Қадимги юнон халқлари диний этиқоди


Download 94 Kb.
bet2/3
Sana21.04.2023
Hajmi94 Kb.
#1375478
1   2   3
Bog'liq
1547394563 73859

Фалсафа. Кичик Осиёдаги грек шаҳарларининг уларнинг ҳунармандчилик ва савдо-сотиғининг ривожланиши, шаҳар демоси ролининг ошиб бориши билан дунёқараш ҳам ўзгара бошлади. Бу шаҳарлардаги кўп фуқаролар энди оламни диний нуқтаи назаридан изоҳлаш билан қаноатлана олмайдилар ва моддий оламдан жавоб излайдилар. Эр.ав. У11-У1 асрда Грецияда материалистик фалсафа пайдо бўлди. Милет шаҳрида яшаган Фалес биринчи ана шундай файласуф бўлган, айни вақтда у физик ва математик ҳам бўлган. У бутун оламнинг асоси - сувдир, деб таълим берган. Бутун олам сувдан пайдо бўлган ва шунинг учун бутун мавжудотнинг негизи сувдир. Унинг шогирдларидан бири Анаксимен бирламчи материя - “апейрон” бутун мавжудотнинг ибтидосидир, деб ҳисоблаган.
Анаксимандр оламнинг асоси - ҳаво - “эфир”дир, у бутун
мавжудотга сингиб боради ва олам ундан келиб чиққан, деб таълим беради. Эфеслик Гераклит олам оловдан келиб чиққан, деб ҳисоблайди:”Олам- адабий алангаланиб ва абадий сўниб турадиган оловдир” деган.
Периклнинг дўсти файласуф Анаксагар ҳамма жисмлар энг майда заррачалардир: ҳаво - энг майда ҳаво заррачаларидан, металл тегишли металл зарраларидан тузилган деб таълим беради.
Демокрит (эр.ав. 460-370 йиллар) бутун коинот - атомлардан иборат (Атом “бўлинмас”) ва ҳаракат материянинг азалий хусусиятидир деб таълим берган.
Атоқли файласуф Сократ ёки Суқрот (эр.ав. 471-399 йиллар) билиш назариясини ривожлантирган. У битта ҳам асар ёзмаган, дарс бермаган, маърузалар ўқимаган. У Афинани, бозорларни, одамлар тўпланадиган жойларни айланиб юрган. Шогирдлари билан суҳбатлар ўтказган. Сократ ўз таълимотида одамларни тенглаштиришга қарши чиқиб, уларни ҳақиқатни билганлар ва билмаганларга ажратади. Унинг фикрлари Афина олигархларига ёққан, демократларига ёқмаган. У суд қилиниб, қатл этилган. Суд ҳукмига мувофиқ у цикута гиёҳидан тайёрланган заҳар ичиб ўлган.
Оламнинг ибтидоси табиат ва унинг ҳодисалари эмас, балки “идея”ларда деб ҳисобловчи философлар ҳам бўлган. Эр.ав. У1 асрда Сицилияда яшаган математик Пифагор идеалистик фалсафанинг асосчисидир. У сонларни ўрганган, шунинг учун унинг назарида олам муайян сонлар ва уларнинг ўзаро муносабатларидан иборат бўлиб кўринган.
Идеалистик фалсафа Платон ёки Афлотун (эр.ав. 427-347 йиллар) томонидан янада ривожлантирилган. У объектив оламнинг мавжудлигини тан олади, лекин объектив оламни фақат нариги дунёга хос ҳақиқий реал идеялар оламининг инъикосиси, маҳсули деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, масалан, нариги дунёда от идеяси мавжуддир, бу идея бизнинг дунёмизда реал отда гавдалангандир. Платон идеал “давлат-полис” лойиҳасини таклиф этганки, бу лойиҳага Спартанинг идеаллаштирилган тузуми асос қилиб олинган. Платоннинг фикрича, унинг идеал давлатининг барча фуқаролари уч гуруҳга бўлинади. Биринчи гуруҳ философлардан иборат бўлиб, улар аскарларга таянган ҳолда давлатни бошқариш билан шуғулланадилар, ҳамда фанларни ва санъатларни ўрганадилар. Иккинчи гуруҳ аскарлардан иборат бўлиб, улар ҳарбий ишлар ва давлат мудофааси билан шуғулланадилар. Улар жамоа яшайдилар, оиласи ва хусусий мулки бўлмайди. Учинчи гуруҳ ҳунармандлардан, яъни жисмоний меҳнат билан шуғулланувчи кишилардан иборат. Энг қуйи босқичда қуллар турган. Платон эркак ва аёлларни тенглаштирган.
Машҳур Аристотель ёки Арасту (эр.ав. 384-322 йиллар) қадимги Грециянинг улуғ философи ва олим эди. Унинг фалсафасида материалистик ва идеалистик қарашлар қўшиб юборилган. Арестотел уч типдаги давлат: монархия (бир шахснинг идора қилиши), аристократия (озгина кишиларнинг идора қилиши), ва демократия (яъни ҳамманинг идора қилиши) деган хулосага келган.
Озроқ ҳарфлардан иборат грек ёзуви эр.ав. 1Х-У111 асрларда финикияликлар алифбосидан фойдаланиш асосида юзага келган. Финикиялик алифбоси 22 ҳарфдан иборат бўлиб, улар фақат ундош товушларни билдирган. Греклар бу алифбони ўзгартириб, ҳамда қўшимча унли товушларни ҳам билдирувчи 24 ҳарфдан иборат ўз алифбосини яратганлар.
Янги алифбе ва ёзувнинг яратилиши грек адабиётининг ривожида муҳим қадам бўлган. Эр.ав. У11 асрнинг иккинчи ярмида Беотияда яшаган шоир Гесиод иккита йирик адабий асар ёзган. Биринчиси, “Теогония” асари бўлиб, унда грекларнинг худолар ва оламнинг келиб чиқишига қарашлари баён қилинган. Иккинчиси “меҳнатлар ва кунлар” асари эди.
Эр.ав. У11-У1 асрларда грек лирикаси пайдо бўлган. Лирика сўзи ўша вақтда энг кўп ишлатиладиган мусиқа асбоби-лиранинг номидан олинган. Одатда шеърий асарлар лира мусиқаси жўрлигида оҳанг билан ифодали қилиб ўқилган. Грек лирикасига, Порос оролида туғилган, сўнгра ёлланма аскар бўлган Архилос асос солган. Қадимги грек шеърларида қофия бўлмаган. Эр.ав. У1 асрда Лебсос оролида яшаган шоир Алкей ва Милетлик шоира Сафо донг таратганлар. Спарталик Тиртей ватанпарварлик ва олимп ўйинларига бағишлаб шеърлар ёзган.
Грек масаллари ҳам машҳур. Биринчи масалнавис Эзон бўлган (афсоналарга кўра у қул бўлган). Эр.ав. У1 асрда сатирик поэма пайдо бўлган. Муаллифи номаълум “Сичқонлар билан қурбақалар уруши” поэмаси унинг намунасидир.
Қулдорлик демократияси ривожланиши билан, айниқса, Афинада адабиётнинг оммавий жанрлари трагедиялар ва комедиялар шаклида драматик асарлар пайдо бўлган. Эр.ав. У1-У асрларда яшаб ижод этган грек шоирлари ва драматурглари нафақат грек, балки жаҳон адабиётининг классиклари ҳам ҳисобланади. Эр.ав. 525-456 йилларда яшаган Эсхил “Трагедиянинг отаси” ҳисобланади. Унинг “Занжирбанд Прометей”, “Форслар”, “Электра” трагедиялари жуда машҳурдир. Грециянинг иккинчи трагедиянавис шоири Софокл (эр.ав. 496-408 йиллар)нинг еттита асари бизгача етиб келган. Софокл инсоннинг ижодий меҳнатини мадҳ этади. Лекин шу билан бирга инсон ҳаётини буғувчи тақдир ғоясига ҳам мурожаат қилади. Инсон нимаики қилса, ҳаммаси кўркўрона тақдирга боғлиқ. Унинг “Шоҳ Эдип” трагедиясида инсоннинг тақдир олдида ожизлиги ғояси, айниқса, яққол кўрсатилган ва айни вақтда Эдипнинг олижаноб образида тақдирга қарши норозилик гавдалантирилган. Трагедия сюжетида маъбидлар айтган каромат рўёбга чиқа бошлайди. Кейин билсаки, у яъни ўзи шоҳ Эдип даҳшатли жиноятчи экан, ўз отасини ўлдириб, ўз онасига уйланган экан.
Грециянинг трагедиянавис шоирлари Еврипиднинг “Медея”, “Ифегения Авлидида”, “Иппалит”, Аристофаннинг “Тинчлик”, “Аёллар халқ йиғинида”, “Булутлар”, “Қурбақалар” номли асарлари ниҳоятда машҳурдир.
Театр Дионосия байрамлари вақтида ижро этилган халқ қўшиқлари ва ўйинлари асосида пайдо бўлган. Дионис шарфига айтилган маросим қўшиқларининг - дифирамбларнинг ижрочилари эчки терисига бурканиб чиққанлар. “Трагедия” сўзи - “такалар қўшиғи” ана шундан келиб чиққан. Дифиромблардан грек театри пайдо бўлган. Дионис шарафига айтилган бир қанча қўшиқлар шўх кулгули бўлган. Ана шулардан комедия келиб чиққан.
Бу қўшиқлар бошловчи раҳбарлигида хор билан ижро этилган. Бошловчи корфей деб аталган. Тингловчилар кичик бир тепа атрофида тизилишиб ўтирганлар. Унда яхши кўриниш учун карифей билан биринчи артист махсус ясалган чорпоя устида туришган. Томошабинлар кетма-кет қаторлаштириб қўйилган скамейкаларда ўтиришган. Театр томошалари шу тариқа пайдо бўлган.
Даставвал театр ёғочдан ясалган. Артистлар ўйнайдиган жой саҳна деб аталган (грекча “скена” чодир демакдир). Дастлаб у ҳақиқатдан ҳам чодир бўлган, унда артистлар кийинишган. Пастда саҳна олдида хор жойлашган бу жой архестра деб ном олган. Грек театри доимо очиқ ҳавода ўйналган. Грек театрлари 20-25 минггача томошабинни сиғдирган. Аёллар ролини фақат эркаклар ўйнашган. Артистлар ҳамма томошабинларга кўриниш учун этиклар тагига баланд кортуна боғлаб олишган. Ҳамма актёрлар ниқоб кийишган. Ниқобининг оғзидан товушни баланд қилувчи рупор (карнайча) чиқиб турган. Қадимги грек театрлари ажойиб акустикага эга бўлган. Мободо саҳнага бирор танга тушиб кетгудай бўлса, унинг жарангги театрнинг орқа қаторларига ҳам баралла эшитилган.
Қадимги Грецияда театр томошалари кўнгил очиш учун эмас, балки муқаддас бурчни адо этиш ҳисобланган. Унда ҳар бир фуқаронинг иштирок этиши шарт бўлган. Перикл замонидан бошлаб Афина фуқароларига театрга бориши учун давлат хазинасидан махсус театр пули берилган. Театр тарбия мактаби бўлиб, унда қўйиладиган пьесалар ахлоқ, сиёсат ва мафкуранинг энг муҳим масалалари муҳокама этилган.
Эр.авв. У11-У1 асрларда грек тасвирий ссанъати меъморчилиги, ҳайкалтарошлиги Шарқ санъатидан анча орқада бўлган, кейинроқ баъзи жиҳатлари билан ундан ошиб кетган.
Дастлабки пайтларда грек меъморчилиги мукаммал бўлмаган. Эр.ав. У111-У1 асрларда грек ибодатхоналари уч томони девор билан тўсилган ва тўртинчи томони очиқ ёғоч иморатдан иборат бўлган. Тўртинчи томонидан томни ушлаб туриш учун олдида устун тиркаб қўйилган. Одатда думалоқ шаклда бўлиб яхшилаб силлиқлаб ўрнатилган. Кейинроқ, тошдан ясаб қўйилган. Шу тариқа қатор тош устунлар (калонналар) пайдо бўлган. Эр.ав. У11 асрда баъзи ибодатхоналар хом ғиштдан қурилган, кейинчалик тош меъморчилиги ривожланиб кетган. Эр.ав. У11 асрнинг охирларида ҳамма томони устунлар билан ўралган янги шаклдаги ибодатхона вужудга келган. Худди шу вақтдан дорийча услуб пайдо бўлган. Бу услуб оддий тарздаги қатор устинлар учун характерлидир. Калонна тагкурсига, ўзак ва тепақошга бўлинган. Дорийча устунларнинг қоши оддийгина, безаксиз бўлган.
Классик даврда Грецияда ибодатхоналар, театр, мажлис бинолари - блевтериялар етакчи меъморчилик иншоатлари ҳисобланган. Эр.ав. У асрда шаҳарларни лойиҳалаштириш (план) бошланган.
Эр.ав. У асрда ионийча услуб расм бўлган. У дорийча услубдан ихчамлироқ, устунлари ингичкароқ ва чиройлироқ бўлган. Усутунлар энди пол устига эмас, балки тош таг курси - база устига қўйилган. Устунларнинг қоши энди икки гажакли нақшлар- валюталар билан безатилган. Ионийча услубда қурилган бинолар дорийча услубдагига қараганда мураккаброқ нақшлар билан безатилган. Эр.ав. 1У асрда коринфча услуб расм бўла бошлаган. Унинг ионийча услубдан фарқи, унинг устунлари узунроқ, таг курсиси ва қоши мураккаб бўлиб, аканф ўсимлиги япроқлари билан безатилган. Бизнинг замонамизгача Афина акрополи сақланиб қолган. Парфенон ва Эрехтейон ибодатхоналари грек меъморчилигининг энг машҳур намуналаридир.
Ажойиб Парфенон ибодатхонаси маъбуда Афинага бағишланган. Ҳозирга қадар ҳам у жаҳон меъморчилигининг дурдонаси ҳисобланади. Парфеноннинг устунлари дорийча услубда бўлсада, лекин бутун бинонинг тарз-таровати ионийча услубдадир. Парфенон қаршисида турган Эрехтейн ҳам грек меъморчилигининг машҳур ёдгорлигидир. Бу бино соф иониёча услубда қурилган. Унинг устунлари ниҳоятда келишган ва нафисдир. Кариатидалар деб аталмиш қиз ҳайкаллари ҳам ажойибдир, улар устинлар ўрнида ибодатхона олдидаги кичкина пешайвоннинг томини сақлаб туришади.
Эр.ав. 1У асрда қадимги Афина маркази афиналик фуқаро Лисикратга қўйилган ёдгорлик ҳайкалини ҳам коринфча услуб намунаси деб ҳисоблаш мумкин. У ҳам бизнинг замонамизгача сақланиб қолган. Грек ҳайкалтарошлиги дастлабки вақтларда шарқ ҳайкалтарошлигидан анча орқада бўлган. Эр.ав. У1 асрга доир ҳайкаллар ҳаракатсиз бўлган. Эр.ав. У асрдан бошлаб грек ҳайкалтарошлиги равнақ топган. Уларда одамнинг гавдаси ва юзи тўғри тасвирланган ҳамда ҳаракатли қилиб тасвирланган. Мирон, Поликлет ва Фидий айниқса, машҳур ҳайкалтарошлар бўлган. Мироннинг дискобал ҳайкалини кўрган киши ёш йигитнинг тез бурилиб дискни ирғитаётганини кўргандек бўлади. Мироннинг “Афина билан Марсей” деган ҳайкаллар гуруҳида ҳар иккала фигура худди ҳаракат қилаётгандек ҳис этилади. Марсей иккинчи даражали ўрмон маъбуди бўлиб, у маъбуда Афинанинг жаҳлини чиқарган. Ҳайкаллар гуруҳи ана шу манзарани тасвирлаб кўрсатади.
Аргос ҳайкалтароши Поликлет асосан ёш ўсмирларни идеал фуқароларни тасвирлаган. Унинг “Найзабардор” ва “Диодумен” (ёш ўсмир бошига бойланган бинтни тўғрилаб турган бўлади) ҳайкаллари айниқса, машҳурдир. Мусобақада ғолиб чиққан ёш йигитчаларни тасвирловчи бу иккала ҳайкал ғоят нафис ва қувват ифодасидир.
Периклнинг дўсти Фидийнинг ҳайкаллари гўзал ва улуғвордир. Унинг Парфенанда турган олтин, ёғоч ва фил суягидан ясалган маъбуда Афина ҳайкали жуда машҳурдир. Бу ҳайкалнинг баландлиги 12,5 метрдир. Олимпияда Фидий Зевс Олимпийнинг тахтда ўтирган вазиятдаги ҳайкалини ясаган. Бу ҳайкал ғоят улкандир. Акропол ўртасида Афина Промахоснинг (яъни олдинда туриб жанг қилаётган Афинанинг) ҳайкали туради. Бу маъбуда бошида дубулға, қўлида баланд кўтарилган найза. Найзанинг ўткир учидаги зарҳал ярақлаб турарди. Ҳайкал баланд таг курси устига қўйилган. Ҳайкал Пирей портидан бир неча километр узоқда турган кемадан кўриниб турган. Фидий маъбуда ва маъбудларни баркамол қилиб тасвирлаган. Муаллифи номаълум бўлган 15-16 ёшли олимпия ўйинларида ғолиб чиққан югурувчи қизнинг ҳайкали айниқса чиройлидир.
Эр.ав. 1У асрнинг улуғ ҳайкалтароши Праксител бўлиб, у асосан маъбудлар ва маъбудаларни чиройли, латофатли йигитлар ва ёш жувонлар шаклида тасвирлаган. Унинг гўдак Дионис билан ўйнаб турган ёш маъбуд “Гермес” асари айниқса, донг таратган. Эр.ав. 1У асрга қадар ҳайкалтарошлар аёлларни фақат кийим билан тасвирлаган бўлсалар, Праксител биринчи марта маъбуда Афродитани яланғоч ҳолда акс эттирган. Эр.ав. 1У асрда яшаган Скопас одамларнинг жисмоний ва руҳий азобларини тасвирлаган. Унинг жон ҳолатда югуриб кетаётган Менада ҳайкали ҳамда Тегейдаги фронтон гуруҳига оид ярадор жангчиларнинг маъюс боқишлари машҳурдир. Афсуски, бу ҳайкаллар яхши сақланмаган. Эр.ав. 1У асрда яшаган Лисипп жисмоний ва иродаси кучли кишиларни тасвирлаган. Унинг “Геракл”и ва ўз баданини қашлағич билан тозаловчи “Апоксиомен”и ана шундай паҳлавон кишилардир.
Қадимги Грецияда рассомлик кенг тарқалган, лекин афсуски, бизнинг замонамизгача унинг намуналари деярли сақланиб қолмаган.

Download 94 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling