ҲАМАС–Исроил уруши катта тегига
Ҳусийлар Исроилга ҳужум қилишга уринди: Яманда вазият қандай?
Исроил Ғазони бомбардимон қилишда давом этаркан, 31 октябр куни Ямандаги ҳусийлар ҳаракати Исроилга қарши уруш эълон қилди. Эрон томонидан дастакланиши айтиладиган ҳаракат учирган ракеталар Исроил мудофаа кучлари томонидан Қизил денгиз осмонида уриб туширилгани айтилди.
Саудия Арабистони Ямандан Исроилга қарата учирилаётган ракеталарни тўхтатиш учун ўз ҳудудида АҚШнинг қўшимча ҳаво мудофаа тизимларини жойлаштиради.
Kun.uz Яқин Шарқдаги яна бир нотинчлик ўчоғи бўлмиш Ямандаги вазият ҳақида сўз юритиш учун “Геосиёсат” рукнига сиёсий фанлар номзоди, сиёсий таҳлилчи Улуғбек Ҳасановни таклиф этди.
ВИДЕО
— Яманда асосан қайси кучлар ўзаро зиддиятда?
— 1963 йилда Яманда монархия парчалангач, мустақил давлатга асос солиш жараёнида мамлакат шимолий ва жанубий қисмга бўлинади. Жанубий Яман социализмга мойил сиёсат олиб боришга ҳаракат қилади ва шундай давлатлар билан ҳамкорлик олиб боради. Шимолий Яман эса араб давлатлари, хусусан, Саудияга яқинлашади. Бу бўлиниш 1989 йилгача давом этади ва 1990 йилда ягона Яман демократик республикаси пайдо бўлади. Лекин қарама-қаршиликлар тўхтамайди. 1994 йилда можаро қайта жонланиб, яна иккига ажралиш эҳтимоли пайдо бўлади.
Яман бизга яхлит давлат бўлиб кўринса-да, ундай эмас. 22 та вилоят бўлса, шуларнинг аксарияти турли сиёсий кучлар таъсирида бўлинган. Яманнинг 68-70 фоиз аҳолиси суннийлар, 30 фоизи эса шиалар. Шимоли-шарқда шиалар бўлса, бошқа қисмларида суннийлар. Шиалар сон жиҳатдан кам бўлса ҳам, сиёсий майдонда катта нуфузга ва кучга эга.
2011 йилдаги “Араб баҳори”дан кейин сиёсий инқироз кучайиб, Яман ҳукумати Саудиядан ёрдам сўрайди, 9 та араб давлати коалиция тузган ҳолда сиёсий ва ҳарбий ёрдам кўрсатса-да, ҳалигача бу инқироз давом этяпти, фуқаролар уруши бор. Зайдитлар (шиалар) ва Ислоҳ партияси катта сиёсий тўқнашувда.
— Саудия Арабистони октябр ойи охирида ҳусийлар билан сулҳни бекор қилди. Бу ҲАМАС-Исроил инқирозига қанчалик боғлиқ?
— Боғлиқлиги йўқ. Саудия Арабистонининг Яман билан чегарадаги Жазан вилоятида доимий тўқнашувлар бўлиб туради. 1 октябр куни шундай тўқнашувлардан бирида Саудиядан 4 нафар ҳарбий қурбон бўлди. Вазиятни жиддий қабул қилган Саудия муҳокамалардан сўнг 31 октябрда ҳусийлар билан сулҳни бекор қилди. Икки тараф уруш ҳолатида ҳозир.
Эрон омили бу зиддиятни кучайтиряпти дейиш нотўғри бўлади. Чунки Яманнинг ичида вазият мураккаб. Яман қабилавий давлат бўлиб, ҳусийларнинг иқтисодий, сиёсий кучи катта.
21 та араб давлати бўлса, уларнинг Исроилга муносабати фақат Ғазодаги ҳолат билан боғлиқ эмас. Қуддус – барча мазҳаблардаги мусулмонлар, умуман учта дин қадриятлари учун муҳим шаҳар.
— Қизил денгиз денгизи бўйлаб Исроил кемалари патрул йўлга қўйган. Саудия ҳам ҳусийлар учирган ракеталарга қарши АҚШнинг ҳаво мудофааси тизимларини ўрнатмоқда. Шу ҳақда ҳам гаплашсак.
— АҚШнинг Саудияда 7 та ҳарбий базаси бор, улардан 3 таси чегаравий ҳудудда, уларда ҳаводан ҳужумлар учун мудофаа тизимлари бор. Ҳозирги вазиятда шу базалардаги мудофаа кучайтириляпти. Бу вазиятда Саудия Арабистони АҚШнинг талаби билан Исроилни ҳусийларнинг ҳужумидан ҳимоя қилаётгани – Саудия ва АҚШ ўртасидаги стратегик ҳамкорлик ва шартномалар билан боғлиқ.
— Саудиянинг нефт масаласида 1973 йилдаги каби ричаглари ҳозир ҳам борми?
— Саудияда ҳали ҳам бундай таъсир воситалари бор. Нефт бозорида катта кучга эга. 16 октябрдаги араб давлатлари Қоҳира саммитида Саудия муҳим иштирокчи бўлди. Саудиянинг Aramco нефт компанияси 2022 йилда 120 млрд доллар даромад кўрган. Бу компания Исроил билан катта лойиҳа имзолаган эди, аммо ҳозирги вазиятда лойиҳа тўхтатилган.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Яман, Исроил, Саудия Арабистони
Do'stlaringiz bilan baham: |