Алишер Навоийнинг "Насойимул муҳаббат"
Download 41.47 Kb.
|
Mumtoz asarlarni sharhlab oqitish
Ҳар валиву ҳар набиро маслакест,
Лек, то Ҳақ мераванд жумла якест. (Ҳар валий ва набийнинг ўз маслаги бор, аммо Ҳақ олдига борганда ҳаммаси бир бўлади). Шундай қилиб, буюк сўфий шоир динлар ва мазҳабларни бир-биридан фарқланадиган, аммо бир манзилга олиб борадиган йўллар деб билади: “Йўллар хилма-хил бўлса ҳам лекин мақсад бирдир”, деб қайд этади у. Одамларнинг бир-бирини тушунмаслиги, биринчидан маънога эмас, балки номлар, атамалар, ташқи кўринишларга қараб ҳукм қилишда, иккинчидан, Худони севиш ва Унга беғараз, нафсу тамаъдан холи ҳолда иймон келтирмасдан, балки манфаат юзасидан муносабатда бўлиш, аниқроғи, Худони ўзининг ғаразли ниятларини амалга ошириш учун рўкач қилиш, мададгор деб ҳисоблашдан келиб чиқади. Моҳиятни тушунмасдан сўздаги фарққа қараб ўзаро ихтилоф қилишни Румий мана бу ривоят билан тушунтирган: Тўрт миллатдан тўрт киши— турк, форс, араб ва юнон йўлда бирга кетаётганларида уларга биров бир дирҳам пул беради. Тўртовлон бир-бирининг тилини тушунмагани сабабли пулга нима сотиб олиш кераклиги устида жанжаллашиб қоладилар. Форс “ангур”(узум) оламиз деса, араб “ман ангур емайман, “инаб”(узум) истайман дейди. Турк “узум” олмиз деб туриб олса, юнонлик “Йўқ, истофил (узум) емоқчиман” деб мушт ўқталади. Натижада, улар бир-бирини тушунмай, ёқалашиб кетадилар. Шу пайт “юз тилни биладиган сирлар соҳиби” бир одам йўлиқиб, уларнинг низосига қулоқ солиб, пулни қўлларидан олиб, бозордан узум сотиб олиб берганида, тўрталаси ҳам бир нарсани хоҳлаганини кўриб ҳайрон қолишади, истаклари амалга ошиб, ярашиб кетадилар. Румий ушбу ривоят билан нафақат номлар, ифодаларнинг хилма-хиллиги маъно-моҳиятини яшириб, одамларни адаштиришини англатиш баробарида муҳим бир ғоя—Худонинг моҳиятини англашда инсонларнинг ҳушёрлиги, ақлий ва маърифий камолотига асосий эътиборни қаратади. Одам қанчалик нодон бўлса, у шунча хурофотга, сўзлар сеҳрига, шаклларга маҳлиё бўлади, расм-русумга, ақидаларга берилувчан бўлади. Ва, аксинча, одамнинг маърифати, билими ошган сари, у Илоҳ илмига, ғайбга яқинлашиб боради, мазҳабпарастлик, ақидапарастликдан юқори кўтарилаверади, ҳақиқат ошиғи бўлиб, Ҳақ сари талпинаверади. Мазҳабпарастлик инсонни кичрайтиради, маънавий дунёсини торайтириб, муайян бир схолостик тушунчалар кишанига солиб қўяди. Шунинг учун сўфийлар ўзларини мазҳабларга, шариат чорчўбасига боғлиқ қилиб қўймаганлар. Сўфийлар зоҳирни эмас, ботинни ростлаш, қалбнинг, руҳнинг шарафланиши, камолоти учун курашардилар. Жалолиддин Румийнинг таъбири билан айтганда: “Инсоннинг ичи ҳуррият оламидир”. Ҳа, инсон қалбан ҳурдир. Оллоҳга бўлган муҳаббат, ҳаётга бўлган муҳаббат ҳам ҳурликдан пайдо бўлган шавқдир. Бу шавқ куйдирувчи ишққа айланиб, инсоннинг ўзини ҳам оламларни ўз ичига сиғдирувчи буюк бир хилқатга айлантиради. Яъни Оллоҳга қарин этади. Бу ишқ, боя айтганимиздай, ҳар қандай дунёвий ва ухравий манфаатпарастликдан, ғаразлардан холи, покдир. Бунда тоат-ибодатдан, аҳкомларни бажаришдан кўра, самимият, ёниқ ҳарорат билан жонфидолик қилиш ҳисси устун. Шу ўринда Румийдан яна бир ривоятни нақл этмоқчимиз. “Маънавий Маснавий”да келтириладики, Мусо пайғамбар бир яйловдан ўтаётганида бир чўпонга дуч келади. Чўпон Худога нола қилиб дер эди: “Эй Художон, сен қаердасан, кел, сочларингни тарайин, чориғларингни тикайин, наки ўз жоним, балки қўйларим, фарзандларим ҳам сенга фидо бўлсин. Қаердасан, бориб дастёринг бўлсам, сут қаймоғим билан қорнингни тўйдирайин, бошинг оғриса, бошингни силайин, юзқўлингдан ўпайин, оёқларингни уқалайин…” Мусо буни эшитиб, чўпонни койийди: “Эй аҳмоқ, кофир бўлдинг, Худонинг чориғи ҳам, тўни ҳам йўқ, у емайди, ичмайди, Уни ўзингга ўхшатма. У гўё қуёш, сен бир чивин…” Чўпон Мусонинг бу гапидан қаттиқ хафа бўлади ва жимиб қолади. Шунда Парвардигори оламдан Мусога ваҳий келади: “Эй Мусо, нима қилдинг, бандамизни биздан айирдинг, қўй айтсин, сен бандаларнинг дилини Парвардигорга улаш учун юборилгансан, ажратиб ташлаш учун эмас. Биз ҳар одамга, ҳар бир элга ўз даражасида, ўз тилида муҳаббат изҳор этиш учун имкон бердик. Ҳиндларни ҳинд тилида, синдларни синд истилоҳида сўзлатдик.” Бу ривоятда ҳам Румий ташқи белгилар, сўзлар шаклига эътибор қилмаслик, балки сўзнинг маъносига, самимийлигига эътибор бериш лозимлигини таъкидлайди. Чўпоннинг сўзлари жуда тўпори, содда. Чўпон Худони ўзига ўхшатиб тасаввур этади. Аммо унинг сўзлари, муҳаббати сохта эмас, тамаъғаразга асосланмаган. У бор будини Худо йўлида сарфлашга тайёр. Албатта юракдан айтилган гаплар қандай тилда бўлмасин айтувчининг садоқатини ифодалайди. Download 41.47 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling