- Ижтимоий психологик ҳодисаларни ўрганишда ишлатиладиган тестлар
- Тест тушунчаси ҳаётимизга энг кўп учрайдиган атамалардан бири ҳисобланади. Бу – шахсга, гуруҳ ёки ижтимоий қатламга тааллуқли бўлган айрим хусусиятлар ва ҳолатларни қисқа фурсатда текшириб олиш усулидир. Бугунга келиб, тестларнинг жуда кўплаб турлари мавжуд. Улар ҳақида услубий адабиётларда етарли даражада маълумотлар бор.
- Амалиётда, асосан, вербал ёки новербал тестлар ишлатилади. Биринчисида текширилувчи ҳукмига саволлар мажмуи ҳавола этиш, уларга қай тарзда жавоб бериш кераклиги тўғрисида ҳам маълумот берилади. Бир қарашда бу, стандартлаштирилган анкетани эслатади.
- Новербал тестларда эса, текширув материали сифатида расм, конкрет жисм ва техник аппаратурадан фойдаланилади.Шунингдек, қўлларни ёки бармоқларни бир-бирига боғлаш топшириғи орқали характерни ўрганиш ҳам новербал тестга мисол бўлади. Бу усул, асосан, болалар билан ишлаганда; тил муаммоси пайдо бўлиб, бошқа давлат вакиллари ўзга юртларда қиёсий текширувлар ўтказишганда; проектив методикалар қўлланганда ишлатилади. Новербал тестларнинг ҳам, вербал тестларнинг ҳам ўзига хос афзалликлари ва чекланганлик даражаси мавжуд. Нима бўлганда ҳам, тестнинг қай даражада бизни қизиқтираётган сифатни аниқлай олишига эътиборни қаратиш керак. Чунки ҳозирда шундай юзаки тузилган, вақтни мароқлироқ ўтказишга қаратилган тестлар мавжуд бўлиб, уларнинг рус ёки инглиз тилидан тўғридан-тўғри таржима қилинган шакллари ишончсиз ва илмий асосланмаган ҳисобланади.
Ижтимоий психологик ҳодисаларни ўрганувчи ноанъанавий методлар - Ижтимоий психологик ҳодисаларни ўрганувчи ноанъанавий методлар
- Биз қуйида баён қиладиган усуллар фанда умуман йўқ бўлган ёки бошқа фанлардан олинганлар сирасига кирмайди. Улар айрим сабабларга кўра илгари илмий метод сифатида қаралмаган, аммо ҳозирда замонавий, деб эътироф этилаётган методлардир. Масалан, рус олими Г.В.Щекиннинг визуал психодиагностикаси ана шундайлар сирасига киради. Бу усулнинг моҳияти ва унинг асосини ташкил этувчи омил – ижтимоий объектда бевосита кўзга ташланадиган симптомлар ва белгилар ҳисобланади. Симптоматика – муаллифнинг фикрича, визуал ижтимоий-психологик диагностиканинг асосий элементидир. Лекин ижтимоий-психологик ҳодисалар табиатан мураккаб жараёнлар бўлгани учун ҳам, бу усул барча жабҳаларни қамраб олиши мумкин, деб бўлмайди. Масалан, мулоқот жараёнини оладиган бўлсак, биз ҳар доим суҳбатдошнинг гапларинигина эътиборга олган ҳолда хулоса чиқарамиз. Лекин бу жараёнда новербал воситалар ҳам мавжуд бўлиб, улар мулоқатни тўлдиради, бойитади ва кучайтиради. Бу ҳолат бизнинг қилиқларимиз, мимика, пантомимикамиз, юз қиёфамиз, лабларимиз, пешонамиз, қоматимизнинг ҳолати ва ҳоказолар орқали тавсифланади. Ана шу белгилар визуал психодиагностика предметини амалий аҳамиятини кўрсатади. Қуйида биз айрим қилиқларнинг визуал маънолари шарҳини келтирамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |