Хотира турлари
Хотира инсоннинг ҳолати ва фаолиятининг барча соҳаларида қатнашиши туфайли унинг намоён бўлиш шакллари, ҳолатлари, шарт-шароитлари, омиллари ҳам хилма-хил кўринишга эгадирлар. Одатда хотирани муайян турларга ажратишда энг муҳим асос қилиб унинг тавсифномаси сифатида эсда олиб қолиш, эсда сақлаш, эсга тушириш, унутиш сингари жараёнларни амалга оширувчи фаолиятининг хусусиятларига боғлиқлиги олинади. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, айрим дарсликларда хотира турлари турлича классификасия қилинади. Жумладан, А.В.Петровский таҳрири остида чиққан "Умумий психология" дарслигида қуйидаги классификасия учрайди:
Фаолиятда кўпроқ сезилиб турадиган психик фаолликнинг хусусиятига қараб: ҳаракат, эмосионал, образли ва сўз мантиқ хотира.
Фаолиятнинг мақсадларига кўра: ихтиёрсиз ва ихтиёрий хотира.
Материални қанча вақт эсда олиб қолиш ва эсда сақлаш муддатига кўра: қисқа муддатли, узоқ муддатли ва оператив хотира.
М.Г.Давлетшин таҳрири остида чиққан "Умумий психология" ўқув қўлланмасида қуйидаги хотира классификасияси қайд қилинади:
Психик фаоллигига кўра: ихтиёрий ва ихтиёрсиз хотира.
Фаолият мақсадига кўра: ҳаракат, эмосионал, образ ва сўз-мантиқ хотираси.
Муддатига кўра: узоқ муддатли, қисқа муддатли ва оператив хотира.
Э.Ғ.Ғозиэв таҳрири остида чиққан "Умумий психология" ўқув қўлланмасида хотира турлари қуйидагича классификасия қилинган.
1. Руҳий фаолиятнинг фаоллигига кўра:
а) ҳаракат ёки мотор ҳаракат хотираси;
б) образли хотира;
в) ҳис-туйғу ёки ҳиссиёт хотираси;
г) сўз-мантиқ хотира.
2. Руҳий фаолиятнинг мақсадига биноан:
а) ихтиёрсиз;
б) ихтиёрий;
в) механик.
3. Руҳий фаолиятнинг давомийлигига кўра:
а) қисқа муддатли хотира;
б) узоқ муддатли хотира;
в) оператив (тезкор) хотира.
Do'stlaringiz bilan baham: |