Ахборотларни фильтрлашда фактчекинг технологияларининг ўрни


Download 0.96 Mb.
Sana16.06.2023
Hajmi0.96 Mb.
#1502529
Bog'liq
E.Ataqulova FAKTCHEKING TEXNOLOGIYALARI


АХБОРОТЛАРНИ ФИЛЬТРЛАШДА ФАКТЧЕКИНГ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИНИНГ ЎРНИ
ЭЪТИҚОДХОН АТАҚУЛОВА,
Ўзбекистон журналистика ва оммавий
коммуникация университети
медиа наазарияси ва амалиёти
кафедраси ўқитувчиси

Интернетнинг ривожи онлайн журналистиканинг асосини ташкил этган бўлса, янги замонавий технологияларнинг оммалашуви эса бутун дунёни бир тармоқда жамлай олди. Дунёнинг бир бурчагида бўлиб ўткан воқеа ҳодиса бир зумда кафтингиздаги гаджетларда намоён бўлаяпти. Сиз хоҳлаган форматда, ўқувчининг эътиборини тортишни асосий мақсад қилган, бугунги кунда ОАВ ичида етакчилик қилаётган интернет бир сўз билан айтганда оммани ахборот билан бирлаштирди. Бутунжаҳон глобал компьюьтер тармоғида бирлаштирувчилик қобилияти нечоғли чексиз бўлса, унинг парчаловчилик хусусияти ҳам шу қадар адоқсиз эканлиги аён бўлмоқда[1]. Олим Х.Дўстмуҳаммаднинг интернетнинг "парчаловчи хусусияти"ни бевосита фейк ахборотларга нисбатан қўллаш жоиздир.


Ўзбекистон Республикасининг "Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари" тўғрисидаги қонунида, ахборотга нисбатан қуйидагича таъриф берилган. Ахборот - манбалари, тақдим этилиш шаклидан қатъий назар шахслар, предметлар, фактлар, воқеалар, ҳодисалар ва жараёнлар тўғрисидаги маълумотдир[2]. Ахборотнинг негизини ташкил қилган фактларни саралай олиш, ёлғонини ростидан ажрата олиш амалиёти илмий тилда фактчекинг деб аталади. Бу фактлар устидаги текширув технологиясидир. Бугунги кунда фактчекингга нисбатан аудиторияда журналистикадаги янги тренд ёки қандайдир махфий сир сифатида қараш оммалашган. Аммо, Н.Муратова, Н.Тошпўлатова, Г.Алимоваларнинг "Fake news: mediada dezinformatsiya" қўлланмасида фактчекинг – бу журналистика алифбосидир, - деб келтирилади. Фикримизча, журналист мавзу доирасида тўплаган фактларини аниқлик ва холислик принципларига кўра бир ёки бир неча манба орқали тасдиқлатиб ёки текшириб олиш амалиётини рақамли медиада фактчекинг жараёнлари билан қиёслаш мумкин.
Интернетга нисбатан ахборот манбаси сифатида қаралаётган бир пайтда ахборотларнинг ҳаддан зиёд кўплиги бевосита фейк ахборотларнинг ҳам кўпайишига олиб келди. Ахборот оқимида ростини ёлғонидан ажратиб олиш бироз қийинлашди. Тадқиқотчиларнинг фикрича, «Фейк янгиликлар» биринчи адресатга ҳақиқий ахборотга нисбатан олти марта тез етиб борар экан. Сабаби, инсонларда қалбаки “янгилик”ка ишониш эҳтимоли 70% юқори туради. Дунёдаги энг нуфузли илмий нашрларидан бири "Science" журнали буни амалиётга синаб кўрди. 2017 йил февралида ўзининг махсус сонини “фейк янгиликлар”га бағишлади. Улар Twitter ижтимоий тармоғида ўн йил давомида тарқатилган 126 000 та сохта ва ҳаққоний янгиликларни тўплади. Таҳлил жараёнида ёлғон ҳақиқатга қараганда анча тез оммалашганини аниқланди [3]. Факт текшируви (Factcheking)- фаткларни текшириш тамойили холислик ва аниқликка кўра маълумотларни қайта текшириш, соҳта янгиликлар, матн ва контексдаги хатоликларни аниқлашга ёрдам беради. Фактларни текшириш амалиётининг асосий мақсади ёлғонни аниқлаш эмас, балки тақдим этилган фактларни ҳақиқийлигини аниқлаш ва муайян муассасалар ва шахслар томонидан тарқатилган ёки эълон қилинган маълумотларни солиштиришдир. Факт текшируви ижтимоий аҳамиятга молик фактларни текширади ва бу жараёнда экспертлар, илмий доиралар, давлат ташкилотларидан олинган маълумотларга таянади. Натижада, тақдим этилган ахборотнинг тўғри ёки нотўғри эканлиги ҳақида хулоса беради. Факт текширувларида фақат очиқ манбалардан яъни расмий маълумотлардан фойдланиш мумкин. Текшириш учун фақат қуйидаги мезонларга жавоб берадиган мавзулар ёки объектлар танланиши керак:
фактлар ва рақамларни ўз ичига олиши;
ижтимоий аҳамиятга эгалиги;
оммавий ахборот воситаларида ёки ижтимоий тармоқларда кенг тарқатилган бўлиши.
Шуни таъкидлаш керакки, фақат очиқ манбалардан олинган маълумотлар ва ахборотлар далиллар сифатида тан олиниши мумкин. Ёпиқ ёки аноним манбалардан фойдаланишга йўл қўйилмайди. Чунки барча баёнотлар ҳам фактлар бўйича текширилиши мумкин эмас.
Масалан, фактларни текшириш келажакка оид баёнотларни кўриб чиқмайди:
Агар мансабдор киши “келгуси ўқув йилида университетга қабул қилинувчилар сонининг 20 фоизга кўпайишини кутмоқдамиз” деб айтса, буни тасдиқлаб бўлмайди, чунки у ўзининг келажакка бўлган умидлари ҳақида гапиряпти.
Ёки баъзида мансабдор шахслар “менинг фикримча …”, “менимча …”, ” менга шундай туюляпти …” ва ҳоказо ибораларни ишлатадилар, аммо бундай баёнотларни текширилмайди.
Шунингдек, тахминлар ёки тахминий маълумотлардан иборат баёнот ҳаққонийлигини текшириш мавзуси бўла олмайди: “Пахта етиштириш режаси ўтган йилга нисбатан 15 фоиздан ошиққа ошди” [4].
Яъни, бундай баёнотларда тахминий ҳисоб-китоблар мавжуд ва аниқ фактларга асосланган маълумотлар йўқ. Америка фактчекинг ресурсларидан бири - FactCheck.org (2015-йил таниқли журналист Гленн Кесслер бошчилигида ташкил топган) платформаси сиёсатчиларнинг баёнотларини текширади. Ҳар бир баёнотнинг нотўғрилиги ёки ёлғонлиги “Пинокио” пиктограммаларининг сони билан белгиланади - улар қанчалик кўп бўлса, баёнотдаги ҳақиқат шунчалик кам бўлади. [5]

The Intersect - блоги ҳафталик шарҳларни нашр этади: Яъни ҳафта давомида интернетда пайдо бўлган сохта маълумотлар ҳақида ахборот бериб боради.
Ўзбек сегментида ҳам https://t.me/antifake_uz телеграм канали иш бошлаган. Канал ОАВда, ижтимоий тармоқларда тарқалган фейк хабарларга нисбатан рус ва ўзбек тилларда раддия бериб боради. 3 340 обуначисига эга мазкур канал Ўзбекистонда сохта ахборотларга раддиялар учун расмий манба ҳисобланади.
Тарқатилаётган фейк ахборотлар фото ёки видео кўринишида бўлса, уларни текшириш ва аниқлашда бизга бир нечта платформалар иш беради.
TinEye (Reverse Image Search) - Бу платформа 43 мингта фотолар жамланмасини ўзида сақлайди. Чоп этилган расмларни биринчи бўлиб қаерда нашр этилганлиги ҳақида дастлабки маълумотни беради. Нафақат расмнинг асл нусхасини топиш балки расм ҳақидаги метадата маълумотни яъни қачон, қандай онлайн - ресурслар орқали ўзгартирилганлиги аниқлаш учун юқори даражадаги аниқлик билан топишингиз мумкин.

Archive.today – веб-саҳифанинг “нусхасини” яратадиган энг муҳим онлайн-манбалардан биридир. Агар асл саҳифа ўчирилган бўлса ҳам, нусхаси доимо онлайн бўлади. Бундан ташқари, саҳифанинг матн ва график нусхаларини янада аниқроқ қилади ва ҳар қандай веб-саҳифанинг ўзгартирилмаган нусхасига қисқа ва ишончли ҳаволани беради. Агар сиз веб-саҳифанинг “нусхасини” яратмоқчи бўлсангиз, бу жуда фойдали бўлиши мумкин, чунки веб-саҳифада маълумот ўзгариши мумкин: статистика, нархлар рўйхати, иш таклифлари, кўчмас мулк рўйхати, мансабдор шахснинг ваъдалари ва бошқалар. 

Reveye расм қидируви – бу Google, Yandex, Tineye, Bing va Baidu орқали қидирувни амалга оширадиган тасвирларни қидириш воситаларининг тўплами. Ушбу хизмат исталган сайтдан сичқончанинг ўнг тугмачасини босиш орқали расм қидиришга имкон беради. Бунинг учун сиз Chrome Интернет-дўконига бориб, браузерингизда Reveye расм излаш кенгайтмасини ўрнатишингиз керак [6].
Хулоса қилиб айтганда, фейк хабарларни аниқлаш борасида инсондан танқидий фикрлаш, тажриба ва махсус платформалар керак бўлади. Узатилаётган ҳар қандай ахборотни рационал қабул қилиш кўникмасини, фактларни фикрдан ажрата олиш салоҳиятини, турли манипулятцион хабарларга учмаслик ва қабул қилаётган маълумотини бошқа манбаларда текшириш бугунги давр талабига айланиб бормоқда. Энг муҳими эса, тарқатаётган ҳар қандай ахборотнинг сабаб ва натижасини ўйлаш лозим.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
1. Х.Дўстмуҳаммад. "Ахборот - мўжиза, жозиба, фалсафа". Т.: Янги аср авлоди нашриёти, 2013 йил.
2. Н.Муратова, Н.Тошпўлатова, Г.Алимоваларнинг "Fake news: mediada dezinformatsiya" Т.: Инновацион ривожланиш нашриёт - матбаа уйи, 2020 йил.
3. http://lex.uz
4. http:// school.cabar.asia.uz
Download 0.96 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling