Диншунослик” фанидан бакалавриат йўналиши учун ЎҚув-услубий материаллари


Download 312.83 Kb.
bet28/82
Sana28.12.2022
Hajmi312.83 Kb.
#1019474
1   ...   24   25   26   27   28   29   30   31   ...   82
Bog'liq
Диншунослик УМК 2021

Мотуридийлик ва ашъарийлик. Мутакаллимлар Қуръон оятлари, ҳадислар ва саҳобаларнинг тутган йўли асосида ақида масалаларини муфассал баён этиб берганлар. Ақида борасида фаолият олиб борган олимлар орасида Абу Мансур Мотуридий ва Абул Ҳасан Ашъарий алоҳида ўрин эгаллайди. Бу олимлар Аҳли сунна вал жамоа ақидаси бўйича Имом деб тан олиндилар. «Аҳли сунна вал жамоа» тўрт фиқҳий мазҳабдан бирига амал қилиб келаётган бўлсалар, ақидавий масалада мотуридийлик ва ашъарийликнинг ақидавий таълимига асосланади. Бунга кўра, ҳанафий мазҳаби мотуридийлик, моликий, шофеий ва ҳанбалий мазҳаби ашъарийлик таълимотида деб қаралади. Шу ўринда бу икки мактаб вакиллари ҳақида бироз маълумот бериб ўтиш ўринлидир. Мотуридийлик ақидавий мактаб асосчиси буюк калом имоми ва факиҳ Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Ҳанафий Мотуридий Самарқандий (853-944) бўлиб, у асли Самарқанднинг Мотурид қишлоғида (ҳозирги Жомбой туманида жойлашган) дунёга келган ва тахаллуси шу қишлоққа нисбатан олинган. Абу Мансур Мотуридий дастлабки таълимни ўз қишлоғида олиб, кейинчалик Мовароуннаҳрнинг ўша даврдаги диний ва маърифий маркази бўлган Самарқандда давом эттиради. Мотуридий Абу Бакр Аҳмад Жузжоний, Абу Наср Аҳмад Иёдий, Имом Аъзам мазҳабидаги буюк олим Наср ибн Яҳё Балхий, Муҳаммад ибн Фадл кабиларни ўзининг устози деб билган. Мотуридий фиқҳ ва калом масалаларига қизиқиб, ўз замонасининг таниқли ҳанафий мазҳаби олимларидан сабоқ олади. Шу вақт давомида кўплаб машҳур фақиҳлар ва муҳаддислар билан мулоқотда бўлиб, баҳс-мунозаралари билан танилади ва шу соҳага оид асарлар ёзиб қолдиради. Бундай асарлар қаторига «Китабут Тавҳид», «Китабул мақомат», «Китаб рад авоилил адила лил Каъбий», «Китабул усул», «ар-Рад ала усулил Қаромита», «Китаб таъвилот аҳли сунна» ва бошқаларни келтириш мумкин.

Бугунги кунга қадар Абу Мансур Мотуридийнинг кўплаб асарлари сақланиб қолмаган, улардан етиб келганлари эса асосан хорижий мамлакатларнинг кутубхона ва қўлёзма фондларида сақланади.
Имом Мотуридийнинг «Китаб таъвилот аҳли сунна» (бошқа бир номи «Таъвилот ал-Қуръон») асарида сунний ақидага зид қарашларни рад этиш йўлидан боради ва Абу Ҳанифанинг қарашларига суянган ҳолда соф ақида йўлини тутади. Мотуридийнинг шу биргина асари кейинги даврларда яшаган кўп алломаларнинг асарларига хамиртуруш вазифасини бажарди.
Мусулмон олимлар ақида масаласида асосан икки манбага таянганлар: биринчиси нақлий далиллар, яъни Қуръон оятлари, ҳадислар ва уларга қўшимча тарзда саҳоба ва тобеинлар ижмоси (мужтаҳид олимларнинг бирор фикрга иттифоқ қилиши) ҳамда ижтиҳод (олимнинг бирор масаладан шарий ҳукм олиш учун қилган уриниши) ларидир. Иккинчиси эса, ақлий далиллар. Имом Мотуридий ҳам нақлий, ҳам ақлий далилларни уйғунлаштирган ҳолда илмий хулосалар чиқарганига дуч келамиз. Чунончи, кўпчилик одамларнинг ақл-тафаккури кўп ҳолларда нақлий далилларни қабул қила олмаганидан имом Мотуридий ўз ўрнида ақлий далиллардан ҳам фойдаланган. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, мотуридийлик (ашъарийлик ҳам) да ҳам ақлий далиллар нақлий далиллардан кейинги ўринга қўйилади. Ўша даврда мўътазилийлар нақлий далиллардан олдинга ақлий далилларни қўйиб, агар ақлий далил нақлий далилга, яъни оят ва ҳадисларга қарши чиқса, уларни инобатга олмаганлар.
Имом Мотуридийнинг асосий хизматлари шундан иборатки, ўша даврдаги ақидада адашган оқимларнинг салбий таъсирининг олдини олиш, уларнинг қарашларига қарши асосли ва кучли далиллар келтириб раддия бериш, ҳақиқий ислом ақидасини ҳимоя қилиш, жаҳолатга қарши маърифат билан жавоб бериш, шу билан бирга мусулмонлар учун ақида борасида асосли қўлланмалар яратиш ва тарқатишдан иборат бўлган дейиш мумкин.
Имом Мотуридий кўплаб шогирдлар етиштирди, улар ўз устозларининг таълимотини давом эттиришгани туфайли ҳанафий мазҳабида калом илм бўйича мактаб вужудга келганини кўриш мумкин.
Мотуридий «Имом ал-ҳуда» (ҳидоят йўли имоми) ва «Имом ал-мутакаллимин» (мутакаллимлар имоми) каби номлар билан довруқ қозонган.
Ашъарий таълимотининг асосчиси Абул Ҳасан Али ибн Исмоил ибн Исҳоқ ибн Солим ибн Абдуллоҳ ибн Мусо Абу Мусо Ашъарийдир (873-941). У бошланғич сабоқларни ўз отасидан олади, кейинчалик ўз замонасининг таниқли олимлари Абу Исҳоқ Марвазий ва Ибн Сурайждан фиқҳ илмини ўзлаштиради, Закариё ибн Яҳё Сожийдан ҳадис илмини ўрганади. У тахминан қирқ ёшларидан кейин Боғдодга кўчиб келиб, умрининг охиригача шу шаҳарда яшаб қолади. У умри давомида юзга яқин асарлар ёзган бўлиб, улардан «ал-Фусул фий ар-радд ала-л-мулҳидин», «ар-Рад ала-л-мужассама», «Ийзоҳул бурҳон фий ар-рад ала аҳлуз зайғ ват туғён», «ан-Нақс алал Жубоий», «Мақолотул мулҳидин», «Тафсиру Абул Ҳасан», «Имомату Абу Бакр Сиддиқ» китоблари илм аҳлининг назарига тушган. Имом Ашъарий ақийдавий далил-исбот келтиришда нақлдан ва ақлдан фойдаланиб, ақлий ва мантиқий далиллардан ҳужжат сифатида фойдаланади. Шунингдек, фалсафий масалалардан ҳам ўз ўрнида истеъфода этганига дуч келиш мумкин. Чунки Ашъарий мўътазилий, файласуф, қарматий, ботиний, рофизий ва бошқаларга раддиялар бергани билан ақида илми соҳасида танилган алломалардан биридир.
Абул Ҳасан Ашъарий аҳли суннат ва жамоанинг ашъария эътиқодий таълимотини тарқатаётган вақтда Самарқандда Абу Мансур Мотуридий ҳам мотуридия таълимотига асос солган эди. Бу икки имом бир вақтда яшаб, бир-бирлари билан учрашмаган бўлса-да, уларнинг ақидавий қарашлари деярли бир хил. Бу икки аллома қарашларида айрим масалаларда лафзий ихтилофлар кўзга ташланса-да, уларнинг асл мақсади бир-биридан фарқ қилмайди. Бошқача айтганда, икки таълимот орасидаги баъзи ихтилофлар лафзий бўлиб, моҳиятан бир-бирини қўллаб-қувватлайди. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, бу икки аллома ўзаро бир-бирини адашганликда ёки бидъатчиликда айбламайди ҳамда ўзаро бир-бирларини «аҳли сунна вал жамоа» деб эътироф этадилар.
Ашъарий ва мотуридийлик орасидаги асосий фарқ имон масаласига бориб тақалади. Мотуридий таълимотига кўра, имон тил билан иқрор бўлиб, дил билан тасдиқлашдан иборат, аммо амал имон таркибига киритилмайди. Ашъарийликда эса, имонга амални ҳам қўшилади. Шу сабабдан мотуридийлик тарқалган юртларда имон келтирган киши мусулмон ҳисобланади, аммо амал қилмагани учун гуноҳкор бўлади, деб юритилади.
Ўрни келганда айтиб ўтиш лозимки, манбаларда «мотуридийя мазҳаби», «ашъарийя мазҳаби» деган атамалар учраб туради. Бундан имом Мотуридий имом Абу Ҳанифанинг ақидага доир таълимотини ривожлантирган бўлса, Имом Ашъарий имом Шофиийнинг эътиқодий қарашларини такомиллаштирди, деган фикрга келиш мумкин. Ҳозирги кунда мотуридийликка ҳанафий мазҳаби йўлини тутганлар эргашса, ашъарийликка моликий, ҳанбалий, шофеий мазҳабидагилар амал қиладилар.
Мазкур икки алломанинг таълимотлари ислом оламида кенг тарқалди ва асрлар давомида мусулмонларни соф эътиқодда бардавом бўлишига, оят ва ҳадисларнинг маъноларини тўғри англаб, ҳаётга тадбиқ этиб келишларига, эътиқоди нотўғри турли оқимлар таъсирига тушиб қолмасликка сабабчи бўлди. Абу Мансур Мотуридий ва Абул Ҳасан Ашъарийларнинг соф ақидани мусулмонларга етказишдаги хизматлари беқиёс бўлиб, уларнинг ақидавий таълимотига ҳозиргача мусулмонлар томонидан алоҳида эътибор билан амал қилиб келинмоқда. Улар ўз асарларида ислом ақидасини ёритиш баробарида адашган оқимларга раддиялар ҳам берганлар. Шу боис Имом Мотуридий «ҳидоят имоми» деб юритилса, имом Ашъарий «аҳли сунна ҳомийси» деган номга сазовор бўлганлар.


  1. Download 312.83 Kb.

    Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   24   25   26   27   28   29   30   31   ...   82




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling