Диншунослик” фанидан бакалавриат йўналиши учун ЎҚув-услубий материаллари


Download 312.83 Kb.
bet30/82
Sana28.12.2022
Hajmi312.83 Kb.
#1019474
1   ...   26   27   28   29   30   31   32   33   ...   82
Bog'liq
Диншунослик УМК 2021

Исломда имон масаласи. Имом Мотуридий, имом Таҳовий, Абул Муин Насафий ва бошқа олимлар томонидан ёзилган асарларда «имон» масаласи алоҳида ўрганилган, чунки у калом илмининг энг нозик ва асосий мавзуларидан бири ҳисобланади. Имонга берилган таъриф орқали банданинг хатти-ҳаракати хусусида ҳукм чиқарилган. Исломда адашган экстремистик, террористик ва ақидавий оқимларнинг аксарияти имон масаласида хатога йўл қўйиб, ўз шубҳаларини кенг халқ оммаси орасида ёйишга ҳаракат қиладилар.

Юқорида келтирилган олимлар ақида мавзусини тўрт қисмга ажратиб ўрганганлар: илоҳиёт, нубувват, кавниёт ва самъиёт. «Илоҳиёт» илоҳ ва Унга оид масалалар ҳақида баҳс юритади. «Нубувват»да ваҳий, пайғамбарлик ва уларга тегишли масалалар, кавниётда эса, борлиқдаги мавжудотлар – инсон, фаришта, жин ва сабабият қонунлари ҳақида баҳс юритилади. Самъиёт эшитиш билангина собит бўладиган ақидалар ҳақида баҳс юритади. Булар асосан ғайб оламига тегишли масалалар бўлгани учун бу турни «ғайбиёт» ҳам дейилади. Ислом беш асосга қурилган. Улар: имон, намоз, закот, рўза ва ҳаж. Булар исломнинг шарти – рукни ҳисобланади. «Имон» сўзи ишонмоқ, тасдиқламоқ маъноларини билдириб, истилоҳда, калимаи шаҳодатни айтиш, яъни «Ла илаҳа иллалоҳу Муҳаммадун Расулуллоҳ» («Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад унинг расули»)ни тил билан айтиш ва дил билан тасдиқлашдир. Буни чин дилдан айтган киши мусулмон ҳисобланади. Ҳадисларда имоннинг етти шарти мавжудлиги қайд этилган бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:

  1. Аллоҳнинг борлиги ва бирлиги, Қуръон ва ҳадисларда баён қилинган барча исм ва сифатларига ишониш, унинг барча буйруқларини қабул қилиш ва барча қайтариқларидан тийилиш.

Тарихда уламолар Аллоҳнинг борлиги ҳақида алоҳида тўхталиб, далил келтирмаганлар. Зеро, у даврларда Худонинг борлигига шубҳа бўлмаган ва унга барча ишонган (яъни, худо йўқ деган тасаввур бўлмаган). Аммо кейинги даврларга келиб Худонинг борлигига ишонмайдиганлар чиққандан кейин олимлар бу мавзуни ҳам ақида китобларига киритганлар ва у ақиданинг бош мавзусига айланган. Чунончи Аллоҳнинг борлигига имон келтирмаган кишига ақида мавзусини тушунтиришнинг фойдаси йўқ.
Қуръонда: «Ёки улар ҳеч нарсадан (яъни, Яратувчисиз) яралиб қолганмилар?! Ёки улар ўзлари яратувчимилар?! Ёки осмонлар ва Ерни ҳам улар яратганми?! Йўқ! Улар (барибир) имон келтирмаслар» (Тур, 35-36), дейилган ва Худонинг борлигига ишонмайдиганларга дунё ўзидан-ўзи яралиб қолиши мумкин эмаслиги айтилган. Ақида илмида Аллоҳнинг ягоналиги масаласи алоҳида аҳамиятга молик мавзулардан биридир. Буни «тавҳид» дейилади. Тавҳид луғатда бирор нарсага бирлик ва ягоналикни нисбат беришдир. Истилоҳий маънода Аллоҳга ширк келтиришнинг турли шаклларидан воз кечиш, Аллоҳнинг зотида, сифатида, ишларида, исмларида, ҳукмларида ҳам шериги йўқ деб, эътиқод қилишга айтилади. Аллоҳнинг шериги йўқлиги борасида Қуръон оятлари ва ҳадисларда кўплаб мисоллар мавжуд. Бу оятларда Аллоҳнинг шериги бўлганида коинотдаги тартиб бузилиб кетиши кўрсатилган. Жумладан: «Агар иккиси (Ер ва осмон)да Аллоҳдан ўзга илоҳлар бўлганида, ҳар иккиси бузилиб кетган бўлур эди. Бас, Арш эгаси бўлмиш Аллоҳ улар сифатлаётган (шериклардан) покдир» (Анбиё, 22), «Аллоҳ фарзанд тутган эмас ва У билан бирга бирор илоҳ ҳам бўлган эмасдир. Акс ҳолда, ҳар бир илоҳ ўзи яратган нарса билан (кибрга) кетиб, бир-биридан устун бўлиб олур эди (натижада Еру осмон бузилиб кетган бўлур эди). Аллоҳ улар васф этаётган нарсадан покдир» (Муъминун, 91) оятларини келтириш мумкин.
Ислом динида Аллоҳга ишонган киши унинг исми ва сифатларига ҳам имон келтириш шарт қилиб қўйилади. Қуръонда: «Аллоҳнинг чиройли исмлари бордир. Уни ўша (исм)лар билан атангиз!» (Аъроф, 180), «Унинг гўзал исмлари бордир» (Ҳашр, 24) дейилган. Бу исм ва сифатлар орқали Аллоҳ ҳақида билимларга эга бўлинади. Барча уламоларнинг фикрига кўра, Аллоҳ исмларини ўрганишдан мақсад Унга лойиқ бўлмаган сифатларни бермасликдир. Шунингдек, «Аллоҳнинг тўқсон тўққизта исми бор»лиги ҳақидаги ҳадисни муҳаддислар ривоят қилганлар. Имом Абу Ҳанифа ўзининг «ал-Фиқҳ ал-акбар» асарида Аллоҳ ҳақида шундай деган: «У ўзи яратган нарсалардан бирортасига ўхшамас. Унга ҳам бирор нарса ўхшаш эмас. Ўзининг зотий ва феълий сифатлари билан азалдан бор бўлган ва абадий бор бўлур. Зотий сифатлари – ҳаёт, қудрат, илм, калом, эшитиш, кўриш, ирода. Феълий сифатлари – халқ этиш, ясаш ва бошқа шу мазмунга далолат қилувчи сифатлар. У ўзининг барча исм ва сифатлари билан биргаликда доим бўлган ва абадий бўлажак. Унга бирор исм ёки сифат кейин қўшилиб қолган эмас».
Бошқа бир ўринда: «Қуръонда Ўзи зикр этганидек, Аллоҳнинг қўли, юзи, нафси (Ўзи) бор деб биламиз. Булар Унинг сифатларидан, лекин қандай, қанақа дейилмас. Ҳатто, қўли-қудрати ёки неъмати ҳам деб таъвил этилмас. Акс ҳолда унинг бир сифатини йўққа чиқарилган бўлур. Бу эса қадарийлар ва мўътазилийлар сўзидир. Биз айтамизки, қўли ўзига хос, кайфиятсиз сифатдир. Шунингдек, Унинг ғазаби ва ризоси ҳам ўзига хос кайфиятсиз сифатларидандир», дейилган.
Ислом таълимотига кўра, Аллоҳнинг исми ва сифатларини бошқа бирор махлуқотга ўхшатиш мумкин эмас. Унинг ҳолати, кайфияти, сурати ҳақида баҳс қилинмайди, яъни Аллоҳ кўради, эшитади, бироқ биз инсонлар ва бошқа махлуқотлар каби эмас, балки у ҳақда баҳс юритиш бидъат ҳисобланади.
Аллоҳнинг буйруғини бажариш ва қайтариқларидан қайтиш имоннинг бир қисмидир. Чунончи, ислом таълимотида Аллоҳнинг буйруқларини бажариш инсонни охиратда жаннатга киришига ноил этади. Аксинча, унинг қайтарган нарсаларидан қайтмаса дўзахда азоблайди деб эътиқод қилинади.

  1. Мусулмон киши фаришталарга ҳам ишониши лозим. Фаришта араб тилида «малак», кўплиги «малоика» дейилади. Уларга ишонмаган мусулмон ҳисобланмайди. Қуръонда: «(Уларнинг) ҳар бири Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига бирортасини ажратмасдан (ҳаммасига) имон келтирди» (Бақара, 285) дейилганидан фаришталарга ишониш имоннинг асосларидан бири деб қаралади.

Фаришталар нурдан яратилган, нурнинг тезлиги жуда кучли бўлганидан фаришталар кўзга кўринмайди. Фаришталар сонини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди, улар Аллоҳнинг буйруғидан чиқмай доимо ўзларига буюрилганини бажарадиган хос бандалар ҳисобланади. Улар Аллоҳнинг барча махлуқотларидаги элчилар дейиш мумкин. Худонинг ҳузуридан ишни оламга олиб тушиб, ўшанинг тадбирини қиладилар. Уларнинг жинси йўқ. Хоҳлаган қиёфага кира оладилар. Оятда: «Биз унга руҳимиз (яъни Жаброил)ни юбордик. Бас, у (Марямга) чин одам бўлиб кўринди» (Марям, 17).
Қуръон ва суннатда фаришталарнинг муайян вазифалари борлиги ҳақида маълумот берилган. Масалан, тоғларга, ёмғирга, булутга, қуёшга, ойга, экинга ва ҳатто она қорнидаги бачадонга вакил қилинган фаришталар тоифаси бор. Шу билан бирга инсонга вакил қилинган фаришталар ҳар бир банданинг қилган ишларини ёзиб борадилар. Охират ишларига ҳам вакил қилинган фаришталар мавжуд: ўлимга, қабрдаги савол-жавобга, жаннатга, дўзахга ва ҳоказо. Масалан: «Бирорталарингизга ўлим келган пайтда, уни элчи (фаришта)ларимиз эринмай (ўз вақтида) вафот эттирурлар» (Анъом, 61), «Биз фақат фаришталарни дўзах эгалари (қўриқчилари) қилдик ва Биз фақат куфрга кетган кимсаларни синаш учун уларнинг саноғини (ўн тўққизта) қилдик... Парвардигорингизнинг қўшинларини (фаришталарнинг адади ва сифатларини) Унинг ўзигина билур» (Муддассир, 31), «Фаришталар эса (осмон) атрофида (Аллоҳнинг амрига мунтазир бўлиб) турурлар. Уларнинг устида Раббингиз Аршини у кунда саккиз (фаришта) кўтариб турур» (Ҳоққа, 17).
Фаришталарнинг аниқ кўринишлари ҳақида маълумотлар манбаларда берилмаган. Фақат баъзи жиҳатлари айтилган, жумладан: «...фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар қилувчи...» (Фотир, 1). Фаришталардан тўрттаси: Жаброил, Микоил, Исрофил ва Азроил бош ҳисобланади.

  1. Илоҳий китобларга имон келтириш. Аллоҳ тарафидан пайғамбарларига китоблар туширилганига имон келтириш. Буни «... китобларига ва пайғамбарларига бирортасини ажратмасдан (ҳаммасига) имон келтирди» (Бақара, 285) оятидан билиш мумкин.

Шу билан бирга бу китобларга умумий имон келтирилади. Аммо уларнинг адади ва исмлари ҳақида аниқ маълумот мавжуд эмас. Муҳаммад пайғамбарга (алайҳис-салом) Қуръон нозил қилинганидек, бошқа пайғамбарларга ҳам китоб туширилган. Улардан манбаларда зикр қилиб ўтилганлари қуйидагилардир: Иброҳим пайғамбарга «Саҳифалар», бу ҳақда Қуръонда «Иброҳим ва Мусо саҳифаларида (ҳам) бордир» (Аъло, 19) дейилган. Бир ҳадисда «Абу Зарр: Эй Аллоҳнинг Расули, Иброҳимнинг саҳифаларида нима бўлган?» деб савол берганда, Пайғамбар (алайҳис-салом): «Барчаси зарбулмасал бўлган...» дедилар. Бу ҳадисдан унинг мавзуси қандай бўлганини билиш мумкин. Олимлар уни маълум варақлардан иборат экани ва китоб ҳолига етмаганини айтганлар. Кейингиси «Таврот» бўлиб, у Мусо пайғамбарга, «Забур» Довуд пайғамбарга берилган. Исо пайғамбарга «Инжил» нозил қилинган. Ислом таълимотига кўра Муҳаммад пайғамбарга (алайҳис-салом) «Қуръон» нозил қилинган. Шунингдек, бирор пайғамбарга китоб нозил қилинса, у ўзидан аввалги шариатни ўзгартирган ёки бутунлай янги қарашларни олиб келган деб ҳисобланган.

  1. Пайғамбарларга имон келтириш. Ислом дини таълимотига кўра Аллоҳнинг инсонларга тўғри йўлни кўрсатиш учун юборган пайғамбарларига имон келтириш вожиб ҳисобланади. «...Пайғамбарларига бирортасини ажратмасдан (ҳаммасига) имон келтирди» (Бақара, 285). Шунинг учун уларнинг барчасига бирдек ишониш шарт қилиб қўйилган. Улардан бирини инкор қилиш барчасини инкор қилиш билан баробар. Аллоҳ таоло Одам (алайҳис-салом)дан бошлаб. Муҳаммад пайғамбар (алайҳис-салом) гача бўлган оралиқда пайғамбарлар юборган. Уларнинг сони, ҳадис асосида бир юз йигирма тўрт минг нафар дейилади. Фақат йигирма беш нафар пайғамбарнинг номи Қуръонда зикр қилинган. Пайғамбарлар набий ва расул деган икки қисмга бўлинади.

Набий ва расул орасидаги фарқ: 1. Аллоҳ кимга ваҳий юбориб, шу хабарни бошқаларга етказишни буюрса, ўша одам набий ва расулдир. Аммо уни бошқаларга етказиш шарт қилиб қўйилмаса, набий ҳисобланади, расул эмас; 2. Расул янги шариатни олиб келади. Набий эса, янги шариат билан келмайди. Балки, ўзи олдинги шариатга амал қилади ва бошқаларни шунга амал қилишга даъват қилади; 3. Расул умумий бўлиб, фаришталарга ҳам, инсонга ҳам қўлланади. Қуръонда: «Албатта, у (Қуръон) бир улуғ расул (Жаброил Аллоҳ ҳузуридан келтирган ваҳий) сўзидир» (Таквир, 19). Бу оятда фаришта Жаброил назарда тутилган.
Умуман олганда, пайғамбарлар ҳам оддий инсон бўлиб, улар бошқаларни Аллоҳнинг кўрсатмасига амал қилишга чақириш учун келганлар. Улар орасида расуллар 313 нафарни ташкил этади. Пайғамбарлар Аллоҳнинг буйруқ ва қайтариқларини бажариб, бошқа одамларга намуна бўлганлар. Улар таом еб, сув ичиб, тирикчилик қилиб бозорларда юрганлар.
Пайғамбарларни оддий кишилардан ажратиб турадиган биргина сифатлари маъсият қилиш, шаҳватларга берилиш, мурувватга зарар етказадиган ва инсоний қадрни кетказадиган ёмон иллатлардан сақланганларидир. Улар турлича мўъжиза кўрсатиб, пайғамбарликларини тасдиқлаганлар. Исо пайғамбар беморни даволаган, Мусо пайғамбар денгизни иккига бўлган, Муҳаммад пайғамбар (алайҳис-салом) сув солинган мешга қўлларини тиққанларидан кейин ўша идишдаги сувдан жуда кўпчилик ичгани ва бошқа мўъжизаларини мисол қилиб келтириш мумкин. Пайғамбарларнинг кўрсатгани мўъжиза бўлса, авлиёларнинг кўрсатгани каромат бўлади.

  1. Охират кунига ишониш ҳам имоннинг бир қисми ҳисобланади. Ислом таълимоти бўйича бу дунё синов-имтиҳон майдонидир. Аллоҳ қиёматда барча яратган махлуқлари жонини олади ва қайта тирилтиради инсонлар қилган ишларига жавоб берадилар. Агар у яхши амалларни қилган бўлса мукофотини, ёмон амалларни қилган бўлса жазосини оладилар ва уларнинг бу дунёда қилиб ўтган барча амаллари ўзларига кўрсатилади ва тарозуда тортилади.

  2. Инсон бошига тушадиган яхшилик ёки ёмонлик Аллоҳ тарафидан бўлишига – тақдирга имон келтириш. Батафсил қилиб айтганда, тақдир – инсонга келадиган барча яхшилик ва ёмонлик, борлиқдаги ҳар бир ҳодиса ва воқеалар ёки охиратда бўладиган ҳамма иш Аллоҳнинг тақдири, илми, иродаси ва белгилаб қўйгани бўйича содир бўлишига имон келтириш ҳисобланади. Хурсандчилик ва хафалик, ҳаёт ва ўлим, бойлик ва камбағаллик, касаллик ва соғломлик ва бошқалар Аллоҳдан деб билиш шарт. Тақдирни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди, ҳатто пайғамбарлар ҳам ва фаришталар ҳам бу сирдан хабардор эмас. Манбаларда қадар масаласида чуқур кетиб баҳс-мунозара юритишдан қайтарилган. Оқимларнинг аксари бу масалада адашган. Тақдирда бахтли деб ёзиб қўйилган киши бахтлидир. Шунингдек, тақдирда бахтсиз ёки бадбахт деб ёзиб қўйилган киши бахтсиздир. Бир оятда: «У (Аллоҳ) ўзи қиладиган бирор нарса ҳақида жавобгар эмас, балки улар (Аллоҳнинг олдида бандалар) жавобгардирлар» (Анбиё, 23), дейилади.

Шунингдек, ақидага оид асарларда Аллоҳ қиёматгача нима бўлишини билиши, агар уларни билмаса, Унинг комил сифати нуқсонли бўлиб қолиши ва мазкур илоҳий илм «қазои-қадар» деб аталиши келтирилган. Аллоҳнинг ҳамма ишларнинг келажакда қандоқ бўлишини азалдан билиши қазо деб номланган. Қадар деб ана шу ишлар Аллоҳнинг азалий илмига мувофиқ вужудга келишига айтилади. Қазо ва қадарнинг маъноси бандаларнинг келажакда бўладиган ишларини Аллоҳ томонидан олдиндан билиб турилишидир. Қазо ва қадарни нотўғри тушуниш оқибатида қадарий, жабарий ва бошқа оқимлар пайдо бўлган.

  1. Ўлгандан кейин қайта тирилишга ишониш ҳам имон шартларидан бири бўлиб, унга кўра қиёмат куни бўлганда, барча инсонлар қайта тирилиб, маҳшаргоҳга йиғилади. Яхши амал қилиб ўтганларнинг мукофоти (жаннат), ёмон амал қилганларнинг жазоси (дўзах) мавжуд. Банданинг барча ишлари ҳисоб-китоб қилиниб Аллоҳнинг ҳузурида кўрилади. Ҳар бир кишининг қилган ишлари китоби – номаи аъмоли ўқилади. Яхши амаллар ва ёмон ишлар ҳаммаси ўлчанади. Бу борада Қуръон оятлари ва ҳадисларда мисоллар кўп. Масалан: «Улар: «Ҳолимизга вой! Ким бизларни ухлаётган жойимиздан уйғотди?» – деганларида, (уларга айтилур): «Мана шу Раҳмон ваъда қилган ва пайғамбарлар сўзлаган рост нарса (қиёмат)дир» (Ёсин, 52).

Инсонлар ҳисоб-китоб қилинадиган кунни «қиёмат» деб аталади ва у «тик туриш» маъносини билдиради. Барча қабридан тик туриб тирилишига шу ном берилган. Қиёмат – ҳисоб куни, охират куни, маҳшар куни каби бир қанча номлар билан юритилади. Манбаларда қиёматнинг қачон бўлиши масаласи аниқ айтилмаган. Ислом таълимоти бўйича унинг қачон содир бўлишини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким, ҳатто пайғамбар ва фаришталар ҳам билмайди. Фақат китобларда унинг баъзи бир аломатлари ҳақида маълумотлар мавжуд. Ислом таълимотига кўра қиёматда инсонлар савол-жавобдан ўтадиган жой – маҳшарга йиғиладилар. Маҳшарда савол-жавобдан кейин инсонларга дўзах устидаги сирот деган кўприкдан ўтишлари китобларда айтилган. Қиёматдан ўтган инсон жаннат (боғ, бўстон) ёки дўзахдаги жойига етиб боради. Аллоҳ жаннатни ҳам, дўзахни ҳам яратиб қўйган. Улар инсон етиб борадиган сўнги манзил ҳисобланади. Диний ақида бўйича, жаннат имон келтирган, тақводор, яхши инсонлар учун тайёрлаб қўйилган. Улар у ерда роҳат ва фароғатда яшайдилар. Қийинчилик, касал, қарилик ва ўлим йўқ. Истаган нарсалари муҳайё бўлади. Буларнинг барчаси бу дунёда қилиб ўтган амаллари туфайли берилади. У ердаги ноз-неъматлар тугамайди, инсонлардан тўсилмайди. Жаннатдаги энг олий неъмат, бу Аллоҳнинг дийдорини кўришлик ҳисобланади. Дўзах эса, жаннатнинг акси кофир, мунофиқ ва гуноҳкор – диний мажбуриятларни бажармаганлар учун тайёрлаб қўйилган ва уларга турли азоблар, қийноқлар бериладиган жазолаш жойи. У ерда азоб учун олов, қайнаб турган булоқ мавжуд. Еб-ичадиган нарсалари ҳам уларни азоблаш учун ҳозирлаб қўйилган. Дўзах ҳам абадий қолувчи ҳисобланади. Улардаги азоблар енгиллатилмас ва вақтинчалик бўлмайди. У бир неча табақа чуқурликдан иборат, одамлар гуноҳлари даражасига қараб жазоланадилар. Жаннатдаги роҳатлар ва дўзахдаги азоб-уқубатлар ҳам жасад ва ҳам руҳ учун бўлади. Қиёмат, жаннат ва дўзахнинг васфи ҳақида Қуръоннинг кўп оятларида маълумотлар берилган.

Download 312.83 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   26   27   28   29   30   31   32   33   ...   82




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling