўрсатмаган цивилизациялардан иборат бўлганини назарда тутиш муҳимдир. Ҳозирда дунё сўнгги юз йиллик ичида юз берган жамият ҳаётининг фаол интеграциялашуви натижасида сезиларли даражада ўзгарди ва яхлит бир бутун организмга айланди Бу ўзгаришларнинг бутун мажмуи, шунингдек уларнинг сабаблари 1990-йилларда глобаллашув (лот. globus – ер курраси) деб номланди. Глобаллашув жамият ҳаётининг турли жабҳаларида бутун Ер сайёраси учун ягона бўлган тузилмалар, алоқалар ва муносабатларнинг шаклланиши, универсаллашув жараёнидир. Глобаллашув глобал маконнинг туташлиги, ягона жаҳон хўжалиги, умумий экологик ўзаро алоқадорлик, глобал коммуникациялар ва шу кабилар билан тавсифланади. Жаҳон ривожланишининг энг янги тенденцияларини англаб етиш борасидаги кўп сонли саъй-ҳаракатлар глобаллашув жараёнларининг моҳияти, тенденциялари ва сабабларини, улар таъсирида юзага келаётган глобал муаммоларни аниқлаш ва бу жараёнларнинг оқибатларини англаб етишга қаратилган фанлараро илмий тадқиқотлар соҳаси – глобалистика пайдо бўлишига олиб келди. “Глобалистика” атамаси глобаллашувнинг турли жиҳатлари ва глобал муаммоларга оид илмий, фалсафий, маданий ва амалий тадқиқотларни, жумладан уларнинг натижаларини, шунингдек уларни айрим давлатлар даражасида ҳам, халқаро миқёсда ҳам иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий жабҳаларда амалга жорий этиш борасидаги амалий фаолиятни ифодалаш учун қўлланилади. Глобаллашув жараёнларнинг илк нишоналари XV аср охирларида бошланиб XIX аср бошида реал шакл касб этди. Ер курраси шар кўринишида эканлигини исботлаб инсоният ўз тарихида биринчи бўлиб савдо-сотиқ соҳасида дунё даражасига чиқди. Айни шу даврда илк трансмиллий савдо компаниялари вужудга келди. Тез орада уларнинг фаолияти соф савдо чегарасидан ташқарига чиқди ва улар қулларни қўлга киритиш ва уларни эксплуатация қилиш, босиб олинган ҳудудларда плантациялар ва манзилгоҳлар барпо этиш жараёнида иштирок эта бошлади, ниҳоят, ўз давлатлари амалга ошираётган мустамлакачилик сиёсатининг асосий ижрочисига айланди. Демак глобаллашув турли халқларнинг иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаёти билан аввалбошдан узвий боғлиқ бўлган. XVII асрда шарқ ва ғарб савдогарлари улкан ҳудудларни ўзлаштирдилар ва деярли бутун дунё бўйлаб жойлашдилар. Шу тариқа улар инсоният тарихида биринчи бўлиб ягона глобал иқтисодий ва сиёсий тизимнинг зарурий асосларини яратдилар ва мазкур тизим шаклланиши учун замин ҳозирладилар. Мазкур жараёнлар дунёни яхлит бир бутун организм сифатида шакллантирди. Фундаментал деб номланувчи бундай глобаллашувнинг илк аломатлари XIX асрнинг иккинчи ярмида пайдо бўлиб, XX асрда тўла даражада борлиққа айланди. Айни шу даврда дунёни иқтисодий бўлиб олиш якунланди ҳамда турли мамлакатлар ва халқларнинг кучайиб бораётган ўзаро боғлиқлигидан келиб чиқадиган мутлақо янгича тусдаги кескин халқаро муаммолар юзага келди. Амалда бутун дунё кучли давлатлар ва йирик монополиялар ўртасида кескин кураш ва таъсир доираларини бўлиб олиш майдонига айланди ва бу пировардда Биринчи ва иккинчи жаҳон урушларига олиб келди. Моҳият эътибори билан, иккала уруш ҳам айни бир масалаларни ечиш – ХХ аср бошида бўлиб олинган, яхлит ва ўзаро боғланган дунёни қайта бўлиб олишга қаратилган эди. Жаҳонда юз бераётган ўзгаришларнинг баъзи бир тенденциялари олимлар ва файласуфлар диққат марказидан бу ўзгаришлар барчага равшан бўлишидан олдинроқ ўрин олди.Масалан, инглиз тарихчиси А.Тойнби (1889-1975) компьютер инқилобидан анча олдин «ХХ асрда умумжаҳон тарихи бошланди» деган хулосага келди. Немис фалсафасининг атоқли намояндаси К.Ясперс (1883-1969) 1948 йилда эълон қилган “Тарих куртаклари ва унинг мақсади” асарида:”Илк бор оламшумул аҳамият касб этган бизнинг тарихан янги шароитимиз Ерда одамларнинг реал бирлигидан иборатдир. Замонавий алоқа воситаларининг техник имкониятлари шарофати билан сайёрамиз инсонга тўла очиқ бўлган ягона яхлитликка айланди”. Энди бутун дунё асосий муаммо ва вазифага айланди. Шу тариқа тарихнинг бутунлай ўзгариши юз беради. Дунё мамлакатлари ва халқлари туташди. Ер курраси яхлит ва ягона тус олди. Янги хавфлар ва имкониятлар пайдо бўлмоқда. Барча муҳим муаммолар дунё миқёсидаги муаммоларга, вазият – бутун инсоният вазиятига айланди. Борлиқ, онг, ҳаётнинг мазмуни азалий фалсафий муаммоларига ва фалсафада муттасил муҳокама қилинадиган бошқа масалаларга ҳозирги давр шу тариқа илгари ҳеч қачон мавжуд бўлмаган, мутлақо янги мавзу – инсониятнинг ягона тақдири ва Ердаги ҳаётни сақлаш мавзусини қўшимча қилди. Глобал муаммоларнинг пайдо бўлиши қандайдир янглишиш, кимнингдир хатоси ёки ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ривожланишнинг атайлаб танланган стратегияси натижаси эмас. Бу тарих инжиқлиги ёки табиий аномалиялар маҳсули ҳам эмас. Ушбу муаммоларнинг илдизлари анча чуқур бўлиб, индустриал жамият, умуман технократик йўналтирилган маданиятнинг кенг миқёсдаги инқирозини юзага келтирган ҳозирги цивилизациянинг вужудга келиш тарихига бориб тақалади. Юқорида қайд этилган қарашлардаги туб бурилиш асосан Рим клуби фаолияти таъсирида юз берди. 1968 йил Римда ўзининг биринчи мажлисига йиғилган олимлар, файласуфлар ва жамоат арбобларининг бу нуфузли халқаро ташкилоти ҳозирги даврнинг энг муҳим умуминсоний муаммолари бўйича маърузалар тайёрлаш ва эълон қилишни ўз олдига вазифа қилиб қўйди. Бу ташкилотнинг 1972 йилда эълон қилинган «Ўсиш чегаралари» деб номланган биринчи маърузасиёқ жуда катта шов-шувга сабаб бўлди, чунки инсоният ўзи англамаган ҳолда «порохли бочка устида ўтириб, гугурт ўйнаётгани»ни кўрсатиб берди. Рим клубининг асосчиси ва биринчи президенти Аурелли Печчеи мазкур тадқиқотга ёзган сўзбошисида шундай деб қайд этган эди: “Эндиликда она-Еримиз ҳар қандай ўсиш суръатларига дош беришга, инсоннинг ҳар қандай эркаликларини кўтаришга қодир эканлигига соғлом фикрлайдиган одамларнинг бирортаси ҳам ишонмайди. Ўсиш чегаралари борлиги равшан, лекин уларнинг қандайлиги ва қаердалигини ҳали аниқлаш лозим” Муаммолар амал қилиш даражасига қараб қуйидаги турларга бўлинади: 1. Миллий (маҳаллий) муаммолар. 2. Минтақавий муаммолар. 3. Глобал муаммолар. Миллий муаммолар деганда маълум бир давлат (миллат) ҳудудидаги, фақат унинг манфаатларига дахлдор, тараққиётига таъсир қиладиган муаммолар тушунилади. Ўзбекистондаги миллий муаммоларга, масалан, электр энергияси, газ ва ичимлик суви таъминотидаги ёки таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги муаммоларни айтиш мумкин. Минтақавий муаммолар бир нечта давлатларнинг манфаатларига алоқадор, уларнинг ривожига тўсиқ бўладиган муаммолардир. Масалан, Шарқий Европанинг бир неча мамлакатлари ҳудуди радиоактив заҳарланишига олиб келган Чернобил фожиаси 1968 йилда Сахел минтақасида юз берган “Аср фалокати” номини олган қурғоқчилик Африка қитъасининг 18 давлатини қамраб олди, бунда очарчилик натижасида 250 мингдан кўпроқ одам ҳалок бўлди, тахминан 18 миллион бош қорамол нобуд бўлди, хавфли касалликларнинг эпидемиялари юзага келди, бу улкан минтақа ҳудуди эса деярли тўла саҳрога айланди. «Ҳозирги даврнинг глобал муаммолари» тушунчаси 1960-йиллар охири – 1970-йилларнинг бошларида кенг тарқалди ва шундан бери илмий ва сиёсий муомала ҳамда оммавий онгдан мустаҳкам ўрин олди. Глобал муаммолар – барча давлатлар, халқлар ва миллатларнинг манфаатларига дахлдор бўлган ва уларнинг биргаликдаги ҳаракатларини тақозо қиладиган муаммолар. Рим клубининг асосчиси ва биринчи президенти А.Печчеи инсоният қаршисида кўндаланг бўлган аксарият муаммолар «бир-бири билан маҳкам чирмашиб олди, улкан спрут чангали янглиғ бутун сайёрани ўз исканжасига олмоқда... ечилмаган муаммолар сони ўсиб бормоқда, улар янада мураккаброқ тус олмоқда, уларнинг чирмашуви янада чигаллашмоқда, уларнинг «исканжаси» эса сайёрамизни ўз чангалида тобора қаттиқроқ сиқмоқда» деб ёзган эди. Download 20.23 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
1 2
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling