Академия “жиноий суд ишларини юритиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик”


ЖИНОЯТ ИШЛАРИНИ ЮРИТИШНИНГ КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ БОРАСИДАГИ АҲАМИЯТИ


Download 349.46 Kb.
bet4/5
Sana06.11.2023
Hajmi349.46 Kb.
#1751400
1   2   3   4   5
Bog'liq
курсовая — копия

ЖИНОЯТ ИШЛАРИНИ ЮРИТИШНИНГ КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ БОРАСИДАГИ АҲАМИЯТИ


Коррупцияга қарши кураш соҳасида қилмиш учун жиноий жавобгарлик белгилаш каби жиноий-ҳуқуқий; БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1990 йилда қабул қилинган “Ривожланиш учун жиноятчиликни олдини олиш ва одил жиноий судлов соҳасида ҳамкорлик борасидаги тавсиялар” сингари ҳалқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш каби воситалардан ташқари, жиноий процессуал воситаларни қўллаш ҳам самарали ҳисобланади.
Зеро, жиноят ишларини юритишда тезкорлик ва ҳақиқатни аниқлаш учун зарур бўлмаган айрим процессуал ҳаракатлардан воз кечиш орқали судланувчи, жабрланувчи ва жиноят-процессининг бошқа иштирокчиларини ҳуқуқларини кафолатлаш, жиноят ишини юритишга масъул бўлган шахсларни ўз вазифаларини суистеъмол қилишларини, яъни коррупцияга йўл қўйишларини олдини олишга хизмат қилади.
Бу борада жиноят судлов ишларини соддалаштирилган тартибда юритишни такомиллаштириш масалаларини ўрганиш шунингдек, хорижий мамлакатларда мавжуд тартибот билан қиёсий таҳлил қилиш долзарб масалалар қаторига киради.
Назаримизда, ҳар қандай давлат учун жиноят судлов ишларини юритишнинг самарадорлигини ошириш масаласини ҳал этиш усулларидан бири жиноят судлов ишларини юритиш жараёнига соддалаштирилган усулларни киритиш ҳисобланади.
Кейинги пайтларда жиноят судлов ишларини соддалаштирилган тартибда юритишга оид нормаларни такомиллаштириш масалалари кўп таҳлил қилинмоқда, уларни жиноят процессининг одил судлов вазифаларини таъминлаш, судлов ишларини юритиш иштирокчиларининг ҳуқуқларига риоя қилинишини кафолатлашга оид қоидаларини қўллаган ҳолда ишларни юритишни максимал тарзда тезлаштириш ва уларни соддалаштирилган тартибда юритиш мақсадига эришишга қаратилган.
Соддалаштирилган тартибда юритиш механизмининг мавжуд эмаслиги ёки униг кам қўлланилиши тергов жараёнининг чўзилиб кетилишига, суд муҳокамаси жараёнидаги кўплаб танаффузларга ва суд ҳужжатлари қабул қилинишини кечиктирилишига олиб келади.
Шу муносабат билан ҳалқаро ҳамжамият олдида одил судловни самарадорлигини оширишга қаратилган вазифа яъни, жиноят ишининг бошланиши ва у юзасидан суд ҳужжати қабул қилинишига қадар бўлган муддатни қисқартириш – жиноят судлов ишларини юритиш жараёнига соддалаштирилган тартибни киритиш масаласи турибди. БМТнинг нуқтаи назарига кўра “соддалаштирлиган тартиб” (“summary proceedings”) бу – одил судлов тизимини юқори сифатда самарадорлигини ва ҳаражатларни камайтириш орқали суд муҳокамасини тезлаштирилишини таъминлашга қаратилган тартиб бўлиб ҳисобланади.
Турли мамлакатларнинг процессуал қонунчилиги соддалаштирилган, тезкор тартибда судлов ишларини юритишга оид бир хил мақсадга йўналтирилган қоидаларни белгилаган бўлиб, бироқ улар бир-биридан ўзининг моҳияти бўйича фарқ қилади. Америка қўшма штатлари ва Ғарбий Европа мамлакатларида соддалаштирилган тартибда судлов ишларини юритишнинг шаклларидан бири бўлиб “айбни тан олиш ҳақидаги битим” ҳисобланади. Бу босқичда судъя оқилона муддатда жиноят ҳақиқатда содир этилганлиги ва уни содир этишда айнан шу шахс айбдор эканлигини ҳал қилиш учун далиллар билан танишади. Натижада судъя шахснинг уни айбдор деб топиш ҳақидаги аризаси ўз хоҳиши ва айбига тўлиқ иқрор бўлган ҳолда қилинганлиги ҳақида суд буйруғини чиқаради.
Шу ўринда қайд этиш лозимки, судлов ишларини соддалаштирилган тартибда юритишнинг асоси ҳақиқатни билишга қаратилган бўлиши лозим. Айбни тан олишга қаратилган айблов иш бўйича бошқа далиллар билан ҳам исботланган бўлиши лозим. Ҳуқуқий назарияда ҳақиқатни билиш тушунчаси айбланувчининг ўз айбига иқрор бўлиши ва у ишдаги мавжуд объектив далиллар билан исботланганлигига асосланади.
Суднинг айбни тан олиш ҳақидаги битимни тузиш жараёнидаги роли унда адолат ва қонунийликни таъминлаш бўлиб ҳисобланади. Биринчидан, суд битим тузиш жараёнида иштирок этиб, унинг адолатлилигини кафолатини таъминлаши мумкин бўлса, иккинчидан, суд айбланувчи ўз айбига ҳеч қандай тазйиқ ёки таҳдидларсиз иқрор бўлганлигига амин бўлиши лозим.
Англо-саксон жиноят процесси ҳақиқатни аниқлаш презумциясидан келиб чиқса, континентал давлатлардаги соддалаштирилган тартибда иш юритиш жараёнида тузиладиган битимлар эса, бунда суд текширувининг объекти шахснинг ўз айбига иқрор бўлишининг ҳақиқийлигидан эмас, балки айбланувчининг айблов хулосаси билан келишилган жараёнининг қонуний қайд этилганлиги муҳим аҳамият касб этади.
Соддалаштирилган тартибда иш юритиш жараёни ҳам одил судловни амалга оширишнинг конституциявий тамойилларига мос бўлиши лозим, яъни шахс фақат ўз айбига иқрор бўлганлиги факти билан судланмаслиги лозим.
Россия Федерациясининг амалдаги ЖПК ишларни соддалаштирилган тартибда юритишнинг Америка ва континентал Европа тизимларини ўзида мужассамлаштирган. Россия Федерацияси ЖПКнинг 316-моддаси 5-қисмига кўра, соддалаштирилган тартибда иш юритишда суд умумий тартибда далилларни текширмайди ва уларга баҳо бермайди. Натижада суд муҳокамасининг бир бочқичи бўлган суд тергови жараёни соддалаштирилади.
Италия, Испания Партугалия ва бошқа баъзи Европа давлатларида эса бундай битим бошқача шаклда, яъни айблов билан келишув шаклида намоён бўлади. Ушбу шаклнинг объекти айбнинг ўзи эмас, балки айбланувчининг айблов хулосаси билан розилиги бўлиб ҳисобланади. Айбланувчи ушбу ҳолатда ўзини айбдор деб тан олмаслиги ҳам мумкин. Бироқ, бундай розилик мавжуд бўлганда суд муҳокамасида суд тергови босқичи ўтказилмайди.
Латвия ЖПКга кўра, соддалаштирилган тартибда иш юритишнинг судга қадар жараёнида қўлланиладиган бир неча шакллари мавжуд. Айбни тан олиш ҳақидаги келишув тузилиши натижасида жиноят ишларини юритиш соддалаштирилган тартиби фақат айбланувчининг айблов хулосасининг ҳажми, таснифи ва келишув жараёнига розилигига асосланади. Айбни тан олиш ҳақидаги келишув тузилишига агар, жиноят иши юзасидан бир неча айбланувчи бўлса йўл қўйилмайди. Бироқ, вояга етмаган айбланувчилар билан вакилларининг розилиги асосида бундай келишув тузилишига рухсат этилади.
МДҲ давлатларида эса суд терговини соддалаштирилган тартибда юритиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Масалан, Белоруссия Республикаси ЖПКнинг 237-моддасига кўра, суд айбланувчи ўз айбига иқрор бўлган ҳолатда айбланувчини сўроқ қилиб бўлгандан кейин тарафлар тақдим этган далилларнигина текшириш билан чекланишига ёки суд терговини тамомлаган деб эълон қилиб, тарафлар музокарасига ўтиш ҳуқуқи назарда тутилган. Ушбу ҳолатда суд тергови судланувчининг сўроқ қилиш ва айбига ўз хоҳиши ҳамда онгли равишда иқрор бўлганлигини аниқлаш билан чекланади. Далилларни текширишда эса, тарафлар кўрсатган далилларгина текширалади. Бироқ Белоруссия ЖПКга кўра, судъя соддалаштирилган тартибнинг оқибатларини, яъни унинг қўлланилиши келгусида текширилган далилларни асос қилиб суд ҳукми шикоят қилиниши мумкин эмаслигини тушунтириши лозим. Агар судланувчига келгусида қўлланилаётган санкцияда ўн йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши назарда тутилган бўлса, бундай суд муҳокамаси соддалаштирилган тартибда ўтказилиши мумкин эмас.
Қозоғистон Республикаси процессуал қонунчилигига кўра, жиноят судлов ишларини соддалаштирилган тартибда юритишнинг икки усули назарда тутилган. Қозоғистон Республикаси ЖПКнинг 361-моддасига кўра, давлат айбловчиси далилларни текширишни чеклаш юзасидан илтимоснома билан мурожаат қилиш ҳуқуқи эга бўлиб, бунда илтимоснома тақдим этулгунга қадар текширилган далиллар билан суд тергови чекланишини сўраши мумкин. Яъни, суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг бу юзасидан фикр-мулоҳазаларини эшитади. Бундай илтимоснома билан ҳимоя тараф ҳам мурожаат қилиш ҳуқуқига эга, у фақатгина судланувчининг вакиллари томонидан тақдим этилган далиллар текширилишидан воз кечиши мумкин. Суд ҳимоя томоннинг бундай илтимосномасини қаноатлантиришга мажбур. Соддалаштирилган тартибда иш юритишнинг иккинчи усули қуйидаги шартлар мавжуд бўлганда қўлланилиши мумкин:
- айбланувчи ўз айбини тан олганда;
- жиноят ишини юритишда қонун бузилишига йўл қўйилмаганда;
- тарафлар далилларнинг йўл қўйилганлиги ёки дахлдорлиги юзасидан эътироз билдирмаганда;
- тарафлар далилалрни текширишдан воз кечганда.
Суд тергови ушбу талабларга риоя қилган ҳолда судланувчи ва жабрланувчини сўроқ қилиш билан чекланади.
Молдовия Республикаси жиноят судлов ишларини юритиш соҳасида соддалаштирилган тартибнинг бошқача шакли – айбни тан олиш ҳақидаги келишув ҳисобланади. Молдовия Республикаси ЖПКга кўра, айбни тан олиш ҳақидаги келишув деганда давлат айбловчиси ва айбланувчи ўртасидаги келишув назарда тутилади. Айбни тан олиш ҳақидаги келишув ёзма шаклда ҳимоячи, айбланувчи ёки судланувчининг иштирокида ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унга оғир бўлмаган ёки оғир жиноятлар бўйича тузилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси жиноят-процессуал қонунчилиги ҳам жиноят ишларини юритишни соддалаштиришга оид нормалар назарда тутилган бўлиб, улар ҳам жиноят ишини тезкор суръатларда, ортиқча вақт сарф қилмасдан ҳал этишга, жиноят ишини юритишга масъул бўлган шахсларнинг ўз вазифаларини суисътемол қилишини олдини олишга қаратилган. Жумладан, жиноий жазоларни лебераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг ЖПКга киритилган ўзгартиришга кўра, процессуал қонунчилигида ярашув институти жорий этилди. Ярашув институти жиноий жавобгарликдан озод қилиш тури сифатида шахснинг айбдорлиги масаласини ҳал этмай туриб жиноят ишларини тугатиш учун асос бўлади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 84-моддасида жиноят судлов ишларини соддалаштирилган тартибда юритишга қаратилган нормалар бегиланган бўлиб, унга кўра, жиноят иши қуйидаги ҳолларда шахснинг розилиги билан унинг айблилиги ҳақидаги масалани ҳал қилмай туриб тугатилиши мумкин, башарти:


1. ишни тергов қилиш ёки судда кўриб чиқиш пайтига келиб, қилмиш ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотган ёхуд вазият ўзгариши оқибатида бу шахс ижтимоий жиҳатдан хавфли бўлмай қолган деб эътироф этилса;
2. ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унга оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган шахс айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва келтирилган зарарни бартараф қилган бўлса;
3. содир этилган қилмишнинг хусусиятини, биринчи марта ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этганнинг шахсини ҳисобга олиб, материалларни вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияга қараб чиқиш учун бериш мақсадга бўлса.
Юқорида қайд этилган институтлар таҳлили шуни кўрсатадики, уларнинг мақсади ягона – судлов ишларини юритиш тартибини соддалаштириш, жиноят судлов ишларини юритиш иштирокчиларининг кучи ва вақтини тежаш, жиноят ишларини юритишга масъул бўлган шахслар томонидан ўз мансаб ваколатларини суистеъмол қилишларини олдини олишга қаратилган. Жиноят судлов ишларини юритиш тартибини соддалаштириш институтини хориж тажрибаси ва мамлакатимизда шаклланган амалиётдан келиб чиқиб, назарий жиҳатдан тадбиқ қилиш орқали қонун нормаларини такомиллаштиришга эришиш мумкин.
Соддалаштирилган тартибда иш юритиш бўйича халқаро амалиёт шуни кўрсатадики, айнан дастлабки тергов жараёнида тарафлар иш юзасидан ўзаро келишувга эришадилар. Шунинг учун ҳам шахснинг ҳуқуқлари чекланишини олдини олишга қаратилган қўшимча механизмларни ишлаб чиқишни талаб этади. Бундан ташқари, жиноят содир этган шахснинг ўз айбига иқрор бўлиши тергов органларини иш учун аҳамиятли ҳолатларни аниқлаш мажбуриятидан озод қилмаслиги процессуал қонунчиликда назарда тутилганлиги муҳим аҳамият касб этади.
Яна бир ҳолат, жиноят процессуал қонунчилигида соддалаштирилган тартибда иш юритилганда тарафларнинг музокарасини ҳам соддалаштириш масаласини ҳал этиш талаб этилади. Чунки тарафларнинг музокара билан чиқишлари суднинг соддалаштирилган тартибда иш юритишдан кўзланган мақсади – иш ҳажмини камайтирилишига эришиб бўлмайди.
Хулоса қилиб айтганда, соддалаштирилган тартибни қўллаётганда ёки уни қўллашни такомиллаштиришда шахс учун унинг оқибати оғир ҳолатларга олиб келмаслиги, жиноят содир этилганидан жабрланган шахсларнинг манфаатлари ҳисобга олиниши, фактик ҳолатларни аниқлашга қаратилган белгиларнинг мураккаб эмаслигига оид шартларга риоя қилиниши, жиноят ишини юритишга масъул бўлган шахсларнинг ўз мансаб ваколатларини суистеъмол қилишларини олдини олувчи нормалар билан бойитилиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги ПФ–5635-сонли Фармонига асосан Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги ва алоҳида таркибий индикаторлардаги ўрнини яхшилаш устувор мақсадлардан бири этиб белгиланиб, бунинг учун масъул вазирлик ва идоралар рўйхати тасдиқланган. Хусусан, одил судлов соҳасига оид халқаро рейтинг ва индекслар, жумладан Иқтисодий эркинлик индексининг Суд фаолияти самарадорлиги, “Doing business” индексининг Контрактлар ижросини таъминлаш, Ҳуқуқ устуворлиги индексининг Фуқаролик одил судлови ва Жиноий одил судлов таркибий индикаторлари, “Глобал рақобатбардошлик индекси”даги Судлар мустақиллиги индикатори, Жаҳон мамлакатлари демократияси индексидаги Фуқаролар эркинлиги индикаторининг “Суд ҳокимиятининг Ҳукумат таъсиридан мустақиллиги даражаси” кўрсаткичи, Бошқарув сифати индикаторларидаги Ҳуқуқ устуворлиги индикаторининг “Суд мустақиллиги” ва “Суднинг Ҳукуматдан мустақиллиги даражаси” кўрсаткичларида Ўзбекистоннинг ўрнини яхшилашга алоҳида аҳамият берилган.


Бугунги кунда халқаро рейтингларда мамлакатимиз нуфузини янада ошириш ва одил судлов самарадорлигини кучайтириш мақсадида судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, суд иш юритуви самарадорлигини ошириш, низоларни ўз вақтида ва сифатли ҳал қилиш бўйича муҳим чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Ушбу мақсадларга қаратилган тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда, тизимли ташкилий чоралар кўрилиб келиняпти.
Мазкур йўналишларда амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида кўрсатилган халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатимиз ўрни тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Жумладан, Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишни енгиллаштириш ва рағбатлантириш мақсадида соҳага оид қатор тартиботлар танқидий қайта кўриб чиқилиб, эскирган, замон талабига жавоб бермайдиган бюрократик тўсиқ ва ғовлар бекор қилинди. Кўрилган чоралар натижасида республикада ишбилармонлик муҳити яхшиланди, тадбиркорлик субъектлари ва инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилди.
Биргина бизнес юритиш соҳада Президентимизнинг “Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 13 июлдаги ПҚ–3852-сон, 2019 йил 5 февралдаги ПҚ–4160-сон, шунингдек “Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 20 ноябрдаги ПҚ–4525-сон қарорлари қабул қилинди.
Уларнинг мантиқий давоми сифатида 2019 йил 20 мартда “Мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” 2019 йил 23 майдаги қонунлар қабул қилиниб, амалиётга жорий этилди.
Ушбу ислоҳотларнинг самараси натижасида “Бизнес юритиш 2020” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон 7 поғона юқорига, яъни 190 мамлакат орасида ўтган йилги 76-ўринддан 69-ўринга кўтарилди, Ўзбекистон шартномалар ижросини таъминлаш индикатори бўйича ўтган йилги 41-ўриндан 22-ўринга кўтарилиб, ишбилармонлик муҳитини яхшилашда энг юқори кўрсаткичга эришган 20 та давлат қаторига кирди.
Маълумот учун: Ўзбекистон низоларни суд томонидан тезкор ҳал этишнинг вақт кўрсаткичи бўйича 190 та давлат ичида 225 кунлик натижа билан 3-ўринни эгаллади. Низоларни суд йўли билан ҳал этишда кетадиган харажат кўрсаткичи бўйича эса МДҲ мамлакатлари орасида 4-ўринни олди.
Илғор ривожланган хорижий мамлакатлар ўзининг ривожланиш даражасига биринчи навбатда, хусусий мулк дахлсизлиги ва мулкдорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш орқали эришган. Хусусий мулкнинг дахлсизлиги негизида биринчи навбатда халқнинг тинч-тотувлиги ва фаровон ҳаёти туради.
Шу муносабат билан, мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатларини янада мустаҳкамлаш, мулк ҳуқуқидан асоссиз равишда маҳрум этишдан ҳимоя қилиш мақсадида ишлаб чиқилган “Мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Олий Мажлис Сенатининг 2020 йил 20 ноябрь куни бўлиб ўтган тўққизинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан маъқулланди.
Мазкур Қонун билан, жумладан, ер участкаларини ҳокимлар томонидан олиб қўйилишига тақиқ белгилаш, ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш бўйича ҳокимларнинг ваколатларини чеклаш, мол-мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ҳамда хусусийлаштириш натижаларининг қайта кўриб чиқилиши ва бекор қилинишига йўл қўйилмаслигини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.
Бунда мол-мулкни давлат тасарруфидан чиқариш натижасини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш масалалари бўйича ташаббус билан чиқиш қатьиян тақиқланяпти, бундай ишлар судлар томонидан ҳам кўриб чиқиш учун қабул қилинмаслиги белгиланяпти. Ер участкаси давлат ҳамда жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши мумкин бўлган асосларнинг аниқ ва тўлиқ рўйхати қонун даражасида белгилаб қўйилмоқда.
Олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектини бузишнинг қатьий шартлари белгиланиб, бу тўғрисидаги қарор адлия органларининг ижобий хулосаси мавжуд бўлгандагина қабул қилиниши, кўчмас мулк объектини бузишга компенсация тўлиқ тақдим этилгандан сўнггина йўл қўйилиши белгиланяпти.
Мазкур Қонуннинг қабул қилиниб, амалиётга жорий этилиши натижасида хусусий мулк дахлсизлиги, қонун устуворлиги ва одил судлов самарадорлиги бўйича халқаро рейтингларда (Қонун устуворлиги индекси (“Rule of law”) ва Иқтисодий эркинлик индекси (“Index of economic freedom”) мамлакатимиз нуфузи ошишига эришилади.
Шу билан бирга, Иқтисодий эркинлик индексининг Суд фаолияти самарадорлиги индикаторида мамлакатимиз 2019 йилда 34,3 балл билан 126-ўринни эгаллаган. Ҳуқуқ устуворлиги индексининг мамлакатимиз 2019 йилда 94-ўринни эгаллаган, унинг Фуқаролик одил судлови индикаторида 72-ўринни, Жиноий одил судлов индикаторида 67-ўринни эгаллаган.
Мазкур йўналишларда ислоҳотларни жадаллаштириш, тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш талаб этилади. Шу мақсадда ҳозирда Жиноят-процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Жиноий-ижроия кодексларини янги таҳрирда қабул қилиниши устида ишланмоқда. Мазкур кодексларга, Фуқаролик процессуал кодексига фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга, одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган нормалар, янги институтлар, соддалаштирилган механизмлар киритилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 июндаги ПФ–6003-сонли Фармони ижроси доирасида Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича Республика Кенгаши томонидан2020 йилнинг иккинчи ярмида белгиланганчора-тадбирлар режалари бўйича ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий-ҳуқуқий соҳага оид устувор халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилаш бўйича одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган 45 та тадбир амалга оширилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил 24 июлдаги ПФ–6034-сонли Фармони одил судлов соҳасидаги ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди. Хусусан, унга кўра:
- вилоят даражасидаги фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлари бирлаштирилиб, уларнинг негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда ягона умумюрисдикция судлари ташкил этилмоқда;
- илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда республикада самарали маъмурий одил судлов тизимини яратиляпти;
- Судда ишларни кўришда инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг тортишувчанлик тамойилини амалда рўёбга чиқариш мақсадида жиноят ишлари бўйича судларда дастлабки эшитув институтини жорий этиляпти;
- прокурорнинг судда иш кўрилиши жараёнида иштирок этиш тартиби илғор халқаро стандартларга мослаштирилмоқда. Жумладан прокурорнинг фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида ўз ташаббуси билан иштирок этишини чегаралаш назарда тутилмоқда;
- Ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали суд тизимига “бир суд – бир инстанция” тамойилини жорий этиляпти.
Суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилади;
БМТ нинг махсус маърузачиси Д.Гарсия-Сайян, Иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро экспертлар назорат инстанцияси мавжудлигини жиддий танқид қилган эди.
- Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича алоҳида судлов таркиби фаолият юритади;
- суд тизимининг судьялари ва ходимларининг моддий таъминотини 2021 йил 1 январдан бошлаб тўлиқ Давлат бюджетига ўтказиш бўйича таклиф киритилмоқда. Хорижий давлатларда суд тизимининг моддий таъминоти тўлиқ Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.
Шу билан бирга, одил судлов сифати ва самарадорлиги оширишда соҳани рақамлаштириш энг муҳим масалалардан биридир. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 3 сентябрдаги ПҚ–4818-сонли Қарори қабул қилинди. Унга кўра Олий суд ахборот тизимини 28 та давлат органлари ахборот тизимларига интеграция қилиш орқали маълумотлар алмашинувини 100 фоиз рақамли шаклга ўтказишни назарда тутувчи “йўл харитаси”, 2020-2023 йилларда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш дастури тасдиқланди.
Дастурда ахборот-коммуникация технологиялариинфратузилмасини янада ривожлантиришмақсадидасуд биноларига интерактив хизматлардан мустақил фойдаланиш учун махсус терминаллар ва ҳужжатларни топшириш учун электрон навбат ускуналарини ўрнатиш, шунингдек маълумотларнинг тезкор мониторингини амалга ошириш мақсадида Олий суд биносида Вазиятли марказни яратиш, суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш орқали аҳолининг судлар билан электрон ҳамкорлигини таъминлаш, хусусан суд мажлисида видеоконференцалоқа режимида иштирок этиш имконини берувчи мобил дастурни ишлаб чиқиш, суд мажлисини аудиоёзувдан фойдаланиб қайд этиш, апелляция ва кассация инстанцияси судларида барча ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш, иштирокчиларни суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида “SMS” хабар орқали хабардор қилиш, суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этиш имкониятлари яратилиши белгиланди.
Бундан ташқари, одил судлов соҳасига оид 15 та қонун лойиҳаси тайёрланган бўлиб, уларнинг 9 таси Олий суднинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган.
Мазкур тадбирларнинг амалга оширилиши:
суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга;
одил судлов самарадорлигини оширишга;
фуқаролар, тадбиркорлар ва инвесторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг суд орқали ишончли ҳимоя қилинишига эришишга;
хусусий мулк дахлсизлиги, қонун устуворлиги ҳамда одил судлов соҳасидаги халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатимиз нуфузини оширишга хизмат қилади.


Хулоса
Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, тизимли чора-тадбирлар аҳолига қулайлик яратиш, уларнинг одил судловга ишончини мустаҳкамлаш, суд ишларини юритиш самарадорлигини ошириш билан биргаликда халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатимиз ўрнини яхшилашга ҳам хизмат қилади.



Download 349.46 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling