Абдулла Қаҳҳор


Download 131.5 Kb.
Sana18.06.2023
Hajmi131.5 Kb.
#1568817
Bog'liq
Абдулла Каххор


А бдулла Қаҳҳор

1929 йилда матбуотда «Бошсиз одам» ҳикояси пайдо бўлди. Бу кичик асар дарров жамоатчиликнинг диқ-қат-эътиборини жалб қилди. Бу ҳикоя оғизга тушиб кетди, муаллифи Абдулла Қаҳҳорнинг номи эса халқ орасида тилдан-тилга ўта бошлади. Тўғри, бундан олдин ҳам талай машқ, фельетонлар ёзган эди, лекин улар дуруст чиқмади. «Бошсиз одам» ҳикояси Абдулла Қаҳҳорни адабиёт оламига олиб кирди. Унинг ёзувчи сифатида, айниқса кичик ҳикоялар устаси сифатида шаклланишида роли катта бўлди, муаллифда эса, бу соҳада қалам тебратиш учун тўла ишонч уйғотди.


Таржимаи ҳол


Бу даврда адабиётимизда катта силжишлар сезилмоқда эди. Ҳамза, С. Айний, А. Қодирийдан сўнг ижод эта бошлаган Ойбек, Ғ. Ғулом, Ҳ. Олимжон, Яшин, Уйғунлар адабиётимизнинг тараққиётига салмоқли ҳисса қўшиб деярли барча оғирликларни ўз зиммаларига олиб, комил ишонч билан бадиият оламида шахдам қадам ташлаб бормоқда эдилар. Бу ёш қаламкашлар 20-йилларнинг иккинчи ярмидаёқ машҳур бўла бошладилар.


Адабиёт мана шундай гуллай бошлаган, унга янги ривожланиш босқичи кириб келган бир вақтда Абдулла Қаҳҳор ўзининг унумли ижодини бошлади.


Юқорида эслаб ўтган шоирларимиз барча кучларини поэзияга қаратган бўлсалар, Яшин, З. Саид, Н. Сафаров, З. Фатхуллинлар драматургияни кўтарган бўлсалар, Абдулла Қодирий романнинг яхши намуналарини яратган бўлса, ўзбек адабиётида новелла жанри қаддини кўтара олмас эди.


Абдулла Қаҳҳорнинг улкан хизмати шундаки, у чақалоқ ҳолда бўлган новеллани ўстирди, вояга етказди, унинг ривожига бўй берди. Унинг ҳикоялари билан орқада қолган бу жанрнинг танглиги кўтарилиб борди, бошқа жанрларга етиб олди, адабиётдан мустаҳкам, тарихда абадий қоладиган ўринни эгаллаб олди. Абдулла Қаҳҳорнинг «Бошсиз одам» ҳикояси унинг новеллачилик фаолиятига, умуман ижодига катта ишонч бағишлади. 30-йилларга келиб, Абдулла Қаҳҳорнинг бу соҳадаги таланти қийос очилди. Энг яхши ҳикоялари шу даврда битилди. Бақувват, ҳаммага манзур бўлган ҳикоялари китобхонларга кетма-кет тақдим этила бошланди. «Кўр кўзнинг очилиши», «Анор», «Бемор», «Ўғри», «Майиз емаган хотин», «Адабиёт муаллими», «Санъаткор», «Мунофиқ» каби талай ҳикоялари новелланинг баркамол намуналари бўлиб майдонга чиқди. Бу баркамоллик нимадан иборат?


Аввало, уларда Абдулла Қаҳҳор ҳаётдаги турли тоифадаги кишиларнинг зарур, керакли томонларини олиб, усталик билан типиклаштириб, пухта характерлар яратиб берди.


Катта ҳажмдаги асарлар инсон характерини яратиш учун кенг йўл очади. Бундай асарларнинг муаллифлари қаҳрамонларини турли вазиятларга олиб кириш, ҳар хил кишилар билан тўқнаштириб, портретларини ҳар томонлама таърифлаб, талай бақувват характерлар чизганлар. Аммо митти асарларга характер ярата олиш, уларни курашга олиб кириш, тақдирларини ишонарли ҳал қилиб, пухта характерларини чизиш муаллифлардан катта санъатни талаб қилади. Абдулла Қаҳҳор эса, юқорида тилга олинган ҳикояларида бу мушкул санъатни тўла эгаллаб олганини намойиш қилади.


Бунга у ҳаётни тўла билиши, инсонларнинг ички оламига чуқур кириб бориши орқали эришади. Бу эса, ўз қаҳрамонларининг шодлигини, қайғу-аламларини, ҳаяжонларини, ғазаб-нафратларини, кучли кечинмаларини ёрқин ифода этишга имконият туғдирди. Новеллаларда киши руҳининг мураккаб томонлари нозик тасвирларда кўринади. Ёзувчи ҳикояларининг муҳим ҳусусиятлари шундаки, уларда инсоннинг ички ҳолати тўғри тасаввур қилиниши билан бирга, руҳий ҳолат асар мазмуни билан боғланиб кетади. Муаллиф мазмундан, асарнинг ғоявий йўналишидан қаҳрамонларнинг кечинмаларини, товланишларини келтириб чиқаради. Уларнинг психологиясини ҳикоялар мазмунига, персонаж характерига мос туширади.


Шуниси характерлики, ҳикояларидаги персонажларнинг ҳар бир ҳатти-ҳаракати улариинг ички дунёларининг янги-янги томонларини очиб беришга қаратилган.


Абдулла Қаҳҳорни ютуққа олиб келган асосий омилларидан бири ҳикояларининг ширали, образли, лўнда, ихчам тили бўлди. Муаллиф асар ғоясига аҳамият бергани ҳолда, унинг формасини ҳеч қачон камситмади. Шу сабабдан ҳам Абдулла Қаҳҳор қўллаган тил характерни, қаҳрамоннинг аҳвол руҳини тасвирлашда ранг-баранг бўёқларга, тасвирий воситаларга эга бўлди. Бўёқлар рассомга картина чизишда қандай ёрдам қилса, у ҳам ўз ҳикояларида бадиий бўёқларни шунчалик тўғри ва жойида ишлатди. Шу билан бирга у тилда соддаликка эриша олди: «Қитобхонда бир фикрни англата олиш ёки бир нарсани тасаввур қилдириш учун,- деб ёзади Абдулла Қаҳҳор, - кишининг бошини қотирмайдиган, очиқ, равон ва содда тил керак. Сурат олдираётган киши суратга чиройли ва келишиб тушмоққа беҳуда зўр бериб, ўзининг табиий ҳолатини бузгандай, ёзувчи, «чиройли ва қойил қилиб ёзишга» беҳуда зўр берса, адабий асар учун зарур бўлган тилдаги соддалик, табиийлик бузилади». У бунга амал қилиб, фикрни, мазмунни қисқа, лўнда ифодалашга, характернинг бирор қиррасини бир-икки жумла билан очишга муваффақ бўлади. Муаллиф портретни чизиш, қаҳрамоннинг аҳволини, ҳатти-ҳаракатини тасвирлаш билан, унинг характерини беришга, майда деталлар, кичик штрихлар, ишора ва иборалардан ўткир, катта умумлашмалар, қилишга усталигини кўрсатди. Бундай тасвир характерларнинг ўзгача ҳусусиятларини ифодалашга, уларни индивидуаллаштиришга олиб келган. Оқибатда кўз олдимиздан бир-бирига ўхшамаган характерлар бирин-кетин ўтади.


Бундан ташқари, Абдулла Қаҳҳор жажжи ҳикояларида сатирик ва юморист сифатида ўз талантининг янги қиррасини намойиш қилди. Унда кулгичилликка таомил зўр зди. Буни жуда кўп асарлари айтиб турибди. Абдулла Қаҳҳор барча ўлиқ чириган нарсаларни, иллатларни, нуқсонларни аччик танқид қилиб, уларни инкор этишда кулгидан моҳирлик билан фойдаланди. Кулги, масҳара ёрдами билан у илғор ғояларни, замоннинг талабларини тасдиқлайди ва тарғиб қилади. У ёмонга ўз идеалини, давр нафасини қарши қўяди, асарларининг мазмунига, характерларнинг моҳиятига кулгини, масхарани сингдириб юбориш билан унинг жамиятдаги улкан кучини, ижобий характерини яққол кўрсатади. Абдулла Қаҳҳорнинг ўзига ҳос услуби шундан иборатки, у сюжетга, характерга бирдан кутилмаган ўзгариш киритиб, кутилмаган кулгини чиқаради. Воқеалар жараёнини кузатиб борган китобхоннинг бундай кулгини олдиндан сезиши амри маҳол. Мисол учун «Санъаткор» ҳикоясида тракторчидан дакки еган санъаткор хизматчи олдида уялиб қолгандан сўнг, муаллиф ҳикояни қандай давом эттириб, якунларкин, деган савол кишини жуда қизиқтиради. Ҳақиқатан ҳам сюжет оқимига характер ривожига мос келадиган ечим топиш қийин. Лекин адиб бунинг йўлини топди. У кулгини асар охиригача бўшаштирмасдан, сақлаб борди, унинг қудратини ҳикоя охирида яна бир карра намойиш қилди: «Санъаткор ечиниб, кўрпага кирди... кўзини юмди, кўзига ғира-шира қоронғи залдаги сон-саноқсиз каллалар кўринди. Булар ичида энг каттаси трактористнинг калласи, у илжаяр эди.


- Афтинг қурисин!-деди санъаткор ва нариги ёнбошига ағдарилди.


Ҳаял ўтмай уйқуга кетиб, хуррак отди. Унинг хурраги ҳам нечукдир адабийроқ эди: плуқ-қум-прр-плуқ-қум-прр». Бу муаллифнинг усталик билан топган приёми эди, асар руҳига мослаштирган, салбий тип устидан чиқарган аччиқ кулгиси, кучли масхараси.


Абдулла Қаҳҳор шундай кулги билан йўғрилган асарларни, салбий шахсларнинг шундай кулгили характерини яратадики, манфий нарса ва ҳодисаларга шундай кулгили руҳ касб этадики, уларни ўқиб, кўриб, роҳат қилиб куласиз. Ҳаттоки, уларни «Аттор ўқиса ҳам кулади, бир жойда кўп ўтириб, зерикиб, керишиб, уйқу босган» кишилар ўқиса ҳам кулади. Адиб шундай асарлар ёзишни талаб қилган эди, ўзи бунга тўла амал қилади.


Абдулла Қаҳҳорнинг новеллачиликда улкан муваффақиятларга олиб келган омиллардан яна бири - унинг классиклардан, айниқса рус адабиётидан ўқиш-ўрганиши бўлди. «Улуғ санъаткорларнинг ижоди, - деб таъкидлаган эди шоир, - бадиий маҳоратимни оширишда катта мактаб «бўлди».


Ёзувчи олдин Н. Гоголга эргашди, ундан кейин М. Горькийдан ўрганди, кейинчалик А. П. Чеховга шогирд тушди. У айниқса, А. Чехов таъсирига қаттиқ берилди. «Унинг чертса жаранглаб турган «кафтдеккина» ҳикоялари, - деб қайд қилган эди Абдулла Қаҳҳор,- ўзининг чиройлилиги, ҳаққонийлиги ва турмушни чуқур акс эттирйши билан» ўзбек ёзувчисини «асир» қилди. У классикларни классик қилган гўзал асарларининг гўзаллик сирларини эгаллашга бел боғлайди. Улуғ рус адиби А. Чеховдан эса, воқеаларни ихчам формада, сиқиқ ҳолда бериш, уларни лўнда қилиб тасвирлаш приёмларини ўзлаштирди. У, ўзбек адабиётида буюк санъаткорларнинг энг талантли меросхўри бўлиб, майдонга чиқди. Адабий жамоатчилик Абдулла Қаҳҳорни «ўзбек Чехови» деб аташлари ҳам бежиз эмас.


Шогирд ўз устозига бағишланган мақолаларнинг бирида, у қатор ҳикоялари билан Россиянинг қишлоқларига қарата «дарча»лар очганлигини завқ-шавқ билан қайд қилади. Шогирднинг ўзи ҳам устозига ўхшаб, ўтмиш туркумидаги ҳикояларида революциядан олдинги Туркистонга қараб, усталик билан «дарча»лар очади. Ёзувчининг маҳорати шундан иборатки, у кичик-кичик ҳикоялари билан колониал тузумнинг астар-пахтасини очиб кўрсатишга муяссар бўлади. Сюжет жиҳатидан мустақил бўлган, умумий ғоявий йўналиши жиҳатидан бир-бирига боғланган ҳикояларида зулматли воқеликни реалистик тасвирлаб, унинг манзараларини кўз олдимизда ёрқин гавдалантириши Абдулла Қаҳҳорнинг катта адабий хизматларидан биридир.


Абдулла Қаҳҳор ўз қобилиятини, айниқса олдинга кетишимизга тўсиқ бўлган тўғаноқларни, салбий нарсаларни, турли-туман сарқитларни фош қилишга қаратди. Нуқсонларни ҳар томонлама, кенг аспектда ўткир, аччиқ тил билан қоралашда, маҳв этишда, иллатларни ўзида мужассамлаштирган, эсда қоладиган тўлақонли сатирик образлар, характерлар яратишда ҳам Абдулла Қаҳҳорнинг таланти ёрқин кўринди. Талай салбий образлар - Мулла Норқўзи («Майиз емаган хотин»), Боқижон («Адабиёт муаллими»), санъаткор (шу номли ҳикоя); Низомиддинов («Мунофиқ»), Қутбиддинов («Ўжар»), Нурматжон («Қизлар»), Муҳторхон («Тўйда аза»)лар муаллифнинг улкан ижодий муваффақияти самарасидир. Ёзувчининг зарур ғоявий нияти, чуқур фикрлари, катта ҳулосаларини ўзида гавдалантирган бу умумлашма сатирик образлари ўзбек совет адабиётидаги салбий типлар галереясидан мустаҳкам ўрин эгаллади, ҳикоянависга шоншуҳрат келтирди, уни улкан санъаткорлар қаторига олиб чиқди.


Булар ҳаммаси шуни кўрсатадики, Абдулла Қаҳҳор новелланинг йирик устаси. Шу нарсани алоҳида қайд этиб ўтишимиз керакки, Абдулла Қаҳҳордан олдин ҳам, у ижод этган замонда ҳам, ундан кейин ҳам талай новеллистлар бу турда қалам тебратдилар ва тебратмоқдалар. Лекин уларнинг ҳеч қайси бири унинг олдига тушолмади. Абдулла Қаҳҳор ўзбек адабиётида тенги йўқ новеллист.


Абдулла Қаҳҳорнинг кичик прозадаги улкан муваффақиятлари унинг катта ҳажмли асарлар яратишига илҳом баҳш этди. Ижодкорнинг адабиётда орттирган тажрибаси воқеликда кузатган ҳодисаларни кенг тасвирлаш имкониятини туғдирди. Бу нарса «Сароб» (1937) романини бунёдга келтирди. Урушдан кейин асарни яна кўлига олиб бир қанча тузатишлар киргизди, унинг иккинчи нашрини қисқартириб, анча ихчамлаштирди, мукаммаллаштирди. Абдулла Қодирийнинг ажойиб романларидан кейин ўзбек адабиётида бу турда пухта асарлар жуда кам яратилди. Халқимизда эса романларга бўлган эхтиёж зўр эди. Ўша вақтларда чоп этилган Садриддин Айнийнинг «Қуллар», Абдулла Қаҳҳорнинг «Сароб» романларини китобхонлар илиқ кутиб олишларининг боиси ҳам мана шунда. Ҳар икки асар ҳам энг яхши бадиий асарлар учун ўтказилган республика конкурсида мукофотлар билан тақдирланиши ҳам бежиз эмас. «Қуллар»нинг ҳам, «Сароб»нинг ҳам ўзбек адабиётида ўз ўрни бор, мавқеи, аҳамияти бор. Ҳар икки асар ҳам ўзбек совет романчилигини янги тараққиётга олиб чиқди.


«Сароб»нинг аҳамияти шундаки, унда замонавий мавзу, замонавий масалалар, ўша даврнинг кураши, тўқнашувлари акс эттирилди.


Катта жанрда шу кундаги воқеа-ҳодисаларни тасвирлашнинг қанчалик қийин эканлигини изоҳлаб ўтиришга ҳожат ҳам бўлмаса керак. Шу сабабдан ҳам ўзбек воқелигига бағишланган жуда кам романлар битилди. Бунинг илк намунасини украин адиби Иван Ле ўзининг «Тоғ оралиғи» романи билан яратиб берди. Ундан кейин Ҳусайн Шамснинг дурустгина «Душман», Ҳуқуқ» романлари китобхонларга тақдим этилди. Ўша вақтдаги ўзбек адиблари романлари ичида Абдулла Қаҳҳорнинг «Сароб»ини пухтаси деб атасак, хато қилмаган бўламиз. Роман жамоатчиликнинг эътиборини ўзига тортди. Унда қўйилган масала ҳам диққатни тез жалб қила оларди. «Сароб»да гап совет тузумини ичидан қўпормоқчи бўлган озодлик душманлари - буржуа миллатчилари, контрреволюция қолдиқларини фош қилиш, уларнинг ҳалокатини тасдиқлаш билан, янги ҳаёт ғалабасини мадҳ этиш ҳақида кетарди. Мамлакатимизда социализмнинг тўла тантанаси учун кураш кетаётган даврда реакцион кучларнинг қолдиқларини маҳв этишга қаратилган, янгиликка қараб йўл бошлашга ундаган асарнинг роли катта бўлади.


Абдулла Қаҳҳор роман турига урушдан кейин яна қайтди. У қишлоқ хўжалигини коллективлаштириш, ундаги ўткир синфий курашларни «Қўшчинор чироқлари» полотносида умумлаштириб, ўзнга ҳос услуб билан ифода қилиб берди. Тўғри, бу мавзуда прозада ҳам, поэзия ва драматургияда ҳам талай асарларга эгамиз. Улар ичида баркамол чиққан асарлар анчагина учрайди. Абдулла Қаҳҳор ўз қаламкаш дўстлари кашф қилган, улар очган қуруқликдан кетиб, тематикани янги характерлар билан бойитди, унга айрим қаламга олинмаган воқеа ва ҳодисаларни олиб кирди. Коллективлаштиришнинг моҳиятини, инсонлар тақдиридаги ролини жанр хусусиятларидан келиб чиқиб, кенгроқ кўламда кўрсатишга сазовор бўлди.


«Сароб» ва «Қўшчинор чироқлари» ўзбек адабиётида романчиликни ривожлантиришда маълум даражада зинапоялик ролини ўйнайди, Унинг парвози эса Ойбек, Асқад Мухтор, Парда Турсун, Мирмуҳсин, Ҳамид Гулом, Саид Аҳмад, Одил Ёқубов, Раҳмат Файзий, Пиримқул Қодировлар ижодлари билан узвий боғланади. Улар ўз асарлари билан роман турини юқори босқичга олиб чиқдилар.


Абдулла Қаҳҳорнинг повестлари китобхонлар орасида кўпроқ машҳур бўлиб кетди. У халқ оммаси ҳаёти ва курашининг турли босқичларини ифода этган повесть ва қиссаларни кетма-кет нашр эттирди. «Дардақдан чиққан қаҳрамон», «Олтин юлдуз» қиссалари Улуғ Ватан уруши даврининг даҳшатли ва шу билан бирга мардоновор маизаралари билан бизни таништиради. Айниқса, бу асарларда ёзувчи ижодининг зарур ҳусусиятларидан бири оперативлиги, ҳозиржавоблиги, қаҳрамонона воқеа-ҳодисаларга зудлик билан овозини билдириши яққол намоён бўлди. Сўнгги қиссаси «Муҳаббат»да эса, янги даврдаги ёшларнинг пўлатдай мустаҳкам дўстлиги, икки қалбнинг оташин ҳиссиётлари, бу йўлдаги турли-туман тўсиқларни матонат билан енгиб, қаршиликларга учраганда чок-чокида сўкилиб кетадиган севги эмас, балки ҳаёт гирдоблари тўлқинларида янада мустаҳкамланадиган муҳаббат мадҳ этилди.


Повестлар ичида айниқса, «Ўтмишдан эртаклар» (1965) ҳамда «Синчалак» (1958) китобхонлар ўртасида шов-шувга, уларнинг катта ҳурматига сазовор бўлди.


Абдулла Қаҳҳор «Ўтмишдан эртаклар»да совет адабиёти, шу жумладан ўзбек адабиётида ташкил топгап ва ривожланган мемуар автобиографик жанр тенденцияларига асосланди ва улардан унумли фойдаланди. Ғафур Ғуломнинг «Шум бола»си, Ойбекнинг «Болалиги» Абдулла Қаҳҳорга қўл келганлиги шубҳасиздир. Абдулла Қаҳҳор ўзининг «Ўтмишдан эртаклар»ида бизни ўтган воқеаларга, ҳаётнинг аччиқ-чучук лавҳаларига олиб ўтади. Биз ёш Абдулла билан бирга кулфатларни, азобларни бошимиздан кечиргандай бўламиз, янги ҳаёт бўсағасига кириб нашъасини сура бошлагандай бўламиз.


Турмушдаги воқеа ва ҳодисаларни ишонарли қилиб асослаб айтилиши, уларни қизиқарли қилиб, бадиийликда ҳикоя қилиниши - повестнинг ютуғини таъминлаган асосий омилдир.


«Ўтмишдан эртаклар»нинг Ҳамза номидаги Ўзбекистон ССР Давлат мукофотига сазовор бўлишининг ўзиёқ жамоатчиликнинг катта ижобий баҳосини билдириб турибди.


«Синчалак» бўлса, муаллифини янги ижодий поғонага, бадиий маҳоратнинг юқори босқичига олиб чиқди. «Синчалак» адибнинг ижодий камолотини кўз-кўз қиладиган асар сифатида майдонга чиқди.


Москвада ўзбек адабиёти ва санъати декадаси (1959) вақтидаги муҳокамада рус ёзувчиларининг қуйидаги айтган сўзлари характерлидир. «Ўзбекистонда катта адабиёт бор. У, шу даражада юксалибдики, унинг баъзи вакилларидан, масалан, А. Қаҳҳордан биз ҳам ўрганишимиз керак». Бу баҳони биринчи навбатда шу асарга тааллуқли деб қарашимиз лозим. Бу повесть ҳақида рус совет ёзувчилари билан биргаликда, бошқа қардош халқлари адабиётлари намоёндалари ҳам илиқ гапларни айтишган. Абдулла Қаҳҳор асарлари ичида энг кўп тилларга таржима қилинган ҳам «Синчалак»дир. У баъзи чет мамалакатларда ҳам машҳур бўлди.


«Синчалак» КПСС XX съездидан кейин пайдо бўлди ва унинг қарорларининг пафоси бадиий шаклда чақиб берилиб, рухи китобига сингдириб юборилди.


Адиб ўзининг асосий диққатини қишлоқ ҳаётидагн ижобий ёруғ нарсаларга, бир мисолда демократиянинг тўла тантана қилиш жараёнини кўрсатишга қаратди. У асарига янги давримизнинг ажойиб фарзанди, билимдон, тадбиркор қиз Саидани олиб кирди. Санъаткор ибрат олса арзийдиган, эргашса барака топадиган ўзбёк қизини баркамол яратиб берди. Айниқса, бу характер билан адиб ижодининг янги бир қирраси бўртиб кўринди. Қитобхонларда узоқ вақт Абдулла Қаҳҳор салбий типлар, образларни чизишда моҳирку, лекин ижобий қаҳрамонларни ёритишда оқсайди, деган фикр ҳукм суриб келар эди. Бу гапда жон бор эди, албатта. Тўғри, бу соҳада у анчагина ижодий ишлар қилди, қатор характерлар яратди. Аммо, Саида эса, ёзувчи ижодидаги ижобий образлар ичида ёруғ юлдуздай порлаб туради. Абдулла Қаҳҳор ўзбек аёлининг образини чизишда Ҳамза, Яшинларга эргашди, уларнинг ажойиб анъаналарини ривожлантирди. Майсара, Гулсара, Нурхонларнинг янги давридаги камолотини Саида орқали берди: Повестда Саида ҳаёт гирдобига олиб кирилади, кескин тўқнашувларга, оғир қийинчиликларга рўпара қилинади. Машҳур колхознинг донгдор раиси Қаландаров билан беллаштирилади. Рақиби кучли бўлгани учун ҳам Саиданинг бой ички мазмуни ўткир конфликтда очилади, унинг тоғни урса талқон қиладиган маънавий кучи намойиш қилинади.


Гарчи колхоз раиси билан партия ташкилотининг секретари ўртасидаги зиддиятни кўрсатиш бўлмасада, (маълумки, бундай конфлнктни биринчи бўлиб ўзбек адабиётига Уйғун «Навбаҳор» пьесасида олиб кирган) унга санъаткор янги жило беради, акс эттирилмаган воқеа ва ҳодисалар билан бойитди ва кўламини кенгайтиради. Бу ҳол асар мазмунини оширган, савиясини яна кўтарган. Пухта характерларга бой бўлган, кизиқарли мазмунга эга бўлган, такомиллашган шаклдаги «Синчалак»нинг ютуққа эришишининг туб бэиси мана шундадир.


Абдулла Қаҳҳор прозанинг деярли барча турларида қаламини чархлаб олгандан кейин, адабиётимизнинг қийин жанрида ижод этиб, тўртта диққатга сазовор бўлгаи саҳна асарларини ёзди. Санъаткорнинг драматургия соҳасидаги хизмати унинг комедиялари билан характерланади. Чунки Абдулла Қаҳҳор драматургия оламига кириш вақтида бизнинг бақувват миллий драматургиямиз бўй-бастини яхшилаб кўтариб олган эди. Турли мавзу ва ҳар-хил долзарб масалаларни ёритган Ҳамза, Яшин, Зиё Саид, Н. Сафаров, 3. Фатхуллин, У. Исмоилов, С. Абдулла, Уйғун, Й. Султоновларнинг пьесалари ва трагедиялари халқимизга маълум ва машҳур эди. У вақтларда драматургиянинг бошқа турларига нисбатан комедия орқада қолиб, оқсамоқда эди. Ҳамзадан кейин унинг яхши намуналари деярли кўринмай қолди. Бу кемтикни маълум даражада Абдулла Қаҳҳор ўз драматик ижоди билан тўлдирди. Унинг «Янги ер» («Шоҳи сўзана»), «Оғриқ тишлар», «Сўнгги нусҳалар», «Аяжонларим» каби саҳна асарлари комедия турини юқорига кўтаришда тўртта устунлик вазифасини ўтади, деб айтсак муболаға қилмаган бўламиз.


Атоқли рус совет драматурги Николай Погодин «Янги ер»ни «Талантли комедия» деб аташи ҳам бежиз эмас. Бу асар СССР Давлат мукофоти билан тақдирланди, Иттифоқимиздаги қатор театрларда қўиилди, чет эллардаги баъзи театрлар саҳнасининг юзини кўрди. Саҳна асарлари ичида «Янги ер» муаллифга драматург сифатида катта ижодий обрў келтирди. «Янги ер»нинг мавзуси ҳам, қўйилган масаласи ҳам жуда актуал эди. У Мирзачўлда эндигина бўз ва қўриқ ерларни ўзлаштиришга бағишланиши, халқда завқ уйғотиши билан қимматлидир.


Бу комедиянинг муваффақиятидан илҳомланиш самараси ўлароқ пайдо бўлган санъаткорнинг бошқа комедиялари ҳам ўтмиш сарқитларига, разил кишиларга, қолоқ ходимларга ханжардай тиғини қаратиши жиҳатидан ҳам алоҳида аҳамият касб этади.


Абдулла Қаҳҳорнинг бу фазилатлари билан бирга, адабий танқидчилик ва таржима соҳаларидаги хизматларини ҳам айтиб ўтмасак, унинг ҳақида тўла тасавзурга эга бўлмай қоламиз.


Санъаткорнинг баъзи баҳсли, чалкаш, хато фикрлардан қатъий назар, адабиётимизнинг бурчи, предмети, қаҳрамони, мазмун ва шакл бирлиги, адибнинг халқ олдидаги жавобгарлигига оид кўп ҳаққоний тўғри мулоҳазалари баён қилинган. У ўзининг адабий-танқидий қарашларига, назарий хулосаларига амалий бадиий ижодида содиқ қолишга уринди, уларни бир-бири билан боғлиқ ҳолда олиб боришни ўзининг эзгу нияти деб билган эди. Кўп ҳолларда бунга эришишга муяссар бўлди.


Ижодкор улуғ рус тилидан халқларнинг бадиий дурдоналарини ўз халқига етказишда ҳам катта ижодий йўлни босиб ўтди. А. С. Пушкиннинг «Капитан қизи» повести, А. Чеховнинг ҳикоялари ва қиссалари, Л. Толстойнинг «Уруш ва тинчлик» эпопеяси, М. Горькийнинг «Менинг университетларим», борингки, талай-талай асарлар Абдулла Қаҳҳорнинг таланти билан ўзбек китобхонларига мукаммал ҳолда етказилди, бунинг ўзиёқ бир адибнинг умрини безайдиган хизмат.


Абдулла Қаҳҳор ўзининг намунали ижоди билан Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Ойбекка ўхшаб адабиётимизда ўзига хос мактаб яратиб кетди. Унинг кўп пухта асарларидан ўқиш-ўрганиш мумкин ва лозим. Ҳақиқатан ҳам талай ёш адибларимиз адиб ижодидан ўрнак олмоқдалар, унинг анъаналарини ривожлантирмоқдалар. Демак, Абдулла Қаҳҳор адабий мероси давом этмоқда, тараққий этиб бормоқда. Санъаткорнинг барҳаётлиги ҳам шунда-да!


Илмий ишлари

Абдулло Қаҳҳор асарларининг нашрлари:


(1924-1983 ййи)
1932
1. Қишлоқ ҳукм остида. - Тошкент- Самарқанд: Ўздавнашр., 1932.-44 б.
1933
2. Олам ёшарадир: Ҳикоялар. - Т.: Ўздавнашр., 1933.-55 б.
Мунд.: Олам ёшарадир-Гумроҳ. - Яна ой қачон куяди?- Тангрининг кулгиси. - Икки қонун. - Афлотун муҳаббати. - Рақиб. - Бошсиз одам.
3. Қотилнинг туғилиши: Ҳикоялар.-Тошкент- Боку: Ўздавнашр., 1933.-76 б.
Мунд.: Қотилнинг туғилиши. - Рўдапо. - Мастон.
1935
4. Қанотсиз читтак: Ҳикоялар - Т.: Ўздавнашр., 1935.-30 б.
5. Ҳикоялар. - Т.: Ўздавнашр., 1935.-63 б. Мунд.: Қанотсиз читтак. - Кийгиз этикча. - Янги мучал. - Йиғлатган кулги. - Кўр кўзнинг очилиши.
1936
6. Мастон: Ҳикоялар. - Т., 1936.-48 б.
7. Қўзғолиш: «Сароб» романидан парчалар.: - Т.: Ўздавнашр., 1936.-45 б.
1937

8. Саримсоқнома: «Сароб» романидан парчалар. - Т.: Ўздавнашр., 1937.-69 б.


9. Сароб: Роман. - Т.: Ўздавнашр, 1937.-33 б.


10. Қанотсиз читтак: Ҳикоя. - 2-нчи босилиши. - Т.; Ўздавнашр., 1937.-32 б. - (Бошланғич китобхонлар учун).


1938

11. Ҳикоялар. - Т.: Ўздавнашр., 1938.-16 б. - (Бошланғич китобхонлар учун).


Мунд.: Ошиқ. - Мунофиқ.


1939

12. Ҳикоялар. - Т.: Нафис адабиёт давлат нашр., 1939.-96 б.


Мунд.: Миллатчилар: (Ўтмишдан).- Бемор: (Ўтмишдан). - Ўғри: (Ўтмишдан). - Анор: (Ўтмишдан).- «Ҳар ишнинг ўз маҳкамаси бор». - Башорат.-Мунофиқ. Икки ёрти-бир бутун. - Ҳолис таклиф. - Адабиёт муаллими. - Санъаткор. - Майиз емаган хотин.- Қайғулар.


1942

13. Дардақдан чиққан қаҳрамон: Ҳикоя ва шеърлар.- Т.: Ўздавнашр., 1942.-48 б.


1943

14. Дардақдан чиққан қаҳрамон: Совет Иттифоқи Қаҳрамони Турдиев Қўчқор /Ред.: З. Исроилова. - Т.: Ўздавнашр., 1943.-40 б.


Обложкада: Жангчилар кутубхонаси.


1944

15. Ҳикоялар. - Т.: Ўздавнашр., 1944.-99 б. - УэССРнинг 20 йиллигига бағишланади. Мунд.: Асрор бобо. - Хотинлар. - Кўк конверт.- Қизил конверт. - Ботирали. - Сеп.


1946

16. Олтин юлдуз: Повесть /Ред.: Ойбек - Т.: Ўздавнашр., 1946,-68 б., расм.


1947

17. Йиллар: Танланган ҳикоялар. - Т.: Ўздавнашр., Т.: 1947.-210 б.


Мунд.: Бемор. - Анор. - Ўғри. - Томошабоғ. - Миллатчилар. - Кўр кўзнинг очилиши. - Мирза. - Башорат. - Мастон. - Майиз емаган хотин. - Қайғулар. - Қизлар. - Бек. - Жонфиғон. - Адабиёт муаллими. - Санъаткор. - Йиллар. - Тўй. - Невара. - Ўжар. - Айб кимда?-Асрор бобо. - Хотинлар. - Кўк конверт.


18. Қўшчинор: Роман /В. Кайдалов расми. - Т.: Ўзбекистон Ёзувчилар Союзи, 1947.-188 б., расм.


1949

19. Ҳикоялар - Т.: Қизил Ўзбекистон ва Пр. Востока нашр., 1949.-22 б.- (ЎзССРнинг 25 йиллигига бағишланган. Ўзбекистон Ёзувчилар Союзининг кутубхонаси). Мунд.: Картина. - Кровать. - Кампирлар сим қоқди.


1951

20. Қўшчинор чироғлари: Роман. - Т.: Ўздавнашр., 1951.-332 б., 7 в. расм. - (Москвада ўзбек адабиёти ва санъати декадаси).


1952

21. Янги ер-Шоҳи сўзана: Комедия, 4 парда эпилог билан. - Т.: Ўздавнашр., 1952.-80 б., 6 в. расм.


22. Қўшчинор чироғлари: Роман. - Т.: Ўздавнашр., 1952.-278 б., 6 в. расм.


23. Қўшчинор чироғлари: Романдан парчалар. - Т.: Қизил Ўзб-н ва Пр. Востока нашр., 1952.-92 б., расм.- (Китобдан - китобга).


1953

24. Майиз емаган хотин: Ҳикоя. - Т.: Ўздавнашр., 1953.-11 б.


25. Кампирлар сим қоқди: Ҳикоя. - Т.: Ўздавнашр., 1953.-10 б.


1956

26. Оғриқ тишлар: 4 парда, 7 кўринишли комедия. - Т.: Ўздавнашр., 1956.-87 б., расм.


1957

27. Танланган асарлар: 3 томлик /Кириш сўзи П. Қодировники. - Т.: Ўзадабийнашр., 1957.- Т. 1: Ҳикоялар; фельетонлар; пьесалар. -422 б., 1 в. портр.


Мунд.: Ҳикоялар: Анор. - Ўғри. - Бемор. - Миллатчилар. - Кўр кўзнинг очилиши. - Башорат. - Қабрдан товуш. - Қанотсиз читтак. - Мастон. - Мирза. - Бек. - Жонфиғон. - Адабиёт муаллими. - Айб кимда? - Санъаткор. - Ўжар. - Тўй. - Йиллар. - Қизлар. - Оғайнилар. - Майиз емаган хотин. - Мунофиқ. - Икки ёрти-бир бутун. - Қайғулар. - Олтин юлдуз. - Асрор бобо. - Хотинлар. - Кўк конверт. - Кампирлар сим қоқди. - Кровать. - Картина. - Тўйда аза. - Минг бир жон. - Фельетонлар: Барон Фон-Ринг. - Бос тепкини. - Иккининг бири. - «Хи-хи»...- Нутқ. - Қуюшқон. - Пьесалар: Янги ер «Шоҳи сўзана» Оғриқ тишлар.


Т. 2: Сароб: Роман. 1957.-256 б.


Т. 3: Қўшчинор чироғлари: Роман. - 1957.-268 б.


28. Ҳикоялар. - Т.: Бадиий адабиёт нашриёти, 1957.- 120 б.


1959

29. Асрор бобо: Ҳикоя. - Т.: Ўқувпеддавнашр., 1959.- 24 б., расм, портр. - (Катталар кутубхонаси).


30. Минг бир жон: Ҳикоялар. - Т.: Ўқувпеддавнашр., 1959.-54 б., 1 в. портр. - (Катталар кутубхонаси).


Мунд.: Ўғри. - Бемор. - Башорат. - Қабрдан товуш. - Жонфиғон. - Тўйда аза. - Минг бир жон.


31. Синчалак: Повесть/Ред.: С. Анорбоев. - Т.: Ўзадабийнашр., 1959.-152 б. - (ЎзССР Санъати ва адабиёти декадаси).


1960

32. Синчалак: Повесть. - 2-нчи босилиши /Ред.: Л. Тожиева. - Т.: Ўзадабийнашр., 1960.-154 б. расм.


1961

33. Қабрдан товуш: Фельетонлар. - Т.: Ўзадабийнашр., 1961.-63 б., расм.


Мунд.: Мактуб: Маҳфий. - Пора: Эртак. - Кўзача. - Ҳиқичоқ. - Иғвогар. - Оғайнилар. - Қабрдан товуш. - Оқ ароқнинг қора иши. - Қайғулар. - Бизнинг мулоҳазаларимиз. - Сарҳона: Кашандаларнинг хотира дафтаридан. - Бир шофёрнинг хотира дафтаридан. - Эскилик дастидан дод! - Ёзувчидан.


1962

34. Синчалак: Повесть. - 3-нчи нашри. - Т.: Ўзадабийнашр., 1962.-211 б., расм.


35. Тобутдан товуш: Уч парда, 7 кўринишли комедия.- Т.: Ўзадабийнашр., 1962.-76 б.


1965

36. Олтин юлдуз: Повесть. - Т.: Ўз КП МҚнинг нашриёти, 1965.-39 б. - (Ҳарбий ҳикоялар кутубхонаси).


37. Повесть ва ҳикоялар. - Т.: Ёш гвардия, 1965.-288 б.


Мунд.: Ҳикоялар: Даҳшат, - Анор. - Бемор. - Бошсиз одам. - Мастон. - Жонфиғон. - Қизлар. - Кўк конверт. - Кампирлар сим қоқди. - Минг бир жон. - Синчалак: Повесть. - Шарафиддинов О. Ўзбек аёлининг тақдири.


1966

38. Ўтмишдан эртаклар: Автобиографик повесть. - Тошкент, 1966.-149 б. - (Октябрь революциясининг 50 йиллигига бағишланади).


1967

39. Асарлар: 6 томлик /Редкол.: И. Султон ва бошқ.: Сўз боши - «Истеъдод жилолари» О. Шарафиддиновники. - Т.: Ғ. Ғулом номидаги бадиий адабиёт нашриёти, 1967.-1971.


Т. 1: Ҳикоялар; портретлар; фельетонлар. -414 б.


Мунд.: Ҳикоялар: Даҳшат. - Анор. - Бемор. - Ўғри. Миллатчилар. - Томошобоғ: Ўтмишдан. - Кўр кўзнинг очилиши. - Бошсиз одам, - Мастон. - Мирзо. - Жонфиғон. - Адабиёт муаллими. - Айб кимда? - Санъаткор. - Ўжар. - Тўй. - Ййллар. - Қизлар. - Майиз емаган хотин. - Мунофиқ. - Икки ёрти-бир бутун. - Қайғулар. - Иғвогар. - Қабрдан товуш: Диндорлар ўқимасин. - Башорат. - Тўйда аза. - Олтин юлдуз. - Асрор бобо. - Хотинлар. - Кўкконверт. - Кампирлар сим қоқди. - Кровать. - Картина. - Минг бир жон. - Маҳалла. - Сўнгган вулқон. - Думли одамлар. - Нурли чўққилар. - Портретлар: Дўрмон лочини. - Ғанишер. Сўз Ғанишерга. - Юринг, ошна, чўл қувлаймиз. - Гулистонда бир бўстон. - Фельетонлар: Барон Фон-Ринг. - Бос Тепкини. - Икккнинг бири. - «Хи-хи»...- Мактуб.- Пора. - Кўзача. - Ҳиқичоқ. - Оғайнилар. - Оқ ароқнинг қора иши. - Бизнинг мулоҳазаларимиз. - Нутқ. - Қуюшқон.


Т. 2: Повестлар. 1967.-336 б.


Мунд.: Ўтмишдан эртаклар. - Синчалак.


Т. 3: Сароб: Роман. 1967-296 б.


Т. 4: Қўшчинор чироғлари: Роман. - 1967.-328 б.


Т. 5: Пьесалар. 1968.-296 б. Мунд.: Янги ер-Шоҳи сўзана: Комедия, 4 парда эпилоги билан. - Оғриқ тишлар: 4 пардали комедия эпилоги билан. - Сўнгги нусхалар - Тобутдан товуш: 3 парда, 7 кўринишли комедия. - Аяжонларим: 2 парда, 6 кўринишли комедия.


Т. 6: Қисса; ҳикоялар; мақолалар; очерклар; фельетонлар; суҳбатлар; қайдлар /Нашрга тайёрловчи К. Қаҳҳорова. - 1971.- 488 б.


Мунд.: Муҳаббат: Қисса. - Ҳикоялар: Қанотсиз читтак. - Бек. - Ботирали. - Большевиклар. - «Кимёгар». - «Турсунбой». - Сарҳона. - Бир шофёрнинг хотира дафтаридан, - Мирзо. - Мирзачўлда кўз. - Тешик дастурхон. - Чилдирмамизнинг садоси гижбанг. - Ўзбекистон - пахта хазинаси: Тупроғимиз олтин тупроқ. - Машина - одамнинг дўсти. - Пўшт, карвон келаяпти. - Наманганнинг олмаси, анори бордир... Гулистон ва бўстон шаҳар. Кичкина наманганча. - Саломатлик керак. «Тешик дастурхон». - Ҳар бир маҳалла - бир оила. - Ҳиндистон хотиралари. - Ғолиблар митинги вақтидаги ўйлар. - Социалистик Ўзбекистон. - Мактабдошлар. - Ҳаётимиз жамоли. - Мақолалар ва суҳбатлар: Ҳозирги сатирамиз устида. - Қандай ёзиш ярамайди?- Палоғда гаплар. - Кулгичилик баҳслари: Ким нимадан завқ олади? - Асримизнинг буюк сиймоси. - Чеҳовдан ўрганайлик. - «Тортиқ». - Бадиий очерк тўғрисида. - Поэзия-юксак санъатдир, - Биринчи домлам. - Севикли шоиримиз Ғ. Ғулом. - Илҳом тўла ижод учун. - Буюк сиймо. - Устод. - Муборак кўзойнак. - Китоб шавқ билан ўқилиши керак. - Биринчи ўзбек совет ёзувчиси. - «Муштум» тўғрисида. - Таҳсинга лойиқ адиб. - Таржимачилик ташвишлари. - Шижоат ҳақида. - «Шарқ юлдузи»нинг саволларига жавоблар. - Санъат асарининг қаноти. - Улуғ ҳинди. - Ҳаёт ҳодисасидан бадиий тўқимага. - Илҳом ва маҳорат самараси. - Ижодий фаоллик ва жасорат ҳақида. - Образ ижод демакдир.- Муҳаббат ва оила. - Тўйлар муборак!- Вақтим чоғ.- Болалар адабиёти тўғрисида. - Ёшлар семинарида сўзланган нутқдан. - «Тортиқ» тўплами ҳақида. - Талант. - Қирқ қувонч: Салом ҳинд халқига. - Пахтакорнинг ҳар бир ютуғи қимирлаган жонни қувонтиради. - Арманистонда ўзбек адабиёти ҳафталиги. - Ашула тўғрисида.- Шакл ва мундарижа ҳақида.-Талант- халқ мулки. - 1965 йил прозаси. - Абдулла Қодирий.- Суҳбат. - Ёзувчилик бурчим. - Чироқлар. - Оқ йўл дўстлар! - Ҳақ сўз кучи. - Яхши журналнинг қулоғи халқ кўксида.- Айём муборак!- Қувончимиз беқиёс.- Улуғ айёмингиз қутлуғ бўлсин! Аёлларга қизғин саломлар. - Сўнг дафъа бўлса ҳам уруш бўлмасин! - Байрамингиз йилдан-йилга қувноқроқ бўлади. - Фахрланамиз. - Табрик - Муҳаммаджон Ўрозбоев 60 ёшда.- Ойбекка.- Зулфиямиз элликка кирди. -Мамарасул Бобоев. - Иван Ле. - Миршоҳид Мироқиловнинг 60 йиллиги. - Азиз ўртоқлар! - Қайдлар. - Хат. - Баъзи бир нўноқлик ҳақида. Абдуқодир Найчи ҳикоя қилади. - Ҳабиб Абдуллаев ҳикоя қилади. - Мастнинг мастга маслаҳати. - Ён дафтардан. - Бир хатга жавоб. - Ўртоқ К. К.


40. Нурли чўққилар: Ҳикоялар /Ред. Сайёр. - Т.: Ғ. Ғулом номидаги бадиий адабиёт нашриёти, 1967. - 84 б. - Мунд.: Нурли чўққилар. - Маҳалла. - Сўнгган вулқон. - Думли одамлар. - Иғвогар.


41. Нурли ҳаёт: Ҳикоялар. - Т.: Бадиий адабиёт нашриёти, 1967. -82 б. - (Янги ҳикоялар).


1968

42. Ёшлар билан суҳбат: Нутқ, мақола, суҳбат, тақриз ва ёзишмалар /Сўз боши - «Адабиёт жонкуяри» М. Қўшжоновники; Ред. А. Шарафиддинов. - Т.: Ёш гвардия, 1968.-144 б. - Мунд.: «Тортиқ».-Илҳом ва маҳорат самараси. - Сохтагарчилик тўғрисида.- Бадиий очерк тўғрисида.- «Ҳаёт қўшиғи».- Саволларга жавоблар: Ёшлар семинарида. - Болалар адабиёти тўғрисида: - Пленумдаги нутқ. - Биринчи домлам. - Ёшлар билан суҳбат. - Талант.- Ҳиндистон хотираларидан. - Бир хатга жавоб. - Ўртоқ К. К. - «Шарқ юлдузи» журналининг анкетасига жавоб. - «Шарқ юлдузи»нинг саволарига жавоблар. - Замона ва адабиёт. - Арманистонда ўзбек адабиёти ҳафталиги. Шижоат ҳақида. - Китоб шавқ билан ўқилиши керак. - Ашула тўғрисида: Ёзувчилар ва композиторлар союзларининг қўшма пленумида сўзланган нутқ .- Тўйлар муборак!- Уят. - Улуғ ҳинди. - Санъат асарининг қаноти.- Шакл ва мундарижа ҳақида: Ёзувчилар Союзи партия ташкилотининг назарий семинаридаги нутқининг тезиси. - Талант-халқ мулки. - Суҳбат. - Ён дафтардан.


1969

43. Муҳаббат: Қисса. - Т.: Бадиий адабиёт нашриёти, 1969.-80 б.


1972

44. Ўтмишдан эртаклар: Саргузашт қисса; Ўрта ва катта ёшдаги болалар учун. - Т.: Ўқитувчи, 1972.- 96 б. - (Мактаб кутубхонаси).


1975

45. Синчалак: Повесть /Ред.: С. Анорбоев. - Т.: Ўқитувчи, 1975.-136 б. - (Мактаб кутубхонаси).


1976

46. Ўтмишдан эртаклар: Қисса ва ҳикоялар. - Т.: Ёш гвардия, 1976.-143 б., расм. - Мунд.: Кўк конверт.- Бемор: (Ўтмишдан)- Ўғри: (Ўтмишдан).- Анор. - Даҳшат. - Йиллар. - Асрор бобо. - Ўтмишдан эртаклар: Қисса.


1979

47. Ўтмишдан эртаклар: Саргузашт қисса. - 2-нчи нашри. - Т.: Ўқитувчи, 1979. -118 б. - Мактаб кутубхонаси).


1983


48. Ўтмишдан эртаклар: Саргузашт қисса.-3-нчи нашри.-Т.: Ўқитувчи, 1983.-112 б.
Download 131.5 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling