Чўкинди жинсларнинг цементи. Доналар ва цемент орасидаги муносабатлар ҳам, цементнинг ўзи ҳам бир қатор текстураларнинг вужудга келишига сабаб бўлади. Доналар ва цемент орасидаги нисбатга қараб қуйидаги асосий цементация турлари ажратилади (Швецов, 1958): базал, туташиш ёки контактли, ғовакли цемент, тўлдирувчи цемент ва коррозион цемент.
Таркиби бўйича цемент карбонатли, сульфатли, кремнийли, темирли ва гилли бўлади.
5.2.3. Чўкинди жинсларнинг турлари
Алюмосиликатли (бўлакли) чўкинди жинслар. Алюмосиликатли жинслар бўшоқ ёки цеметланган бўлиши мумкин.
Бўшоқ жинсларга думалоқланган ёки қиррали бўлакларнинг тўпланишидан ҳосил бўлган турлари киради.
Цементланган бўлакли жинслар бўшоқ жинсларнинг турли кимёвий моддалар ёрдамида бирикиши туфайли ҳосил бўлади. Кремнезёмли цемент (иккиламчи кварц, опал, халцедон) энг мустаҳкам, темирли цемент (лимонит) мустаҳкам, карбонатли (кальцит) ва сульфатли (гипс) мустаҳкамлиги паст ва гилли цемент номустаҳкам бўлади.
Алюмосиликатли жинсларга харсанг ва ғўлакли конгломератлар, брекчиялар, гравелитлар, қумтошлар ва алевролитлар киради.
Келиб чиқиши. Аюмосиликатли жинслар туб жинсларининг механик нураши туфайли вужудга келади.
Ишлатилиши. Алюмосиликатли жинслар асосан қурилиш материаллари сифатида фойдаланилади.
Гилли жинслар. Гилли жинслар табиатда жуда кенг тарқалган. Улар стратисферадаги чўкинди жинсларнинг ярмидан кўпини ташкил этади. Гилли жинслар типик бўлакли жинслар билан кимёвий жинслар ўртасида оралиқ вазиятни эгаллайди.
Гилли жинсларнинг зичлашмаган ва метаморфизмга учрамаган турлари юқори ғовакликка (50-60%) эга бўлади. Сув билан аралаштирилганда хамирсимон масса ҳосил қилади. Бу массадан турли идишлар ясаш мумкин. Улар оловда тобланганда тошдек қаттиқ ва мустаҳкам жинсга айланади.
Гилли жинслар минерал таркибига кўра каолинитли, гидрослюдали, монтмориллонитли, палигорскитли ва бошқа кўплаб турларга бўлинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |