Э. ғозиев умумий психология
Психология фанининг вужудга келиши
Download 3.91 Mb.
|
умумий психология Гозиев
2. Психология фанининг вужудга келишиПсихология фанининг вужудга келиши, шаклланиши, ривожланиши тўғрисида батафсил маълумот бериш ушбу курс учун шарт эмас, чунки унинг психология тарихи соҳаси мавжуддир. Шунга қарамасдан, психология фанининг пайдо бўлиши ҳақидаги айрим илмий материаллар, маълумотлар юзасидан қисқача мулоҳаза юритиш мақсадга мувофиқ. Инсониятнинг ижтимоий-тарихий тараққиёти давомида қадимги одамлар табиий ҳамда ижтимоий эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ибтидоий жамоа аъзоларининг психологик хусусиятларини аниқлаш, улардан шахслараро муносабатларда оқилона фойдаланиш, ўзининг хатти-ҳаракати, шахсий фаолияти ва муомалага киришишида уларни ҳисобга олишга интилиб яшаб келганлар. Кўп минг йиллик ижтимоий ҳаёт тажрибаларига асосланган равишда одамлар шахснинг индивидуал (лотинча individuum алоҳида, яккаҳол одам) хусусиятларини жон билан боғлашга ва унинг таъсири билан изоҳлашга ҳаракат қилишган. қадимги одамларнинг тасаввурларига қараганда, инсон танасида жон жойлашган бўлиб, у шахсга оид хусусиятлар, хислатларни вужудга келтириш имкониятига эга эмиш. қадимги аждодларимизнинг «жон» тўғрисидаги тасаввурлари шунга боғлиқ, мутаносиб тушунчасини келтириб чиқарди ва бунинг натижасида анимизм (лотинча anima «жон» деган) таълимоти инсоният томонидан кашф қилинади. Ибтидоий халқларнинг тасаввурларида руҳ инсоннинг танаси билан узвий боғлиқ ҳолда ҳукм суради, гўёки яшайди. Шунинг учун ижтимоий ҳодисалар, ҳатто онг, шунингдек, реал воқеликлар (ўлим, уйқу, бехуш бўлиш, бетоблик) кабиларни содда тарздаги моддийлик (мавжудлик) нуқтаи назаридан талқин қилишга уринганлар. Содда тафаккур шакллари билан қуролланган қадимги одамлар атроф-муҳит тўғрисидаги ранг-баранг ҳолатлар, ҳодисалар моҳиятини илмий жиҳатдан далиллаш имкониятига эга бўлмаганлиги сабабли идрок қилинган нарсани унинг ҳақиқий моҳияти тарзида акс эттиришган. Уларнинг тасаввурларида қуйидагича талқинлар кенг ўрин эгаллаган: ўлим - уйқунинг бир тури, лекин руҳ баъзи бир сабабларга кўра танага қайтиб келмайди; туш кўриш - уйқудаги танани тарк этиб юрган ҳаракатдаги руҳнинг таассуротидир; руҳ - инсоннинг айнан ўзидир; руҳнинг эҳтиёжлари, турмуш шароитлари тирик одамникидан тафовутланмайди; марҳумларнинг руҳлари муайян машғулотлар тизимига, ижтимоий қонун-қоидаларга риоя қилувчи ҳамжамиятни яратар эмиш; тирик инсонлар билан марҳумларнинг руҳи бир-бирига боғлиқ бўлиб, моддий жиҳатдан ўзаро алоқадордирлар. қадимги инсонлар табиатнинг қудрати (куч-қуввати) олдидаги заифлиги туфайли якка шахс ҳам, жамоа ҳам руҳга итоаткор тарзида тасаввур этилиши натижасида дин, ибодат тушунчалари пайдо бўлади. Инсониятнинг ижтимоий-тарихий тараққиёти давомида меҳнатни режалаштириш, ишлаб чиқариш муносабатлари, ишлаб чиқариш кучлари ва уларнинг табақалашуви, одамлар тафаккурининг ривожланиши туфайли жоннинг (руҳнинг) моддийликдан ташқари хусусияти, кўриниши юзасидан ғоялар вужудга келади. Бунинг натижасида анимистик тасаввурлар ўрнини руҳни борлиқнинг натуралистик (лотинча natura табиат маъносини англатувчи) фалсафий манзараси тарзида изоҳлаш намоён бўла бошлади: Руҳ оламининг ибтидосини ташкил қилувчи нарсалар (сув, ҳаво, олов)нинг инсонлар ва ҳайвонларга жон бағишловчи шакли (Фалес эрамиздан олдинги VII – VI асрлар, Анексимон V аср, Гераклит VI-V асрлар); Эрамиздан олдин ижод қилган юнон файласуфларининг илмий изланишлари натижасида материянинг жонлилиги, яъни гилозоизм (юнонча hule- «модда», zol «ҳаёт» маъноси) тўғрисидаги ғоя юзага келади; Материянинг жонлилиги ҳақидаги ғояни ривожлантирган атомизм (юнонча atomos-«бўлинмас» дегани) намояндалари (Демокрит эрамиздан аввалги V-IV асрлар, Эпикур IV-III асрлар, Лукриций I аср) бир қанча фикрларни илгари сурдилар, жумладан: а) Руҳ танага жон бағишловчи моддий жисмлар; б) моддий асос сифатидаги ақл; в) ҳаётни бошқарувчи идрок вазифасини бажарувчи аъзо; г) руҳ билан ақл тана аъзолари, бинобарин, уларнинг ўзи ҳам танадир; д) улар шарсимон, кичик ҳаракатчан атомлардан иборатдир. Атомистларнинг фикрлари таҳлили шуни кўрсатдики, унда тананинг (жонли нарсанинг) акс эттиришидан тортиб то психикага (юксак ақл-идрокгача) жонлилиги хусусиятининг материяга хос хусусият эканлигининг эътироф этилиши ўша давр учун буюк илмий воқелик эди. Юқоридаги психолог олимларнинг мулоҳазалари организмнинг анатомик-физиологик тузилиши, миянинг таркиби сингари моддий асосларга суянган ҳолда реал воқеликни тушунтириш имкониятига эга эмас эди. Худди шу омилдан келиб чиққан ҳолда инсоннинг тафаккури, шахсий фазилатлари, унинг мақсад кўзлаши, гавдани идора этишга қобиллигини далиллаш тўғрисида фикр юритиш мураккаб руҳий жараён ҳисобланади. Жумладан, Афлотун (эрамиздан аввалги 428ғ27–347 йиллар) жоннинг таркибий қисмлари тўғрисидаги тушунчани психологияга олиб киради: а) ақл-идрок, б) жасорат, в) орзу-истак кабилардан иборат бўлиб, улар бош, кўкрак, қорин бўшлиғига жойлашгандир. Афлотун психологияда дуализм (лотинча dualis икки мустақил маъно билдиради) таълимотини руҳий оламни, тана билан психикани иккита мустақил нарса деб изоҳлайди. Афлотуннинг шогирди Арасту (эрамиздан олдинги 384-322 йиллар) ўзининг таълимотида психологияни табиий-илмий асосга қуриб, уни биология ва тиббиёт билан боғлаб тушунтиришга эришган. Арастунинг «Жон» тўғрисидаги китоби маълум бир давр учун тараққийпарвар манба вазифасини бажаради. Унда одамларнинг ва ҳайвонларнинг кундалик ҳаётий лаҳзаларини кузатиш орқали яққол воқеликни тасвирлаш, таҳлил қилиш жараёнлари мужассамлашгандир. Арастунинг таъкидлашича, жон қисмларга бўлинмайди, лекин у фаолиятнинг озиқланиш, ҳис этиш, ҳаракатга келтириш, ақл, идрок каби турларга оид қобилиятларда рўёбга чиқади. Унинг мулоҳазасича, сезги билишнинг дастлабки қобилияти, у тасаввур шаклида из қолдириши мумкин. қадимги дунёнинг кейинги ривожланиши паллаларида психологик ғоялар мукаммаллашиб, унга оид таянч тушунчалар вужудга кела бошлади, ҳатто руҳ ҳозирги замон психикаси каби қўлланиш кўлами кенгайди. Психика категориясининг негизида идрок ва тафаккурдан ташқари онг тушунчаси юзага келди, бунинг натижасида ихтиёрий ҳаракатлар ва уларни назорат қилиш имконияти туғилди. Масалан, румолик шифокор Гален (эрамиздан олдинги II аср) физиология ва тиббиёт ютуқларини умумлаштириб, психиканинг физиологик асослари тўғрисидаги тасаввурларни янада бойитди. Унинг илгари сурган ғоялари «онг» тушунчаси талқинига муайян даражада яқинлашади. XVII аср биология ва психология фанлари тараққиёти учун муҳим давр бўлиб ҳисобланади. Жумладан, француз олими Декарт (1596-1650) томонидан хулқ-атворнинг рефлектор (ғайриихтиёрий) табиатга эга эканлигини кашф этилиши, юракдаги мушакларнинг ишлаши (фаолияти) қон айланишнинг ички механизми билан бошқарилаётганлигини тушунтирилиши муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, рефлекс (лотинча reflexus акс эттириш) организмнинг ташқи таъсирга қонуний равишдаги жавоб реакцияси сифатида талқин қилиниш, асаб-мушак фаолиятини объектив тарзда билиш воситасига айланди, сезги, ассоциация, эҳтирос юзага келишини изоҳлашга имкон яратилди. Психология фанининг илмий асосга қурилишида инглиз олими Гоббс (1588-1679) руҳни мутлақо рад этиб, механик ҳаракатни ягона воқелик деб тан олиб, унинг қонуниятлари психологиянинг ҳам қонуниятлари эканлигини таъкидлади. Унинг негизида эпифеноменализм (юнонча epi ўта, phainomenon ғайритабиий ҳодиса) вужудга келди, яъни психология танадаги жараёнларнинг сояси сингари рўй берадиган руҳий ҳодисалар тўғрисидаги таълимотга айланди. Нидерландиялик олим Спиноза (1632-1677) онгни катта кўламга эга материядан сира қолишмайдиган воқелик, яъни яққол нарса деб тушунтирди. У детерминизм (лотинча demerminara белгилайман) принципининг, яъни табиат, жамият ҳодисаларининг, шу жумладан, психик ҳодисаларнинг объектив сабаблари билан белгиланиши ҳақидаги таълимот тарғиботчиси эди. Немис мутафаккири Лейбниц (1646-1716), инглиз файласуфи Жон Локк (1632-1704), инглиз тадқиқотчиси Гартли (1705-1757), француз Дидро (1713-1784) кабилар ғоялар ассоциацияси (боғланиши) қонуни, идрок ва тафаккурнинг пайдо бўлиши, қобилиятлар психологияси ҳақида муҳим таълимотларини яратиш билан фаннинг ривожланишига муҳим ҳисса қўшдилар. XVIII асрга келиб нерв системасини тадқиқ қилишда улкан ютуқларга эришилди (Галлер, Прохазка), бунинг натижасида психика миянинг функцияси эканлиги ҳақидаги таълимот вужудга келди. Инглиз тадқиқотчиси Чарльз Белл ва француз Франсуа Мажанди томонидан ёзувчи ва ҳаракат нервлари ўртасидаги тафовут очиб берилди, унинг негизида рефлектор ёйи деган янги тушунча психология фанида пайдо бўлди. Буларнинг натижасида ихтиёрий (онгли) ва ихтиёрсиз (онгсиз) рефлектор турлари кашф қилинди. Юқоридаги илмий кашфиётлар таъсирида рус олими И.М. Сеченовнинг (1829-1905) рефлектор назарияси рўёбга чиқди ва ушбу назария психология фанининг физиологик асослари, механизмлари, бош мия рефлексларининг ўзига хос хусусиятлари табиатини очиб бериш имкониятига эга бўлди. Психология фанининг экспериментал, психоаналитик, бихевиористик, эмпирик, эпифеноменалистик, гештальт, ассоциатив, вюрцбург, психогенетик, редукционизм, солипцизм, гуманистик, биогенетик, социогенетик каби йўналишлари томонидан тўпланган маълумотлар ҳозирги замон психологиясини вужудга келтирди. Худди шу йўналишларнинг ранг-баранг методикалари, методлари умумий психология фанининг предметини ва унинг тадқиқоти принципларини аниқлаб берди. Download 3.91 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling