5-МАВЗУ. ДАВЛАТ-ХИЗМАТ МУНОСАБАТЛАРИНИНГ ТАСНИФИ
Давлат хизмати жараёнида вужудга келадиган ҳуқуқий муносабатлар турли-туман бўлиб, уларни бир неча асосларга кўра таснифлаш (гуруҳлаш, турларга бўлиш) мумкин.
Ҳуқуқ назариясига асосланиб, ҳуқуқий муносабатларнинг вазифаси ва функционал белгиланишига қараб, уларни иккига бўлиш мумкин:
а) тартибга солувчи муносабатлар, яъни ҳуқуқ субъектларининг мўътадил хулқ- атвори, ҳуқуққа мувофиқ хатти-ҳаракатларининг натижасида вужудга келадиган муносабатлар;
б) муҳофаза қилувчи муносабатлар, яъни ҳуқуқбузарликни содир этиш ва бу учун давлатнинг мажбурлов чораларини қўллаш зарурияти асосида вужудга келадиган муносабатлар.
Кўпгина юридик адабиётларда ҳуқуқий муносабатларнинг моддий ва процессуал турларга бўлиниши ҳам кўрсатиб ўтилган.
Моддий-ҳуқуқий муносабатлар - бу моддий-ҳуқуқий нормалар асосида вужудга келадиган ҳамда ҳуқуқ субъектлари томонидан ҳуқуқлар ва мажбуриятларнинг амалга оширилиши билан боғлиқ бўлган муносабатлардир. Моддий-ҳуқуқий нормалар орқали давлат хизмати жараёнида:
давлат хизмати принциплари;
давлат хизматининг умумий тушунчалари;
давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми (ҳуқуқлари, мажбуриятлари, ваколатлари, кафолатлар, имтиёзлар, тақиқлар, чекловлар, жавобгарлик);
хизмат шароитлари, аттестация, хизмат интизоми;
давлат-хизмат муносабатларининг бекор бўлиш асослари ўрнатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |