2.2. Ўзбекистонда демографик ҳолат ва унинг меҳнат бозорига таъсири
Демографик ҳолат - ижтимоий-иқтисодий ривожланиш соҳаларидан бири ҳисобланиб, аҳоли сони, таркиби, аҳоли ёки унинг гуруҳларининг жойлашуви ва такрор ҳосил бўлиши билан боғлиқ маълумотларни статистик усуллардан фойдаланган ҳолда йиғиш, қайта ишлаш, ифодалаш ва таҳлил қилиш фаолияти билан шуғулланади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, 2017 йилда дунё доимий аҳолиси сони 86,0 млн.кишига кўпайган бўлса, 2021 йилда эса аҳоли кўпайиши 20,9% га камайиб, 68,0 млн.кишини ташкил этган. Дунё бўйича доимий аҳоли сонининг дастлабки 1 млрд.кишидан 2 млрд.кишига ўзгариши учун кетган вақт 123 йилни ташкил қилган бўлса, сўнгги 11 йил давомида 7 млрд. кишидан 8 млрд.кишига етган (2.2.1-расм).
2.2.1-расм. Дунё доимий аҳолиси сонининг сўнгги беш йили давомида йиллик ўзгариши, млн.киши
Доимий аҳоли сони – рўйхатдан ўтказилаётган вақтда муайян аҳоли пункти ёки ҳудудда доимий истиқомат қилаётган аҳолидан иборат бўлиб, бунга ушбу ҳудудда доимий рўйхатда туриб, лекин вақтинча яшамаётган аҳоли ҳам киради. Ўзбекистон Республикаси доимий аҳолиси сони 1920 йилда 4,4 млн.кишини ташкил этган бўлса, 2023 йилнинг 1 январига келиб, доимий аҳоли сони 31,6 млн.кишига ёки 7 баробарга кўпайган ҳамда 36024,9 минг кишини ташкил этган. Ўз навбатида, табиий ўсиш коэффициенти 1920 йилга (11,0 промилле) нисбатан 9,9 промиллега кўпайган ҳамда 20,9 промиллени ташкил этган (2.2.1-илова).
2023 йил 1 январь ҳолатига доимий аҳоли сони 36024,9 минг кишини ташкил этади, шундан эркаклар сони 18128,6 минг кишини, аёллар сони эса 17896,3 минг кишини, қишлоқ аҳолиси сони 17689,2 минг кишини ташкил этди.
Меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳоли сони – Меҳнат кодексига мувофиқ, 16 ёшдан 60 ёшгача эркаклар ва 16 ёшдан 55 ёшгача бўлган аёллардан ташкил топади (16 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлар меҳнатга лаёқатли ёшдан кичиклар, 60 ёш ва ундан катта эркаклар ҳамда 55 ёш ва ундан катта аёллар меҳнатга лаёқатли ёшдан катталар тоифасига ажратилади).
2023 йил 1 январь ҳолатига кўра, республика доимий аҳолиси сонининг 31,7% и меҳнатга лаёқатли ёшдан кичиклар, 56,8% и меҳнатга лаёқатли ёшдагилар ва 11,5% и меҳнатга лаёқатли ёшдан катталар ҳиссасига тўғри келмоқда (2.2.2-расм).
Do'stlaringiz bilan baham: |