Диссертация илмий раҳбар: Афоқова Нодира Махмудовна, филология фанлари доктори


Download 1.02 Mb.
Pdf ko'rish
bet12/34
Sana30.04.2023
Hajmi1.02 Mb.
#1404525
TuriДиссертация
1   ...   8   9   10   11   12   13   14   15   ...   34
Bog'liq
jek london

етишиши назарда тутилган – Н.Қ.) ахлоқий камолотнинг шоҳиди бўлиш; 


43 
шахсан ўзининг ўсиш ва ҳали исқирти ювилмаган кўзлари билан 
гўзалликнинг илк нурларини илғаб олиш; заифлик, ахлоқсизлик, олчоқлик ва 
ҳайвоний бетамизликдан ҳам куч, ҳам ҳақиқат, ҳам маънавий олижаноблик 
хислатларининг бунёдга келаётганини кузатиш учун яшаш керак!” (134-
135)). Шунинг учун ижодни Мартин ҳаётининг жавҳари, муҳаббатни эса шу 
ҳаётий кучни уйғотган ва уни рағбатлантириб турган омил сифатида талқин 
қилиш ўринли. Чунки Руфь “Мартин Иден қалбида муҳаббат, покликка 
интилиш ҳамда ўша илоҳий қуввватни синаб кўриш (таъкид бизники – Н.Қ.) 
ҳиссини уйғота олиш” (135) учун яратилган эди. Ташқаридан қараганда, 
Мартиннинг ижод билан шуғулланиши Руфга етишиш ва пул топиш билан 
шартланган каби. Аммо асарда шундай эпизод борки, бу эпизод пул топиш – 
Мартин учун ижод қилишнинг асосий сабаби эмаслигини кўрсатади. 
“Глобус” журналида жуда катта ўзгартириш ва таҳрирлар билан босилиб 
чиққан шеърлари Мартинни дарғазаб қилади. “Martin groaned and sweated and 
thrust his hands through his hair. Phrases, lines, and stanzas were cut out, 
interchanged, or juggled about in the most incomprehensible manner. Sometimes 
lines and stanzas not his own were substituted for his” (229). (У “ғазабдан 
тишларини ғижирлатар, сочларини юларди. Жумлалар, сатрлар, бутун-бутун 
бандлар тушириб қолдирилган, жойи алмашиб кетганидан баъзи бандларни 
мутлақ тушуниб бўлмасди. Баъзи мисралар тамомила бошқа шеър мисралари 
билан алмаштирилган эди” (266)). Мартин пулга ҳар қанча муҳтож бўлмасин, 
“шеърларимни босишни зудлик билан тўхтатиб, ўзимга қайтариб юборинг” 
деб хат ёзади. Бу Мартин учун ижод – пул топиш воситасигина 
бўлмаганлигини кўрсатади. Ижодкор шахс учун ўз яратмалари фарзанди 
сингари шундай азиз ва қадрли бўладики, муаллиф уларни хоҳлаганча 
ўзгартиришларига бемалол қараб туролмайди. Яна бир ўринда эса Руфга ўзи 
ҳақиқий санъат намунаси бўлмаган ҳикоялари ҳақида: “I was secretly glad 
when the market failed, even if my clothes did go into pawn” (239), (”Жўн” 
ҳикояларимни сотиб олмай қўйишганида ҳатто ичимдан севинган ҳам эдим, 
ҳолбуки, бунинг натижасида костюмимни гаровга қўйишга мажбур эдим” 


44 
(278)), – дейди. Демак, ижод Мартин учун пул топиш манбаигина бўлмаган. 
Мартин характерининг мана шу мантиғидан келиб чиққанлиги учун ҳам 
машҳур рус шоири В.Маяковсий 1919 йилда мазкур роман асосида яратилган 
киносценарийсини “Пул учун туғилмаганди” (“Не для денег родившийся”) 
деб номлаган.
39
М.Пришвин ижодини қиёсий аспектда ўрганган адабиётшунос олима 
А.Давшан докторлик тадқиқотида шундай ёзади: “20-50-йиллар маданий 
ҳаётида (ХХ аср назарда тутилмоқда – Н.Қ.) санъаткор шахснинг трагик 
қисмати рус адабиётининг бутун олдинги тарихидагидан кўра кўпроқ 
учрайди. Аммо бадиий адабиёт саҳифаларида ёзувчи, шоир ва санъаткор 
образи унча кўп эмас ёхуд бундай образлар бадиий матнда ўтмиш ва келажак 
билан боғланмаган равишда қисқа эпизодларда пайдо бўладилар”.
40
Ўтган 
асрнинг 20-50-йилларида трагик қисмат соҳиби бўлган санъаткор шахслар – 
булар: ўз ватанини тарк этиб, муҳожирликда кун кечиришга мажбур бўлган 
Д.Мережковский, З.Гиппиус, А.Солженицин; булар: қисмати фожиа билан 
тугаган В.Маяковский, С.Есенин, А.Фитрат, А.Қодирий, А.Чўлпон; булар: 
бўғилган муҳитда ўз сўзини айтишга жазм қилган Б.Пастернак, 
О.Мандельштам, Ойбек, М.Шайхзода...
А.Давшан санъаткор образи яратилган бундай асарларнинг ёрқин 
намунаси сифатида Михаил Булгаковнинг “Уста ва Маргарита” романини 
қайд этади. “Улуғ Устанинг тақдири ўзининг фантастик шикаст топишида 
реал ҳаётнинг бурилишилари (изгибы) мужассамлаштиргандир, – деб ёзади 
давом этиб олима. – Баёндаги шартлилик, бир тарафдан, конкрет давр 
манзараларини яратишга имкон туғдирган бўлса, бошқа томондан ижодкор 
шахс ҳалокати тузумнинг илк қурбони эканлигини намоён қилади”.
41
Абдулла Қаҳҳор ҳам Михаил Булгаков сингари миллий адабиётда 
биринчилардан бўлиб марказида ижодкор шахснинг аянчли тақдири турган 
психологик роман яратди. Уста ер юзида ўзи учун руҳий хасталар 
39
Писатели США. – М.: Радуга, 1990. – С 234.
40
Давшан А. Творчество М.Пришвина в контексте русской литературы: Автореферат дисс... доктора филол. 
наук. – Т., 2001. – С.22. 
41
Ўша манба, 23-б. 


45 
шифохонасидан бошқа жой йўқлигини англаб, онгли равишда ана шу 
бадбахтлик маконига йўл олгани
42
каби Саидий ҳам тақдир ўзига ҳозирлаган 
қисматни англаб етди. А.Қаҳҳор романда ижодкорга табиат берган характер-
хусусиятнинг мудҳиш ижтимоий муҳит билан тўқнашувини катта маҳорат 
билан тасвирлай билди. Саидий тимсолида табиат қонунлари жамият 
қонунларига зид келиб қолган эди: табиат ижод қобилиятига эга бўлган бир 
фарзандини ёлғизликни севувчи, одамови, бир масалани турли томонлардан 
ўйламасдан туриб дарҳол бир қарорга келолмайдиган, иродаси заиф, айни 
пайтда ўта ҳиссиётчан, улуғвор муҳаббатга қодир, ақлли-идрокли, андишали 
қилиб яратган эди-ю, у тақдир ва тарих тақозоси билан инсоннинг 
индивидуал хусусиятларини эътиборга олмайдиган, ёппасига ўз мафкурасига 
содиқлик талаб қиладиган, у кўрсатган йўлдан салгина чекинганларни 
шафқатсиз парчалаб ташлайдиган долғали ижтимоий муҳитга тушиб қолган 
эди. Саидий ўзидаги санъаткор сифатида табиат томонидан берилган 
характер-хусусиятларни 
жамоавийлик 
психологияси, 
монополистик 
мафкурага мослаштира олмай, дафъатан пайдо бўлган катта ижтимоий 
ўзгаришлар ичида ҳақ йўлни, ҳеч бўлмаганда, ҳалокатдан йироқ бўлган 
йўлни тезда аниқлай олмай қолади. Шу тариқа Саидий, А.Давшан айтмоқчи, 
трагик тақдир соҳибига айланган кўплаб санъаткор шахслардан бирига 
айланади.
Саидий образининг адабиётшуносликдаги айрим талқинларида унинг 
ижодкор шахс эканлиги эътиборга олинмаган. Шунинг учун бу образ кўпроқ 
худбин шахс сифатида талқин қилинган.
43
“Инсон – барча жонзотлар ичида 
энг худбини, барча жонли махлуқларлар ичида энг худпарастидир”
44
, – дейди 
А.Дюма(“Граф Монте-Кристо”)нинг қаҳрамонларидан бири. Худбинлик – 
фақат Саидийга эмас, умуман, инсонга хос хусусият. Шунинг учун академик 
М.Қўшжонов ўз тадқиқотининг “Худбинликнинг туғилиши” фаслида 
42
Ўша жойда. 
43
Қўшжонов М. Адашганлар фожиаси // Қўшжонов М. Ҳаёт ва қаҳрамон. – Т.: Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт 
ва санъат нашриёти, 1979. – Б.196-249; Шарафидинов О. Абдулла Қаҳҳор. – Т.: Ёш гвардия, 1988. – Б.44-91: 
Ҳамрақулова Х. Абдулла Қаҳҳорнинг “Сароб” романида шахс фожиаси талқини: Филол. фанлари номз. ... 
дисс. автореф. – Т., 2004.
44
Дюма А. Граф Монте-Кристо. Том II. – Москва: Эксмо, 2010. – С. 251. 


46 
худбинликка мойиллик ҳаммага бўлмаса-да, айрим ёшларга хос хусусият 
эканлигини, Саидий ҳам мана шундай ёшлар тоифасига киришини 
таъкидлаб, худбинликка “мойиллик унга мос келадиган ҳаёт шароитида 
гуркираб ўсиб, ўша шахсни худбинлик кўчасига келтириб қўйиши мумкин; 
бошқа шароитда эса у ўзининг ўша биологик ва психологик мойиллигини 
йўқотиб, тўғри йўл билан кетиши ва жамият учун энг керакли бўлиб 
етишиши мумкин”
45
деб ёзаркан, Саидийга аёвсиз қора чаплашдан сақланиб,
образга холисона, жуда нозик ёндашади. Адабиётшунос М.Олимов эса 
Саидийдаги ижодкорга хос бўлган хусусиятларга биринчилардан бўлиб 
диққат қаратди.
46
Саидийда ижодкорга хос бўлган, бўртиб турган биринчи хусусият – 
одамовилик, узлатга интилишдир. Бу, умуман, ижодга мойил кишиларга хос 
бўлган хусусият. Чунончи, рус адиби ва адабиётшуноси Дмитрий 
Мережковский “Автобиографик қайдлар” мақоласида болалик йилларини 
хотирлаб шундай ёзади: “Ҳали ҳам ўша қарағай бор эди. Мен бу қарағай 
дарахтининг шохлари орасида – худди қуш сингари баландликда туриб, 
ўқиш, хаёл суриш, одамлардан узоқда ўзимни эркин ва “ёввойиларча” ҳис 
этиш учун – юпқа тахтадан ўтирғич ясаб олган эдим”.
47
“Бобурнома”да ҳазрат Алишер Навоийнинг таъби ҳар нарсани 
ёқтиравермайдиган, жуда нозик бўлганлиги ёзиб қолдирилган.
Заҳириддин Муҳаммад Бобурдай бутун ҳаёти аскарлар, фуқаро 
қуршовида, жангу жадалларда, суронларда ўтган бир шахс ҳам ўзи ҳақида:
Улфатим эл бирла оздир, кўпдир эл жаври манга,
Не менинг таврим ёқар элга, не эл таври манга
48
, – 
деб ёзади. Абдулла Орипов эса: “Менга узлат керакдир, издиҳомдан 
тўйганман, Тўда-тўда жойларга энди бормай қўйганман”, – дейди. Бу 
хусусиятлар, табиийки, Саидийга ҳам ёт эмас. У ҳам одамлардан ўзини олиб 
45
Қўшжонов М. Адашганлар фожиаси // Қўшжонов М. Ҳаёт ва қаҳрамон. – Т.: Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт 
ва санъат нашриёти, 1979. – Б.199. 
46
Олимов М. Ўзбек адабиётида пафос муаммоси. – Т.: Нашриётсиз, 1994. 
47
Мережковский Д. Акрополь. Избранные литературно-критические статьи. – Москва: Книжная палата, 
1991. – С. 317. 
48
Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Девон. – Т.: Фан, 1994. – Б.139. 


47 
қочади, кўпроқ ёлғизликка интилади. Хоҳлаган одам билан дарров аралашиб 
кетолмаслик, ўзини бегона сезиш, тортинчоқлик унинг йўл танлашига, ўзини 
намоён қилишига халақит беради. Уни муайян гуруҳга олиб келган 
сабаблардан бири Мунисхоннинг муҳаббатидан кейин ёзувчи сифатида донг 
чиқариш учун йўл қидириши асносида Салимхоннинг “обрўйи, улуғ 
сифатлилигига қарамай, такаббур ҳам эмас”лиги; “дилкаш, кўнглида кири 
йўқ”лиги; “ким қандай ёмон аҳволда қолса, ёрдам қўлини чўз”иши; 
“кишидаги қобилият заковатни ўта кўр”иши эди. Жамоавийлик 
психологиясига асосланган муҳитдаги тартиб-қоидалар эса Саидийдаги мана 
шу узлатнишинликка мутлақо тескари эди. Аммо Саидийнинг одамовилиги 
то бирор муҳитга кириб кетгунга қадар эди. Жумладан, университет 
комсомоллари ер ислоҳоти масаласида қишлоққа юборилар экан, Аббосхон 
таъсиридаги Саидий учун дастлаб бу “вужуди билан нафратланадиган иш, 
зўр ташвиш” бўлиб кўринади, у бу ишда иштирок этмаслик учун турли 
йўллар излайди. Аммо қишлоққа келиб, таниш-билиш орттиргач, у ишга 
боши билан шўнғиб кетади, унда янги ижодий ниятлар туғилади: “Саидий, 
ўша Раҳимжон Саидий, қишлоқдан кетишга шошилмас эди.
У қишлоққа келганида, дастлаб, янги муҳитга ўргана олмай, кўп 
қийналган эди, аммо ўргангандан сўнг табъи очилиб кетди. Унинг бошида 
сон-саноқсиз тайёр, фақат қоғозга туширишга маҳтал бўлган ҳикоялар бор. 
Буларнинг ҳаммаси бир ипга тизилиб роман бўлишни ваъда қилар эди” (61).
Асарларининг нашр қилиниши, хусусан, эълон қилинган биринчи асар 
қувончи ижодкор ҳаётининг алоҳида моментидир. Чунки ижодкор – эътироф 
этилишга, рағбатга ва ўқувчига эҳтиёжманд одам. Бу психологик ҳолат жуда 
кўп ёзувчиларнинг ўзлари томонидан эътироф этилган, қайд қилинган. 
Биргина мисол келтирамиз: Д.Мережковский юқорида эслатилган 
автобиографик мақоласида шундай ёзади: “Мен ўша пайтларда илк танқидий 
мақоламни ёзган эдим. Бу – “Игорь полки жангномаси” ҳақидаги мактаб 
иншоси эди. Мазкур иншо учун ўқитувчим менга “5” баҳо қўйди. Мени 
шундай бир муаллифлик ғурури чулғаб олдики, кейинчалик бирор марта ҳам 


48 
бундай туйғуни ҳис қилган эмасман”.
49
Албатта, бундай туйғуни Жек Лондон 
ҳам, Абдулла Қаҳҳор ҳам ўз бошларидан кечирганларига шубҳа йўқ. Чунки 
адабий ижод ҳамма даврларда алоҳида кишиларнинг фаолияти, алоҳида 
истеъдод шакли ҳисобланган, ижодий фаолият эгаларига айрича қаралган. 
Бадиий асарнинг эълон қилиниши эса, шубҳасиз, муаллифни ана шундай 
алоҳида тоифага мансуб қилади. Шунинг учун ҳар икки адиб нашр қилинган 
илк асар таассуроти моментига алоҳида эътибор берганлар. Албатта, бу 
Мартин ва Саидий учун, аввало, севимли маҳбубанинг назарига тушиш, 
унинг эътироф этиши билан алоқадор эди. Башарти, мана шундай омил билан 
боғланмаганда ҳам биринчи асар қувончи ижодкор психологиясининг муҳим 
жиҳати бўлиб қолаверади. 
Мартин Иден очлик туфайли ҳолдан кетиб, касалликка маҳкум бўлган 
ва шулар туфайли адабий фаолиятдан воз кечаман, деб турган бир пайтда 
“Оқ сичқон” журналидан ҳикоясининг босилиши ҳақидаги хабарни эшитади. 
Бу хабарни азабаройи касаллигидан хатларни ҳам ўқий олмай қолган 
Мартинга кир ювувчи аёл Мариянинг қизи Тереза ўқиб бераётган эди. “What 
magazine is that? Martin shouted. – Here, give it to me. He could see to read, now, 
and he was unaware of the pain of an action… He read the letter through again and 
again” (199-200). (“Хат қаёқдан, қайси журналдан? – деб қичқириб юборди 
Мартин. – Бу ёққа бер-чи. У кўзининг оғриғини ҳам унутиб қўйиб, жон-
жаҳди билан ўқий бошлади... Мартин хатни бир неча марта ўқиб чиқди” 
(231)). Асарлари чиқа бошлаган лаҳзаларни эса ёзувчи “The sun of Martin’s 
good fortune rose” (209). (“Мартиннинг бахт қуёши балқиди” (242)) дея 
таърифлайди.
Абдулла Қаҳҳорда “биринчи асар қувончи” “Мартин Иден”дагидан 
кўра анча муфассал тасвирланган. Бутун ёз бўйи бирор жойда ишламай, ижод 
билан “баъзи кийимларидан тортиб, Эҳсондан қолган парқу ёстиққача 
бозорга” олиб чиқиш даражасида камбағаллашиб шуғулланган Саидий бир 
49
Мережковский Д. Акрополь. Избранные литературно-критические статьи. – С. 318. 


49 
куни бир шеър ва бир ҳикоясининг айрим таҳрирлар билан босилиши, 
шунинг учун редакцияга бир келиб-кетиши лозимлиги ҳақидаги хат олади.
“Саидийнинг вужудини титроқ босди, бу титроқ қўрқувданми, кутилмаган 
севинчданми эканин ўзи ҳам билмас эди. У хатни икки-уч қайта ўқигандан 
сўнг, ўзини андак босиб олиб, атрофига қаради, назарида, бутун ашёлар туси 
ўзгарган, кулиб тургандай кўринар эди. Саидий хатарли довонга ёпишиб, 
охири эсон-омон унинг устига чиққандай уф тортди-да, “Олам яхши. Ҳаёт 
гўзал. Натижасиз меҳнат бўлмайди” деди” (41). Бу кайфият бир неча кун 
давом этади, шу бир неча кун давомида у асари босилишини интизорлик 
билан кутади. Романда Саидийнинг илк ҳикояси чиққан пайтдаги руҳий 
ҳолати ҳам психологик жиҳатдан тўғри, жуда таъсирли, ҳаётий тасвирланган. 
Ҳикоясини журналда кўриши билан у “маст кишидай тентирар ва назарида 
ер оёғи остида кигиз сингари юмшаргандай эди. Шунча узоқ йўлдан 
ҳужрасига қандай ва қайси кўчадан келганини, эшикни қандай очиб, стол 
ёнига борганини, қўлидаги китобларни нима қилганини билмас эди... 
Яна ўқиди. Шундан сўнг назарида “Қаландар” банд қилган саҳифалар 
эскирган, кўп ўқилган китоб сингари кирлангандай бўлди. Журналнинг 
иккинчи нусхасини қирқди. Дам ўтмай, бу ҳам назарида шундай кўринди. 
Чиқиб будкадан яна бир нусха олиб кирди-да, қирқмасдан столнинг 
тортмасига солиб қўйди. Столнинг тортмасида туриб ҳам унинг шу 
саҳифалари эскираётгандай бўлар эди... 
Кўчага чиққанда худди биров муборакбод қилаётгандай, Саидий шу 
куни овқатга ҳам бормади” (48).
Ҳар икки асарда ижодкор шахс психологияси ва ижод психологияси 
ишонарли, асосли очиб берилган. Албатта, бу биринчи навбатда,
муаллифларнинг ўзлари ҳам ижодкор шахс эканликларидан келиб чиқса-да, 
икки ёзувчида икки хил характерга эга. Абдулла Қаҳҳор эътирофига кўра, 
“Сароб”да мафкураси бутунлай роман муаллифи қарашларига ёт бўлган 
ижодкор шахс тақдири қаламга олинган; шундай бўлса-да, ижодкор 


50 
психологияси тасвирида айнан муаллиф руҳий олами излари бор, десак хато 
бўлмайди.
“Мартин Иден” эса, жуда кўп тадқиқотчилар таъкидлаганидек, 
автобиографик роман. “Мартин Иден образида Лондоннинг лирик қаҳрамони 
белгилари ҳамда автобиографиявийлик ўзаро уйғунлашади”
50
, “Мартиннинг 
изтиробларида Лондоннинг замонавий капиталистик жамиятда санъатнинг 
аҳамияти қолмаганлиги ҳақидаги адибнинг дастлабки мақолаларидан бирида 
айтилган аччиқ мулоҳазаларни кўриш мумкин”.
51
Умуман, романни Жек Лондоннинг бутун ижодий фаолияти ҳамда 
адабий-танқидий мақолалари билан қиёслаш – алоҳида катта тадқиқот учун 
мавзу бера олади. Ҳозирча эса айтиш мумкинки, Жек Лондон ижодкор ва 
ижод психологиясини ифодалашда бевосита ўз руҳияти ва тажрибаларидан 
келиб чиққан.

Download 1.02 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   8   9   10   11   12   13   14   15   ...   34




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling