Олимлар ва жамоатчилик фикрининг ғалабаси
Download 16.22 Kb.
|
Тарих - ибрат
- Bu sahifa navigatsiya:
- Ҳалим Тўраев тарих фанлари доктори, профессор
Олимлар ва жамоатчилик фикрининг ғалабаси Мустабид тузум деб баҳолаётганимиз совет даврида ҳам Бухоро шаҳрининг тарихий қиёфасини сақлаб қолиш борасида тарихчи олимлар, жамоатчилик фикри инобатга олинган. Мен қуйида эслатмоқчи бўлган масала ўтган асрнинг 60-йиллари охири ва 70-йиллари бошларида кўтарилган. Ўшанда Бухоро шаҳри тарихий-этнографик ҳудудининг қоқ марказида Зардўзлик фабрикасини қуриш режалаштирилган эди. Лекин жамоатчилик, соғлом фикрли фидоийлар, шунингдек, тарихчи олим - Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих ва археология институти директори, ҳозирда академик Аҳмадали Аскаровнинг (умрлари узоқ бўлсин) жиддий эътироз ва таклифлари билан Бухоро зардўзлик фабрикасини шаҳар тарихий ҳудудидан анча узоқ масофада қуришга қарор қилинди ва шундай бўлди. Бу қуруқ гаплар бўлмаслиги учун Бухорода таъмирлаш ишлари тарихи билан шуғулланаётган ёш тадқиқодчи Д.Абдуллаеванинг архив материалларини ўрганиш асосида ҳимояга тайёрлаётган диссертациясидан мавзуга дахлдор парчани келтирамиз. Зора, тарихий хотирамиз уйғониб, Бухоронинг тарихий ҳудудига туташ жойда, яъни шаҳарнинг қадимий девори ўтган мавзеда қурилиши мўлжалланаётган Туристик марказни бошқа жойда қуришга, ёхуд ўзи шундай ҳам туризм шаҳри бўлган Бухоро учун кераксиз бу лойиҳадан воз кечишга қарор қилсак, тарихдан ибрат олсак. Ҳалим Тўраев тарих фанлари доктори, профессор “Илмий тадқиқотга жалб этилган архив ҳужжатларининг таҳлили қадимий Бухоро меъморчилигининг ўзига хослиги, ноёблиги янги шаҳар қурилишини лойиҳалаштирилишида инобатга олинганлигини тасдиқлайди. Бухоронинг эски шаҳар қисми ва бунёд этилиши режалаштирилган янги архитектура иншоотларнинг ўзаро мувофиқлик масалалари архитекторлар ўртасида турлича мулоҳазаларни шакллантирган. Кўп ҳолларда соҳа вакиллари эски ва янги шаҳар мутаносиблигига риоя этишни, хусусан эски шаҳар понарамасини янги иншоотлар билан бузмаслик ғоясини илгари сурганлар. Шулар орасида архитектор В.Л.Слонимскийнинг қуйидаги фикрлари эътиборга молик. “...Бухоро шаҳрининг панорамаси асосан икки қисмдан ташкил топган. Монументал ижтимоий-маданий архитектура ёдгорликлари унинг вертикалини ташкил этса, аҳоли лойсувоқ турар жойлари эса шаҳар қиёфасининг горизонтал кўринишини шакллантиради. Шаҳар панорамасини бузмаслик мақсадида мавжуд архитектура иншоотларини йўқотмаслик даркор.... Шаҳарнинг қадимий қисмини сақлаб қолиш ўз навбатида тўлақонли ҳал этиш мушкул бўлган муаммоларнинг ўсиб боришига олиб келади. Имкони борича, бу қадимий меъморий панорамани янгиси билан алмаштирмаслик ва бузмаслик мақсадга мувофиқдир ” 1. Шунга қарамай, 1968-1971 йиллар оралиғида Бухоро шаҳрининг тарихий ёдгорликлари гавжум жойлашган ҳудудида “Амалий санъат ва ҳунармандчилик (Золотошвейный – Зардўзлик фабрикаси) комбинатини қуриш режаси муҳокама қилинади2. Ушбу масалага доир ҳужжатларни ўрганиш жараёнида комбинат Минорайи Калон, Масжиди Калон, Мири Араб, Мирзо Улуғбек, Абдулазизхон мадрасалари, савдо тоқлари ва Абдуллахон Тими атрофидаги 3,5 га ер майдонида қурилиши белгиланганлигига гувоҳ бўлинди3. Комбинат лойиҳаси бир неча объектдан иборат бўлиб 4 босқичда: 1-босқичда “Зардўзлик”, 2-босқичда “Ёғоч ва ганчкорлик” устахоналарининг маъмурий бинолари, 3-босқичда “Заргарлик”, 4-босқичда савдо расталари ва устахоналар қурилиши режалаштирилади. Лойиҳа таъмирлаш муассасалари ва илмий жамоатчилик ўртасида катта тортишув ва баҳсларга сабаб бўлган. Жумладан, 1969 йил апрель ва август ойларида республика Ёдгорликлар муҳофазаси бошқармаси ушбу қурилишга ўз эътирозини билдиради. 1971 йилда эса ЎзССР ФА Тарих ва Археология институти директори А.Асқаров ушбу қурилиш лойиҳасини шаҳарнинг бошқа ерида амалга ошириш зарурлиги юзасидан ЎзССР Маҳаллий саноат вазири Я.Исмоилхўжаевга мурожаат қилади4. Натижада Зардўзлик факрикаси шаҳарнинг эски қисмида эмас ундан узоқроқ мавзеда бунёд этилади”. 1 ЎзМА, Р-2296-фонд, 6-рўйхат, 13-йиғмажилд, 59-варақ. 2 Лойиҳа Тошкентда жойлашган Давлат лойиҳалаш инспексияси (ГПИ-4) архитекторлари А.Косинский, С.Шуваева, муҳандис А.Зильбершлей, Л.Шиповский, О.Бордонский, И.Бурцева ҳамда Н.Водологинлар томонидан ишлаб чиқилган. 3 ЎзМА, Р-2296-фонд, 6-рўйхат, 41-йиғмажилд, 50-варақ. 4 ЎзМА, Р-2296-фонд, 6-рўйхат, 83-йиғмажилд, 12-14, 22-варақлар. Download 16.22 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling