Э. ғозиев умумий психология


Download 3.91 Mb.
bet38/117
Sana14.11.2023
Hajmi3.91 Mb.
#1772538
1   ...   34   35   36   37   38   39   40   41   ...   117
Bog'liq
умумий психология Гозиев

7. ХХI аср одамлари


Одамзод муаммоси азалий долзарблиги билан бошқа инсоншунослик категориларидан кескин ажралиб турган ва бундан кейинги инсоннинг ижтимоий-тарихий тараққиётида ҳам худди шундай юксак нуфузга эга бўлиб қолаверади. Жамият мавжуд экан унинг қудрати, ҳаракатлантирувчи кучи, моддий ва маънавий маҳсулот яратувчиси бўлмиш инсоннинг ахлоқи, ақл-идроки, юксак ҳис-туйғуси, иродавий фазилати, қобилияти ва салоҳияти юзасидан янги маълумотларга эга бўлиш масаласи ўз мавқеини асло йўқотмайди. Худди шу боисдан инсон шахси, унинг камолоти, унга таъсир этувчи ички ва ташқи омиллар, фаолият, тажриба ва интилишнинг роли масалалари ХХI асрда тадқиқот этилишга муҳтождир.
Инсон шахсини ўрганиш масаласи билан фалсафа, психология, педагогика, социология, филология, тарих каби ижтимоий ва гуманитар фанлар шуғулланади. Ҳозирги даврда инсон муаммоси аниқ, гуманитар, ижтимоий фанларнинг умумий тадқиқот объектига айланиб бормоқда ва бу жараён кейинги асрда янада жадаллашади. Шунга қарамасдан, бир томондан, инсонни ўрганишда дифференциация ҳодисаси юз бермоқда, иккинчи томондан, инсон тараққиётининг синтетик (бирикув) тавсифи бўйича интеграция ҳолати кўзга ташланмоқда. Инсон бир қатор фанларнинг тадқиқот объекти эканлиги йиғиқ, ихчам, яхлит тарзда тасаввур этиш учун уни биосоциал ва социобиологик жиҳатдан ўрганиш мақсадга мувофиқ. Маълумки, инсон ҳаёти ва фаолиятининг операционал (усул, услуб, уқув, операция, кўникма, малака, одат) механизми унинг онтогенезида функционал (ҳаракатлантирувчи) механизмга ўсиб ўтади, бинобарин, унда комилликнинг белгилари, аломатлари шаклланади, натижада у жисмоний ва маънавий камолот чўққисининг муайян даражасига эришади.
Муаммони инсон - жамият - табиат - турмуш муносабатлари нуқтаи назардан текширган жаҳон психологиясининг намояндалари Ш.Бюлер, А.Маслоу, К.Роджерс, Р.Оллпорт, В.Джемс, А.Гезелл, Л.Термен, Ж.Пиаже, А.Валлон, С.Л.Рубинштейн, Л.С.Виготский, А.Н.Леонтьев, Б.Г.Ананьев каби олимлар одамнинг улар билан ҳар хил турдаги ва кўринишдаги каузал, структуравий, операционал, мотивацион, когнитив, фазовий ва маконий алоқалар тизими мавжудлигини таъкидлаб ўтгандир.
Жаҳон психологиясидаги турли назарияларга асосланган ҳолда, биринчидан, инсон у ёки бу алоқалар тизимига биноан биологик эволюция маҳсули сифатида ўрганилади. Иккинчидан, ижтимоий-тарихий жараённинг ҳам объекти, ҳам субъекти тариқасида инсон шахси тадқиқот қилинади. Учинчидан, индивид (одамзод) муайян даражада ва кўламда ўзгарувчан, биологик тараққиётнинг генетик дастурига асосланувчи алоҳида хусусиятли жонзод тарзида илмий жиҳатдан текширилади.
Бизнингча, инсоннинг жамият ишлаб чиқаришининг етакчи ва асосий таркиби, билиш, коммуникация ва бошқарув жараёнининг субъекти, тарбиялаш ва тарбияланиш предмети сифатида тадқиқ этилиши муҳим аҳамиятга эга. Худди шу боисдан инсон ва унинг борлиқ, ижтимоий жамият билан кўп қиррали, мураккаб муносабатга ҳамда алоқага киришиши қуйидаги тарзда намоён бўлиши мумкин:
1. Табиатнинг биотик ва абиотик омиллари - инсон.
2. Жамият ва унинг тарихий тараққиёти - инсон.
3. Инсон - техника, технология.
4. Инсон - маданият, маънавият, қадрият ва руҳият.
5. Инсон ва жамият - ер ва фазо.
ХХI асрда ҳам одам индивид, шахс, субъект, комил инсон сифатида психологик илмий тушунчалар негизида талқин қилинишда давом эттирилади, лекин ҳар бир тушунча моҳиятида ва кўламида сифат ўзгаришлари юз бериши мумкин, чунки ташқи ва ички омиллар, таъсир этувчилар, таъсирланувчилар устуворлиги йўқола боради.
Одамга индивид сифатида тавсиф беришда унинг ёш даври, жинсий ва индивидуал-типологик хусусиятларига асосланилади. Ёш даврнинг сифатлари онтогенетик, эволюция босқичларида изчил равишда намоён бўлади ва такомиллашув жараёнида ўз ифодасини топади, жинсий диморфизм хусусияти эса уларга мутлақо мос тушади. Индивиднинг индивидуал-типологик хусусиятига конституцион (тананинг тузилиши, биокимёвий индивидуаллик, яъни яккаҳоллик) ҳолатлар, симметрия ва асимметрия жуфт рецепторлари, эффекторлари функцияси киради. Бу хусусиятлар, ҳолатлар, ҳодисалар, механизмлар ва хоссалар бирламчи ҳисобланиб, ҳужайра ва молекуляр тузилишнинг барча даражаларида иштирок этади.
Жаҳон психологияси тўплаган назарий ва амалий маълумотларга кўра, ёш, жинсий ва индивидуал-типологик хусусиятлар сенсор (субсенсор, субцептив), мнемик (хотира), вербал (сўз орқали) ва мантиқ психофизиологик функцияларининг динамикаси ҳамда органик эҳтиёжлар тузилишини аниқлайди. Индивиднинг бу хусусиятларини иккиламчи деб атаб, уларнинг интеграцияси темперамент хусусиятларида ва туғма майлларда ифодаланишини таъкидлаб ўтиш мақсадга мувофиқ. Чунки юқоридаги сифатлар онтогенетик эволюция жараёндан иборат бўлиб, улар филогенетик дастурга асосланиб ҳукм суради. Ёш даврга оид ва индивидуал ўзгарувчанлик инсониятнинг ижтимоий-тарихий тараққиёти таъсири остида ҳар хил кўринишларда намоён бўлиши мумкин. Индивиднинг динамик хусусиятларига шахснинг ижтимоий муҳитда вужудга келган сифатлари таъсир этиб, унинг индивидуал ўзгарувчилиги омилини янада кучйтиради.
Инсоннинг шахс сифатида тавсифланишининг муҳим психологик лаҳзаси унинг динамик хусусиятлари ҳисобланиб, жамиятдаги статуси (иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий, мафкуравий негизга боғлиқ, яъни унинг жамиятда эгаллаган ўрни, нуфузи, мавқеи билан белгиланади) орқали ифодаланади. Статуснинг негизида эса ҳамиша узлуксиз равишда ўзаро алоқалар тизими ётади. Инсон бажариши лозим бўлган гуруҳий фаолият ва яккаҳол турмушга, касб-ҳунарга алоқадор, яъни касабавий, оиладаги ҳамда жамоадаги ролнинг ижтимоий функцияси, унинг муайян мақсадга, қадриятга, маънавиятга йўналганлиги, шахсни фаоллаштиради, натижада у барча жабҳаларда иштирок этиш имкониятига эга бўлади. Статус, роль, қадриятга йўналганлик шахс хусусиятлари, сифатлари, фазилатлари, хосиятлари ва хислатларининг бирламчиларини ташкил этади, унинг тузилишида асос бўлиб хизмат қилади. Шахснинг тавсифи фаолият, хулқ мотивацияси хусусияти ва ижтимоий феъл-атвор (оддий стереотипдан тортиб, то халқ донишмандлиги намуналари) тузилишини белгилаб, унинг таркибидан иккиламчи аломатлар, белгилар сифатида жой эгаллайди. Шахснинг бирламчи ва иккиламчи сифатларининг ўзаро таъсирини бирлаштирувчи юксак самара тарзида инсон характери ва майллари юзага келади. Инсоннинг шахс хислатларини ривожлантирувчи, уларни такомиллаштирувчи ва барқарорлаштирувчи асосий шакл - унинг жамиятдаги ҳаёт йўли, муайян из қолдириши ва ижтимоий таржимаи ҳоли ҳисобланади. Шахснинг халқига қилган хизмати унинг эъзозланишига, ҳаттоки миллий маънавий бойлик, тафаккур гулшани ва сарчашмаси даражасига кўтарилиши мумкин.
Инсоннинг фаолият субъекти сифатидаги асосий тавсифлари қаторига унинг бу соҳадаги тараққиётнинг маҳсули - онги (объектив фаолиятнинг инъикоси сифатида (ва фаолияти) воқеликнинг ўзгартирувчиси тариқасида) киради. Инсон амалий фаолиятнинг субъекти тарзида унинг шахсий фазилатлари ва хислатларини тавсифлабгина қолмайди, балки меҳнатнинг техник воситалари ва технологияси, уларнинг кучайтирувчанлик, тезлаштирувчанлик ва яратувчанлик функциялари сифатида юзага келади. Амалий фаолият умуминсоний ва якка шахс тажрибасининг бир қисми тариқасида, эгалланилган, ўзлаштирилган, пухта тажрибадан фойдаланиш сингари намоён бўлади. Назарий фаолиятнинг субъекти бўлмиш инсон ўзининг билимлари, касбий кўникмалари, ақлий малакалари билан тавсифланади, қайсики улар ўзига хос аломатлар тизими билан бевосита боғлиқдир. Ақлий фаолият ижодиёт даражасига ўсиб ўтиши натижасида ижодий маҳсуллар, янгиликлар, қонуниятлар вужудга келади ва жамият тараққиётини ҳаракатлантирувчи кучига айланади. Аждодлар мероси ва авлодлар салоҳияти маҳсулларининг узвий боғланиши назарий ва амалий фаолиятнинг ўзаро уйғунлашувини тақозо этади, ваҳоланки, ҳар иккала фаолият турида ижодийлик аломати, маҳсули иштирок қилади, фан ва техника ривожини таъминлайди. Фаолият тажрибалар билан узвий боғланса, унинг самарадорлиги, мақсадга йўналганлиги, амалга ошиш имконияти юксак босқичга кўтарилади.
Инсон ҳаётида ижтимоий ҳодиса сифатида армон муҳим роль ўйнайди, унинг фаолликка чорлайди, ҳаракат қилишга асосий туртки вазифасини бажаради. Армон инсон учун гўёки ушалмаган орзу, ғамгин туйғуларнинг жонлашуви, комфортга интилишга даъват этувчи ҳиссиёт, ижтимоий ва яккаҳол турмушни баҳолаш мезони, фаолликка етакловчи мотив, эзгу ниятлар оғушига тортувчи доимий туртки, лоқайдликнинг олдини олувчи ички руҳий имкониятдир. Шахс учун эйдетик образлар қанчалик аҳамият касб этса, барқарор из қолдирса, армон ҳам худди шундай хусусиятга эга бўлиб, улардан фарқли ўлароқ доимийлиги, устуворлиги, мақсадга ундовчилиги билан юқорироқ нуфузга эга.
Инсоннинг субъектив хислатлари интеграциясининг юксак шакли ижодиёт (креация) ҳисобланиб, умумлашган имкониятлар тарзида қобилиятлар (истеъдод, иқтидор), талант ва салоҳият вужудга келади. Одамнинг субъектив хусусиятлари, хислатлари ривожининг асосий шакллари руҳан тайёргарлик, старт, кульминация ва финиш саналиб, инсоннинг жамиятдаги ишлаб чиқариш ва ижодиёт фаолиятларини белгилайди. Мазкур тўрт босқич, тўрт мезон, тараққиётни баҳолаш тизими ўзига хос хусусиятлари, имкониятлари, суръати, давомийлиги билан бир-бирларидан ҳам сифат, ҳам миқдор жиҳатдан ажралиб туради.
Жаҳон психологияси фанида инсон сифатлари (хислатлари, фазилатлари, хосиятлари) ни индивидуал, шахсга оид ва субъектив гуруҳларга ажратилиши анъанавий ва касбий хусусиятга эга, чунки улар одамнинг яхлитлиги, бир бутунлиги, алоҳидалиги тавсифидан иборат бўлиб, бир даврнинг ўзида ҳам табиат, ҳам жамият жонзоди эканлигини англатади. Мазкур яхлитликнинг мағзи шахснинг тузилишидир, унда нафақат инсоннинг асосий хислатлари ўзаро кесишади ва умумлашади, балки унинг ижтимоий ва шахсий кўникмалари муайян таркибга келтирилади, қоидавий хусусият касб этади.
Бизнингча, индивид, шахс, субъект тараққиётининг тадқиқотида қуйидаги ижтимоий-психологик ҳолатларга эътибор қилиниши зарур:

Download 3.91 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   34   35   36   37   38   39   40   41   ...   117




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling