Биринчи ва иккинчи сигналлар тизими. Биринчи ва иккинчи сигнал тизимлари ҳақида И. П. Павлов таълимоти. Уларнинг биологик аҳамияти. Сўз-одам олий нерв фаолиятининг махсус сигнали сифатида эканлиги. Онг, нутқ, фикрлаш физиологияси
Download 118 Kb.
|
5- мавзу асли
5-МАВЗУ. Биринчи ва иккинчи сигналлар тизими. Биринчи ва иккинчи сигнал тизимлари ҳақида И.П.Павлов таълимоти. Уларнинг биологик аҳамияти. Сўз-одам олий нерв фаолиятининг махсус сигнали сифатида эканлиги. Онг, нутқ, фикрлаш физиологияси. Инсоннинг олий нерв фаолияти барча ҳайвонларникидан ўзидаги анализ (таҳлил) ва синтез қилиш хусусиятларининг мукаммаллиги билан фарқ қилади. Бунга олиб келадиган омил эволюцион жараёнда мия пўстлоғи фаолиятининг тобора ривожланиб бориши бўлибгина қолмасдан, қайсиким ҳам ҳайвонларга ҳам одамга тегишли, балким тарихий тараққиётда фақат инсоннинг ўзигагина хос бўлган фаолиятлар механизми ҳам асос бўлиб хизмат қилади. Ҳайвонот оламидан ўзлаштирилган ва фақат инсонга хос бундай хусусиятларнинг юзага келиши ва ривожланишида меҳнат ҳал қилувчи рол ўйнайди. Меҳнат қилиш ва унинг тобора мукаммаллашиб бориши яна шундай функцияни вужудга келтирадики, унинг таъсирида инсон олий нерв фаолияти ҳайвонларда бўлмаган ва бўлмайдиган даражада юксакликка эришди. Бундай функцияга инсоният дунёсида асос солинди ва меҳнат қилиаш жараёнида у кишиларнинг ҳал қилувчи фикр алмашиш воситаси бўлиб хизмат қилди. Нутқ ва тил орқали бўладиган муносабатлар одамда олий нерв фаолиятининг тобора ривожланишига, мисли кўрилмаган даражада тараққиётига олиб келди. Бу ҳақида Ф.Энгельс ўзининг “Табиат диалектикаси” асарида шундай ёзади: “Даставвал меҳнат кейин аниқ- равшан нутқ маймун миясининг аста-секин инсон миясига айланишига олиб келди”. Миянинг эса ҳайвонот дунёсида ҳам инсоният оламида ҳам олий нерв фаолиятининг морфо-функционал таркиби эканлигини биз юқорида батафсил таърифлаб ўтдик. Одамда олий нерв фаолиятининг бундай ўзига хослиги унда иккита яъни биринчи ва иккинчи сигналлар тизими мавжудлигидан келиб чиқади. Ушбу тизимни илк бор 1932 йилда илмий асослаб берган олим И.П.Павлов ҳисобланади. Биринчи сигналлар тизими бу организм билан муҳит орасида конкрет (аниқ) ташқи муҳит таъсирлагичлари бевосита рецепторларга таъсир этиши туфайли юзага келадиган ўзаро алоқадир. Бу тизим ҳайвонот дунёси учун ташқи оламдан ахборотлар олиб туриладиган яккаю-ягона восита ҳисобланади. Ташқи муҳитдаги турли-туман таъсирлагичлар ўзларининг физикавий ва кимёвий хусусиятлари (товуши, ранги, шакли ва бошқалар) билан бўлажак ҳодисалар олдидан хабар берувчи шартли сигналлар бўлиб хизмат қилади ва шу жараёнлар орқали организмни муҳит шароитига мослаштириб боради. Масалан, тинч ётган оҳу учун йиртқичнинг қадам товушлари ҳимояланиш (қочиб қолиш) рефлексини чақиради ва ҳаказо. Биринчи сигнал тизими орқали олинадиган ахборотлар аниқ бўлиб маълум бир предметлардан тарқалади. Бу тизим орқали ҳосил бўладиган шартли рефлекслар юқори тараққий этган ҳайвонларда юзага келадиган элементар тафаккурнинг физиологик асоси бўлиб ҳисобланади. Биринчи сигнал тизими ҳайвонлар ҳамда инсон учун умумий бўлиб ҳисобланади. Лекин одамда унинг ажралган ҳолда мавжуд бўлиши туғилгандан кейин ярим йил давом этади. Шундан кейин тарбия жараёнида олий нерв фаолиятининг иккинчи сигнал тизими, яъни унга ташқи дунё билан алоқа қилиш ва ундаги турли-туман ўзгаришларни фаҳмлаш имкониятини берадиган сигнал тизими шаклланади. И.П.Павлов иккинчи сигнал тизими инсон олий нерв фаолиятининг ҳайвонот дунёсидан ажралиб, мисли кўрилмаган даражада ривожланишига олиб келди, деб таърифлайди. Иккинчи сигнал тизими ташқи дунёдаги барча сигналларнинг сўз билан ифодаланадиган олий даражада қайд қилинишидир. У кўрган, эшитган, сезган, ҳаёлан тасаввур қилинадиган сигналларнинг сўз, гап, нутқ билан ифодаланиши бўлиб, фақатгина инсонга хос хусусиятдир. Инсонда иккинчи сигнал тизимининг шаклланиб юзага келишида асосий сабаб меҳнат қилиш жараёнидаги ижтимоий муҳит ҳисобланади. Меҳнат қилиш туфайли мускуллар, бўғимлар, пайлар орқали мияга кўтариладиган кинестетик импульслар олий нерв фаолиятининг инсонда энг юқори даражада мукаммаллашувига олиб келган асосий омиллардан бири бўлиб хизмат қилган. Сўз инсон учун бошқа ташқи муҳит предметлари каби физиологик таъсирловчи ҳисобланади. Шу билан бирга сўз инсон учун битта товуш ёки товушлар йиғиндисидан иборат таъсирлагич бўлиб қолмасдан, у маълум мазмун сифатида қабул қилинади. Масалан, “олов” сўзига нисбатан анча мустаҳкам шартли рефлекс ҳосил қилинди дейлик. Тажрибалар давомида “олов” ўрнига “аланга”, “чўғ” сўзлари шартли сигнал сифатида ишлатилганида ҳам шартли рефлекс юзага келади. Чунки ҳар уччала сўзнинг ҳам маъноси бир хил, қайси бири қўлланилмасин иссиқ ва ёруғликка эга таъсирлагич тушунчаси шаклланди. Сўз физиологик таъсирлагич сифатида бошқа аниқ предмет -таъсирлагичлардан қатор хусусиятлари билан ажралиб туради. Биринчидан, у ҳам биринчи ҳам иккинчи сигналлар тизими хос таъсирлагичларни умумлаштириш хусусиятига эга. Масалан, “стол” сўзи киши ҳаёти давомида кўрган, тасаввур қилган столларнинг барчасини эслатади (уларнинг ранги, катта-кичиклиги, бир тўмбали, икки тўмбали, қандай материалдан ясалганлиги ва ҳакозо). Шунга кўра ушбу сўз эшитувчини аниқ предмет ҳақидаги фикрдан мавҳум (абстракт) фикрларга йўллайди. У ёки бу стол назарда тутилганлиги учун унга қўшимча сўз киритиш керак, масалан, “қора стол” ёки “икки тўмбали стол” ва бошқалар. Шуларга кўра иккинчи сигнал тизимини кўп қамровли, биринчи сигнал тизимидаги таъсирлагичларни умумлаштирувчи, мавҳум (абстракт) тушунчалар ҳосил бўлишига олиб келувчи тизим деб қараш керак. Иккинчидан, иккинчи сигнал тизими биринчи сигнал тизимидан ўзининг жуда кенг маълумотга эгалиги билан ажралиб туради. Бунда сўз орқали билдирилган тушунчада бошқаларнинг ва жамоатчилик фикри инобатга олиниши муҳим. Бундай маълумотлар сўз орқали ёки ёзма ҳолатда бўлиши мумкин. Масалан, спортчи ўз маҳоратини оширишда бевосита ўзининг шуғулланишидан ташқари мураббийси томонидан сўз орқали билдирилган фикрларга, бошқа спортчиларнинг бажарадиган амалларига (кино, фотохроника) эътибор бериши ҳам муҳим аҳамият касб этади. Иккинчи сигнал тизими инсонгагина хос бўлган нутқ ва фикрлашнинг физиологик асоси бўлиб ҳисобланади. Сўз, гап эшитиш ва кўриш анализаторлари орқали марказий нерв системасига етиб келиб мураккаб шартли рефлекслар бўлмиш ёзма ва оғзаки нутқни шакллантиради. Биринчи ва иккинчи сигнал тизимлари бир-биридан ажралмаган жараёнлардир. Инсоннинг барча туйғулари, идроки, тасаввури сўз ёки ёзма сўз яъни ёзма нутқ сифатида иккинчи сигнал тизими орқали ифодаланади. Биринчи сигнал тизими иккинчи сигнал тизимисиз фаоллик кўрсатишини ҳали тили чиқмаган болаларда кузатиш мумкин. Маълумки, инсон танаси симметриялик хусусиятига эга, унда иккита қўл, иккита оёқ, иккита кўз, иккита қулоқ бор. Одамнинг бош мияси ҳам бир-бирига жуда ўхшаш иккита яримшардан иборат эканлигини биламиз. Уларнинг ҳар иккаласида ҳам бир-бирига ўхшаш эгатлар, пушталар бор. Бундан ташқари ҳар бир яримшарда эшитиш, кўриш ва бошқа сезги марказлари ҳам мавжуд. Бу ҳолатлар ҳар бир ярим шар мустақил бўлиб фаолият кўрсатади, деган фикрга олиб келиши табиий. Лекин бундай мустақиллик фақат соматик фаолиятларни бошқаришда кузатилар экан, масалан, чап яримшарнинг мотор қисми шикастланса, тананинг ўнг томонида ҳаракатлар бузилади, ўнг яримшардаги шу соҳа шикастланганида чап томон ҳаракатлари бузилади. Иккинчи сигнал тизими билан боғлиқ фаолиятларнинг юзага чиқишида иккала яримшарнинг ҳиссаси бир хил эмас экан. Ҳозирга қадар мия яримшарлар пўстлоғида иккинчи сигнал тизими марказларининг локализацияси охиригача ўрганилмаган. Унинг амалга оширилишида ҳар иккала яримшарлардаги марказлар иштирок этади. Шу билан бир қаторда замонавий электрофизиологик, биофизикавий, биокомёвий усуллар билан ўнақай одамларда чап мия яримшарларларининг бу борада устун туриши аниқланган. Рус олими И.П.Павлов томонидан очилган ва илмий асосланган иккинчи сигнал тизими физиология, психология, философия, лингвистика ва тиббиётнинг ривожланишига улкан ҳисса қўшди. Инсондаги иккинчи сигнал тизими унга ақлу-заковатда мисли кўрилмаган ривожланиш имкониятларини берди. Сўз, нутқ ҳар бир кишига бутун инсоният эришган ҳаётий тажрибалардан (барча соҳаларда) кенг кўламда фойдаланиш, ўз билимларини кенгайтириш ҳамда бир вақтнинг ўзида эришилган ютуқ ва муваффақиятларни бошқалар билан улашиш, муҳокама қилиш имкониятларини берадиган тизим. Ёзма нутқ бундай имкониятларни янада ривожлантирди, беқиёс қилди. И.П.Павлов сўзни “сигналларнинг сигнали” деб таърифлайди ва унинг ниҳоятда мураккаблигини, фақат ўзаро мулоқот йўли билан келиб чиқишини ушбу сигналларнинг ўз навбатида инсон олий нерв фаолиятини тобора такомиллашувидаги аҳамиятини очиб берди. Шулар боис инсон, техника, фан, санъат ва ижтимоий соҳаларда янгидан янги муваффақиятларга эришмоқда. Олимнинг иккинчи сигнал тизими ҳақидаги таълимоти унинг олий нерв фаолияти бўйича яратган янгиликларининг энг нуфузли қисми дейиш мумкин. Онг инсон миясининг маҳсули ҳисобланади. Психологик нуқтаи-назардан онг фақат одамгагина тегишли бўлган борлиқнинг психологик тасаввур қилинишидир. Онг-сўз, математик, бадиий асарлар билан ҳосил қилинган билимнинг бошқаларга берилиш, узатилиш ёки жамият аъзоларининг ўзига тегишли мулки бўлиб ҳисобланади. У бирон нарсани тушуниб етиш, фаҳмлаш уни бошқаларга бериш, етказиш имкониятини берса, фаҳмламаслик бундай имкониятдан маҳрум қилади. Онгнинг пайдо бўлиши ўз навбатида уни бошқаларга бериш усулларидан бири нутқни юзага келтиради. Онг тушунчасини илк бор И.П.Павлов физиологик ҳодиса деб қарайди ва уни инсоннинг олий нерв фаолияти маҳсули дейди. И.П.Павловнинг ўзи ва ундан кейин ўтган физиологларнинг кўпчилиги бу тушунчанинг ниҳоятда мураккаблигини таъкидлаб, онг мия яримшарларининг пўстлоқ қисми, пўстлоқ ости ядроларидан айнан қайси нуқталари билан бевосита боғлиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаганлиги боис шарҳлаб бера олмаган. Ҳозирги пайтда бу борада тадқиқотлар нейрофизиологик замонавий усуллар ёрдамида давом эттирилмоқда. Лекин натижалар эса ҳамин қадар. Табиат ва жамият ҳодисаларининг мия томонидан англаб етилганларидан англаб етилмаганлари кўп десак хато қилмаймиз. Бошқача айтганда кўп нарсаларни тушунишга ақлу-заковатимиз, онгимиз етади (бунга ўқиш, ўрганиш, фаҳмлаш каби чуқур ва ўзига хос меҳнат билан эришилади), лекин онгимиз етмайдиганлари, биз идрок қила олмайдиганлари бундан бир неча баробар кўп десак бу ҳам ҳақиқат. Шунинг учун ҳам қанча кўпроқ билиш, англаш учун ҳаракат қилинса, шунча ўрганилмаган нарсаларнинг кўплигининг шоҳиди бўламиз. Шунинг учун бўлса керак буюк Сократ (тахминан эрамиздан аввалги 399-470 йиллар) “ Шунча ўқиб-ўрганиб битта нарсани англадим (билдим), у ҳам бўлса ҳеч нарсани билмас эканман” деб бежиз айтмаган. Бу ерда асосий нарса дунёдаги, табиат ва жамиятдаги воқеа ва ҳодисаларни англаб олиш борасида биздаги онг, ақл-идрок тегишли тараққиёт даражасига етмагани бўлса керак. Чунки онг мия маҳсули сифатида Homo sapiens пайдо бўлиши билан юзага келди, кейин меҳнат қилиш, ўзаро алоқалар воситасида олий нерв фаолияти қонун қоидаларига мос равишда ривожланди, такомиллашди, ақлу-заковат пайдо бўлди. Лекин у ниҳоясига етди дея олмаймиз, шунинг учун илм-фанда янгиликлар, ихтиролар яратилмоқда. Бундай янгиланиш албатта онг боис жамият ривожланишида ҳам содир бўлмоқда. Нутқ. Биз юқорида биринчи ва иккинчи сигналлар тизимига таъриф бериб ўтдик. Нутқ айнан иккинчи сигнал тизими асосида вужудга келиб, олий нерв фаолиятидаги мураккаб рефлексдир. Нутққа доир рефлекслар миянинг турли қисмлари билан боғлиқ. Масалан, унинг пешона қисмидаги эгатлар ҳаракат марказлари ҳисобланиб оғзаки нутқ (бевосита гапириш) пайдо бўлиши учун хизмат қилади (бу соҳани Брок маркази дейилади). Миянинг чекка қисмида нутқни эшитиш маркази (Вернике маркази) жойлашган бўлиб, у ташқи дунёдан келадиган барча товушларни, шу жумладан нутқни ҳам қабул қилади. Нутқ мана шу марказлардан биоэлектрик сигналларнинг сўз, гап, нутқ ҳосил қилувчи аппаратларга борадиган буйруқ туфайли юзага келади. Нутқнинг физиологик асосини нутқ ҳосил бўлиши ва нутқни қабул қилиш ташкил қилади. Бунинг учун аъзолар ёки нутқ аппарати иштирок этади: ҳиқилдоқ (бўғиз), томоқ, оғиз, бурун, юмшоқ танглай ва лаблар. Бу аъзолар иши бир-бирига қатъий мослаштирилган ҳолда бўлади ва шу сабабли нутқ аниқ ва равон юзага келади (буни артикуляция дейилади). Уларнинг биронтасида функционал ёки органик нуқсон пайдо бўлса, масалан, тил кесилса, нутқ умуман бўлмаслиги, ғулдираш, манқалик ва бошқа ҳолатлар юзага келади. Инсонда нутқ билан боғлиқ барча ривожланишлар эволюцион жараён ҳисобланади. Аниқ, бурро ва тушунарли нутқнинг юзага келишида лаблар ҳамда тилнинг ўзига хос ва чаққон ҳаракат қилиши катта аҳамиятга эга. Бундай ҳаракатчанлик инсон тараққиётидаги қатор анатомик ўзгаришлар билан қўлга киритилган. Пастки жағнинг кенгайиши ва калталаниши, иякнинг пайдо бўлиши, қозиқ тишларнинг калта бўлиши, оғиз бўшлиғининг тил ҳаракати учун каттаришини шулар жумласига киритиш мумкин. Бу ўзгаришлар туфайли товуш яхши резонанс олади. Инсонда нутқ аппарати иккига бўлинади, яъни периферик ва марказий қисмлар. Периферик қисмга юқорида айтиб ўтилган нутқ аппарати аъзолари кириб, ўпка ва тегишли мускуллар орқали юзага келтирилган ҳаво оқими ҳиқилдоқдаги товуш пардаларини ҳаракатга келтиради (тебрантиради) ва бу ҳол товуш тўлқинларини пайдо қилади. Товуш ёки нутқ аппаратининг ривожланиши ўз ўрнида эшитиш аъзолари ривожланишига олиб келади. Марказий қисмга миянинг маълум соҳалари кириб, улар ичида марказий нутқ аппарати ҳам мавжуд. Ушбу аппарат таркибига мия пўстлоғи, пўстлоқ ости ядролар, узунчоқ мия ҳамда нафас олишга алоқадор мускулларга (кўкрак қафаси ва артикуляцион мускуллар) борадиган нерв йўллари киради. Нутқнинг юзага келишида ҳал қилувчи ролни чап мия яримшарлари пўстлоғи бажаради (пешона, чакка, тепа, энса). Унинг чекка қисмида нутқ-эшитиш олий марказлари жойлашган ва у ўзга нутқни эшитиш вазифасини бажаради. Миянинг тепа нутқ маркази эшитилган товушларни тушуниш учун, энса қисмдагилари эса ёзма нутқни қабул қилади. Нутқнинг ритми, темпи (суръати), ифодалилигини фарқлашда пўстлоқ ости ядролар ҳал қилувчи рол ўйнайди. Нутқ аъзолари ва мия пўстлоғи бир-бири билан икки хил нерв йўллари орқали боғланган бўлади. Марказдан қочувчи йўл, у мия пўстлоғи билан периферик (овоз) нутқ аппаратларини бир-бирига боғлаб туради. Ушбу нерв йўли нутқ аппаратларидан мия пўстлоғи томон йўналтирган бўлади. Марказга интилувчи нерв йўлининг бошланиши проприоретцепторлар (мускуллар, пай ва буғимларда) ва барорецепрорларда жойлашган. Барорецепторлар ҳиқилдоқдаги ҳаво босимининг ўзгариши билан қўзғалади. Бош мия нервларидан (мия сопидан бошланадиганлари) учламчи, юз, тил-томоқ, адашган, қўшимча, тил ости нерв йўллари марказий нутқ марказидан импульсларни периферик нутқ марказига йўллайди. Нутқнинг тезлиги, кучи, тембри эркакларда болалик пайтидаги товушнинг ўзгариши (йигитликнинг бошланиши) даврига келиб шаклланади, хотин-қизларда эса бу ҳолат ўсмирлик даврининг бошланишига тўғри келади. Шундан кейин нутқ ва товушнинг доимийлиги кексалик ва қариялик даврларигача сақланиб қолади. Шунинг учун ҳам узоқ вақт кўрмаган кишини товушига қараб таниб олиш мумкин. Сўзлар билан ифодаланадиган нутқ уч шаклда бўлади: акустик, оптик ва кинестезик. Акустик шаклдаги нутқ товуш сигналлари ҳолида бўлиб, у тарқалаётган сигналларни бўлакларга бўлиш йўли билан маълум нутқни юзага келтиради. Нутқнинг коммуникатив функцияси айнан товушнинг акустик шакли билан амалга оширилади. Товушнинг оптик шакли ҳарфларга қараб сўзларни талаффуз, анализ ва синтез қилиш имкониятини беради. Ушбу шакл яна нутқнинг символик (рамзий) функциясини ҳам яратади. Кинестезик нутқ шакли товуш пайдо қилувчи мускуллар фаолияти билан боғлиқ бўлиб, у нафақат товуш чиқараётганда, балки бирон фикр ҳақида ўйлаганда ҳам тегишли мускуллар тонусини юқори ҳолда сақлайди. Шунинг учун ҳам одам ўзи ўйлаган фикрига мос ҳолда гапиради (дўқ, пўписа, ялиниш, илтижо қилиш ва бошқалар). Инсон нутқи орқали маълум тушунчаларни бериш, англатишидан ташқари яна нутқ сўзловчи ҳақида унинг характери, ўзига хос психологик хусусиятлари каби маълумотларни ҳам тингловчиларга беради. Бунда нутқ интонацияси, сўз бойлиги, нотиқлик санъати, хулқ-атвори муҳим рол ўйнайди. Нутқнинг ушбу хусусияти кишининг тил паспорти дейилади. Ушбу паспорт кўрсаткичлари (жинси, ёши, туғилган жойи, миллати, маданияти, тарбияланганлиги) киши гапирганда, нутқ сўзлаганда тингловчиларга узатилади. Одамнинг ёзма нутқи ҳам унинг нутқ паспортига тегишли бўлади (ҳуснихатга қараб одамни асабий, турғун ёки бошқа хусусиятлари) ҳақида хулоса чиқариш мумкин. Нутқнинг физиологик механизми-яримшарлар пўстлоғидаги кўплаб нерв ҳужайраларининг (ядроларининг) ўзаро координациаланган мураккаб фаолиятидан иборат. Фикрлаш ҳам бошқа психологик жараёнлар қатори мия функцияси ҳисобланади. Унга ҳар иккала сигналлар тизими иштирокида юз берадиган миянинг мураккаб тахминий фаолияти деб қараш мумкин. Лекин иккинчи сигнал тизими ҳал қилувчи рол ўйнайди. Нутқ фикрлашнинг ўзига хос шакли ҳисобланади ва у фикрлаш билан бошқарилади. Ўз навбатида нутқ фикрлашни ривожлантиради. Фикрлаш нутқ орқали бошқаларга етказилади, шунинг учун фикрнинг мукаммал бўлишида уни ҳар томонлама ўйлаб кўришда нутқ яқиндан ёрдам беради. Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, фикрлаш ва нутқ, сўз бир-бирини тўлиқ такрорлайдиган жараёнлар эмас. Масалан бир фикрни турли сўзлар билан ифодалаш мумкин (синонимлар), ёки битта сўз турли тушунчаларни, фикрларни ифода қилиши мумкин (омонимлар). Фикрлашнинг қандай шаклланишига қабул қилинган нутқнинг тузилиши ҳам таъсир қилади. бир маънони берадиган нутқни (сўзни) ҳар хил тузилишга эга сўз, гаплар билан ифода этиб, ҳар хил фикрни юзага келтириш мумкин. Масалан, ривоят қилинишича бир катта амалдор тушида оғзидаги ҳамма тишларини тушиб кетганлигидан ҳавотирланган ҳолда (чунки тушда тиш тушиши ўлимдан дарак беради, деган диний тушунча мавжуд) барча қўл остидаги хизматкорларини тўплаб, менга бу туш таъбирини айтиб беринглар деб талаб қилади. Шунда эшитувчилардан бири “бу туш барча қариндош-уруғлар ва бола-чақангизнинг ўлиб кетишидан дарак беради” дейди. Бундан қўрқиб кетган амалдор саросимага тушиб, ўзини қўярга жой тополмай қолади (бир фикрнинг юзага келиши). Шунда бошқа бир эшитувчи “сиз барча қариндош-уруғ ва бола-чақангиздан кўп яшайсиз, мана шу нарса тушингизда акс этибди” дейди. Бу гапни эшитган амалдор ўзини босиб “мен энг узоқ яшаш бахтига эришар эканман” деб мамнун бўлади (иккинчи фикрнинг юзага келиши). Кўриниб турганидек аслида бир маънони англатадиган икки хил сўз (нутқ) бир-бирига қарама-қарши икки хил фикрлашни юзага келтирди. Фикрлаш мия пўстлоғи ва пўстлоқ ости ядролари орасидаги ҳар хил анализаторларнинг вақтинча боғланиши туфайли юзага келади. Бу ҳақда И.П.Павлов ўз вақтида айтиб ўтган, яъни мия яримшарлар пўстлоғини ўзига хос функциялари билан ажралиб турадиган аралаш-қуралаш нерв марказлари (мозаикали) деб қараш керак, лекин пўстлоқ функционал жиҳатдан динамик хусусиятга ҳам эга, яъни ундаги марказлар орасида ўзаро уйғунлик, умумий боғланиш ҳаёт давомида ўзгариб туради. И.П.Павлов фикрлаш дастлаб ташқаридаги нарса предметлар билан ҳосил қилинган элементар ассоциация, кейинчалик у ассоциациялар занжирларга айланади деб тушунтиради. Дастлабки элементар ассоциация ташқи дунё ҳақида ҳақиқий тушунча бермаслиги, баъзан эса нотоғри хулосаларга олиб келиши мумкин. Фақат ташқи сигналларнинг қайта-қайта такрорланиши билан ҳосил бўлган вақтинча боғланишлар дифференциаллашиб ташқи дунё ҳақида (таассурот) физиологик асос яратилади. Download 118 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling