Б. Ж. Эшов, А. А. Одилов Ўзбекистон тариxи


Ер эгалиги. Деҳқончилик ва чорвачилик


Download 6.3 Mb.
Pdf ko'rish
bet188/196
Sana23.09.2023
Hajmi6.3 Mb.
#1686319
1   ...   184   185   186   187   188   189   190   191   ...   196
Bog'liq
ЎЗБЕКИСТОН ТАРИХИ. 1-ЖИЛД

Ер эгалиги. Деҳқончилик ва чорвачилик. Бутун Ўрта Осиѐ ҳудудида 
бўлгани каби Хива хонлигида ҳам ер эгалигининг қуйидаги шакллари 
ҳукмронлик қилган: давлатга қарашли ерлар ѐки подшолик ерлари; хусусий 
шахсларга қарашли ерлар; диний муассасаларга қарашли ерлар, ѐки вақф 
ерлари.
Подшолик ерлари бевосита давлатга, хонга тегишли бўлиб, авлоддан 
авлодга мерос бўлиб ўтган. Давлат ерларига доимий суғориладиган экинбоп 
ерлардан ташқари ташландиқ ерлар, қумлик, адирлар ва яйловлар, кўл ва 
тўқайзорлар ҳам кирган. Давлат ерлари босиб олинган ҳудудлар, хонга 
қарши мулкдорларнинг мусодара қилинган ерлари, янги ерларнинг 
ўзлаштирилиши ҳисобига ҳам кенгайиб борган. Давлат ерлари хон 
томонидан мулкдорларга ва ижарачи деҳқонларга, беватан (ерсизлар)ларга 
фойдаланиш учун бўлиб берилган.
Бундай ерлардан давлатга олинган ҳосилнинг 40-50 фоизигача маҳсулот 
ѐки пул кўринишида солиқ ундирилган. Давлат ерлари хонлик хазинасининг 
асосий манбаи ҳисобланган. Хон ўзига холис хизмат қилган амалдорларга, 
яқин қариндошларига, содиқ хизмат қилган навкарларга ва диндорларга 
давлат ерларидан инъом қилиб берган. Бундай ерлар солиқлардан озод 
этилган.
Хусусий (мулк) ерлар хоннинг шахсан ўзига, унинг яқин 
қариндошларига, йирик бойларга, сарой амалдорларига, ҳарбийларга ва 
бошқа зодагонларга тегишли ерлар бўлган. Хонликнинг сувга яқин бўлган 
ўтроқ марказий туманларидаги унумдор ва серҳосил ерларнинг асосий қисми 
мулкдорлар қўлида эди. XIX асрнинг биринчи ярмига оид маълумотларга 
кўра, мулк эгаларига тегишли ерлар хонликдаги барча суғориладиган 
ерларнинг ярмидан кўпроғини ташкил этган. Манбаларнинг маълумот 
беришича, айрим мулкдорлар ихтиѐрида икки-уч минг танобдан ўнлаб минг 
танобгача ер бўлган. Мисол учун, Питнак, Хазораси ва Шўрохон шаҳарлари 
ҳамда уларга туташ бўлган қишлоқлар амир ул-умарога тегишли бўлган. 
Муҳаммадаминхон ўғли Абдулла тўрага 20 минг танобдан ортиқ ерни инъом 
қилган ва ҳоказо. 
Вақф ерларига диний муассасаларга, масжид, мадраса, қабристон, 
хонақоларга қарашли ер-мулклар кирган. Бу мулклар диний муассасаларга 


469 
хон, амалдорлар ва айрим шахслар томонидан вақф қилиб берилган. Бундай 
ерлардан келган даромад диний муассасалар эҳтиѐжи учун сарф этилган. 
Маълумотларга кўра, XIX аср ўрталарида хонликдаги вақф мулкининг 
умумий ҳажми 170-175 минг танобни ташкил этган.
Хива хонлигидаги кам ерли ва умуман ерсиз, от-уловсиз деҳқонлар 
кўпчиликни ташкил этган бўлиб, улар давлат, мулк ҳамда вақф ерларида 
ижарага ишлаганлар. Ижарадорлар ижарага олган ер миқдорига қараб 
давлатга солиқ тўлаганлар. Улар кимнинг ерида хизмат қилишларига қараб 
беватан, коранда ва вақфкор деган қатламларга бўлинган. Давлат ерларини 
ижарага олган ерсиз ва камқувват деҳқонлар беватанлар, мулк ерларидаги 
ижаракорлар коранда, вақф ерлари ижаракорлари эса вақфкор деб аталган. 
Деҳқончилик ва чорвачилик Хива хонлиги иқтисодий ҳаѐтининг 
асосларидан ҳисобланган. Деҳқончиликда Амударѐ қуйи оқимидан олинган 
кўплаб каналлар ва ариқлар муҳим ўрин эгаллаган. Таъкидлаш лозимки, 
Хива хонлигида сув манбаларининг етарли бўлишига қарамасдан, 
деҳқончилик тараққиѐти қўшни Бухоро хонлигидагидек юксак даражада 
ривож топмаган эди.
Хонликда донли экинлардан буғдой етиштириш нисбатан кенг 
ривожланган бўлиб, буғдой Питнакдан Шоҳаббозгача бўлган ҳудудларда 
айниқса кўп эқилган. Суғориладиган ерларга буғдойнинг саранчи нави кўп 
етиштирилган. Буғдой йиғиб олинган далаларга қовун, тарвуз, мош, жўхори 
каби экинлар экилган. Хонликда кўплаб шоли экинзорлари мавжуд бўлган. 
Пахта етиштириш асосан Гурлан, Янги Урганч, Хива, Хонқа, 
Шоҳаббозда ривожланган. Пахта чигитидан ѐғ олиниб, толаси маҳаллий 
ҳунармандлар эҳтиѐжи ва ташқи бозорга чиқарилган. Сув кўп талаб 
қилмайдиган (Ҳазорасп, Қўнғирот, Тошҳовуз, Илонли, Ғазоват, Манғит ва 
Гурлан) кунжут, нўхат, мош, арпа ва бошқа экинлар экилган. Сабзовот – 
полиз экинлари кўплаб етиштирилган. Хоразм қовунлари қўшни ҳудудларда 
ҳам машҳур бўлган. Боғдорчилик ҳам анча тараққий этган. Аммо, ипакчилик 
кам миқдорда ривожланган.
Хонликнинг ўтроқ деҳқончилик туманларида чорвачилик яхши ривож 
топмаган. Воҳаларида йирик ҳайвонлар деҳқончиликда (ер ҳайдаш, ҳосилни 
янчиш, сув чиқариш ва бошқ.) фойдаланиш, гўшт ва сут маҳсулоти учунгина 
боқилган. Хонлик аҳолисинг гўштга бўлган талабини кўчманчи туркман ва 
қозоқ қабилалари қондирганлар. Кўчманчилар қўй, йилқи, туя етиштириб 
аҳолининг гўшт, сут, тери, жун билан тўла таъминлаб турган.
Солиқ сиѐсати. Хива хонлигида қўшни давлатларда бўлгани каби хирож, 
закот, бож, жизъя каби солиқлар мавжуд бўлган. Муҳаммад Раҳимхон I 
амалга оширган иқтисодий ислоҳот туфайли хонликдаги солиқ сиѐсатига 
ўзгартиришлар киритилади. Хусусан, илгари маҳсулот кўринишида йиғиб 
олинадиган хирож ўрнига пул солиғи солғит (солғут) жорий этилди. Бунга 
кўра, 10 танобдан ортиқ ери бўлганлар йилига 3 тилло (54 танга), 5-10 таноб 
ери бўлганлар 2 тилло (36 танга), 5 танобгача ери бўлган деҳқонлар 1 тилло 
(18 танга) миқдорда солиқ тўлаганлар. 15 танобгача ерни ижарага олган 
ижаракорлар йилига давлат хазинасига 34 танга, 10 танобгача ерни ижарага 


470 
олганлар 22.6 танга, 5 танобгача ерни ижарага олганлар 11.3 танга миқдорда 
солиқ тўлаганлар. Ижаракор деҳқонлар давлат хазинасига солиқ тўлашдан 
ташқари, ижарага ер берган хўжайинга пул ѐки маҳсулот билан ҳақ тўлаши 
ѐхуд ишлаб бериши лозим бўлган.
Хонликдаги ярим ўтроқ ва чорвадор аҳоли ҳам давлат хазинасига 
белгиланган миқдорда хирож ва закот тўлаганлар. XIX аср бошларидан 
бошлаб улардаги хирож солиғи солиқ кесма деб атала бошлаган. Бунга кўра, 
қорақалпоқлар ва қўнғиротлар экин майдони ва ҳосил миқдоридан қатъий 
назар давлат хазинасига ҳар йили 24.5 минг кичик тилло миқдорида солиқ 
тўлаб турганлар. Қорақалпоқлар ва қозоқлардаги ерсиз ва от-уловсиз 
деҳқонлар, хон, унинг қариндошлари ва сарой амалдорларининг шахсий 
ерларида ижаракор бўлсалар ҳосилнинг ҳар 4 ѐки 5 ботмони ҳисобидан икки 
ботмон миқдорида давлат хазинасига солиқ тўлаганлар. 
Чорвадор аҳоли хон хазинасига закот солиғи тўлаган. XIX аср 
бошларига қадар бу солиқ натура кўринишида, 40 бош чорва ҳисобидан бир 
бош ундирилган бўлса, кейинги даврларда закотни ундиришга ўтилган. 
Эндиликда чорвадорлар йирик чорва учун 40 бош чорвадан 5 тилло, майда 
чорванинг ҳар 40 бошига 10 аббос (10 аббос – 25 кумуш танга) миқдорида 
солиқ тўлаганлар. 
Юқоридагилардан ташқари хонликнинг барча ўтроқ, ярим ўтроқ ва 
кўчманчи аҳолиси қазув, бегор, қочув, отланув, бож пули, милтиқ солиғи, 
улов тутув, қўналға, чопар пули, тарози ҳақи, миробона, дарвозабон, мир 
туман ҳақи, афанак пули каби қўшимча тўлов ҳамда мажбуриятларни ҳам 
бажарганлар. Улар орасида энг оғири қазув, қочув ва бегор бўлиб, бу давлат 
қурилиши, ариқларни ва дарѐдаги дамбаларни таъмирлаш, қалъа, сарой, 
шаҳар деворлари, йўл ва кўприклар қурилиши ҳамда таъмирланиши учун ҳар 
йили 12 кун бепул ишлаб бериш мажбурияти бўлган. 

Download 6.3 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   184   185   186   187   188   189   190   191   ...   196




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling