Ишнинг давлат дастурлари ёки илмий-тадқиқот ишлари режалари билан боғлиқлиги: Мазкур мавзу илмий-тадқиқот ишлари режалари билан боғлиқ.
Муаммонинг ўрганилганлик даражаси: Мурожаат бирликлари ва уларнинг хусусиятлари ҳақида рус тилшунослиги ва қиёсий тилшуносликда маълум изланишлар олиб борилган1. Ўзбек тилшунослигида С.Мўминов ва З.Акбароваларнинг тадқиқотларида мурожаат бирликлари социолингвистик ва психолингвистик жиҳатдан ўрганилган2. Н.Аҳмедованинг диссертациясида мурожаат бирликларининг дескриптив кўриниши, мазмуний тузилиши, уларда пропозиция ва пресуппозициянинг ифодаланиши, коннотациянинг юзага чиқиши каби масалалар тадқиқ этилган3. Корейс нутқий мулоқотидаги мурожаат бирликлари Г.Ким, Ҳ.К. Жоҳн4, корейс ва ўзбек тилларидаги мурожаат бирликлари қиёсий жиҳатдан Ш.Усманованинг илмий мақоларида ўрганилган5. Бироқ корейс ва ўзбек тилларидаги мурожаат бирликлари қиёсий жиҳатдан ва таржимашунослик нуқтаи назаридан махсус тадқиқот объекти бўлмаган. Мазкур диссертация иши бу йўналишда амалга ошириладиган дастлабки тадқиқотлардан биридир.
Тадқиқотнинг мақсади: Ишнинг асосий мақсади корейс ва ўзбек тилларидаги мурожаат бирликларини қиёсий тадқиқ этиш, уларни нутқий мулоқотда тутган ўрнини аниқлаш, таржимада ифодаланиши масалаларини ўрганиш ҳамда тадқиқот натижалари асосида таклифлар киритишдан иборат.
Тадқиқотнинг вазифалари: Мақсаддан келиб чиқиб, қуйидаги вазифалар белгиланди:
– корейс ва ўзбек тилларидаги мурожаат бирликларини қиёсий нуқтаи назардан таҳлил қилиш;
– мурожаат бирликларини нутқий мулоқотда тутган ўрнини белгилаш;
– мурожаат ва ундалманинг умумий ва фарқли жиҳатларини кўрсатиб бериш;
– мурожаат бирликлари пресуппозициясини таърифлаш;
– мурожаат бирликларининг коннотатив маъноларини очиб бериш;
– мурожаат бирликларининг нутқий-мавзуий гуруҳларга таснифлаш;
– мурожаат бирликларининг таржимада ифодаланишини тадқиқ этиш.
Тадқиқотнинг объектини корейс ва ўзбек дискурси ташкил этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |