Киноси. АҚШда кино санъати ривожлана бошлаши арафасида, 1893 йилда Т. А. Эдисон „кинетоскоп“ни ихтиро қилди. Мамлакатда уч йилдан кейин кино ишлаб чиқарила бошланди. 1908 йилдан Голливуд (Лос-Анжелес яқинида) АҚШ кинематографияси маркази бўлиб қолди. Истеъдодли режиссёр Д. У. Гриффит яратган „Миллатнинг туғилиши“ (1915й.), „Чидаб бўлмаслик“ (1916й.), „Синдирилган новдалар“ (1919й.) каби тарихий фильмлар мустақил санъат сифатида кинога асос солди. Овозсиз кино санъатида Ч. Чаплин, Г. Ллойд, Б. Китон, Р. Арбекл, Ч. Конклин каби кино қизиқчилари етишиб чиқди. 1950-йилларда Голливуд кўп серияли фильмлар чиқара бошлади: „Бен-Гур“, „Спартак“, „Клеопатра“, 1960-йилларда „Бонни ва Клайд“ (А. Пени, 1966й.), „Фавқулодда ҳодиса“ (С. Люмет, 1967й.), „Жанубнинг диққинафас тунида“ (М. Николе, 1967й.), „Битирувчи“ (1968й.) кабилар фильмларни келтиришимиз мумкин. 1970-1980- йилларда кўнгилочар ва саргузашт фильмлар, „даҳшат“ ва „фалокат“ фильмлари чиқаришга киришиб кетилди. АҚШ киноактёрлари — Б. Ланкастер, С. Треси, М. Брандо, Г. ва Д. Фондалар, Д. Хофман. АҚШда кино санъати ўқув муассасалари, жумладан, Кино санъати академияси (1927 йилда асос солинган) бор, у ҳар йили мамлакат ва чет элларда яратилган энг яхши фильмларга „Оскар“ мукофотини беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |