Қадимги Шарқ ва Ғарб фалсафаси вужудга келиши ва ривожланишининг умумий қонуниятлари


Download 38.38 Kb.
bet3/5
Sana07.04.2023
Hajmi38.38 Kb.
#1340817
1   2   3   4   5
Bog'liq
Aнтик давр фалсафаси

Саккизинчидан, Ғарбда ҳам, Шарқда ҳам файласуфлар нарсалар ва ҳодисаларни ўрганиш, таҳлил қилиш, тушунтиришнинг ўз методларини яратганлар. Янги давр тадқиқотчилари, Гегелдан бошлаб, икки асосий фалсафий метод – диалектика ва метафизика методларини илгари сурганлар. Қадимги дунё фалсафаси ривожланган шароитда бу методлар файласуфлар томонидан онгли равишда идрок этилмаган. Улар стихияли, аниқроқ айтганда, фалсафий таълимотлар, тизимлар ва қарашларга ичдан хос бўлган методлар сифатида амал қилган. Файласуфлар, одатда, ҳодисаларнинг умумий ўзаро алоқасини, уларнинг зиддиятлилигини, ҳаракати ва ривожланишини, дунёнинг ягоналиги ва ранг-баранглигини, «умумий йўл» ёки Логосни муайян табиий қонун сифатида англаб етадилар. Жумладан, Гераклит фикрига кўра, табиат (олов) узлуксиз ўзгариш жараёнини бошдан кечиради. У ривожланиш ва ўзгаришлар манбаини кўради: «Ҳамма нарса кураш орқали ва зарурият туфайли юз беради. Ҳар қандай ҳодиса ўзининг қарама-қаршилигига ўтади: совуқ нарса иссиқ нарсага айланади, иссиқ нарса совуқ нарсага айланади, ҳўл нарса қуруқ нарсага айланади, қуруқ нарса ҳўл нарсага айланади». Қуёш ҳар лаҳзада янгилангани каби, барча ҳодисалар ҳам ўзгаради. «Айни бир дарёга икки марта тушиш мумкин эмас: иккинчи марта сувга тушаётган одамга янги сувлар оқади». Гераклит сифат жиҳатидан бир-бирига зид бўлган ҳодисалар ва жараёнларни кўради: ҳаёт ва ўлим, уйғоқлик ва уйқу, ёшлик ва қарилик ва ш.к. «Энг тоза ва энг ифлос денгиз суви: балиқлар учун у тўйимли ва халоскор, одамлар учун эса у ичишга яроқсиз ва ҳаёт учун хавфлидир». Кўриб турганимиздек, қадимги юнон файласуфи ўзгаришнинг умумийлиги ва ҳар бир хоссанинг қарама-қарши ҳолатга ўтиши нарсаларнинг барча сифатларига нисбий тус беришини, яъни муайян ҳолатларга боғлиқ қилиб қўйишини қайд этади.
«Диалектика» сўзини илк бор Суқрот ишлатган. Бу сўз билан у самарали баҳслашиш, фикрлар қарама-қаршилиги орқали ҳақиқатнинг тагига етишга қаратилган мулоқот олиб бориш маҳоратини ифодалаган. Диалектиканинг айнан шу талқинига софистлар ҳам амал қилганлар. Улар ўзига хос инкор диалектикасини ривожлантириб, тинимсиз баҳс-мунозара муҳитида ҳақиқатнинг тагига етишга тўхтовсиз ҳаракат қилувчи, зиддиятларга тўла инсон тафаккурини фаол ҳаракатга келтирганлар.
Аристотель фикрича, баҳслашиш ёки қарама-қарши фикрларни талқин қилиш орқали ҳақиқатнинг тагига етиш санъати сифатидаги диалектика Зеноннинг «Баҳслар» деб номланган асарида таҳлил қилинган.
Диалектика муаммоларини Платон ҳам ўрганган. У диалектика деганда нисбий «борлиқ» ва «ҳақиқий борлиқ»ни билишни тушунган. У кўп сонли асарларини антик диалектика намуналарини ўзида мужассамлаштирган диалоглар шаклида ёзган ҳамда, ҳаракат ва ҳаракатсизлик, тафовут ва айниятни таҳлил қилган. Платон ҳар бир нарсани ўз-ўзига ва бошқа барча нарсаларга айний деб ҳисоблаган.
Аристотель сабабий боғланишларнинг ранг-баранглиги муаммосини илгари суриб, диалектикани янада ривожлантирган. Унинг тўрт сабаб: моддий, формал, ҳаракатлантирувчи ва йўналтирувчи сабаблар «Нарсалар ва ҳодисалар вужудга келишига сабаб бўлувчи омил (материя, субстрат) – моддий сабаб»; «нарсанинг моҳиятини белгиловчи омил – формал сабаб»; «ҳаракат асоси – ҳаракатлантирувчи сабаб»; «бирор нарсани амалга оширишдан кўзланган мақсад – йўналтирувчи сабаб» ҳақидаги таълимоти маълум. Аристотель шакл ва мазмун (материя) диалектикасини таҳлил қилишнинг ўз усулини таклиф қилди. Нарса – бу шакл ва материянинг бирлиги. Нарсаларнинг вужудга келиши ва уларнинг такомиллашуви шаклга боғлиқдир. Шакл ўз моҳиятига кўра фаол, материя эса пассивдир. Шакл – нарсанинг ташқи кўриниши, у дунёнинг ранг-баранглиги ва борлиғини белгилайди.
Диалектика қадимги Шарқ фалсафасига ҳам хос. Қадимги Шарқ файласуфлари ўзликни англаш ва инсоннинг ўз-ўзини камол топтирилишига бағишланган концепцияларида, аввало буддизм, йога, конфуцийчилик, зардўштийлик фалсафасида жуда кўп ноёб диалектик фикрлар илгари сурилган. Масалан, Зардўшт таълимотида “Ахриман” ва “Ахурамазда” яхшилик ва ёмонликнинг абадий кураши ва бунда яхшиликнинг ғалабасини ифодалайди. Зардўштийлик фалсафасига кўра, яхшилик ва ёмонлик кишиларнинг ботинида-ички дунёсида яшайди. Инсон Ахриман ёки Ахурамазда тарафида бўлиши мумкин, чунки Эзгулик фариштаси уни ҳамиша яхшилик қилишга, лекин ёвуз Ахриман уни ёмонлик қилишга ундайди ва бу тортишув инсон ҳаётининг охиригача давом этади.
«Упанишада»да деярли ҳар қандай ҳодиса ҳаракат ва қарама-қаршилик нуқтаи назаридан қаралади. Брахман икки қиёфа: жисмоний ва жисмсиз, ўладиган ва ўлмас, ҳаракатсиз ва ҳаракатчан кўринишларга эга. «Упанишада»да Атман – бу ҳам тана, ҳам индивидуал жон. Брахман ва атман бир-бири билан ўзаро боғлиқ «Ҳамма нарса Брахман, Брахман эса атмандир», дейилади. Атман ўзгарувчан, унинг турли ҳолатлари мавжуд: уйғоқлик; тушли уйқу; тушсиз уйқу; турия (атман ҳеч нарсани ҳис қилмайдиган, ўз-ўзига тенг бўладиган ҳолат).
Даосизм (қадимги Хитой мактабларидан бири)да дао ҳақидаги таълимот Гераклитнинг Логос ҳақидаги таълимотига ўхшаб кетади. Дао – бу «ҳаёт йўли», табиат қонуни. Бу дунёнинг вужудга келиши ва ривожланишининг табиий абадий қонуни.
Тўққизинчидан,, қадимги Шарқ ва Ғарб фалсафасида диалектик метод билан бир қаторда ҳодисаларни ўрганишнинг метафизик методига ҳам дуч келиш мумкин. Аристотель Элей мактаби вакиллари Парменид ва Мелис ҳамда уларнинг издошларини «табиатни тўхтатувчилар» деб номлаган, чунки улар табиат ҳаракатини рад этган. Улар учун борлиқ «ягона ва ҳаракатсиз»дир. Элейлик Ксенофан, масалан, шундай деб ёзган: «Бир жойда абадий туради, умуман қимирламайди, у ёқдан буёққа ўтиш унга хос эмас»3. Парменид бу қоидага аниқлик киритади: «...ҳамма нарса бир, абадий, вужудга келмаган, шарсимон ва бир хил, ўз ичида маконга эга эмас, ҳаракатсиз ва чекли»4.
Элей мактаби каби, қадимги Хитойда конфуцийчилик мактаблари – Мэн-цзи ва Сюнь-цзи ҳам диалектикага қарши чиққан. Бу мактабларнинг вакиллари қаршисида нарса қарама-қаршиликлар бирлигида намоён бўлмайди, инсон табиати ё туғилгандан бошлаб фақат яхшилик билан боғланган (Мэн-цзи), ё инсон ўз табиатига кўра азалдан ёвуз (Сюнь-цзи). Албатта, табиат инсон табиатини тарбия йўли билан ўзгартириши мумкин, лекин бу энди унга маданиятни олиб киришдир.
Умуман қадимги Шарқ ва Ғарб фалсафасининг ижтимоий муаммолари орасида ахлоқ мавзуси етакчилик қилади. Ўша даврда яратилган ҳикматли сўз, иборалар бугунги кунда ҳам инсонни мулоҳаза юритишга мажбур қилади. Масалан, Платоннинг «Диалоглар» асарида тақдир, қарилик, фазилатлар, оқиллик, адолат, сабр-тоқатлилик, совуққонлик, виждонлилик, эркинлик, камтарлик, олижаноблик, тинчликпарварлик, енгилтаклик, дўстлик, меҳр-мурувватлилик, эътиқод, теран фикрлаш каби тушунчаларга таъриф берилган. Аристотел эътиқодлилик, андишалилик, оилага муҳаббат, ҳалоллик, эзгулик, бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик, ота-оналарга меҳр оқибатли бўлиш, ҳушёрлик, зийраклик, адолатлилик каби маънавий ахлоқий фазилатларга эга бўлиш ҳар қандай жамият, давлат ва халқнинг энг катта бойлиги, куч-қудрати манбаларидан бири деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, бирон бир нарсага эга бўлишдан мақсад ундан фойдаланишдир. Кўзга эга бўлган одам кўзини юмиб яшамайди, балки ундан оламни кўриш учун фойдаланади, қулоқ ва шу кабилар ҳақида ҳам шу фикрни айтиш мумкин. У инсон учун бирор нарсага эга бўлиш муҳимми ёки ундан фойдаланишми, деган саволни ўртага ташлаб, албатта муҳими фойдаланишдир, чунки фойдаланиш ва фаолият кўрсатиш мақсадида у бирор бир нарсага эга бўлишни истайди,5 деб ҳисоблайди.
Зардўштнинг “Авесто” китобида ҳам одамларни имонли-эътиқодли бўлишга, доимо покиза юришга, танани озода тутишга, ҳар қандай ёмон ният ва сўзлардан тийилишга, ёмон амалларда воз кечишга, ножўя ишларлардан юз ўгиришга даъват этадиган ахлоқий қоидалар, ўгитлар кўп. Китобда “таналарингиз ҳақида эмас, балки қалбингиз ҳақида кўпроқ қайғуринг”, “Ҳар бир инсон кунига беш марта ювиниб, покланиб, қуёшни олқишлаб сиғиниши шарт”6 деган қоида белгиланган.

Download 38.38 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling