Диншунослик” фанидан бакалавриат йўналиши учун ЎҚув-услубий материаллари
Христианлик таълимотининг тарқалиши
Download 312.83 Kb.
|
Диншунослик УМК 2021
4. Христианлик таълимотининг тарқалиши. Христианлик таълимоти тарқалишида христиан жамоаларининг Шарқ ва Жанубга ҳаракатлари даврида амалга оширган кенг миссионерлик фаолияти катта роль ўйнади. Бошқа тарафдан, христианликнинг Марказий Осиёга кириб келишига Рим империясида христианларнинг беаёв тазйиқ остига олиниши ҳам сабаб бўлди. III асрга тегишли бир Сурия манбаи Ўрта Осиё икки дарё оралиғини ўз ичига олган Кушон давлатидаги христианлар ҳақида маълумот беради. Улар Эрон, Ўрта Осиё аҳолисини христианлик билан таништирдилар, Мўғулистон чўллари ва ҳатто Хитойгача етиб бордилар.
Марказий Осиёнинг жанубий чегараларига яқин ерларда жойлашган жамоалар бу ерда христианликнинг пайдо бўлишида асосий роль ўйнаган. Улар Византия, Сурия, Фаластин ва Эрондан ушбу минтақага кўчиб келиб, бу ерда ўзлари билан олиб келган ўз маданияти, санъати ва диний таълимотини тарқатганлар. Умуман олганда, Марказий Осиё ҳудудига христианликнинг кириб келиши икки йўл билан, яъни милоднинг III асрларидан то бугунги кунга қадар христианликни тарғиб этувчи миссионерларнинг тарғиботчилик ҳаракати ҳамда минтақанинг Россия империяси томонидан босиб олиниши ва христиан динига эътиқод қилувчи аҳолининг ушбу минтақага кўплаб кўчиб келиши орқали амалга ошган. Замонавий Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудларида апостол Андрей Первозванныйнинг диний фаолияти илк христианлик тарихи манбаларида қайд этилгани диққатга сазовор. Бунинг далили сифатида бугунга қадар сақланиб қолган ҳинд христианларининг «Фома қайдномалари» ва милодий II асрда ташкил топган Марказий Осиё черкови тараққиёти ҳақидаги тарихий ёзма манбалар хизмат қилади. Марказий Осиё ҳудудида археологик қазилмалар натижасида V - XIV асрларга мансуб деб топилган кўплаб христианлик ёдгорликлари, жумладан ибодатхона ва монастирларнинг харобалари, фрескали икона ёзувлари, матоларга битилган иконалар, Инжил қиссалари тасвирланган керамикалар, бўйинга осиладиган хоч ва медаллар ҳамда христианлик тимсоли туширилган давлат тангалари, минглаб хоч туширилган қабр тошлар ёки қабр устига қўйилган хочлар аҳамиятга молик. Марв христианлари тўғрисидаги маълумотлар энг қадимги ҳисобланади. Беруний айтишича, Марвда Исо Масиҳ туғилганидан 200 йил ўтгач, ушбу дин роҳиб Барахий томонидан олиб кирилган. Археологик маълумотлар эса Марв шаҳри атрофида христиан эҳромининг III - IV асрларда фаолият кўрсатгани ҳақида маълумот беради. Миссионерлар фаолияти натижасида 280 йилда Талос (Марке) черковлари қурилиб бўлган, Самарқандда (310 йилдан), Марвда (334 йилдан), Ҳиротда (430 йилдан), Хоразмда ва Марказий Осиёнинг бошқа шаҳарларида епископлик, миссиялар тузилган. Хусусан, Марвда II асрдан бошлаб шаҳарнинг ғарбий деворлари ортида черков бинолари пайдо бўлган. Шаҳар атрофида христиан қабристони жойлашган. Бу эса христианларнинг сони кўплигидан далолат беради. Хуросоннинг шимолий ҳудудларида христианликнинг муваффақиятли тарғиботи Марвда тахминан 420 йилда митрополия очилиши билан якунланади. Бу ерда монастирлик жамоаси пайдо бўлади. Черков буюмларини тайёрлайдиган устахоналар ҳам вужудга келади. Туркманистондан то Қирғизистон худудигача олиб борилган археологик тадқиқотларга кўра, юқоридаги даврларда черковлар, ибодатхоналар кўпайиб борган. Илк ўрта асрларда (IV-VIII аср) Суғд, Уструшона, Шош, Хоразмда несториан хочлари суратлари, Суғд ёзуви ва муқаддас ҳайвонлар тасвири туширилган тангалар зарб этилган. 431 йилда Византиядаги христианларнинг Эфес соборида можаро юз берди - Несториан оқимининг христианлари, ҳукмрон дин ақидаларига хилоф иш қилган деб эълон қилинди. Несторианлар -Константинополь патриархи Несторнинг издошлари бўлиб (V аср бошларида), улар Исо Масиҳнинг илоҳий келиб чиқиши ҳақида гапириб, унинг онаси Мария Худони эмас, балки инсонни дунёга келтириб, унинг танасига Худо кириб олган ва шунинг учун лаънатланган деб ҳисоблайдилар. Араб истилоси даврида ислом Эрон ва Ўрта Осиё маданияти билан уйғунлашиб кетди. Насронийлар халифат давлатларида малакали табиблар бўлиб, юқори лавозимларда ишлашган. Улар орасида файласуф, дипломатлар ҳам бўлган. Беруний марвлик насроний табиб Ибн Масадан кўп таълимотларни ўрганган. Ибн Маса доривор ўсимликлар ва қўзиқоринлар ўсадиган жойларни ва уларнинг хосиятларини тасвирлаб асарлар ёзган. Сомонийлар даврида (IX-X аср) ислом давлат дини бўлгани учун мафкурада асосий ўринни эгаллади. Тарихчи Наршахий Бухорода христиан черкови ўрнида мусулмон масжиди қад ростлагани ҳақида маълумот беради. 1009 йилда несториан руҳонийлари Марказий Осиё халқлари орасида мўғул тилида сўзлашувчи энг йирик ва энг маданий кераитларни чўқинтирганлар. Манбаларга кўра, гўё чўлда адашиб қолган Кераит хони қаршисида авлиё Сергий пайдо бўлиб, унга йўл кўрсатган экан. Хон ўз халқи билан бирга чўқиниб, Маргуз (Марк) номини олган. Тахминан шу пайтда онгут халқи - жангари туркларнинг авлодлари (ҳуннларнинг сўнгги қолдиқлари) христианликни қабул қилишади. Шу даврда X-XI асрларда Мовароуннаҳрни забт этиб қорахонийлар империясини тузган қабилалар таркибига кирувчи ғузлар ва қисман чигиллар ҳам чўқинтирилган. Несторианлик XII аср бошига келиб ҳам ривожланди. ХI-ХII асрларда Самарқандда несторианлар митрополияси ўз фаолиятини давом эттирган. Ўрта Осиё мўғуллар томонидан забт этилгач, яна несторианликнинг кучайиши кузатилди. Марко Поло ҳам XIII асрнинг иккинчи чорагида Самарқандда қурилган Авлиё Иоанн Креститель черковини тилга олиб ўтган. Марказий Осиёга илк рус православларнинг кириб келиши XIX асрнинг 40-йилларидаги Чор Россиясининг Туркистоннинг шимолий ҳудудларини эгаллаши натижасида Туркистонга русларнинг кўчиб келиши билан боғлиқ. Ҳар бир полкда махсус руҳонийлар бўлиб, аскарларнинг диний эҳтиёжларини қондириш мақсадида кўчма ибодатхоналар ташкил этилган эди. 40-йиллар охирига келиб доимий ибодатхоналар маҳаллий пахса услубида қурила бошлайди ва 1850 йили Копалда биринчи муқим ибодатхона бунёд қилинади. Руслар жойлашган ҳудудларда кичик диний қароргоҳлар вужудга келади. Дастлабки қароргоҳлар 1850-йилларда Форт №1 (Аральск шаҳри, Қорақалпоғистон), Перовск (Қизил-Ўрда, Қозоғистон), Катта Олма-Ота тумани (Олма-Ота, Қозоғистон), Сергиопол (Аягуз), Лепсин (Лепсинск), 1860-йилларда Тошкент, Жиззах, Самарқанд, Чимкент, Авлиёота (Жамбул), Тўқмок, Каттақўрғонда рус православларининг диний қароргоҳлари мавжуд эди. 1871 йилда Тошкент госпитали ҳузурида архиепископ Ермоген (Голубев) томонидан православ қароргоҳи таъсис этилган. Бу ибодатхона хозирги Успенский кафедрал собори ўрнида бўлган. Дастлаб Туркистон Оренбург генерал-губернаторлигининг таркибида бўлганлиги боис Томск епархиясига бўйсинган. Кўп ўтмай мустақил архиерей кафедрага айланади. 1869 йил Туркистон мустақил епархиясини ташкил қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган. 1871 йил Тошкент ва Туркистон епархиясини ташкил этиш тўғрисида император фармони чиқади. Бироқ маҳаллий император амалдорлари Тошкентдаги кафедра фаолияти асл сиёсий мақсаддан чалғитади деб қаршилик кўрсатган. Христианлар бу даврда Тошкент архиереяси кафедранинг Тошкентда бўлиши учун курашганлар. Ниҳоят 1916 йил охирида архиепископ Иннокентий ҳаракатлари туфайли бу масала бутунлай ижобий якун топган. Марказий Осиёга католик ва протестант йўналиши вакилларининг кириб келишига 1879 йил 27 мартдаги Россия императорининг махсус қонунига кўра биринчи жаҳон урушида асирга олинган немис, поляк, эстон, швед, литва, латиш ва бошқа европалик аскарларнинг Туркистон ўлкасига сургун қилиниши туртки бўлди. Бу ўз навбатида, европалик асирлар орасида диний жамоалар тузиш ҳамда черковлар пайдо бўлишига олиб келди. Шўролар ҳукумати даврида Ўрта Осиё республикаларида христиан диний ташкилотлари бошқа диний конфессиялар каби давлат билан ўзаро муносабатларида мураккаб даврларни, атеистик тузумнинг аёвсиз таъқиби ва қатағон сиёсатини бошидан кечирди. Мустақиллик йиллари Ўзбекистонда диний эркинликлар қонун билан кафолатланди. 2014 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, республикада христиан йўналишига мансуб 158 та диний ташкилот расман фаолият кўрсатмоқда. Download 312.83 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling