Э. ғозиев умумий психология
Download 3.91 Mb.
|
умумий психология Гозиев
2.Таълим. Таълим ҳам жараён, ҳам фаолият сифатида инсоннинг ҳаётида муҳим роль ўйнайди ва муайян давр учун етакчи фаолият сифатида гавдаланиши мумкин. Таълим бошқача сўз билан айтганда, ўқитувчи билан ўқувчининг субъект-субъект муносабатидаги ҳамкорлик фаолияти ҳисобланади. Аксарият ҳолларда ўқитувчи ахборот узатувчи (коммуникатор) ўқувчи эса уни қабул қилувчи(коммуникат) объект сифатида талқин этилади, лекин иккиёқлама ҳаракат туфайли маълумот инсонга англашинилади, ўзаро таъсир, ўзаро англашув, тушунув, ўзаро субъектларнинг бир- бирга зарурийлиги, тақозочанлиги ҳамкорликнинг муваффақияти кафолатли саналади. Таълим ўқув фаолияти, ақлий фаолият, билиш фаолияти турткиси вазифасини ўтайди, чунки ҳар қайси фаолиятнинг шакли ақлий меҳнат туфайли амалга ошади. Таълимнинг бошқа фаолият турларидан фарқи унинг маҳсулининг ўзига хослиги, барча босқичларига онгли ёндашувда ва муносабатда бўлишдир. Таълим ўқув фаолияти ёки жараён сифатида мустақил изланишни, ижодий муносабатни, турли вазият (аудитория ва ундан ташқарида)ни, ҳар хил босқични (бошланғич, ўрта, махсус, олий таълим) ўзида мужассамлаштиради. Мустақил билим олиш ва мутолаа қилиш ҳам ўқув фаолиятининг муайян кўринишлари бўлиб, шахсий илмий, ижодий изланишнинг маҳсули ҳисобланади.
Таълим-тарбия билан уйғунлашган тарзда намоён бўлади, субъектга объектив таъсир ўтказиш туфайли билимлар эгалланади, муайян шахсий фазилатлар таркиб топади. Таълимнинг моҳиятига (матнда ғоя, таассурот, мазмун, сюжет, тимсол орқали) тарбиявий таъсир ўтказиш дастурий асосда, иерархик (юнонча hierarchia изчиллик) тарзда сингдирилади. Таълим муайян гуруҳ ва жамоани шакллантиради, шахслараро муносабат маромлари билан таништиради, шахсий фазилатларнинг таркиб топишига, субъектнинг ижтимоийлашувига сезиларли таъсир ўтказади. Таълимнинг яна бир муҳим функцияси шуки, у турли ёшдаги одамларни касб танлашга йўналтиради, касбий тайёргарликни амалга оширишга, мутахассис сифатида шаклланишга муҳим таъсир ўтказади. Таълим ижтимоий жиҳатдан шахсларни шакллантириш, ихтисос кўникмалари билан қуроллантириш, у ёки бу соҳада мутахассис бўлиб фаолият кўрсатишга хизмат қилади. Мустақил фикрлаш, психологик имкониятларни рўёбга чиқариш, баркамолликни эгаллаш борасида ижтимоий ҳаётнинг турли жабҳаларида таълим етакчи фаолият тариқасида муҳим роль ўйнайди. Таълим талабага муайян кўламда ва даражада билим, кўникма ва малака беришга, шунингдек, шахснинг ақлий фаолиятини ривожлантиришга қаратилган мураккаб жараён ҳисобланади. У икки томонлама хусусиятга эга бўлиб, ўқитувчи (таълим беради) ва талаба (таълим олади)ларнинг ҳамкорликдаги фаолияти натижасида амалга оширилади, шунинг билан бирга мазкур жараён педагогик салоҳиятли, касбий уқувли, етук инсон бошчилигида фан асослари эгалланади. Таълимнинг муваффақияти, биринчидан, ўқитувчи билан талабалар жамоасини ҳамкорлик фаолиятининг фаол тарзда ўтишига, иккинчидан, нималардан сабоқ беришга, ким томонидан ташкил қилинишга, уни қандай методлар билан амалга оширишга ва кимларни ўқитишга кўп жиҳатдан боғлиқдир. Бинобарин, ўқитувчи билан талабаларнинг ҳамкорлик фаолиятининг уйғунлик, ижодий изланиш, фаоллик касб этиши-муваффақият гаровидир. Ҳозирги даврда фан ва техниканинг ривожи, ахборот ва билим кўламининг кенгайиши, олий мактаб талабалари олдига мустақил билим олиш вазифасини юкламоқда. Мазкур масъулият педагогларга ҳам бевосита алоқадор бўлиб, фақат талабаларга билим бериш, кўникма ва малакаларни шакллантириш билан қаноатланмасдан, балки фаол ва мустақил равишда уларни эгаллашга ўргатишни тақозо этади. Ана шу тариқа таълим тушунчасидан ўқиш (ўрганиш) атамаси ажралиб чиққан. Ўқиш ёки ўрганиш талаба фаолияти бўлиб, билим, кўникма, малака ва одатлар шаклида ифодаланиб, инсониятнинг ижтимоий-тарихий тажрибаларини ўзлаштириш ҳамда улардан амалий эҳтиёжни қондириш учун фойдаланиш англашилади. Халқ таълими тизимида ўқиш ўқитувчи раҳбарлигидаги ўқитиш жараёнининг бир томонини тавсифлайди, холос. Ўқишдаги муваффақиятни таъминловчи асосий омил-бу талабанинг мустақиллигидир. Мустақиллик таълимнинг объектив ўқув материали, ўқитиш суръати, методи, дарсликлар ва субъектив мотив, қизиқиш, майл, установка, қараш ва бошқа сабабларига таъсир қилади. Бу ўринда таъсир ўтказиш, таъсирланиш, ўзини ўзи қўлга олиш, ўзига ўзи буйруқ бериш ҳолатлари муҳим роль ўйнайди. Педагогик психологияда таълим ўқитиш, ўқиш, ўрганиш билан бир қаторда ўзлаштириш тушунчаси ҳам қўлланилади. Таълим амалиётида ўқиш ва ўқитиш олдига қўйиладиган асосий вазифа- бу билимларни, кўникма ва малакаларни ўзлаштиришдан иборатдир. Ўзлаштириш жараёни билиш фаолиятининг ажралмас қисми бўлиб, педагогик-психологик таъсирлар талабалар онгида қай йўсинда тасаввур образлари, фикр ва мулоҳазалар бўлаётганлиги, уларнинг амалий фаолиятида қандай шаклда акс этаётганлиги, психик ўсишга, илмий дунёқараш ва эътиқодларни эгаллашга ёрдам бераётганлигини акс эттирувчи мураккаб воқелик ҳисобланади. Билимларни ўзлаштиришнинг самарадорлиги ўрганилаётган материалнинг мазмунига, муайян тизимда узатилаётганига, педагогик маҳоратига, унинг шахсий хусусиятига, ўқитиш методикасига, талабаларнинг индивидуал-типологик хусусиятларига ва қизиқишига бевосита боғлиқдир. Ўқув материалларни ўзлаштиришда идрок жараёни алоҳида аҳамият касб этади. Генетик нуқтаи назардан ушбу масалага ёндашсак, мавҳум тушунчаларга нисбатан аниқ материаллар осонроқ идрок қилинади. Даставвал билиш жараёни атроф-муҳитни амалий жаҳатдан инсон томонидан ўрганиш тариқасида намоён бўлганлиги туфайли ўз қадриятини сақлаб келмоқда. Таълим жараёнида аниқ тасаввурлилик, тасвирий кўргазмалилик, “жонли мушоҳада”лик материалларнинг ўрни ниҳоятда муҳимдир. Ўзлаштирилаётган ўқув материалларининг маълум қисми ҳиссий тана аъзоларимиз томонидан акс эттирилади. Талабалар билимларни эгаллаш пайтида аниқ нарсалар, объектлар, ҳодисалар, жисмларни ёки уларнинг рамзий тасвирларини кузатиш натижасида аниқ тасаввур образларини яратадилар. Психологик нуқтаи назардан кўргазмалилик табиий-предметли, тасвирий ва жонли нутқли ёки “жонли мушоҳада”лик турларига ажратилади. Ўқитишда янги мавзу аудиторияда тажриба ўтказиш ёки баъзи объектларга саёҳат уюштириш билан боғлиқ равишда олиб борилади. Мазкур ҳолат материални талаба томонидан пухта ўзлаштириш учун кенг имконият яратади. Тажриба майдонларида, жонли бурчакларда ўтказазиладиган машғулотлар ана шулар қаторига киради. Тасвирий кўргазмалилик расмлар, муляжлар, диапозитивлар, кинокартиналар, чизмалар, чизгилар, жадваллар, диаграммалар, картиналар ва символли белгилар ёрдамида намойиш қилинади. Жонли нутқ кўргазмалилигида ўқитувчи талабаларда аниқ образларни, тасаввурларни уйғотадиган ёрқин, қанотли иборалардан (“тараққиёт-дунёни ларзага келтирди”, “камбағаллик-киши қаддини букади”) кабилардан унумли фойдаланади. Бироқ ҳиссий идрок қилишдан меъёридан ортиқча фойдаланиш - талаба ақлий тараққиётини сустлашишга олиб келиши, мавҳум тафаккурга салбий таъсир ўтказиши мумкин. Бунинг натижасида мустақил фикрлаш, мулоҳаза юритиш, мунозарага киришиш ривождан орқада қолади. Бундан келиб чиққан ҳолда талабаларнинг кузатувчанлигини такомиллаштириш, тараққий эттириш мақсадга мувофиқдир. Кузатувчанликни талабаларда шакллантириш учун ўқитувчи уларга аниқ ва муайян мақсад қўйишни, яхлит нарсадан бўлак ва қисмларни ажратишни, объектларни ўзаро таққослашни, улардан муҳим ва номуҳим белгиларни ажратишни ўргатади. Кузатиш ёрдамида ўрганилган нарса ва ҳодисалар талабалар томонидан расмлар, чизмалар, эсдаликлар, мулоҳазалар тарзида қайд қилиб борилади. Фаол мақсадга йўналтирилган, узлуксиз кузатиш замирида уларда кузатувчанлик хусусияти таркиб топади. Билимларни ўзлаштиришнинг муҳим томонларидан бири-бу ўқув материалини тушунишдан иборат бўлиб, уларнинг ўзаро боғлиқлиги, фанлараро алоқаси,муайян соҳаларга ва тизимларга тааллуқлилигини англаш босқичига кўтарилади. Талаба ўрганилаётган материалларни ўтилган мавзулар билан мураккаб ички боғланишга эга эканлигини, қонуният таърифини, сабаб-оқибат муносабатларини келиб чиқишини тушунтириш имконияттига эга бўлмоғи зарур. Бу нарсаларни оддий идрок қилиш ёки кузатиш орқали англаб бўлмайди, шунинг учун фикрлаш, мулоҳаза юритиш, ижодий изланиш, яъни тафаккур қудрати билан аниқланади. Ўқув материалларини ўзлаштириш учун талабалар матндаги ҳар бир тушунчаларни англаб етмоғи зарур. Масалан: китоб-умумий тушунча, яъни бунда бир жинсдан бўлган кўп нарса ва ҳодисалар гавдаланади; “Самарқанд” -якка тушунча, чунки якка ном ҳақида маълумот беради; “дарахт” –аниқ тушунча, бу ерда алоҳида олинган бир бутун нарсага алоқадорлик акс эттирилмоқда; “сиёсат” - мавҳум тушунча. Ҳатто талаба “гулзор” сўзини тушунчаларга тааллуқли эканлигини исботлаб, далиллаб бермоқлари шарт. Бундан ташқари, улар тўпланма тушунчалар якка “Республика Педагогик адабиётлари кутубхонаси” ҳамда умумий “хулқ”, “синф”, “ёшлар” турларига ажратилишини тушунтириб беришлари лозим. Билимларни англаш ва уларни мустақил ўзлаштириш жараёнида фикр юритиш жараёнларидан унумли фойдаланмоқлари даркор. Масалан: матнни анализ ва синтез қилиш, таққослаш, классификациялаш, умумлаштириш, тизимлаштириш ва ҳоказо. Анализ нарса ва ҳодисаларни фикран таркибий қисмларга ажратишдан иборат бўлиб, унда бутуннинг бўлакларга нисбатан муносабати аниқланади. Синтез эса, аксинча, фикр объекти бўлган нарса ва ҳодисаларнинг таркибий қисмларини фикран бир бутун қилиб қўшишдир. Ўрганилаётган нарса ва ҳодисалардан уларнинг муҳим белгиларини, сифат ёки хусусиятларини фикран ажратиб олиб, ана шу белги, сифат ёки хусусиятларни мустақил фикр объетига айлантириши, мавҳумлаштириши айни муддаодир. Шунингдек, улар ўзлаштирилаётган нарса ва ҳодисаларнинг муҳим ва ўхшаш белгиларига кўра бир гуруҳга бирлаштиришни уддасидан чиқмоқлари лозим. Бундан ташқари, талаба ўқув материалларида учрайдиган нарса ва ҳодисалардаги хосса, белги, аломатларни топиш ва шу умумийлик асосида уларни фикран бирлаштириш, яъни умумлаштириш зарур. Талаба ўзлаштирилган билимлари юзасидан мустақил равишда ҳукм чиқариш имкониятига эришмоқлари керак. Нарса ва ҳодисаларнинг белги ва хусусиятлари ҳақида тасдиқлаб ёки инкор қилиб айтилган фикр ҳукм дейилади. Таълимда одатда ҳукмларнинг якка,умумий,эҳтимоллик каби турлари кўп қўлланилади. Масалан: “Алишер Навоий - ўзбек адабий тилининг асосчисидир” (якка ҳукм). “Ўзбекистон фуқаролари меҳнат қилиш, билим олиш ҳуқуқларига эгадирлар” (умумий ҳукм), “Эҳтимол, қуёш тизимидаги сайёраларнинг кўплаб йўлдошлари бордир”(эҳтимоллик ҳукм) ва бошқалар. Шунингдек,улар ўқиш жараёнида тез-тез “мавзуларни ўз вақтида такрорлаш-пухта эслаб қолишнинг гарови”, “машаққат билан тўпланган илм зое кетмайди”, “гоҳ ҳаво очилиб кетади, гоҳо унинг юзини булут қоплайди” деган ҳукмлардан жуда ўринли фойдалана бошлайдилар. Бу ҳолат-ўқишга онгли муносабатнинг тимсоли бўлиб ҳисобланади. Хулоса чиқариш шундай тафаккур шаклидирки, бу шакл воситаси билан талаба икки ва ундан ортиқ ҳукмлардан янги ҳукм ҳосил қилади. Хулоса чиқариш индуктив, дедуктив ва аналогия турларига бўлинади. Индуктив хулоса чиқаришда фикрнинг йўналиши хусусийдан умумий томон боради. Масалан: “биринчи босқич талабалари шанбаликда фаол иштирок этдилар”, “Шанбаликда иккинчи босқич талабалари ҳам қатнашдилар”, “Шанбаликда магистрлар ҳам четда турмадилар”. Талаба юқоридаги ҳукмлардан янги умумий ҳукм чиқаради: Университетимизнинг ҳамма талабалари шанбаликда фаол иштирок қилдилар. Дедуктив хулоса чиқаришда фикрнинг йўналиши умумийдан хусусий томон боради. Масалан: “Мамлакатимиз аҳолиси ер куррасида тинчлик учун курашмоқдалар”, “Университетимиз жамоаси ҳам тинчлик ишига қўл қўйганлар”, “Факультетимиз талабалари ҳам тинчлик тарафдоридирлар”. Аналогия йўли билан хулоса чиқаришда фикрнинг йўналиши хусусийдан хусусий томонга қаратилади. Масалан: “Ҳаво ўзгариб, авзойи бузилмоқда”, “Ўтган йили ҳам шундай ҳаводан кейин совуқ шамол эсиб, қор ёққан эди”, “Об-ҳаво худди шундай ўзгариб турибди,албатта яна қор ёғса керак”. Худди шу аналогик йўл билан талабалар бошқа ҳодисалар тўғрисида ҳам хулоса чиқаришлари мумкин. Мустақил хулоса чиқариш ўзлаштирилган материалларни тушунишдан далолат беради. Шунингдек, талабалар олдида муаммоли вазиятлар вужудга келтирилганда, уларнинг ечимини мустақил равишда топишлари керак. Айтайлик, мана бундай вазият майдонга келди деб: “Мустақил билим олиш учун талабада қандай имкониятлар бўлиши керак?” Мазкур муаммо ечимини топиш учун, биринчи навбатда,унинг моҳиятини англаш, ечиш йўлларини ва воситаларини топиш, йўл ва воситаларни татбиқ қилиш, ечимни текшириш каби мураккаб фаолиятни амалга ошириш зарур. Ана шундан сўнг талабада материалларни ўзлаштиришга онгли ёндашиш вужудга келади. Шунинг билан бирга улар нарса ва ҳодисаларнинг моҳиятини акс эттирувчи тушунчаларга таяниб фикр юритишдан (мавҳум тафаккурдан), назарий мулоҳаза билдиришдан (назарий тафаккурдан) фойдаланишлари керак. Чунки, тушунчаларни англаш фикр юритишнинг турли кўринишларидан мустақил равишда қўллашни тақозо этади. Таълим жараёнида англашилган билимлар, эгалланган кўникма ва малакалар талаба хотирасида сақланади. Ўқув материалини эсда олиб қолиш, эсда сақлаш, эсга тушириш учун хотиранинг бир неча хил воситаларидан фойдаланилади. Дастлаб билимлар, ахборотлар талаба онгига ассоциатив йўл билан кириб боради. Жумладан, ўрганилаётган нарса ва ҳодисаларнинг ўзаро ўхшашлиги, ёндошлиги, қарама-қаршилиги мавжуд бўлганлиги сабабли улар енгилроқ ўзлаштирадилар. Баъзан қонун ва қоидалар маъносига тушунмай, механик равишда ёд олинади. Лекин ундай материаллар эсда пухта сақланмайди. Ана шунинг учун ўқув материаллари моҳиятини имкони борича мантиқий йўл билан эсда олиб қолиш юксак самаралар беради. Айниқса эсда олиб қолишнинг омилкор усулларидан фойдаланиш ўзлаштириш сифатини оширади. Чунончи, маъносига кўра матндаги сўзларни фикран гуруҳлаш, матндан таянч нуқталарини топиш, матн бўйича режа тузиш, ўтилган мавзуларни идрок қилган ҳолда янги мавзуни такрорлаш яхши натижалар беради. Ўқитувчи талабаларда эсда олиб қолиш установкаларини ҳосил қилишда қайси материални узоқ муддат сақлашни, қайси туркумдаги материални сидирғасига эмас, балки моҳиятини тушуниб олишни, нималарни айнан эсда олиб қолишни, қандай ахборотларни ўз сўзи билан ифодалаган ҳолда хотирасига жойлашнинг йўл ва воситаларини тушунтириб бериши лозим. Установкалар таълим жараёнида объектив омил ва кундалик зарурият эканлигини талаба англаб етиши шарт. Улардаги оддий установкалар аста-секин ижтимоий установкага ўсиб ўтиб, шахсда қадриятни вужудга келтиради. Билиш жараёнининг барқарорлиги, мазмундорлиги ва тазимлилиги бевосита диққатга боғлиқ. Диққат пассив, кучсиз бўлган вазиятда билиш жараёни секинлашади ва тормозлашади. Талабаларнинг диққати узоқ вақт давомида муайян вазифага қаратилган тақдирдагина билиш жараёни амалга ошади. Диққат фаоллигига кўра ихтиёрсиз, ихтиёрий, ихтиёрийдан кейинги, объектга қараб ташқи, ички, фаолият шаклига қараб индивидуал, гуруҳий ва жамоавий турларга бўлинади. Ихтиёрсиз диққат таълим жараёнида муҳим аҳамият касб этади. Лекин, ўқитишда диққатнинг фақат мана шу турига асосланиб иш тутиш мақсадга мувофиқ эмас. Маълумки, ўта қизиқарли маърузалар талаба фикр юритишига,³ийинчиликларни енгишига салбий таъсир қилади. Шунинг учун сабоқ бериш жараёнида кўпроқ ихтиёрий диққатга таяниш яхши натижа беради, чунки, иродавий диққат билан ҳиссий қизиқишнинг бирлашуви диққатни шакллантиришнинг муҳим шарти ҳисобланади. Шу нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, иродавий диққатдан узоқ фурсат фойдаланиш унинг чалғишига олиб келади. Бинобарин, аудиторияда диққатнинг ҳар қайси туридан фойдаланиш зарур. Айниқса, бу ўринда ихтиёрийдан кейинги автоматлашган диққат тури алоҳида аҳамиятга эга. Таълим жараёнида қизиқишнинг роли ғоят муҳим. Чунки қизиқишлар талабаларнинг ўқишга нисбатан муносабатини, ўқув предметларининг мазмунига кўра мойиллик кучини акс эттиради. Мойиллик кучи уларда юзага келган билиш эҳтиёжларига жавоб реакциясини билдиради, билишга чанқоқлик ҳисларини қондириш воситаларини излаб топишга йўлланма беради. Олий мактаб олдидаги долзарб вазифалардан бири – бу барча талабаларни билиш фаолиятига етакловчи, олий мактабдан ташқари вақтда ҳам изчил мазмундаги турғун қизиқишларни бошқариш йўлларини кўрсатиб беришдир. Ўз навбатида талаба уни қабул қилишга психологик жиҳатдан тайёр туришлари керак. қизиқишлар, одатлар, бевосита ва бавосита, беқарор, кенг ва тор, умумий ва махсус турларга бўлинади. У синчковлик, қизиқувчанлик, билишга қизиқиш, турғун қизиқиш босқичларини босиб ўтади. қисқа муддатли синчковликка эга бўлган талабалар дарсда олган билимларини оддийгина идрок қилиш билан кифояланадилар. Уларнинг ички моҳиятини очиб беришга уринмайдилар. қизиқувчанликка эга бўлганлар-предмет, воқеа ва ҳодисаларни ўзаро жамлаб умумий хулоса чиқаришга ҳаракат қиладилар. Лекин бундай ҳаракатларни амалга ошириш чуқур мазмунга эга эмаслиги намоён бўлади. Билишга қизиқиш пайдо бўлган талабалар ўзлаштирилган билимларни амалиётга татбиқ қилишга интиладилар. Уларнинг интилишлари барқарор хусусият касб этиб, нарса ва ҳодисалар моҳиятини англаб олишга қаратилгандир. Турғун қизиқишни эгаллаган талабаларга билимларни амалиётга татбиқ қилишдан, мақсадни аниқ ёритишдан ташқари барча нарса ва ҳодисаларнинг ўзаро муносабатларини тушунтириб беришда ҳамма вақт ижодий муносабат, ижодий ёндашиш характерлидир. Уларда ташаббускорлик, ижодий изланиш, тиришқоқлик, қатъийлик каби шахс сифатлари мавжуддир. Талаба қизиқишини стабиллаштириш учун фикр юритиш фаолиятининг барча кўринишларига эътибор қилиш, ҳиссий ҳолатини кузатиш, аудиторияда ўз хоҳишича нималар билан шуғулланишини аниқлаш, аудиториядан ташқари вақтларда нималар билан машғул бўлишини ва бўш вақтларда қандай нарса билан банд эканлигини белгилаш зарур. Олий таълим жараёнида талабаларнинг иродавий зўр беришлари уларнинг топшириқларни ечишга интилишларида, ўзига ўзи буйруқ беришида, ўзини ўзи қўлга олишида ўз ифодасини топади. Ўзлаштиришнинг самарадорлиги талабаларнинг иродавий зўр бериши, маънавий эҳтиёжи ва англашилган ўқув мотивига бевосита боғлиқ. Модомики шундай экан, уларни қийинчиликларни енгишга ўргатиш, айрим пайтда дуч келадиган муваффақиятсизликлар олдида довдираб қолмасдан, балки уларни ўзини ўзи идора қилишга ўргатиш айни муддаодир. Бунинг учун уларда қийинчиликларни енга олиш уқувини, ўзини ўзи қўлга олиш фазилатини шакллантириш мақсадга мувофиқ. Олий мактабда талабаларни таълимий иш усуллари, индивидуал ишлаш услуби билан, ўқув кўникмалари ва малакалари билан қуроллантириш ўқитиш самарадорлигини оширади, ўзини ўзи бошқариш уқувини таркиб топтиради, ижодий фикр юритиш, мустақил билим олиш имкониятини яратади. Шунингдек, олий таълим жараёнида ўқитувчи билан талаба мулоқотини оқилона ташкил қилиш, уларнинг индивидуал-типологик ва ёш давр хусусиятларига, интеллектуал имкониятларига эътибор бериш олий таълим тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади. Download 3.91 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling