ВОҲУМАНАҲ (Беҳмен) – зардуштийликда ақл, эзгу фикр, тушуниш язати (фариштаси).
ГАЛАХА – яҳудийлик шариати.
ҒАРИБ – биргина ишончли одамдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадис.
ГАТ – «Авесто» таркибидан жой олган Зардуштнинг сўзлари ҳисобланадиган бўлим.
ГЕГИГ – тангричиликда Ер олами.
ГОВМАРД (форсча, ҳўкиз–одам) – зардуштийлик таълимотига кўра, биринчи инсон.
ГОҲИ – зардуштийликда куннинг муайян қисмида бажариладиган (Хаван гоҳ – тонгдан пешингача, Рапитвин гоҳ – пешиндан сўнг, Узарин гоҳ – кун ботишдан олдин, Аивисрутрим гоҳ – кун ботгандан сўнг, Ушахин гоҳ – ярим кечадан тонгача ибодатлари.
ДАСТУР – Мобад оиласига мансуб зардушт руҳонийлари табақасининг юқори вакили.
ДАХМА – зардуштийликда ердан 4–5 метр баландликда цилиндр шаклида бўлган махсус жой бўлиб, унга ўликлар устма–уст тартиб билан ётқизилади.
ДАЭН – зардуштийликда имон, яхши амал, у инсон вафотидан сўнг гўзал қиз қиёфасида кўриниб, уни Чинванда кўприкдан олиб ўтишга ёрдам беради.
ДЕВ ВИЗАРЕШ – зардуштийликда инсон вафотидан сўнг унинг қилмиши ёвузлик бўлса, жазо берувчи, дўзахга ташловчи маъбуд.
ДЕНКАРТ («Имон фаолияти») – IX асрда Сосонийлар ҳукмронлиги даврида ёзилган қомусий луғат бўлиб, у ўз ичига бадиий ва тарихий маълумотларни олган. Даставвал 9 бўлимдан иборат бўлган, кейинчалик унинг 2 қисми йўқотилган.
ДИАКОН (юнонча, хизматчи) – христиан черковларидаги энг қуйи руҳонийлик даражаси.
ДИН АРКОНЛАРИ – маълум бир диндаги асосий ибодатлар мажмуи.
ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК – кишилар ва жамиятда диний асосда ўзаро бир–бирини тушуниш, холис ва ҳаққоний билимлар, адолатли ва ҳақиқий баҳолар, ўзаро ҳурмат ва ишончга, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликка асосланган қарашлар ва амалий фаолият тизимини ўз ичига оладиган ижтимоий–маданий ҳодиса.
ДИНИЙ МУТААСИБЛИК – ўз ақида ва ғояларининг шак–шубҳасиз тўғрилигига қаттиқ ишониш, уларга муккасидан берилганликни, бошқа фирқа ва мазҳабларга муросасиз муносабатни ифодаловчи қарашлар ва хатти–ҳаракатлар мажмуи.
ДИНИЙ СЕКТА – маълум бир диндаги расмий ақидаларга зид равишда ажралиб чиққан ёки мавжуд динлар ва конфессияларга умуман алоқаси бўлмаган ҳолда дин байроғи остида фаолият кўрсатадиган гуруҳ.
Do'stlaringiz bilan baham: |