Адабий тилнинг функционал услублари ва юристнинг нутқ маданияти режа
Download 28.03 Kb.
|
- Bu sahifa navigatsiya:
- 1-§. Расмий услуб ва унинг юрист фаолиятидаги ўрни
АДАБИЙ ТИЛНИНГ ФУНКЦИОНАЛ УСЛУБЛАРИ ВА ЮРИСТНИНГ НУТҚ МАДАНИЯТИ Режа: 1. Расмий услуб ва унинг юрист фаолиятидаги урни 2. Сўзлашув услуби 3. Публицистик услуб 4. Илмий услуб Инсонлар ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларида мулоқот жараёнида тилдаги луғавий бирликлар, грамматик воситаларни қўллашда бир-бирларидан фарқ қиладилар, бу сўзловчининг ўзига хос услубини келтириб чиқаради. Шу боис ҳам мутахассислар орасида «услуб - бу инсон» деган ҳикматнинг юриши маълум маънода ҳақиқатга яқиндир. Инсон ҳаётининг турли қирраларида тил воситаларининг танлаб олиниши эса нутқнинг хилма-хил кўринишларининг юзага келишига сабаб бўлади. Нутқнинг бундай кўринишлари функционал (вазифа-вий) услублар деб юритилади. Нутқ услублари тарихан ташкил топган нутқ кўринишларидир. Нутқ услубларининг ҳар бири алоҳида ягона бир тизимни ташкил қилади. Бу тилнинг ижтимоий табиатидан келиб чиқади. Тилнинг функционал услублари лексик, грамматик, фонетик тизимларга хос барча воситаларнинг маълум коммуникатив мақсадга хизмат қилиши туфайли юзага келади. Демак, нутқ услублари тилнинг ижтимоий ҳаётдаги вазифаси билан бевосита боғлиқдир. Шунинг учун ҳам улар функционал (вазифавий) услублар деб номланади. Функционал услубларни номлаш уларнинг қандай алоқа, мулоқот доирасида қўлланилганлигига қараб белгиланади: 1) расмий (маъмурий-ҳуқуқий) услуб; 2) илмий услуб; 3)бадиий услуб; 4) сўзлашув услуби; 5) публицистик услуб. Ҳар бир услубнинг ўзига хос лисоний хусусиятларини онгли идрок қилиш нутқ маданиятининг асосий мезонидир. Шунингдек, бўлажак юристларимиз ҳам ижтимоий ҳаётнинг турли жабҳаларига хизмат қилувчи нутқ услубларини зарур даражада билиши ва услублараро лисоний чегараларни талаб даражасида ўзлаштиришлари мақсадга мувофиқдир. 1-§. Расмий услуб ва унинг юрист фаолиятидаги ўрни Расмий услуб тилнинг бошқа услубларидан ўзига хослиги билан ажралиб туради ва вазифаси жиҳатдан юридик, дипломатик ва маъмурий фаолиятга хизмат қиладиган нутқ кўринишидир. Бу услуб, асосан, ҳужжатлилик белгиси билан бошқа функционал услубларга нисбатан тарихийдир. Расмий услубнинг дастлабки кўринишлари энг қадимги даврларга бориб тақалади. Қадимги ҳоқонликлар, давлатлар ва хонликларнинг қонунлари, амр ва фармонлари, ёрлиқлари, ҳар хил арзномалар, расмий хатлар, вақфномалар, васиқалар ва бошқа турли хил ҳужжатлар; ҳоким-ликлар, бекликлар ва туманлар ўртасидаги ўзаро ҳар хил ёзишмалар расмий услубнинг анча илгари пайдо бўлганлигидан далолат беради. Ўша даврлардаги ҳужжатлар тилида фаол қўлланган ҳоқон, будун, тузукот, ҳировул, чоповул, доруға, қушбеги, қози, қозикалон, қозихо-на, аълам, мунший, мирзо, девонбеги, амир, хон, вазир каби давлатчилик ва ҳуқуққа оид лексик бирликлар (терминлар) иштирок этган матнлар, дастхатлар ўз даври ёзма нутқининг дастлабки намуналаридир. Бу услубнинг ижтимоий вазифаси ҳозирги кунда ҳам жуда кенг бўлиб, барча расмий ҳужжатлар мана шу услубда ёзилади. Жумладан, бу услубда қонунлар, қарорлар, фармонлар, буйруқ-лар, резолюциялар, турли дипломатик битимлар, шартномалар, декларациялар, конвенциялар, махсус расмий ахборотлар, хуллас, турли мавзудаги аризалар, таржимаи ҳол, тавсифнома, тилхат, турли хил баённомалар етакчи ўрин тутади. Расмий услуб, асосан, ёзма; баъзан оғзаки шаклда воқе бўлади. Бу услубнинг асосий хусусиятлари: 1. Аниқлик. Одатда, бундай ҳужжатлар тилида ҳеч қандай ноаниқлик, ғализлик, ортиқча изоҳталаб ўринлар бўлмайди. Фикр, мазмун содда, лўнда, тушунарли ифодаланади: Молия йилида солиқ солинадиган даромадга (фойдага) эга бўлган юридик шахслар даромад (фойда) солиғи тўловчилар ҳисобланади. Юридик шахслар даромад (фойда) солиғи бўйича бюджет билан ҳисоб-китобларни мустақил равишда амалга оширадилар. Айрим тармоқлар юридик шахсларнинг бирлашмалари бюджет билан ҳисоб-китобларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси-нинг қарорига биноан марказлаштирилган тартибда амалга оширишлари мумкин. (Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси, 13-модда). 2. Қолип. Фикр тайёр ҳолдаги нутқий штамплар−қолиплашган бирикмалар ёрдамида баён этилади. Масалан: Ўзбекистон Республи-каси Жиноят Кодекси ...моддасининг биринчи қисмига мувофиқ..., Фуқаролик Кодексининг ...моддаси бўйича жавобгарликка тор-тилади; ...орден билан мукофотланади, ...”Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони берилиб, олий нишон – “Олтин Юлдуз” медали топширилсин; ...расмий визит билан ташриф буюрди, ...озодликдан маҳрум этилди, ...амнистия эълон қилинсин каби қолиплашган ифодалар расмий услубга хослиги билан ажралиб туради. Расмий услубга хос бўлган бундай қолиплашган нутқий ифодаларнинг қўлланилиши ижобий ҳолдир. Чунки расмий услубни маълум бир оборотлар асосида шакллантириш ва такомиллаштириш ҳуқуққа оид, дипломатияга оид тушунчаларнинг тез ва енгил тушунилишига, фуқаролар томонидан осон ўзлаштирилишига ёрдам беради, уларнинг онгига қонун ва қонун ости ҳужжатларининг мазмун ва моҳиятини тез етиб боришига кўмаклашади. Шу сабабдан расмий услуб ёки қонунлар тилини маълум бир оборотлар (қурилмалар) асосида қолиплаштириш зарур. Ҳуқуқий меъёрларни ифодалашда мумкин қадар шундай тайёр ҳолдаги қолиплашган ифодалардан фойдаланиш лозим. Лекин бундай қолиплашган ифодаларни адабий тил ва унинг таркибий қисми бўлган юридик тил меъёрларига мувофиқ қисқа ва аниқ тарзда тузиш керакки, оддий фуқаро ҳам тез ўзлаштириб олишга эришсин. Айниқса, қонунлар ва уларнинг моддаларини тайёрлашда бундай бирикмаларни қўллаш тартибини қатъийлаштириш зарур. Расмий услубга хос ҳужжатларни хусусиятларига кўра қуйидагича таснифлаш мумкин: Юридик муносабатлар доирасидаги ҳужжатлар: қонун, кодекс, ҳукм, фармон, фармойиш, қарор, низом ва б. Маъмурий-идоравий доирадаги ҳужжатлар: буйруқлар, ариза, тавсифнома, таржимаи ҳол, маълумотнома, тилхат ва б. Дипломатик муносабатларга оид ҳужжатлар: битим, баёнот, нота, коммюнике, меморандум, конвенция, декларация ва б. Бу ҳужжатларнинг барчаси ўзига хос лисоний хусусиятларга эга бўлса-да, мазкур ҳужжатларда тил икки хил вазифани бажаради. 1) информатив (ахборот бериш); 2) волюнтатив (буюриш). Жумладан, маълумотнома расмий гувоҳлик белгисига эга бўлади ва унда хабар бериш вазифаси амалга ошади. Буйруқ, қарор ва фармонда буюриш вазифаси амал қилади. Баённомаларда эса буюриш (зиммасига юклансин, бажарилсин, тасдиқлансин...) маъносидан ташқари, ахборот бериш (эшитилди, тингланди, муҳокама этилди) вазифаси ҳам ўз инъикосини топади. Ариза илтимос, шикоят маъноларини билдиради. Расмий услуб диалектизмлардан, жаргонлардан, кичрайтириш-эркалаш қўшимчаларини олган сўзлардан, жонли сўзлашув нутқи элементларидан холи бўлади. Тасвирий воситалар, образли сўзлар бу услубда қўлланилмайди. Сўроқ, ундов, модал сўзлар ниҳоятда кам қўлланилади. Расмий услубда ҳар доим расмийлик маъноси устун туради. Тилдаги расмий услуб учун хос бўлган сўзлар ва қолиплашган барқарор иборалар, қатъий одат тусига кириб қолган шакллар ҳужжатлар тилига хос лексик-граммматик хусусиятлар ҳисобланади. Масалан, муҳокама қилинди, қарорига мувофиқ, маълумот учун қабул қилинсин, рухсат беришингизни сўрайман, ишонч билдираман, тадбирлар ишлаб чиқилсин, зиммасига юклансин каби. Download 28.03 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling