Чавандоз” билан “чапандоз”


Download 17.69 Kb.
Sana27.12.2022
Hajmi17.69 Kb.
#1069821
Bog'liq
boboso`zdan


  1. Чавандоз” билан “чапандоз”

Тилимизда от чоптириш, улоқ чопиш, отда ўйнаш санъатини эгаллаган одамга нисбатан чавандоз сўзи қўлланилади. Баъзан илғор, пешқадам одамларга нисбатан ҳам бу сўз ишлатилади. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”га кўра, чавандоз сўзининг туб илдизи форс тилида “чап қўл билан ўқ (камон) отувчи, чапдаст, моҳир” маъноларини англатади. Демак, чапақайлар чаққон ва абжир бўлади деган қараш азалдан мавжуд. Энди яна бир мулоҳаза: “Чапандоз” номли доира усули жўрлигида ижро этиладиган мумтоз “Чапандози наво”, “Чапандози ироқ” каби куй ва ашулалар маъносидаги чапандоз сўзининг туб илдизи ҳам “чап қўлда ўқ отувчи” деб изоҳланган. Демак, чавандоз ва чапандоз сўзларининг илдизи бир хил. Лекин “Ўзбек тилининг этимологик луғати”да бу сўз илдизи от устида учи эгри таёқ билан тўпни уриб ўйналадиган ўйинни ифода қилган чавгон сўзига бориб тақалади деб кўрсатилган. Бу фараз ҳам одамни мулоҳазага ундайди.


Аму билан Сирдан сув ичган,
Зарафшонни лойлатиб кечган
Чавандозлар бордир бу элда...
Ҳамид Олимжон

  1. Ўшакчи” ушоқчими?

Ўшакчи сўзи менга болалик йилларимдан таниш. Қишлоғимизда чақимчи, майда гап, гап ташувчи одамларни ўшакчи дейишарди. Лекин чақимчиларни нега ўшакчи дейишларини ҳеч тушунолмаганман. Ҳозир ҳам жанубий вилоятларимизда бу сўз кўп қўлланади. Кейинроқ билсам, ўшак сўзининг ушоқ сўзига алоқаси бор экан.
“Девону луғотит-турк” индексида “ушоқ” сўзига шундай изоҳ берилади:
У ш а қ I. – кичик, майда.
У ш а қ II. – чақимчилик, маломат.
Дарҳақиқат, чақимчилик майда-чуйда гаплар билан машғул бўлишдир. Чақимчилик – майдакашлик деган маънода ушақ сўзи билан ифодаланган бўлиши мумкин.
Кошғарийда шундай шеър келган:
Атғалир оқнї азақ
Тӭгмӓдї бу саw ушақ.
Маъноси:
Шўх қиз менга ўқ отмоқ истайди,
Менга бу маломат гаплар етмас эдими?
Шеърда ушақ сўзи “маломат, майда гаплар” маъносида келаяпти.
Юсуф Хос Ҳожибда эса:
Ѳзүңә йағутма ушақчы кишиг
Маъноси:
Ўзингга чақимчи кишини яқинлаштирма
деган мисра келади ва бунда ҳам “ушақчи” ўшакчи, майда гап ташувчи, майдакаш мазмунида келади.
Алишер Навоий асарларида ушоқ сўзи икки маънода – майда ва ёш бола маъносида келган.

  1. Ичак-чавоқ”даги “чавоқ”

Тилимизда ичак-чавоқ бирикмаси кўп ишлатилади. Бунда ичак сўзининг маъноси ҳаммага маълум. Лекин чавоқ сўзининг маъносини ҳамма ҳам билавермайди. Кошғарий изоҳига кўра, чабақ сўзи “майда балиқ” маъносини англатган. Бу сўзнинг ичак сўзига қўшилиб кетишига сабаб ичак атрофидаги майда-чуйда нарсаларни ифодалаш бўлган бўлиши мумкин. Чавоқ сўзи кўпроқ майда-чуйда нарсаларга нисбатан қўлланилганлигини қадимий туркий тилда паст, тубан, майда одамнинг чабақ эр деб аталганидан ҳам билса бўлади. Шунингдек, ҳозир “гўштни чавақлаш” маъносидаги чавақлаш сўзи ҳам “майдалаш”ни билдиради ва “чавоқ” сўзига бориб тақалади.
55. Қовуқ, қовоқ, ковак...
Қовуқ ва қовоқ сўзлари ўртасида ўхшашлик бор. Бу сўзларнинг бири одам танаси аъзоси маъносини билдирса, бири полиз экини “ошқовоқ” маъносини билдиради. Қарангки, улар мазмун жиҳатидан бир-биридан узоқ, лекин товушлар уйғунлиги жиҳатидан деярли бир хил. Аммо туб маъно сари борилса, бу уйғунлик бекорга эмаслиги маълум бўлади. Яъни қовуқ сўзи Маҳмуд Кошғарий изоҳига кўра, “ичи бўш нарса” маъносини англатади. Ҳолбуки, қовоқ ҳам ичи бўш нарса. “Қовоқ калла” деган ибора ҳам шундан келиб чиққан. Тилимиздаги ковак сўзи ҳам ичи бўш нарсага нисбатан қўлланади. Эрванд Севортян қовуқ сўзининг ўзаги “қов” – “ковак”, “ичи бўш” мазмунини англатишини таъкидлаган. Баъзи олимлар қобиқ сўзини ҳам шу илдизга олиб бориб тақайдилар. Балки қовун сўзи ҳам бу сўзлар билан қариндош бўлиши мумкин. Чунки қовуннинг ҳам ўртаси бўш бўлади. Лекин Густав Рамстед қовун сўзи мўғул тилидаги “гаун” сўзидан деб изоҳлайди.
Download 17.69 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling