5.2. Чўкинди жинслар
Чўкинди жинслар турли табиий-иқлимий шароитларда қуруқлик юзасида ва сув ҳавзаларининг тубида шаклланади. Чўкинди ҳосил бўлиш жараёни литогенез деб аталади. Н.М.Страхов (1963) бўйича литогенезнинг 4 та тури: гумид (нам-илиқ иқлимли), арид (қуруқ-иссиқ иқлимли), нивал (нам-совуқ иқлимли) ва вулканоген-чўкинди ажратилади. Литогенез турларига боғлиқ ҳолда бошқа барча тенг шароитларда тўпланган жинсларнинг таркиби ва цементи турлича бўлиши мумкин.
5.2.1. Чўкинди жинсларнинг таснифи ва минерал таркиби
Чўкинди жинсларнинг таснифи. Чўкинди жинсларни таснифлаш тамойиллари В.П.Батурин (1932 й.), М.С.Швецов (1934 й.) Л.В.Пустовалов (1940 й.), В.И.Лучицкий (1948 й.), Г.И.Теодорович (1948 й.), В.М.Страхов (1960 й.) ва бошқа тадқиқотчилар томонидан таклиф этилган. Аммо чўкинди жинсларнинг ягона таснифи ҳозиргача мавжуд эмас.
Ҳар бир тадқиқотчи бажариладиган вазифага қараб у-ёки бу таснифдан фойдаланади. Энг кенг тарқалган таснифлар чўкинди жинсларнинг моддий таркибини ўрганишга ва ҳосил бўлиш шароитларига асосланган. Биринчи таснифга мувофиқ чўкинди жинслар алюмосиликатли, карбонатли, кремнийли (силицитли), галогенли, аллитли, темирли, марганецли, фосфатли жинсларга ва каустобиолитларга бўлинади. Иккинчи тасниф бўйича чўкинди жинслар бўлакли, хемоген, органоген ва аралаш таркибли турларга ажратилади.
Алюмосиликатли жинслар туб жинсларнинг механик нураш маҳсулотлари ҳисобланади ва аксарият ҳолларда нурашга барқарор бўлган минераллар ва жинсларнинг бўлакларидан таркиб топган бўлади. Заррачалар ўлчамига қарамасдан бўлакли жинслар бўшоқ ёки цементланган бўлиши мумкин.
Карбонатли ва кремнийли жинслар ҳам кимёвий, ҳам органоген йўллар билан ҳосил бўлса, галоген жинслар фақат кимёвий, каустобиолитлар эса фақат органоген йўллар билан шакллананиши мумкин.
Алюмосиликатли чўкинди жинслар бўшоқ (гравий, қум, алеврит, глина) ва цементланган (гравелит, қумтош, алевролит, аргиллит) бўлиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |