Апелляция иши №1-1113-2


Download 43.35 Kb.
Sana28.12.2022
Hajmi43.35 Kb.
#1070818
Bog'liq
Б.Элмуродов ва Ш.Низамов 167м 3қ апел ажр орг СЗО


Апелляция иши № 1-1113-2201/135
маърузачи судья: Д.Иззатов



Биринчи инстанция судида раислик
қилган судья: А.Машарипов



ТОШКЕНТ ВИЛОЯТ СУДИ ЖИНОЯТ ИШЛАРИ БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ АЖРИМИ


2022 йил ноябрь ойининг 22 куни, Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати, ўз биносида, очиқ суд мажлисида,
раислик қилувчи судья: Д.Сулейманов,
ҳайъат судьялари: М.Ахмедов ва Д.Иззатовдан иборат таркибда, судья катта ёрдамчиси Ш.Нуриддиновнинг котиблигида, Тошкент вилоят прокуратураси бўлим катта прокурори А.Исмоилов, фуқаровий даъвогарлар Ш.Бозаров ва Х.Шовхиев, судланувчи Б.Элмуродов ва унинг ҳимоячиси адвокат Б.Мансуров, судланувчи Ш.Низамов ва унинг ҳимоячилари адвокатлар Б.Комолов, С.Мусабековнинг иштирокида, жиноят ишлари бўйича Пискент туман судининг 2022 йил
12 августда Б.Элмуродов ва Ш.Низамовга нисбатан чиқарган ҳукми устидан адвокатлар Б.Мансуров ва Б.Комолов томонидан апелляция тартибида келтирилган шикоятлари асосида кўриб чиқиб, қуйидагиларни


а н и қ л а д и:


Жиноят ишлари бўйича Пискент туман судининг 2022 йил
12 августдаги ҳукмига кўра,
15.07.1980 йил Тошкент шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон фуқароси, маълумоти олий, ажрашган, муқаддам:
1. Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг
2011 йил 24 январдаги ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 1-қисми, 267-моддаси
1-қисми, 228-моддаси 1-қисми, 228-моддаси 3-қисми,
168-моддаси 3-қисми “в” банди, ЖК 57, 59-моддалари тартибида ойлик иш ҳақининг 25 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
2. Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг
2014 йил 17 июлги ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми “б” банди, 28,211-моддаси
1-қисми билан айбдор деб топилиб, ЖК 59,60-моддалари тартибида ойлик иш ҳақининг 30 фоизи давлат ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
3. Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг
2015 йил 8 июндаги ҳукмига кўра, ЖКнинг 168-моддаси
3-қисми “а” банди билан айбдор деб топилиб, ЖК
60,62-моддалари тартибида ойлик иш ҳақининг 30 фоизи давлат ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан 2 йил 5 ой 12 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
4. Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг
2017 йил 1 мартдаги ҳукмига кўра, ЖКнинг 168-моддаси
2-қисми “б” банди билан айбдор деб топилиб, 59-моддаси
8-қисми, 62-моддасига асосан ҳар ойлик иш ҳақидан 30 фоизи миқдорида давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда
1 йил 7 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган, ЖКнинг 78-моддасига асосан судланганлик ҳолати тугалланган, “EGG WORLD” МЧЖ раҳбари, Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, 10-мавзе, 8-уй, 26-хонадонда яшовчи, эҳтиёт чораси сифатида 2022 йил 28 апрель кунидан қамоқда сақланаётган, айблов хулосаси нусхасини 2022 йил
27 июнь куни олган Элмуродов Бекзод Элмурод ўғли
Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси
3-қисми “а” банди, 184-моддаси 3-қисми, 189-моддаси, 233-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан 5 йил, 184-моддаси 3-қисми билан 3 йил, 233-моддаси билан 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси, ЖК 189-моддаси билан ойлик иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланиб, ЖКнинг 59, 61-моддалари тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташлик учун 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
1977 йил 27 июлда Тошкент шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон фуқароси, маълумоти олий, оилали, уч нафар фарзанди бор, “A’LO PARRANDA” МЧЖ раҳбари, муқаддам судланган:
1. Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг
2007 йил 15 октябрдаги ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “а,в” бандлари, 205-моддаси 2-қисми “а,б” бандлари, 209-моддаси 2-қисми “а,б” бандлари билан айбли деб топилиб, ЖК
45, 59-моддалари тартибида 3 йил муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиниб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, унга нисбатан Олий Мажлиси Сенатининг 02.12.2005 йилдаги амнистия тўғрисидаги қарори 6-банди “а” кичик банди қўлланилиб, жазони ўталмаган қисми
3/1 қисқартирилган, Олий Мажлиси Сенатининг
30.11.2006 йилдаги амнистия тўғрисидаги қарори 7-банди “а” кичик банди қўлланилиб, жазони ўталмаган қисми
3/1 қисқартирилган, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод туман судининг 20.10.2009 йилдаги ажримига кўра, Олий Мажлиси Сенатининг 28.08.2009 йилдаги амнистия тўғрисидаги қарори 4-банди қўлланилиб, жазонинг ўталмаган қисмидан озод қилинган.
2. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2016 йил 13 январдаги ҳукмига кўра, ЖКнинг 189-моддаси,
228-моддаси 2-қисми “а,б” бандлари ва 243-моддаси билан айбли деб топилиб, ЖК 45,59-моддалари тартибида 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари миқдорида, 48.052.500 сўм жарима жазоси тайинланган.
3. Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг
2016 йил 9 ноябрдаги ҳукмига кўра, ЖКнинг 168-моддаси
2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, ЖКнинг 59-моддаси
8-қисми, 62-моддалари тартибида энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари миқдорида, 48.052.500 сўм жарима ва ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 5 ой 21 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган, жарима тўлиқ тўланган, Тошкент шаҳар, М.Улуғбек тумани, Мўминова кўчаси, 1/1-уй, 17-хонадонда яшовчи, эҳтиёт чораси сифатида гаров қўлланилган, айблов хулосаси нусхасини 2022 йил 8 июлда олган Низамов Шарафуддин Садреддинович
Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси
3-қисми “а” банди ва 233-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан 5 йил, 233-моддаси билан 3 йил, ЖК 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташлик учун 5 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Судланувчи Б.Элмуродовдан “Агробанк” Ўртачирчиқ филиали фойдасига 21.762.000.000 сўм миқдорида кредит қарздорлиги,
651.773.900 сўм миқдорида солиқ қарздорлиги давлат фойдасига ундириш белгиланган.
Судланувчи Ш.Низамовдан “Uzbekleasing International” ҚК АЖ фойдасига 184.665,06 АҚШ доллари миқдорида моддий зарар ундириш белгиланиб, терговчининг 2021 йил 6 январдаги қарори билан Тошкент вилояти, Бўка тумани “Қўлдоштепа” МФЙ ҳудудида жойлашган “Qishloq qurilish faravon parranda” МЧЖ ҳудудида сақланаётган Италиянинг “OFFICINE FACCO” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган товуқларни боқиш учун мўлжалланган қафасларга қўйилган хатлов суд ҳукми қонуний кучга кирганидан сўнг бекор қилиниб, “Uzbekleasing International O.A.” ҚК АЖга етказилган 184.665,06 АҚШ доллари миқдоридаги моддий зарарни қоплашга қаратиш кўрсатилган.
Манфаатдор тарафларга жиноят натижасида ундирилмай қолган моддий зарарларни ундириш юзасидан судланувчининг яшаш манзили бўйича фуқаролик ишлари бўйича судга ёхуд тегишли тартибда бошқа фуқаролик ишлари бўйича судларига мурожаат қилиш ҳуқуқи сақланиб қолинганлигини тушунтирилган.
Суднинг ҳукмига кўра, судланувчи Элмуродов Бекзод Элмурод ўғли 2019 йил 27 июлдан “EGG WОRLD” МЧЖ раҳбари лавозимида ишлаб келиб, “A’LO PARRANDA” МЧЖ раҳбари Низамов Шарафуддин Садреддинович билан олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ шахслар бўлиб, хуфёна йўллар билан бойлик орттириш мақсадида, “UzbekLeasing International A.O” ҚК АЖ билан “A’LO PARRANDA” МЧЖ ўртасида 2018 йил 15 февралда тузилган ALO/18/009-сонли лизинг шартномасига асосан, қиймати 299.500 АҚШ доллари бўлган, Италиянинг “OFFICINE FACCO” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ва “A’LO PARRANDA” МЧЖга қарашли фабрикада сақланаётган “товуқларни боқиш учун мўлжалланган қафас”ларни лизинг тўлов муддати тугамасдан ва “A’LO PARRANDA” МЧЖ ихтиёрига тўлиқ ўтказилмасдан туриб, “A’LO PARRANDA” МЧЖга қарашли товуқ боқиш фабрикаси бино-иншоотлари ҳамда фабрикада мавжуд бўлган барча ускуналарни сотиб олиш мақсадида 2020 йил 6 майда
1-сонли олди-сотди шартномаси тузиб, мазкур шартномани АТ “Агробанк” Ўртачирчиқ филиалига тақдим этиб, шартномага асосан “A’LO PARRANDA” МЧЖга қарашли товуқ боқиш фабрикаси бино-иншоотлари ҳамда мавжуд ускуналарни нотариал идораси орқали 2020 йил 15 майдаги гаров шартномасига кўра гаровга қабул қилиб, 15.000.000.000 (ўн беш млрд) сўм миқдорида кредит маблағи олишга эришиб, кредит асосий қарзи ва фоизларини тўлашдан бўйин товлаб келиб, АТ “Агробанк” Ўртачирчиқ филиали манфаатларига 20.897.548.000 сўмлик моддий зарар етказган.
Б.Элмуродов ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, нодавлат тижорат ташкилотининг мансабдор шахси бўла туриб, ўз мансаб ваколатларидан қасддан фойдаланиб, товуқ боқиш фабрикасини тўлиқ юрита олмасдан, фабрикадаги паррандалар учун фуқаро А.Саломовдан оғзаки равишда келишган ҳолда харид қилиб олган дон ва ем маҳсулотлари учун қарздорлиги юзага келганидан сўнг, Б.Элмуродов ушбу қарздорликларни бартараф этиш учун, “A’LO PARRANDA” МЧЖдан сотиб олинган ҳамда АТ “Агробанк”дан олинган 15.000.000.000 (ўн беш млрд) сўм кредит таъминоти сифатида 2020 йил 15 майда гаровга қабул қилинган ва ўзига ишониб топширилган, мол-мулкларни А.Саломов билан ҳеч қандай шартнома тузмасдан, оғзаки равишда 90.000 (тўқсон минг) АҚШ долларига сотиб юбориб, сотувдан тушган пул маблағларини жамият ҳисоб рақамига кирим қилмасдан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сонли Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларини ҳамда Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида Қарори
189-банди яъни “товарлар, маҳсулотларни (хизматларни) чек (квитанция, счёт) бермасдан сотиб, 2021 йил учун “EGG WОRLD” МЧЖ томонидан
651 773 900 сўмлик жуда кўп миқдордаги қўшилган қиймат солиғини тўлашдан қасддан бўйин товлаб, товарлар савдоси ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини жуда кўп миқдордаги қийматда бузган.
Низамов Шарафуддин Садреддинович 2019 йил 20 июндан “A’LO PARRANDA” МЧЖ раҳбари лавозимда ишлаб келиб, мансабдор шахси бўла туриб, ўз мансаб ваколатларидан қасддан фойдаланиб, “EGG WОRLD” МЧЖ раҳбари Элмуродов Бекзод Элмурод ўғли билан олдин жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, хуфёна йўллар билан бойлик орттириш мақсадида, “UzbekLeasing International A.O” ҚК АЖ билан “A’LO PARRANDA” МЧЖ ўртасида 2018 йил 15 февралда тузилган ALO/18/009-сонли лизинг шартномасига асосан, қиймати 299.500 АҚШ доллари бўлган, Италиянинг “OFFICINE FACCO” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ва
“A’LO PARRANDA” МЧЖга қарашли фабрикада сақланаётган “товуқларни боқиш учун мўлжалланган қафас”ларни лизинг тўлов муддати тугамасдан ва “A’LO PARRANDA” МЧЖ ихтиёрига тўлиқ ўтказилмасдан туриб, “A’LO PARRANDA” МЧЖга қарашли товуқ боқиш фабрикаси бино-иншоотларни ҳамда фабрикада мавжуд бўлган барча ускуналарни сотиш мақсадида
2020 йил 6 майда 1-сонли жами 15.000.000.000 (ўн беш млрд) сўм қийматидаги олди-сотди шартномасини тузиб, мазкур шартномани АТ “Агробанк” Ўртачирчиқ филиалига тақдим этиб, шартномага асосан “A’LO PARRANDA” МЧЖга қарашли товуқ боқиш фабрикаси бино-иншоотлари ҳамда фабрикада мавжуд бўлган барча ускуналарни нотариал идораси орқали 2020 йил 15 майдаги гаров шартномасига кўра гаровга қабул қилинишига эришиб, “UzbekLeasing International A.O” ҚК АЖ томонидан “A’LO PARRANDA” МЧЖга лизинг асосида берилган ва гаровда турган, 299.500 АҚШ доллари бўлган, Италиянинг “OFFICINE FACCO” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ва “A’LO PARRANDA” МЧЖга қарашли фабрикада сақланаётган “товуқларни боқиш учун мўлжалланган қафас”ларини “EGG WОRLD” МЧЖга сотиб юбориб, ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
Адвокат Б.Мансуров томонидан берилган апелляция шикоятида, судланувчи Б.Элмуродовнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқлиги сабабли суд ҳукмини бекор қилиб, ЖПКнинг 83-моддаси 1-бандига асосан оқлов ҳукми чиқариб суд залидан озодликка чиқаришни сўраган.
Адвокат Б.Камолов томонидан берилган апелляция шикоятида, жиноят ишини судланувчи Ш.Низамовга оид қимини бекор қилиб, унинг ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқлиги сабабли ЖПКнинг 83-моддаси 2, 3-бандларига асосан реаблитация қилиб, оқлов ҳукми чиқаришни сўраган.
Судлов ҳайъати, вилоят судининг судьяси Д.Иззатовнинг маърузасини, прокурор А.Исмоиловнинг суд ҳукмининг ўзгаришсиз ва апелляция шикоятларини қаноатлантирмасдан қолдириш ҳақидаги фикрини, адвокатлар Б.Мансуров, Б.Камолов, судланувчилар Б.Элмуродов ва Ш.Низамовнинг апелляция шикоятларини қувватлаб, уларни қаноатлантириб, оқлов ҳукми чиқариш ҳақидаги фикрларини тинглаб, шикоятлардаги важларни жиноят иши ҳужжатлари асосида текшириб, муҳокама қилиб, судланувчиларнинг музокара ва охирги сўзларини тинглаб, қуйидаги асосларга кўра, суд ҳукмини ўзгартириб, апелляция шикоятларини қисман қаноатлантиришни лозим топди.
Апелляция инстанцияси суд мажлисида сўроқ қилинган судланувчи Б.Элмуродов, биринчи инстанция судида берган кўрсатувларини тасдиқлаши, унга қўйилган айбловга умуман иқрор эмаслигини, Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туманидан рўйхатдан ўтган “Цемент Трейд” МЧЖни таниши Рахимов Равшан Эрнестович билан бирга 2018 йил тахминан октябрь ойида Ахмедов Акмалдан 35 млн. сўмга сотиб олганларини, шериги Р.Рахимов билан келишган ҳолда МЧЖни номини “EGG WORLD” МЧЖ ўзгартирганликларини, ўзи МЧЖга 50 фоиз улуш билан таъсисчи ва раҳбар сифатида тайинланганлиги, 2018 йил куз ойларида таниши Низамов Шарофиддин унга Пискент туманида паррандачилик фабрикаси борлигини айтиб, унга фабрикани сотиб олиш таклифини берганлиги, фабрикани бориб кўриб, қанча фойда кўришни сўраганлиги, Ш.Низамовни берган таклифини шериги Р.Рахимовга айтгач, ҳаммалари товуқчилик фабрикасини сотиб олишга ўзаро келишиб олганларини, Пискент туманида жойлашган “A’LO PARRANDA” МЧЖга қарашли товуқчилик фабрикасига Ш.Низамов, Р.Рахимовлар билан бирга борганликларини, шу вақтда фабрика ишлаб турган бўлганлигини, фабриканинг ер майдони
9,5 гектарни ташкил қилиб, у ерда асбоб-ускуна ўрнатилган 4 та товуқ боқадиган бинолар бўлган, 4 та бинодан битта цех ишлаб, у ерда
48.000 дона товуқлар боқилаётганлигини кўрганлигини, у А.Ахмедовга товуқчилик фабрикасини кредит эвазига сотиб олиш ҳақида таклиф берганида, у фарқи йўқлигини бутун фабрикани, яъни бино иншоотлари, асбоб ускуналари ва товуқлари билан бирга сотишини айтганлигини, у А.Ахмедов, Ш.Низамов ва Р.Рахимовлар фабрикани нархини жами
1 млн. 650 минг АҚШ долларига сотиб олишга келишганликларини, Ш.Низамов ва Р.Рахимовлар билан пул маблағлари бўлмаганлиги сабабли кредит эвазига фабрикани сотиб олиш мақсадида АТБ “Агро банк” Нурафшон филиалига бориб, фабрикани сотиб олиши учун 20 млрд. сўм кредит олиш бўйича мурожаат қилганликларини, банк ходимлари
15 млрд. сўм миқдорида кредит маблағи ажрата олишларини айтганлиги, 2020 йил 6 май куни “EGG WORLD” МЧЖ ва “A’LO PARRANDA” МЧЖ ўртасида фабрикани 15 млрд. сўмга сотиб олиш бўйича олди-сотди шартномаси тузилганлиги, кредит таъминоти сифатида тадбиркорларни қўллаб қувватлаш фондини 7,5 млрд. сўмлик кафиллиги, Тошкент шаҳар М.Улуғбек тумани Марказ-1 мавзесидаги Р.Рахимовга тегишли 3-хонали уй ҳамда товуқчилик фабрикасини бино-иншоатлари ва ускуналари қўйилганлиги, 15 млрд. сўм кредит маблағлари “A’LO PARRANDA” МЧЖ ҳисоб-рақамига ўтказиб берилганлиги, ўрталаридаги келишув бўйича “A’LO PARRANDA” МЧЖ “EGG WORLD” МЧЖга қўшилганлиги, Ш.Низамов МЧЖни раҳбари сифатида фабрикани бошқариши керак бўлгани, лекин А.Ахмедов фабрикани “A’LO PARRANDA” МЧЖ номидан юритиш кераклиги, Ш.Низамов “A’LO PARRANDA” МЧЖни раҳбари сифатида фабрикани юритиш таклифини берганлиги, Ш.Низамов ва Р.Рахимовлар уни таклифига розилик билдирганлиги, Ш.Низамов “A’LO PARRANDA” МЧЖни раҳбари ва унга 22 фоиз улушдор таъсисчи сифатида киритилганлиги, фабрика 2021 йил июнь ойига қадар фаолият юритганлиги, фабрикадаги 90.000 дона товуқларга қўшни Қозоғистон Республикасидан келган паранда грипи касаллиги юқиб қолганлиги ҳамда ем етишмаслиги сабабли очликдан барчаси нобуд бўлганлиги, Ш.Низамов ва Р.Рахимовлар томонидан “A’LO PARRANDA” МЧЖни ва уни асбоб-ускуналарини “EGG WORLD” МЧЖга сотиб олган вақтида уларни орасида “FACCO” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “товуқларни боқиш учун мўлжалланган қафаслар”ни ҳам 2020 йил 6 майдаги олди-сотди шартномасига асосан сотиб олинганлиги, сотиб олувчи “EGG WORLD” МЧЖ номидан шартномани ўзи имзолаганлиги, шартнома тузилган вақтда ушбу ускунани лизинга олингани, ускунани лизинга олинганидан ва лизинг қарздорлиги мавжудлигидан фабрика сотилганидан 6-7 ой ўтиб, “UzbekLeasing International AO” ҚК АЖ томонидан ёзма равишда хат келганлиги, 2021 йил 1 июнда “UzbekLeasing International AO” АЖ, “A’LO PARRANDA” МЧЖ ва “EGG WORLD” МЧЖ ўртасида 3 томонлама “Сублизинг” шартномаси тузилганлиги, шартномага кўра “EGG WORLD” МЧЖ ҳам лизинг қарздорлигини тўлаши ва ускунани сақлаш мажбуриятини олганлиги, бу шартномага имзо қўйишига “EGG WORLD” МЧЖнинг шу вақтдаги таъсисичиларидан бири Р.Рахимов кўндирганлиги, шартномага имзо қўйиб берганидан сўнг, орадан 2 кун ўтиб, Р.Рахимов унга 10 кун ичида “UzbekLeasing International AO” АЖга 450 млн. сўм пул тўлаб беришлари кераклигини айтганлиги, у шартномадаги талабларга розимаслигини айтиб, шартномани бекор қилишини сўраганлиги, орадан 3-4 кун ўтиб, “UzbekLeasing International AO” АЖ ходимлари телефон қилиб, шартнома бўйича 450 млн. сўм пулни қачон тўлаб беришини сўраганлиги, уларга 450 млн. сўм пулларни тўлаб бера олмаслигини айтиб, Р.Рахимовдан шартномани бекор қилишини сўраганлиги, “Қишлоқ қурилиш фаровон парранда” МЧЖга фабрикадаги “Факко” ускунаси ва “Техно” ускунасини қарздорлиги эвазига олиб чиқиб кетишига рухсат берганлигини, “Қишлоқ қурилиш фаровон парранда” МЧЖ билан ҳеч қандай олди-берди қарздорлиги бўлмаганлиги, у, Ш.Низамов ва Р.Рахимовлар томонидан АТБ “Агро банк” Нурафшон филиалига “A’LO PARRANDA” МЧЖни товуқчилик фабрикасини сотиб олиш бўйича 15 млрд. кредит пул маблағларини олган вақтида кредит эвазига гаров тариқасида товуқчилик фабрикасини барча бино-иншоатлари ва тўртта товуқ сақлаш учун мўлжалланган цехлардаги ускуналари қўйилган бўлганлиги, уни суддан чин кўнгилдан пушаймонлигини, мақсади фақат тадбиркорликни ривожлантириш бўлганлиги, кредитни еб кетиш бўлмаганлиги, суд қарорини ўзгартириб, унга нисбатан енгиллик беришни сўради.
Апелляция инстанцияси суд мажлисида сўроқ қилинган судланувчи Ш.Низамов, биринчи инстанция судида берган кўрсатувларини тасдиқлашини, қўйилган айбловга умуман иқрор эмаслигини, 2020 йил март ойларининг бошларида Р.Рахимов унга телеграмм ижтимоий тармоғи орқали шартнома жўнатганлиги, ушбу шартномани “A'LO PARRANDA” МЧЖ таъсисчи А.Ахмедов унинг яшаш хонадонига келиб имзолатиб кетганлиги, шартномада Италияда ишлаб чиқарилган “Факко” русумли товуқ боқиш дастгоҳи бўлмаганлиги, Ўзбекистонда Ковид-19 карантин тадбирлари кучайтирилиш оқибатида корхонадаги паррандаларни боқиш бўйича муаммолар кўпайиб кетганлиги, ушбу даврда яъни 2020 йил 6 майда “EGG WORLD” МЧЖ билан “A'LO PARRANDA” МЧЖ ўртасидаги 2020 йил 28 февралдаги 1-сонли шартноманинг санаси
6 майга ўзгарганлиги, Р.Рахимов телефон кўнғироғи орқали маълум қилиб, 2020 йил 6 майда “A’LO PARRANDA” МЧЖдан вакил А.Ахмедов ҳамда Б.Элмуродовлар фабрикага келиб банкга тақдим этилиши кераклигини айтиб, тезда қўл қўйдириб кетишганлиги, у ушбу шартномани ўқимасдан қарамасдан иккинчи бетига қўл қўйиб берганлигини, 2020 йил 13 майда топшириш далолатномаси (акт приема передачи) имзолаганлиги, ушбу далолатномада “A'LO PARRANDA” МЧЖга тегишли инкубатор биноси ҳамда Италияда ишлаб чиқарилган “Факко” дастгоҳи йўқлигини, 2020 йил 19 майда 250, 251-сонли фактура, 2020 йил 3 июнда 266-сонли, 2020 йил 5 июндаги 280, 281-сонли ва 2020 йил
15 июндаги 306-сонли ҳисоб фактураларга асосан 15.000.000.000 сўмга мол-мулк, автомашиналар, дастгоҳлар ва 90780 дона паррандалар "EGG WORLD” МЧЖга ўтказиб берилганлиги, Италия давлатида ишлаб чиқарилган “Факко” дастгохи “EGG WORLD” МЧЖга сотилмагани, “Агробанк” Ўртачирчиқ филиалига гаровга қўйилмагани, 2020 йил тахминан июль ойларида банк ходимлари мониторинга келганида у банк ходимларига “A'LO PARRANDA” МЧЖга тегишли инкубатор биносининг кадастр ҳужжатларини ҳамда Италия давлатида ишлаб чиқарилган “Факко” дастгохи сотилмаганлигини маълум қилиб, уларга топшириш далолатномасини ва счет фактураларни кўрсатганлигини, ўзини иш фаолияти даврида корхонани юритиб “UzbekLeasing International А.О” КК АЖга 2019 йил июндан 2021 йил апрелга қадар лизингга жами
160.000 АҚШ доллар мажбурий тўловларни вақтида тўлаб келганлигини, 2021 йил 15 апрелда Р.Рахимов, Б.Элмуродов ва А.Ахмедовлар уни фабрикадан чиқариб юбориб, фабрикани ўзлари юритишларини ва барча тўловларни ўзлари давом эттиришларини айтишганлиги, 2020 йил
1-июнда “Uzbek Leasing International А.О” КҚ АЖ, “A'LO PARRANDA” масъулияти чекланган жамияти ва “EGG WORLD” масъулияти чекланган жамияти ўртасида уч томонлама 2-сонли “Сублизинг” шартномаси имзолангани, 2021 йил 15 апрелдан уни фабрикага киритмасдан “A'LO PARRANDA” МЧЖнинг мол-мулкларини талон-торож қилишни бошлашганлиги, шу ўринда 2021 йил 26 майда 20-сонли ариза билан Ўзбекистан Республикаси Бош прокуратурасига, 2021 йил 29 июлда
29/07-сонли хат билан Вилоят солиқ Бошқармасига талон-торож қилинишини олдини олишда амалий ёрдам беришини, Б.Элмуродов ва Р.Рахимовларга қонуний чора кўрилиши бўйича мурожаат этганлиги, у “A'LO PARRANDA” МЧЖнинг 2020 йил 6 майдаги 1-сонли олди-сотди шартномасига асосан имзоланган ўтказиш далолатномасига (Акт приема передачи) асосан ҳисоб фактуралар билан мол-мулкни “EGG WORLD" МЧЖ тасарруфига ўтказиб берганлиги, АТБ “Агробанк” Ўртачирчиқ филиалига кредит ёки олди-сотди масалалари билан умуман мурожаат этмаганлиги, уни фабрикадан чиқариб юборишганда “EGG WORLD” МЧЖ фабрика ҳудудидаги “UzbekLeasing International А.О” Қ.К АЖга тегишли Италиянинг “OFFICINE FACCO” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “товуқларни боқиш учун мўлжалланган қафас”лар бегоналаштирилмаган бўлганлиги, мол-мулкларни талон-торож қилмаганлиги, унга нисбатан оқлов ҳукми чиқаришни сўради.
Апелляция инстанцияси суд мажлисида сўроқ қилинган фуқаровий даъвогар Ш.Бозаров, 2018 йил 15 февралда “UzbekLeasing International A.O” ҚК АЖ ва “A’LO PARRANDA” МЧЖ ўртасида тузилган лизинг шартномасига асосан МЧЖга Италияни “OFFICINE FACCO” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган, қиймати 299.5 минг АҚШ доллари бўлган “товуқларни боқиш учун мўлжалланган қафас”лар 5 йил муддатга лизинга берилганлиги, лекин МЧЖ раҳбари Ш.Низамов томонидан гаровда турган лизинг берувчини мулки ҳисобланган ускунани “A’LO PARRANDA” МЧЖ ва “EGG WORLD” МЧЖ ўртасида 2020 йил 6 майда тузилган 1-сонли шартномасига асосан “EGG WORLD” МЧЖга ноқонуний равишда сотиб юборилганлиги, 2021 йил 1 июнда “EGG WORLD” МЧЖ, “A’LO PARRANDA” МЧЖ ва “UzbekLeasing International A.O” ҚК АЖ ўртасида уч томонлама
2-сонли “Сублизинг” шартномаси тузилганлиги, шартномага асосан “EGG WORLD” МЧЖ ҳам ускунани лизинг қарздорлигини тўлаш ва сақлаш мажбуриятини ўз зиммасига олган бўлишига қарамасдан, “EGG WORLD” МЧЖ раҳбари Б.Элмуродов ва “A’LO PARRANDA” МЧЖ раҳбари Ш.Низамовлар томонидан лизинга олинган ва гаровда турган ушбу ускунани бошқа шахсга ноқонуний равишда сотиб юборганлиги оқибатида бугунги кунда 184.665,06 АҚШ доллари миқдоридаги лизинг қарздорлиги тўланмасдан қолганлиги, ҳозирда терговчининг қарори билан хатлаган Италиянинг “OFFICINE FACCO” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “товуқларни боқиш учун мўлжалланган қафас”лар Тошкент вилояти Бўка тумани “Қўлдоштепа” МФЙ ҳудудида жойлашган “Qishloq qurilish farovon parranda” МЧЖ ҳудудида сақланаётганлигини, ушбу ускуна соз ҳолатда эканлигини, ускуналарни қайтариб берилса судланувчиларга ҳеч қандай даъволари йўқлигини билдириб кўрсатув берди.
Апелляция инстанцияси суд мажлисида сўроқ қилинган фуқаровий даъвогар Х.Шовхиев, 2020 йил 9 апрелда “Агробанк” АТБ Тошкент вилояти филиали билан “EGG WORLD” МЧЖ ўртасида “Товуқ фабрикаси харид қилиш” мақсадида йиллик 26 фоиз миқдорида 6 ой имтиёзли давр билан 36 ой муддатга 15 млрд. кредит маблағлари 23-сонли шартномага асосан ажратилганлиги, мижоз томонидан кредитни муддати ўтган қарздорлиги ва асосий қарзга ҳисобланган қарздорликлар ўз вақтида тўланмаганлиги сабабли 2020 йил сентябрь ойида қарздорликни ундириш ва ундирувни гаровга қўйилган мулкка қаратиш бўйича фуқаролик ишлари бўйича М.Улуғбек туманлараро судига даъво ариза киритилганлиги, 2021 йил
14 апрель куни Мажбурий ижро бюросининг Тошкент вилояти бошқармасини инспектори З.Тураев, “Агробанк” АТБ ҳудудий филиал бошқарувчиси Л.Казаков ва “EGG WORLD” МЧЖ раҳбари Б.Элмурадовлар иштирокида “EGG WORLD” МЧЖга тегишли Пискент тумани Келовчи МФЙ, ҳудудида жойлашган бино-иншоатлар ва уни ичидаги тўрт дона товуқ боқишга мўлжалланган ускуналар хатланиб, сақлаш учун АТБ “Агробанк” ҳудудий филиали бошқарувчиси Л.Казаков ва “EGG WORLD” МЧЖ раҳбари Б.Элмурадовларга топширилганлиги, 2021 йил 2 ноябрь куни “EGG WORLD” МЧЖдаги мол-мулкларни кўздан кечириш мақсадида банкни ҳудудий филиал бошқарувчиси Л.Казаков билан бирга борганларида жамият раҳбари Б.Элмурадов ва унинг ходими Д.Жураевлар томонидан мол-мулкни кўздан кечиришга қаршилик қилишганлиги, орадан 2-3 кун ўтгандан сўнг банк ходимлари яна “EGG WORLD” МЧЖга борганида бино-иншоатларни ичидаги “FACCO” русумли ускуна ва жўжаларни боқишга мўлжалланган ускунани бутунлигича йўқлиги ҳамда бошқа товуқ боқишга мўлжалланган ускуларини эҳтиёт қисмлари йўқлиги номаълум бошқа шахсларга сотиб юборганлиги аниқлангани, ҳозирги кунда “EGG WORLD” МЧЖнинг “Агробанк” АТБ Тошкент вилояти ҳудудий филиали олдида асосий қарзи бўйича муддати ўтган 15 млрд. сўм, фоиз тўловлари бўйича муддати ўтган фоизи 6 млрд. 734 млн. 821 минг сўм, жами 21 млрд.
762 млн. 962 минг сўм кредит қарздорлиги мавжудлиги, суддан етказилган моддий зарарни ундириб беришни сўраб кўрсатув берди.
Гарчанд судланувчи Б.Элмуродов айбига қисман иқрорлик билдириб, Ш.Низамов умуман иқрорлик билдирмасдан кўрсатув беришган бўлсаларда, уларнинг айблари жиноят ишида тўпланган фуқаровий даъвогарлар, гувоҳларнинг кўрсатувлари, “Агробанк” АТБ Ўртачирчиқ филиали ва “EGG WORLD” МЧЖ ўртасида қиймати 15 млрд бўлган кредит шартномаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар, “Қишлоқ қурилиш фаравон парранда” МЧЖда сақланаётган EGG WORLD” МЧЖдан сотиб олинган “товуқларни боқиш учун мўлжалланган қафас”ларни хатлаш ҳақидаги баённома ва унга илова қилинган фотожадвал, кўздан кечириш баённомаси ва фото жадвал, ҳужжатларини олиб қўйиш ҳақидаги баённома ва унга илова қилинган ҳужжатлар, ўтказилган юзлаштириш баённомалари ҳамда мазкур жиноят ишида тўпланган бошқа объектив далиллар йиғиндиси билан тўлиқ ўз тасдиғини топган.
Биринчи инстанция суди томонидан жиноят ишини судда кўришда Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 22, 26-моддалари талабларига тўлиқ риоя қилинган ҳамда, суд ҳукмида баён этилган хулосалар ҳақиқий иш ҳолатига мувофиқ бўлиб, ушбу хулосалар суд муҳокамасида ЖПКнинг
95-моддаси тартибида баҳоланган далиллар билан асослантирилиб, иш бўйича аниқланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан тўла ва холисона текширилган ҳолда судланувчилар Б.Элмуродов ва Ш.Низамовларнинг жиноий ҳаракатларини айбдорга ишониб топширилган ёки унинг ихтиёрида бўлган ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилишда ЖКнинг
167-моддаси 3-қисми “а” банди билан квалификация қилиш ҳақида тўғри тўхтамга келинган.
Бироқ биринчи инстанция суди судланувчи Б.Элмуродовнинг ҳаракатларини ЖКнинг 184-моддаси 3-қисми, 189-моддаси ва
233-моддаси билан, судланувчи Ш.Низамовнинг ҳаракатларини ЖКнинг 233-моддаси билан ортиқча квалификация қилиб хатоликка йўл қўйган.
Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 22-моддасида, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши, ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчини ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатлар аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозимлиги белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2013 йил
31 майдаги 8-сонли “Солиқлар ва йиғимларни тўлашдан бўйин товлаганлик учун жавобгарликка оид қонунчиликнинг судлар томонидан қўлланилиши тўғрисида”ги қарорининг 2-бандида, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 184-моддасининг биринчи қисми диспозициясига мувофиқ солиқлар ва йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш деганда, фойдани (даромадни) ёки солиқ солинадиган бошқа объектларни қасддан яшириш, камайтириб кўрсатиш, шунингдек солиқлар ва йиғимларни тўлашдан бошқа тарзда қасддан бўйин товлаш тушунилиши лозим.
Фойдани (даромадни) ёки солиқ солинадиган бошқа объектларни қасддан яшириш — бу давлат солиқ хизмати органларига тақдим этиладиган тегишли солиқ ҳисоботи ҳужжатларида фойда (даромад) олинганлиги тўғрисидаги маълумотларни қасддан кўрсатмаслик, шунингдек, улар мавжудлиги тўғрисидаги ахборотни яшириш мақсадида фойда (даромад) келиб тушишини ҳисобга олиш тартибини бузиш.
Фойдани (даромадни) ёки солиқ солинадиган бошқа объектларни камайтириб кўрсатиш давлат солиқ хизмати органларига тақдим этиладиган солиқ ҳисоботи ҳужжатларида солиқ солинадиган объект миқдорига оид ахборотни била туриб пасайтириш (камайтириш) томонига ўзгартиришда ифодаланади.
Солиқлар ва йиғимларни тўлашдан бошқа тарзда қасддан бўйин товлаш солиқ тўловчининг давлат солиқ хизмати органларига солиқ ҳисоботи ҳужжатларини ёки солиқ қонунчилигига мувофиқ тақдим этилиши шарт бўлган бошқа ҳужжатларни қасддан тақдим этмаслик ёки солиқ ҳисоботи тақдим этилганидан сўнг содир этилган, солиқлар ва йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш мақсадида тўлов қобилиятсизлиги ҳолатини сунъий равишда вужудга келтиришга қаратилган қилмишларда ифодаланиши кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 184-моддаси қонунчиликка кўра, мазкур жиноятнинг объекти ҳар бир жисмоий ва юридик шахс томонидан қонун билан белгиланган солиқ ва бошқа тўловларни тўлашдек конституциявий бурчларни бажариш бўйича давлатнинг молиявий соҳадаги ижтимоий муносабатларидир. Объектив томондан солиқ ёки бошқа тўловларни тўлашдан бўйин товлаш даромад ёхуд бошқа тўловларни ёки солиқ солишнинг бошқа объектларини яшириш, камайтириб кўрсатиш, анча миқдордаги солиқлар, йиғимлар, божлар ва бошқа тўловларни тўлашдан бўйин товлаганлик учун маъмурий чоралар кўрилгандан сўнг анча миқдорда содир этилиши билан тавсифланади.
Жиноят кодексининг 184-моддаси диспозициясига биноан солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ҳаракатда, худди шунингдек, ҳаракатсизликда ҳам ифодаланиши мумкинлигидан, аммо фақат қасддан содир этилишидан келиб чиқиб тергов органлари ва судлар ҳар бир иш бўйича солиқ тўлашдан бўйин товлаётган шахснинг мақсадини ва ҳақиқий ниятини аниқлашга мажбурдирлар деб кўрсатилган.
Тошкент вилояти ДСИ ходимлари томонидан 06.05.2022 йилда тузилган далолатномага кўра, “EGG WORLD” МЧЖда текширув ўтказилганда, “Факко” ва “Техна” русумли ускуналар тўлиқлигича йўқлиги, 13.05.2020 йилдаги қабул қилиш ва топшириш далолатномаси ҳамда 06.05.2020 йилдаги №250, 251, 266, 280, 281 ва 306 счёт фактуралар асосида қабул қилиб олинган товар моддий бойликлардан “Техна” русумли ускуна тўлиқлигича йўқлиги 251 счёт фактура бўйича 2.615.100.000 сўмлик, 306 счёт фактура бўйича 1.423.200.000 сўмлик 47.940.000 дона ва 958.633.600 сўмлик 42.840.000 дона товуқлар йўқлиги, корхона томонидан 2020 йилда қабул қилиб олинган жами
4.996.933.600 сўмлик товар моддий бойликлар бўйича камомадга йўл қуйилган деб ушбу суммадан ҚҚС 651.773.900 сўм ва молиявий жарима 869.031.900 сўм давлат фойдасига ундириш лозимлигини кўрсатилган. Судда Б.Элмуродов бошқа тергов ҳаракати иштирокчилари билан фермага борганида солиқ ходимига “Техна” ускунаси тўлиқ турганини кўрсатгани ўз тасдиғини топганлиги, шунингдек 90.780 дона товуқ йўқлиги кўрсатилган бўлсада, улар қандай ҳолатга қаерга кетганлигига баҳо берилмаганлиги, ваҳоланки Б.Элмуродов ўша текширув вақтида ҳам дастлабки тергов ва судда ҳам товуқлар Қозоғистондан кириб келган паранда грипига чалиниб нобуд бўлганини айтган бўлсада бу ҳолатга аниқлик киритилмаган. Шунингдек, Б.Элмуродов 90.000 АҚШ долларига ускунани сотиб юбориб, айнан шу пулларни кирим қилмасдан савдо қоидаларини бузганликда айб эълон қилинган. Жиноят ишида ускуна сотилганлигини тасдиқловчи бирорта далил мавжуд эмас, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 23-моддасида айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим. Қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши кераклиги кўрсатиб ўтилган.
Дастлабки тергов органи Б.Элмуродовни ушбу эпизодлар билан айблаш учун фақатгина Тошкент вилояти ДСБ давлат солиқ инспекторлари томонидан тузилган далолатномани асос қилган бўлиб, унинг жуда кўп миқдорда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш ҳолати ва жуда кўп миқдорда савдо қоидаларини бузганлиги иш бўйича ишончга сазовор бўлган объектив далиллар билан ўз исботини топмаган.
Бундан ташқари тергов ва биринчи инстанция суди Б.Элмуродов ва Ш.Низамовни ҳаракатларини ЖКнинг 233-моддаси билан ҳам айблаб нотўғри хулосага келган яъни ЖКнинг 233-моддасида банд солинган мулкни қонунга хилоф равишда тасарруф этиш, яъни банд солинган ёхуд гаровга қўйилган мулкни ишониб топшириб қўйилган шахс томонидан қонунга хилоф равишда ўзлаштириш, растрата қилиш, яшириш, нобуд қилиш ёки унга шикаст етказиш анча миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса, худди шунингдек банк ёки бошқа кредит ташкилоти ходими томонидан банд солинган пул маблағлари (омонатлари) билан банк операцияларини амалга ошириш, назарда тутилган.
Иш ҳужжатларида мавжуд (1-жилд 126) Мажбурий ижро бюроси Пискент туман бўлими давлат ижрочиси Ш.Турсунов томонидан суднинг ажримига асосан 2020 йил 29 декабрда тузилган далолатномада айнан Италиянинг “OFFICINE FACCO” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “товуқларни боқиш учун мўлжалланган қафас”лар рўйхатга олиниб хатланганлиги кўрсатилмаган, бундан кўринадики Б.Элмуродов ва Ш.Низамовни ҳаракатларида ЖКнинг 233-моддасида кўрсатилган жиноят аломатлари мавжуд эмас. Жиноят объекти суд идораларининг нормал фаолияти ҳисобланади. Бу жиноятнинг қўшимча объекти айбдордан хатланган мол-мулк ҳисобидан қопланиши мумкин бўлган у ёки бу сумма фойдасига ундирилган давлат ёки бошқа мулкдорлар ҳуқуқлари бўлади. Қонунга хилоф равишда ўзлаштириш, сарф қилиш, яшириш, нобуд қилиш ёки унга шикаст етказишда объект сифатида суд ва тергов органларининг нуфузи ҳам эътироф этилиши лозимлиги, объектив томондан жиноят рўйхатга олинган ёки хатланган ёхуд гаров предмети бўлган мол-мулкни ўзлаштириш, сарф қилиш, яшириш, нобуд қилиш ёки унга шикаст етказишда ифодаланаши, хатланган мол-мулк - тасарруф қилиниши жорий процессуал қонунчилик асосида тақиқлаб қўйилган мулклиги, гаровга қўйилган мол-мулк - бу суриштирув ва тергов органларига айбланувчи ёки судланувчи томонидан ўзига қўйилган мажбуриятларни бажаришнинг моддий кафолати сифатида бериладиган мол-мулклиги, фуқаролик-ҳуқуқий мажбуриятларни бажариш усули сифатидаги гаров гаровга қўйилган мол-мулкка киритилмаслиги, кўрсатилган бўлиб, Италияда ишлаб чиқарилган “Факко” ускуналари “UzbekLeasing International A.O” ҚК АЖ балансида бўлган ҳозирда ҳам балансидалиги аниқланган.
Биринчи босқич суди ушбу ишни кўришда қайд этилган Қонун талаби ва Пленум қарори тушунтиришларига риоя қилмаган, бундай ҳолда суд ҳукмини қонуний ва асосли эмас деб топиб, Б.Элмуродовни ҳаракатларини ЖКнинг 184-моддаси 3-қисми, 189-моддаси, 233-моддаси билан, Ш.Низамовни ЖКнинг 233-моддаси билан айбли деб бўлмайди.
Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати, суд ҳукмининг ўзгартириб, Б.Элмуродовни айбловидан ЖКнинг 184-моддаси 3-қисми, 189-моддаси, 233-моддаси билан ортиқча айб эълон қилингани сабабли чиқариб, ушбу моддалар билан тайинланган жазоларни бекор қилишни, Ш.Низамовни айбловидан ЖКнинг 233-моддаси билан ортиқча айб эълон қилингани сабабли чиқариб, ушбу модда билан тайинланган жазони бекор қилишни лозим топади.
Биринчи инстанция суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 1-сонли Қарорининг 3-бандида ЖКнинг 8,54-моддалари мазмунига кўра, жазо адолатли бўлиши, ҳар бир ҳолатда индивидуал тайинланиши, жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига, айбдорнинг шахсига, шунингдек жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларга мувофиқ бўлиши кераклиги;
2014 йил 23 майдаги 7-сонли “Суд ҳукми тўғрисида”ги қарорининг 28-бандида “Судларнинг эътибори, ҳукм чиқаришда уларнинг жазо тайинлашнинг умумий асослари тўғрисидаги қонун талабларига оғишмай риоя қилиш шартлиги, жиноят қонунининг асосий тамойилларидан бири инсонпарварлик тамойили эканлиги ва унинг мазмунига кўра жиноят содир этган шахсга нисбатан у аҳлоқан тузалиши ва янги жиноят содир этишининг олдини олиш учун зарур ҳамда етарли бўладиган жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилиши кераклигига қаратилиши лозим”лиги ҳақида тушунтиришларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 54, 55 ва 56-моддалари талабларига риоя қилиб, Б.Элмуродовга нисбатан жазо тури ва меъёрини тайинлашда содир этган жиноятининг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини эътиборга олиш билан бирга, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларини инобатга олиб, ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми санкциясида назарда тутилган озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаб, жиноят содир этган вақтда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келганлиги, бунинг оқибатида одам ўлими ва бошқа оғир оқибатлар келиб чиқмаганлигини инобатга олиб, унга нисбатан ЖКнинг 45-моддасини қўлламасдан тўғри хулосага келган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил
3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 1-сонли Қарорининг 13-бандида ишларни апелляция, кассация тартибида кўришда, судлар томонидан ҳукм чиқариш пайтида жазо тайинлашнинг умумий асосларига риоя қилинганлиги, тайинланган жазо жиноятнинг оғирлиги ва маҳкумнинг шахсига мутаносиблиги синчиклаб текширилиши лозимлиги, суднинг содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, етказилган зарар миқдори, айбланувчининг шахси, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар, айблов ҳажми, айб шакли, иштирокчиликнинг тури ва шакли ҳақидаги хулосалари тўғри деб топилган ва шу муносабат билан ҳукмга ўзгартиришлар киритилган тақдирда апелляция, кассация инстанцияси суди ўз қарорини асослантирган ҳолда маҳкумга нисбатан тайинланган жазони енгиллаштириш масаласини муҳокама қилиши шартлиги ҳақида тушунтиришлар берилган.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 4-қисмида етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаслиги белгиланган.
Шу боис судлов ҳайъати судланувчи Ш.Низамов содир этган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, унинг шахсини, оилавий ва моддий шароитини, уни эпизоди бўйича етказилган зарар мавжуд эмаслигини, фуқаровий даъвогарнинг унга нисбатан даъвоси йўқлигини инобатга олиб, ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми санкцияси доирасида ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлашни, жиноят содир этган вақтда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келганлиги, бунинг оқибатида одам ўлими ва бошқа оғир оқибатлар келиб чиқмаганлигини инобатга олиб, унга нисбатан ЖКнинг 45-моддасини қўлламасликни, ЖКнинг 62-моддаси тартибида қамоқда сақланган муддатни тайинланган жазодан чегириб ташлашни, шу муносабат билан Ш.Низамовга нисбатан танланган эҳтиёт чорасини бекор қилиб, дарҳол суд залидан қамоқдан озод қилишни ҳамда ҳукмнинг судланувчи Б.Элмуродовдан солиқ қарздорлигини ундириш, судланувчи Ш.Низамовдан “Uzbekleasing International O.A.” ҚК АЖ фойдасига моддий зарар ундириш қисмларини бекор қилишни, “Qishloq qurilish faravon parranda” МЧЖ ҳудудида сақланаётган Италиянинг “OFFICINE FACCO” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган товуқларни боқиш учун мўлжалланган қафасларни “Uzbekleasing International O.A.” ҚК АЖга қайтаришни лозим топади.
Юқоридагиларга кўра ва Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 49713, 49717-49719, 49723, 49726, 49730-49731-моддаларига амал қилиб, судлов ҳайъати


а ж р и м қ и л д и:


Жиноят ишлари бўйича Пискент туман судининг 2022 йил
12 августда Элмуродов Бекзод Элмурод ўғли ва Низамов Шарафуддин Садреддиновичга нисбатан чиқарган ҳукми ўзгартирилсин.
Ҳукмнинг Элмуродов Бекзод Элмурод ўғлини Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 184-моддаси 3-қисми, 189-моддаси, 233-моддаси билан айбли деб топиш ва ЖК 59, 61-моддаларига асосан жазо тайинлаш қисмлари, Низамов Шарафуддин Садреддиновични Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 233-моддаси билан айбли деб топиш ва ЖК
59-моддасига асосан жазо тайинлаш ҳамда 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан жазо тайинлаш қисмлари бекор қилинсин.
Элмуродов Бекзод Элмурод ўғлини айбловидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 184-моддаси 3-қисми, 189-моддаси,
233-моддаси, Низамов Шарафуддин Садреддиновични айбловидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 233-моддаси ортиқча эълон қилинганлиги сабабли чиқарилсин.
Б.Элмуродовга ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан жазо тайинлаш қисми ўзгаришсиз қолдирилсин.
Ш.Низамовга ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан ойлик иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлансин.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 62-моддаси тартибида, унинг
2022 йил 12 августдан 2022 йил 22 ноябрга қадар 3 ой 10 кун қамоқда сақланган муддатнинг ҳар бир кунини ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг уч кунига тенглаштириб, тайинланган 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан чегириб ташлаб, унга қатъий ўташ учун ойлик иш ҳақининг
20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил 2 (икки) ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қолдирилсин.
Жазони мазкур жазо ижросини назорат қилувчи органлар белгилаб берадиган жойларда ўтаттирилсин.
Жазони ўташ муддати иш ҳақидан ундирилган кундан бошлаб ҳисобга олинсин.
Низамов Шарафуддин Садреддиновичнинг эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, дарҳол суд залида қамоқдан озод қилинсин.
Ҳукмнинг судланувчилар Б.Элмуродовдан 651.773.900 (олти юз эллик бир миллион етти юз етмиш уч минг тўққиз юз) сўм миқдорида солиқ қарздорлигини ундириш, судланувчи Ш.Низамовдан “Uzbekleasing International O.A.” ҚК АЖ фойдасига 184.665,06 (бир юз саксон тўрт минг олти юз олтмиш беш олти цент) АҚШ доллари миқдорида моддий зарар ундириш қисмлари бекор қилинсин.
Дастлабки тергов органининг 2021 йил 6 январдаги қарори билан хатланган Тошкент вилояти, Бўка тумани “Қўлдоштепа” МФЙ ҳудудида жойлашган “Qishloq qurilish faravon parranda” МЧЖ ҳудудида сақланаётган Италиянинг “OFFICINE FACCO” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган товуқларни боқиш учун мўлжалланган қафаслар “Uzbekleasing International O.A.” ҚК АЖга қайтарилсин.
Суд ҳукмининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилсин.
Шикоятлар қисман қаноатлантирилсин.
Мазкур ажрим устидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида шикоят келтириш ёки протест билдириш мумкин.
Раислик қилувчи: (имзо) Д.Сулейманов


ҳайъат судьялари: (имзо) М.Ахмедов

(имзо) Д.Иззатов


Нусхаси аслига тўғри: Д.Иззатов
Download 43.35 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling