Диншунослик” фанидан бакалавриат йўналиши учун ЎҚув-услубий материаллари


Download 312.83 Kb.
bet27/82
Sana28.12.2022
Hajmi312.83 Kb.
#1019474
1   ...   23   24   25   26   27   28   29   30   ...   82
Bog'liq
Диншунослик УМК 2021

4-мавзу. ИСЛОМ ТАЪЛИМОТИ АСОСЛАРИ
Режа:

  1. Калом илми.

  2. Мотуридийлик ва ашъарийлик.

  3. Исломда имон масаласи.

  4. Мотуридийлик калом мактаби вакиллари.



Таянч тушунчалар: Ақида, калом, мотуридийлик, ашъарийлик, имон, Аллоҳ, фаришта, пайғамбар, тақдир, қиёмат, жаннат, дўзах.
Мавзу ўқув мақсади: Талабаларда ислом калом (ақида) илми, мавзуси, моҳияти, имон ва унинг шартлари, баъзи тушунчалар, калом илми мактаби вакиллари ҳақида маълумот бериш.


1. Калом илми. «Калом» сўзи араб тилида гап, суҳбат, тил, сўзлашув, нутқ ва баён маъноларини англатади. Истилоҳий маънода эса, мусулмон кишининг эътиқоди, ақидаси ва дунёқарашини белгилаб берадиган таълимотга айтилади. Бошқача айтганда, балоғатга етган кишининг эътиқоди, имон келтириши, ислом динининг талаблари шаклида тасдиқлаши шаръий эътиқодий ҳукмларга айтилади. Ислом таълимоти бўйича барча пайғамбарларнинг ягона Аллоҳга имон келтиришга даъватлари энг асосий вазифалари деб қаралган. Шундай бўлса-да, уларнинг тутган шариат йўллари турлича бўлганини алоҳида таъкидлаш керак.
Ислом таълимотини Муҳаммад (алайҳис-салом)дан бевосита саҳобалар ўрганиб, ўзларидан кейинги тобеъинларга етказишган. Ўз навбатида улар ҳам ўзларидан кейингиларга етказган. Шу тариқа ислом таълимоти тоза ва соф ҳолда ҳозирги кунгача етиб келган. Бироқ тарих мобайнида одамлар мавжуд диний матнларни турлича талқин қилишлари натижасида турли оқимлар ва тоифалар пайдо бўлганини кўрамиз. Айни дин масаласида юзага келган нотўғри тасаввур ва тушунчалар хато эканини кўрсатиб берадиган олимлар ҳам пайдо бўлиб, улар ислом таълимотини тўғри тушунтириб берадиган фанга асос солдилар. Мазкур фанни турли даврларда «ал-фиқҳ ал-акбар», «тавҳид», «ақида», «калом», «усул ад-дин» каби бир қанча номлар билан аталди. Шундан маълум бўладики, номлар турлича бўлса-да, уларнинг ҳаммаси бир мавзуни, яъни ақида илмини ўрганиш ва тадқиқ этишга қаратилган.
«Ал-Фиқҳ ал-акбар» атамасини биринчи бўлиб имом Абу Ҳанифа қўллаб, айни шу мавзуга бағишлаб бир рисола ёзади. Чунончи, «фиқҳ» сўзи бирор нарсани ҳар томонлама ўрганиб, унинг дақиқ қирраларигача фаҳмлаб етиш маъносини билдиради. Шунингдек, намоз, рўза, ҳаж, никоҳ ва бошқа амалий ҳукмларни ўрганувчи илмни ҳам фиқҳ деб аталади. Шунинг учун ақидавий масалаларни ўрганувчи илмни «Ал-Фиқҳ ал-акбар», яъни «катта фиқҳ», амалий фиқҳ ни эса кичик фиқҳ деб юритиладиган бўлган. Яна бир «усул ад-дин» да шариат ва диндан олинган эътиқодий ҳукмларни ўрганилиб, диндаги асл ҳукмларни тадқиқ этилади. Бир қатор олимлар шу ном остида ўз китобларни таълиф этганлар. «Тавҳид» илмида Аллоҳнинг ягоналигини ва Унинг сифатларини ўрганишга эътибор берилади. Бу илм асосида Аллоҳ таолони яккаю ягона деб билиб, Унинг сифатларини шарҳлаб тушунтиришга кўпроқ аҳамият берилади. Зеро, мусулмон киши ақида борасида ўзига зарар бўлган дастлабки билимга эга бўлиши керак. Бу дастлабки илм Аллоҳ таолонинг ваҳдонияти, яъни яккаю ягоналигига имон келтириш ва уни ўрганишдан иборат. Яна бир атамани «калом илми» деб юритилади. га оид манбаларда уни ақида илмининг энг машҳур номларидан бири сифатида келтирилади.
Ислом таълимотини ўрганишда энг кўп қўлланган атама «ақида» (кўп. ақоид) бўлиб, бу ном бошқаларидан кейинроқ, Х (ҳижрий IV) асрда пайдо бўлган. «Ақида» сўзи бир нарсани иккинчисига «маҳкам боғлаш» маъносини беради. Ислом ақидаси мусулмон кишини муайян тушунчалар билан мустаҳкам боғлаб турадиган ақидалар йиғиндиси ҳисобланади. Яъни, бирор нарсага эътиқод қилиш учун уни ҳеч қандай шубҳа қолдирмайдиган даражада жуда яхши билиш керак. Муайян бир фикрни инсон фикрига айланиб, ҳис-туйғулари ва хатти-ҳаракатларини бошқарадиган ҳолга етгандагина ақидага айланган деб тан олинади. Ақида илми тўғри, соғлом ва соф эътиқодда бўлишни таъминлашга қаратилган. Диндаги айрим шаръий ҳукмлар макон ва замон тақозосига кўра, муайян даражада ўзгаришга учраши мумкин. Аммо мусулмон олимлар ўз асарларида соф ва мустаҳкам эътиқод ҳеч қачон ўзгаришга учрамаслигини таъкидлаб ўтганлар. Чунончи, Аллоҳ таолонинг яккаю ягоналиги, фаришталар, жаннат ва дўзахга имон келтириш каби эътиқодга оид қарашлар замон ва маконга қараб ҳеч қачон ўзгармайди.
Ислом таълимотига кўра, инсоннинг ўзи яшаб турган ва ўлгандан кейинги дунёдаги саодати айнан унинг ақидасига боғлиқ деб қаралади. Агар мусулмон кишининг тутган ақидаси пок бўлса, унинг тутган йўли ҳам тўғри бўлади, қилган барча амаллари ижобат бўлади ва бандалик туфайли содир этган баъзи гуноҳлари афв этилади. Бироқ кишининг ақидаси соф бўлмаса, унда бирон хатолик бўлса, тутган йўли ҳам нотўғри бўлади, ҳаёт давомида қилган амаллари беҳуда кетади ва охиратда жаҳаннам аҳлидан бўлади деб қаралади. (Шу ўринда Ақида билмаган елдур шеъри)
Ақида масаласига жуда муҳим деб қаралганидан ер юзидаги энг биринчи пайғамбардан бошлаб, охирги Муҳаммад пайғамбар (алайҳис-салом)гача Аллоҳ толонинг Ўзи керакли кўрсатмаларни берган. Шунинг учун ақидавий қарашларнинг асоси Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда келтирилган ва муайян тартибга солинган. Саҳобаларнинг тириклик пайтидаёқ одамлар ўртасида ақидавий қарама-қаршилик ва келишмовчиликлар юзага келганини кўриш қийин эмас. Ислом динимизда ақидавий ихтилофлар тўртинчи хулафои рошидин Алининг қўшинидан ажраб чиққан, ақида масаласида бир неча шубҳали саволларни ўртага ташлаган хорижийлар туфайли бошланди. Улар Ҳазрати Али ва Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) билан ақида масаласида ихтилофга боришди.
Саҳобалар даври тугаганидан кейин тобеинлар даврига келиб вазият янада кескин тус олди. Чунки бу даврда дин илмларини, айниқса, ақидани билувчи кишилар олдингига нисбатан анча камайиб, соф ақидавий қарашларга қарши турли ботил ғояларни илгари сурган фирқа ва тоифаларнинг тарқалиши авж олди. Улар ўзларининг исломга ёт бўлган фикр ва қарашлари, эътиқодларини оммага тарқатиб, тўғри ақидани нотўғри талқин қилиш йўлидан бордилар. Шунингдек, фатҳ этилган юртлардаги халқларнинг исломдан олдинги диний қарашлари ва фалсафалари, ўз тушунчалари ва тафаккур йўллари мавжуд бўлган. Шу сабабдан уларнинг ислом таълимотини тушуниб олишлари жуда қийин кечганига тарихий далиллар гувоҳлик беради. Бинобарин, Қуръон оятлари ва ҳадисларни баъзи вақтларда ўзларининг исломдан олдинги таълимотлари андозасига солиш ҳолатлари учрайди. Ислом динига ёт бўлган турли гуруҳ ва жамоаларнинг уни бузиб талқин қилиш натижасида уларга раддия сифатида олимлар калом, яъни ақида илмига асос солдилар. Шу тариқа бу илм тури мусулмонлар учун зарур соҳага айланди. Зеро, ҳар бир мусулмон тўғри ақидани билиши шарт деб ҳисобланадиган бўлди. Саъдуддин Тафтазоний «Мақосид ат-толибин» асарида: «Калом илми диний ақоид усулларини ишончли далиллар асосида англашни ўргатадиган илмдир. Шу илм туфайли шаръий, назарий, ақидавий масалалар ҳал қилинади. Унинг натижаси имонга комил ишонч билан зийнат бериш, фойдаси эса бу дунёда тартибли ҳаёт кечириш ва охиратда азоб-уқубатдан халос бўлишдир. Шундай экан, калом илми энг шарафли илмдир», деб келтиради. Ҳужжатул ислом Абу Ҳомид Ғаззолий ўзининг «Иҳё улум ад-дин» номли асарида: «...Чуқур билимга эга бўлмаган оддий мусулмонларнинг диний эътиқодларини турли бидъат ва нотўғри ғоялардан сақлаш учун калом илмини ўрганиш вожибдир», деб келтиради.
Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ақоид ёки калом илмининг вазифаси: а) диний эътиқодларни қатъий далиллар билан исботлаш ва улар ҳақидаги шубҳа ҳамда гумонларни рад қилиш; б) инсонни ақидада оддий тақлидчи бўлишдан ҳар бир эътиқодга ҳужжат келтира олиш даражасига кўтариш; в) исломнинг соф эътиқодларини адашган залолат аҳлининг шубҳа ва гумонларидан ҳимоя қилиш.


  1. Download 312.83 Kb.

    Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   23   24   25   26   27   28   29   30   ...   82




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling