ДИНИЙ ТАШКИЛОТЛАР – бир дин издошларининг динга эътиқод қилиш, ибодат, расм–русум ва маросимларни биргаликда адо этиш мақсадида тузилган кўнгилли бирлашмалари (диний жамиятлар, диний ўқув юртлари, масжид, черков, синагога, монастир ва бошқалар).
ДОДГОҲ – зардуштийликда ҳамма учун очиқ бўлган муқаддас олов ёниқ турадиган хона.
ДРОН – зардуштийликда ибодат маросимлари учун махсус тайёрланган нон.
ДРУДЖ – зардуштийлик динида ёлғон сўз.
ДУЖВАРТШТА – зардуштийлик динида ёвуз фикр.
ДУЖМАТАДАН – зардуштийлик динида ёвуз амал.
ДУЖУХТА – зардуштийлик динида ёвуз сўз.
ДЯУС, ВАРУНА, ИНДРА – ведизмда турли осмонларни бошқариб турувчи осмон худолари. Варуна кейинчалик сув ва денгизлар худосига айланиб кетган.
ЕПИСКОП (юнонча, «назоратчи») – христиан черковидаги руҳонийлик унвони. Епископлар ҳаворийларнинг издошлари, деб ҳисобланади.
ЖАБРОИЛ – Аллоҳ билан пайғамбарлар ўртасида элчи вазифасини бажарувчи фаришта.
ЖЕБРЛАР – замонавий зардуштийларнинг Эрондаги вакиллари.
ЗАБУР – Довуд пайғамбарга туширилган китоб. «Қадимги Аҳд» таркибига киритилган бўлиб, турли қўшиқ ва мадҳиялардан иборат.
ЗАИФ – саҳиҳ шартларидан бирортасини йўқотган ва ҳасан даражасига етмаган ҳадис.
ЗАКОТ – (арабча, поклаш) эҳтиёждан ташқари бўлган бойликнинг қирқдан бир қисмини (2,5 %) садақа қилиш. Закот моли закот миқдорига етган бадавлат кишилар учун фарз этилган.
ЗАУРВИ – зардуштийликда қарилик, ўлим маъбуди, Ахриман тарафдори.
ЗЕНД (парфиёнча, «шарҳланган матн») – милодий III асрга оид қонунлардан иборат Авестонинг шарҳи.
ИЛМ АЛ–ЖАРҲ ВА–Т–ТАЪДИЛ – ровийларнинг адолати ва забти ҳақида баҳс юритиб, уларнинг ишончли ёки ишончсизлиги ҳақида якуний хулоса чиқарувчи ровийга танқидий ёндашиш илми.
ИЛМ АР–РИЖОЛ –ровий ҳақида тўлиқ маълумотни ўрганувчи ҳадис илми соҳаси.
ИЛОҲИЙ КИТОБ – Аллоҳ томонидан пайғамбарларга нозил қилинган Забур, Таврот, Инжил ва Қуръон китоблари.
ИМОН – ишонмоқ, тасдиқламоқ бўлиб, истилоҳда эса «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун расулуллоҳ» («Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад – Аллоҳнинг пайғамбари») калимасини тил билан айтиб (ал–иқрор би–л–лисон), дил билан тасдиқлаш (ат–тасдиқ би–л–қалб) демакдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |