АВТОКЕФАЛЬ ЧЕРКОВЛАР (юнонча, «ўз-ўзини бошқариш») – православликдаги мустақил бошқарувга эга бўлган черковлар тузилмаси. Маълум бир ташкилот «автокефаль» мақомини олиши учун миро мойини мустақил равишда тайёрлай олиш имкониятига эга бўлиши керак.
АВЕСТО («Апастак», «Овисто», «Овусто», «Абисто», «Авасто») – жорий қилинган қатъий қоидалар, санскрит тилига яқин ўзига хос авесто тилида ёзилган зардуштийликнинг муқаддас китоби.
АВТОНОМ ЧЕРКОВЛАР (юнонча, «мустақил») – бирор–бир автокефаль черковдан ички тартиб–қоидаларни мустақил бажариш ҳуқуқини олган черков. Автоном черков раҳбари автокефаль черков патриархи томонидан тасдиқланади.
АГНИ – ер худоларининг энг улуғи (қуёш, чақмоқ, олов) ҳисобланган олов худоси. Агни ҳақидаги афсоналар Ҳиндистондан ташқарида вужудга келган. У одамлар қурбонликларини худоларга етказувчи руҳоний сифатида тасаввур қилинган ва бирор қурбонлик унинг воситасисиз худоларга етиб бормайди, деб ҳисобланган.
АДЖИ – Тўрт томони тенг бўлган салб бўлиб, тангричилик динининг рамзи ҳисобланади. У барча нарса аслига қайтишининг ифодаси бўлган.
АДОНАЙ – Яҳудийликда ибодат вақтида зикр қилинадиган Худонинг исмларидан бири.
АЗИЗ – иснод табақасининг барчасида ровийлари сони иккитадан оз бўлмаган ҳадис.
АКЕМ МАНА – ёмон фикр, адаштириш маъбуди, Ахриман тарафдори.
АҚИДА – (арабча, бирон нарсани бир-бирига боғлаш) ақоид илмининг машҳур номларидан бири.
АҚИҚА – (арабча, «қорин сочи») туғилган чақалоқнинг сочини олиш ва таваллуди муносабати билан сўйиладиган қўйга айтилади.
АҚЛИЙ ДАЛИЛ – мутакаллимларнинг нақлга асосланиб берган ўз раъйлари. Фикрий қарашлари асосида бирон ақидавий масалага берган жавоблари. Ақлий далил асосан мантиқ билан боғлиқ ҳисобланган.
АМЕРЕТАТ – зардуштийликда бахт, абадийлик маъбуди, Ахура Мазда тарафдори.
АМЭША СПЭНТА (абадий муқаддас) – зардуштийликда Ахура Мазда яратган 7 махлуқдан бири. Бошқа фикрга кўра, Амеша Спента – Ахура Мазданинг тимсоли.
Do'stlaringiz bilan baham: |