9-мавзу: Глобал коррупция ижтимоий маданий инқироз оқибати Мавзу режаси


Download 343.97 Kb.
bet7/7
Sana04.05.2023
Hajmi343.97 Kb.
#1424187
1   2   3   4   5   6   7
Bog'liq
9-мавзу.Глобал коррупция ижтимоий маданий инқирознинг оқибати

5 таклиф ва 5 ташаббус
Хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиб, айтиш мумкинки, коррупсияга қарши курашиш жараёни аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш билан боғлиқ.
Биринчидан, одамлар онгида ҳуқуқий тушунча, тасаввур, баҳолаш, фикр юритиш каби жараёнларгина шаклланиб қолмасдан, балки ҳуқуқий тизимнинг турли соҳалари (ҳуқуқ ижодкорлиги, ҳуқуқий амалиёт, суд, суд жараёни, жазо тайинлаш, адлия органлари хизмати, прокуратура ва бошқалар) ҳақида ҳам тушунча бўлиши зарур.
Иккинчидан, шахс ҳуқуқий онгининг ривожланиши мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларнинг келажагига таъсир этади. Шу сабаб амалдаги қонун ҳужжатларидан оқилона фойдаланиш лозим.
Учинчидан, шахс ҳуқуқий таълим орқали ҳуқуқ асосларини, унинг асосий нормаларини билиб олади. Шундагина ҳуқуқий билимларни ҳаётга татбиқ этиш, қонунга риоя этишни шакллантириш, ҳуқуқбузарликка нисбатан муросасизликка эришилади.
Тўртинчидан, ҳуқуқий талаблар онгда акс этиб, шахс томонидан англанади, тушунилади ва ўзлаштирилади, инсоннинг ҳуқуққа муносабатини белгиловчи таассурот ва ишончни пайдо қилади. Бу шахс ҳуқуқий онгини шакллантиришда янги усул ва воситаларни тадқиқ этишни тақозо этмоқда.
Бешинчидан, конституциявий саводхонлик ҳуқуқий онгни шакллантиришда муҳим омил эканлиги сабабли ушбу соҳадаги мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш йўлларини излаш керак.
Айнан шунинг учун ҳам шахс ҳуқуқий онгини шакллантириш орқали мамлакатимиздаги ижтимоий-сиёсий жараёнлар ва ислоҳотларни тўғри англаймиз, уларга мослашамиз.
Ўзбекистонда коррупсияга оид қонунлар ва қарорлар таснифи.


Коррупсияга қарши курашиш тўғрисида Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 24 ноябрда қабул қилинган Сенат томонидан 2016 йил 13 декабрда маъқулланган
Кейинги йилларда мамлакатимизда коррупсияга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилди. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупсияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилди.
Ислоҳотларни амалга ошириш доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини, жамоат ва парламент назоратини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилди, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ислоҳ қилинди.
Шу билан бирга, иқтисодиётни янада ўстириш, халқ фаровонлигини ошириш, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги стратегик вазифаларни ҳал этиш коррупсияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда коррупсия кўринишларининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш бўйича янги тизимли чоралар кўрилишини тақозо қилмоқда.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев халқимиз азалдан юксак қадрлаб келадиган, ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат туйғусини ҳаётимизда янада кенг қарор топтириш биринчи даражали вазифа эканига алоҳида эътибор қаратмоқда.
Президентимиз “Жамиятимизда коррупсия, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо, албатта, муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўришимиз зарур”, деб алоҳида таъкидлади.
2017 йил 4 январдан Ўзбекистон Республикасининг “Коррупсияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни кучга киргани бу борадаги муҳим қадам бўлди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган мазкур қонун коррупсияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишда муҳим ҳуқуқий асос яратди. Бу давлат органлари, ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилаётган коррупсияга қарши чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупсиянинг намоён бўлишига йўл қўймаслик, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш орқали жамиятда коррупсиянинг барча шаклларига нисбатан муросасиз муносабат қарор топади.
34 моддадан иборат қонунда, аввало, коррупсия билан боғлиқ тушунчалар берилган. Коррупсия шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишдир.
Қонунда коррупсияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатининг асосий принциплари ва йўналишлари мустаҳкамланган. Унга кўра, қонунийлик, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, очиқлик ва ошкоралик, тизимлилик, давлат ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлиги, қоррупсиянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги, жавобгарликнинг муқаррарлиги коррупсияга қарши курашишнинг асосий принципларидир.
Коррупсияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сирасига аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупсияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш киради. Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупсиянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар амалга оширилади. Коррупсияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупсияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш ҳам шулар жумласидандир.
Қонунда коррупсияга қарши курашувчи ваколатли органлар тизими келтирилган. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар, Адлия вазирликлари, Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятлар ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти коррупсияга қарши курашиш фаолиятини бевосита амалга оширувчи давлат органларидир. Қонунга мувофиқ коррупсияга қарши курашиш бўйича фаолиятни қонун ҳужжатларига асосан бошқа давлат органлари ҳам амалга оширади.
Қонунда кўрсатиб ўтилган органларнинг коррупсияга қарши курашиш доирасида амалга оширадиган ишлари аниқлаштирилди. Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ўз ваколатлари доирасида коррупсияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади. Коррупсияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг аниқ ва бир хилда ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади. Коррупсияга қарши курашиш соҳасидаги тезкор-қидирув фаолиятини, суриштирувни, дастлабки терговни, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштиради. Коррупсия билан боғлиқ жиноятлар бўйича дастлабки терговни амалга оширади.

Қонундан келиб чиқиб коррупсияга қарши курашишга масъул бўлган давлат органлари ва уларнинг тизимларида коррупсияга қарши курашишга оид фаолият янада такомиллашади.
Ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида қонунда коррупсияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссияларни ташкил этиш назарда тутилган. Коррупсияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси коррупсияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб боради. Бундай комиссияни шакллантириш ва унинг фаолияти тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.
Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятларда ва Тошкент шаҳрида коррупсияга қарши курашиш бўйича ҳудудий идоралараро комиссиялар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилади.
Идоралараро комиссия соҳага оид фаолиятни мувофиқлаштириш билан бирга коррупсияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурларининг ишлаб чиқилиши ҳамда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини ташкил этади.
Қонундаги эътиборли жиҳатлардан яна бири, коррупсияга қарши курашиш соҳасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг иштирок этиши механизмлари белгиланганидир. Зеро, бу институтлар жамиятда жамоат назорати қарор топишида, адолат мувозанати таъминланишида ўзига хос ўрин тутиб келмоқда. Уларнинг жамият ривожига салбий таъсир кўрсатувчи коррупсия иллатига қарши курашишда иштирок этиши шу йўналишдаги фаолият самарадорлиги ошишига хизмат қилади.
Коррупсиянинг олдини олишга доир чора-тадбирларда давлат бошқаруви, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва тадбиркорлик, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уни бартараф этиш, маъмурий тартиб-таомиллар, давлат харидларини амалга ошириш соҳаларида коррупсиянинг олдини олиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупсияга қарши экспертизаси каби масалалар қамраб олинган.
Қайд этиб ўтиш керакки, қонун иқтисодиётимизда муҳим ўрин тутаётган тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатлари муҳофазасини янада кучайтирди. Бу борада маъмурий ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, рўйхатга олиш, рухсат этиш ва лицензияга доир тартиб-таомиллар соддалаштирилади ва уларнинг тезкорлиги оширилади. Давлат органларининг назорат-текширув вазифалари янада мақбуллаштири-лади. Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш тизими такомиллаштирилиб, уларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашишга йўл қўймаслик чоралари кўрилади. Бу чоралар мамлакатимизда қулай бизнес муҳити мустаҳкамланиши, тадбиркорликка бўлган қизиқиш янада кучайишига кенг йўл очади.
Коррупсияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш, жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга оид меъёрлар белгилангани қонуннинг муҳим жиҳатларидан. Қонунга мувофиқ коррупсияга оид ҳуқуқбузарликларга қарши курашишнинг замонавий шакллари ва услубларидан фойдаланилади. Жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупсияга оид ҳуқуқбузарликлар фактларига доир мурожаатлари тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилади. Коррупсияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот берган шахсларнинг ҳимоя қилиниши таъминланади.
Қонуннинг 26-моддасига мувофиқ давлат органлари ходимлари уларни коррупсияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этишга кўндириш мақсадида бирор-бир шахс ўзларига мурожаат этганлигига оид барча ҳоллар тўғрисида, шунингдек, давлат органларининг бошқа ходимлари томонидан содир этилган шунга ўхшаш ҳуқуқбузарликларнинг ўзларига маълум бўлиб қолган ҳар қандай фактлари ҳақида ўз раҳбарини ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни хабардор этиши шарт. Ушбу мажбуриятнинг давлат органлари ходимлари томонидан бажарилмаслиги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Коррупсияга оид ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар суднинг қарорига кўра муайян ҳуқуқлардан, шу жумладан, муайян лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин. Юридик шахслар ҳам коррупсияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, янги қонун нафақат коррупсияга қарши курашиш механизми мустаҳкамланиши, балки ҳар бир раҳбар, ҳар бир фуқаронинг ўзига юклатилган вазифани сидқидилдан, ҳалол адо этишини талаб этади. Бу мамлакатимизда соғлом муҳит қарор топишига, ижтимоий-сиёсий барқарорлик янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.


Ўзбекистонда коррупсияга қарши курашишнинг иқтисодий-сиёсий ва ижтимоий - ҳуқуқий механизмлари.


Инсонни қийин аҳволга туширадиган, руҳан эзадиган ҳолатлар ичида энг оғири адолатсизлик ҳисобланади, дейиш мумкин. Унинг бир илдизи коррупсия билан боғлиқ бўлиб, бу шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишида ифодаланади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқимиз азалдан юксак қадрлаб келадиган, ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат туйғусини ҳаётимизда янада кенг қарор топтириш биринчи даражали вазифа эканига алоҳида эътибор қаратмоқда. Жамиятимизда коррупсия, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо албатта муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўриш зарурлиги таъкидланмоқда.
2017 йил 4 январдан Ўзбекистон Республикасининг “Коррупсияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни кучга киргани коррупсияга барҳам бериш учун барча асосларни яратиб берди. Мазкур қонун ижроси тўлиқ ва самарали таъминланиши учун 2017 йил 2 февралда давлатимиз раҳбарининг "Коррупсияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.
Жамиятда коррупсияга нисбатан муросасиз муносабат қарор топтириш ўта долзарб масала бўлиб, гарчи уни бажариш доирасида масъул идоралар белгиланган бўлса-да, унинг тўлақонли рўёбга чиқиши учун ҳар бир фуқаро ўзида масъулият ҳис этса, қўйилган мақсад ва муддаолар эчими пайдо бўлади. Ҳар биримиз қаерда, қандай муаммога дуч келсак, унинг ҳал этилишида масъул шахсларнинг масъулиятсизлиги ёки таъмагирлигига гувоҳ бўлганда шароитга бўйсуниш, индамай кетавериш ёхуд чидаш ўрнига бонг уришимиз керак. Масъулиятсизликка, адолатсизликка нисбатан муросасизликни ўзимиздан бошлашимиз даркор. Шунда мудраётган мансабдор уйғонади, зиммасида қандай масъулият борлигини ҳис этади.
"Коррупсияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонунда бизнинг бу борадаги ҳуқуқларимиз кафолатланган. Қонунга кўра, жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупсияга оид ҳуқуқбузарлик фактларига доир мурожаатлари тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилади. Коррупсияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот берган шахсларнинг ҳимоя қилиниши таъминланади.
Давлатимиз раҳбарининг "Коррупсияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида "2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупсияга қарши курашиш бўйича давлат дастури" тасдиқланди. Коррупсияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси тузилди.
Мазкур комиссия коррупсияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурларининг ва бошқа дастурларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этади. Коррупсияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради ва ҳамкорлигини таъминлайди. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда коррупсияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга доир чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этади. Коррупсияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, уларни аниқлашга, уларга чек қўйишга, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга доир чора-тадбирлар самарадорлиги оширилишини таъминлайди.
Комиссия коррупсиянинг ҳолати ва тенденсиялари тўғрисидаги ахборотни йиғади ва таҳлил этади. Коррупсияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилиши юзасидан мониторингни амалга оширади. Ушбу соҳадаги мавжуд ташкилий-амалий ва ҳуқуқий механизмларнинг самарадорлигини баҳолаш, коррупсияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва ушбу соҳадаги ишларни яхшилаш юзасидан таклифлар тайёрлайди. Коррупсияга қарши курашиш бўйича ҳудудий идоралараро комиссиялар фаолиятини мувофиқлаштириш ишларини амалга оширади.
Бу вазифалар тегишли идоралар ва масъул шахслар томонидан изчил таъминланади. Зеро, Коррупсияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича қарорлари барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар томонидан ижро этилиши мажбурийдир.
Халқимизнинг том маънодаги адолат қарор топган жамиятда яшаши учун нафақат масъул шахслар, балки ҳар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшиши зарур. Бу фуқароларимизда коррупсияга, аниқроқ айтганда, ҳар қандай қонунбузарликка нисбатан муросасизлик кайфияти, маданияти шаклланишига ҳам боғлиқ. Чунки ҳар қандай қонунбузарликлар содир этилишига, кўпайишига кўп ҳолларда ўзимизнинг бефарқлигимиз, лоқайдлигимиз сабаб бўлиб келмоқда. Барчанинг якдиллиги, юрт тақдирига дахлдорлиги кучайиши ҳар қандай иллатнинг батамом барҳам топишига хизмат қилади.
Назорат иши:
1. Коррупсия тушунчасини моҳиятини изоҳланг?
2. Коррупсиянинг тарихий ўзакларини тушунтириб беринг?
3. Аҳоли ҳуқуқий саводхонлигининг пастлиги дегенда нимани тушунчасиз?
4. Коррупсияга қарши курашда юқори натижаларга эришган мамлакатларни санаб беринг?



Download 343.97 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling