Э. ғозиев умумий психология
Ҳиссиёт ва эмоционал ҳолатларнинг физиологик асослари
Download 3.91 Mb.
|
умумий психология Гозиев
3. Ҳиссиёт ва эмоционал ҳолатларнинг физиологик асослариЭмоционал ҳолатлар бошқа руҳий жараёнлар сингари мия фаолиятининг натижаси ёки маҳсули бўлиб ҳисобланади. Эмоционал ҳолатларнинг юзага келишига табиатда ва жамиятда содир бўлаётган ўзгаришлар, муносабатлар, алоқалар, таассуротлар асосий сабабчидир. Ўзгаришлар ўз навбатида, биринчидан, шахс ҳаёти ва фаолиятининг жадаллаши ёки пасайишига, иккинчидан, инсондаги айрим эҳтиёжларнинг пайдо бўлишига ёки йўқолишига, учинчидан, одам ички органлари функционал ҳолатларининг беқарорлашувига олиб келади. Ҳис-туйғулар учун энг хусусиятли физиологик жараёнлар негизи сифатида шартсиз ва шартли рефлекслар хизмат қилади ва уларнинг муайян тизими бош мия катта ярим шарлари пўстида юзага келади ҳамда шу жойда мустаҳкамланади. Мураккаб шартсиз рефлекслар эса: 1) ярим шарларнинг пўстлоқости бўшлиқлари: 2) мия стволига тегишли кўриш тепачалари (дўнгликлари); 3) нерв қўзғалишларини миянинг юқори бўлимларидан вегетатив тизимига ўтказиб берувчи марказлари орқали амалга оширилади. Шахсда ҳис-туйғуларнинг кечиши ҳамиша мия пўсти билан пўстлоқости марказларининг бирликдаги (ҳамкорликдаги) фаолияти натижасида рўёбга чиқади Шахс руҳий оламида, уни қуршаб турган теварак-атрофда содир бўлаётган ўзгаришлар (хоҳ табиий, хоҳ субъектив бўлишидан қатъи назар) кечинмалар субъекти (инсон) учун қанчалик қадр-қиймат, юксак аҳамият касб этса, ҳиссий ҳолатларнинг мазмуни шунчали пурмаъно бўлади. Бунинг таъсирида юзага келадиган муваққат боғланишлар тизимининг қайта қурилиши қўзғолиш жараёнини ҳосил қилади. Мазкур жараён мия катта ярим шарлари пўстида тарқалиб, сўнг пўстлоқости марказларини эгаллаб олади. Катта ярим шарлар пўстидан пастда турувчи мия бўлимларида организм физиологик фаолиятининг турли марказлари (нафас олиш, овқат ҳазм қилиш ва ҳоказо) жойлашган. Шу сабабдан пўстлоқости марказларининг қўзғалиши баъзи ички аъзолар фаолиятининг кучайишига олиб келади. Жумладан, нафас олиш ритмикасининг ўзгариши (ҳаяжонланганда бўғилиб қолишини, оғир ва тартибсиз нафас олишни юзага келтиради), юрак фаолиятининг бузилиши (юрак уришини тезлаштиради), организмни қон билан таъминлаш издан чиқиши (уялгандан қизаришни, қўрққандан оқаришни келтириб чиқаради, ички секреция безлари ишининг нуқсонлари кўз ёшининг оқизади, ҳаяжонланганда оғизини қуритади, қўрққанда «совуқ» тер чиқаради ва ҳоказо.) Илмий манбаларда талқин қилинишича, мия катта ярим шарларининг пўсти мўътадил шароитида пўстлоқости марказларига бошқарув ва тормозлов йўсинида таъсир кўрсатади ҳамда ҳиссиётининг ташқарида ифодаланишига йўқ қўймайди. Мия пўсти кучли даражада қўзғалса, унинг таъсирида бошқарувчанлик функцияси бузилади. Шахс қаттиқ чарчаса ёки кучли маст бўлса, иррадиация оқибатида пўстлоқости марказлари ҳам қўзғалади, натижада ҳаракатни назорат қилиши йўқолади. Мия фаолиятининг электрофизиологик тадқиқотлари эмоцияларнинг пайдо бўлишида гипоталамолимбик (юнонча hypothalamus бош мия бўлими номи) тизими ва ретикуляр формация (лотинча reticulum тўрсимон, formatio, боғлам маъносини англатади) нинг роли кўрсатиб ўтилган. Маълумотларда кўрсатилишича, эмоционал ҳолатларнинг физиологик моҳияти катта ярим шарлар пўстининг ва пўстлоқости тизими марказларининг функциясигина эмас, балки улар: а) мия механизимлари фаолиятини фаоллаштирувчи ретикуляр формациянинг, б) миянинг таламус (кўриш дўнгликлари) нинг, гипоталамуснинг (дўнгликости қисмининг), в) ярим шарлар янги пўстлоғи орасидаги лимбик системанинг функцияларидир. Эмоционал ҳолатлар учун пўстлоқости тугунчаларининг таркибига кирувчи (мия катта ярим шарларининг оқ моддаси билан бирлашуви кулранг модда йиғиндиси) марказлар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Агарда мия катта ярим шарлари пўстлоғи ҳаракатларини бирлаштириб, сезгиларни ва саъи-ҳаракатларни нозик ифода қилиб турса, мия формациялари ташқи ҳамда ички муҳитда содир бўладиган ўзгаришларга организмнинг жавоб реакцияларини бошқаради. Маълумотларга қараганда, мия катта ярим шарлари пўстлоғи шикастланса, ташқи оламдан ҳамда ички органлардан келадиган қўзғовчиларнинг нозик таҳлил қилиниши заифланса ҳам эмоционал ҳолатлар сақланиб қолаверади. Масалан, ҳайвонлар лимбик тизимга, дўнгости (гипоталамус) қисмига, кўриш тепаликларига йўналган электр қўзғатувчиларга, ретикуляр формациясининг қўзғалишларига хурсандлик ёки диққинафаслик, дарғазаблик ёки қурқоқлик, лаззатланиш ёки азобланиш, роҳатланиш ёки кўнгилхижиллик сифатида жавоб реакцияси ҳосил бўлади. Психофизиолог олимларнинг маълумотларига қараганда, миянинг муайян жойларидан электрод ёрдамида биотокларни ёзиб олишнинг кўрсатишича, сут эмизувчиларнинг гипоталамусларида ҳам «роҳатланиш», ҳам «азобланиш» марказлари мавжуд экан. Тажрибада «роҳатланиш» маркази қўзғатилганда ёқимли ҳислар уйғонган, электр токи билан «азобланиш» маркази қўзғатилганда эса ҳайвонлар қалтираб, ўзини ҳар томонга ташлаган. Кейинчалик сут эмизувчилар азоблантирувчи эмоциядан қочишга ҳаракат қилганлар. Юқорида таъкидланганидек, ижобий ва салбий ҳис-туйғуларнинг шунга ўхшаш марказлари бош миянинг бошқа бўлимларида жойлашганлигига қарамай, шартли равишдаги роҳатланиш ва азобланиш марказлари ҳам мавжуддир. Эмоциялар бир-бирига яқин масофада фаолият кўрсатадилар. Тажрибада қўш (жуфт) марказларидан бирида электрод билан ҳосил қилинган қўзғалиш эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда салбий ёки ижобий эмоциядан фақат биттасини вужудга келтирган, холос. Баъзида ёндош жойлашган марказларда қўзғолиш тарқалган бўлса, у ҳолда амбивалент ёки иккиёқлама реакция рўёбга чиқади. Шартли равишда номланган марказлар (роҳатланиш, азобланиш) бир-бирига яқин жойлашишига қарамасдан, ҳар хил тузилишга эга эканлиги аниқланган. Маълумотларнинг кўрсатишича, «азобланиш» марказлари миянинг турли бўлимларига жойлашса-да, лекин улар ягона тизим билан бошқарилади. Салбий эмоциялардан фарқли ўлароқ ижобий ҳис-туйғулар ва «роҳатланиш» марказлари бир-бирлари билан жипс алоқага эга эмас. Таъкидлаб ўтилган мулоҳазалар эмоциялар жуфт ҳамда қарама-қарши хусусиятга эга эканлигидан далолат бермоқда. Шунинг учун ҳар қайси эмоция қарама-қарши туркумига эга деб қатъий ишонч билан айтиш мумкин, жумладан, севги-нафрат, ёқимли-ёқимсиз, хотиржамлик-безовталаниш масъулиятлик-лоқайдлик ва бошқалар. И. П. Павлов, Ч. Шеррингтон, П. К. Анохин, Н. А. Бернштейн, Е. Н. Соколов, Т. В. Симонов, Д. Линдслей, Р. У. Липер, Б. И. Додонов, У. Жемс ва бошқаларнинг тадқиқотларида кўрсатилишича, таҳлил қилинган марказларнинг қўзғатилиши шартли рефлекслари ҳосил қилинишини мустаҳкамловчи омил ҳисобланади. Бунинг натижасида электр қўзғовчи ёрдами билан мия катта ярим шарларининг пўстида билиш жараёнлари ва хатти-ҳаракатлар стереотипларининг негизини ташкил қилувчи муваққат боғланишлар ҳосил қилинади. Шартли рефлексларнинг сўниши, тормозланиши, пўстлоқнинг танлаш (селектив) тизими мия стволининг узунаси бўйича тепаликости ва пўстлоқости нерв тугунларидаги «марказлар» нинг фаолиятига боғлиқдир. И. П. Павлов ўша даврдаёқ, «динамик стереотип»ни ҳосил қилгандан кейин олий нерв фаолиятида уни бузилиш салбий ҳиссиётлар кечиши учун негиз бўлади, динамик стереотипни олдиндан тайёрлаб, сўнг уни ўзгариши ижобий ҳис-туйғуларни пайдо қилади, деб қатъий ишонтирган эди. Маълумотларнинг кўрсатишича, миянинг тепаликости қисмида (гипоталамусда) ги марказлар роҳатланиш ёки азобланиш вазиятлари кўп марта такрорланса ҳам ҳеч ўзгармаслиги мумкин, лекин мия катта ярим шарлари пўстлоқости нерв тугунчалари бўйлаб ёйилган марказлар қўзғотилиши натижасида эмоционал реакциялар кучсизланиши, ҳатто сўниши ҳам кузатилади. Бу воқелик шу билан изоҳланадики, ақлий фаолият ва ахлоқий кечинмалар эмоционал туси ўзининг ўзгарувчанлиги билан ажралиб туради. Бинобарин, организмнинг бирламчи эҳтиёжлари юзасидан сигнал берувчи эмоционал реакциялар такроран қаноатлантиргандан кейин ҳам сўнмайди. Шунингдек, органик жароҳат туфайли оғриқ камаймайди, муайян реакциялар ўзгармагунча жисмоний машқдан мароқланиш шахс кўнглига тегмайди. Бунинг учун албатта, салбий, ижобий, аралаш (амбивалент) сигналлар инсоннинг ҳаёти ва фаолиятида ўз аҳамиятини йўқотиш керак. Турли марказларни қўзғотганда юзага келадиган роҳатланиш ёки азобланиш эмоцияларининг сифатига, даражасига ва барқарорлигига асосланган ҳолда ҳар бир шароитда ҳиссий ифодаланган шартли рефлектор алоқалар бир марта мустаҳкамланганда ҳосил бўлишини бошқа вазиятда мустаҳкамланиш учун кўп уринишга қарамай алоқани тиклаш мушкул эканлигини изоҳлаш мумкин. Бу ўринда шахснинг барқарор эмоционал йўналганлиги, майллар мустаҳкамлиги руҳий ҳодисасини унинг турмуш тарзини, ҳаётий идеалларни тушунтириш мумкин. Масалан, майхўр (алкогол) ёки наркоман учун роҳатланиш билан боғлиқ хатти-ҳаракат бирламчи бўлганлиги туфайли турли ижтимоий воқеалар (оиладаги жудолик, ишхонадаги кўнгилсизлик, табиий офат ва бошқалар) уни бу йўлдан тўхтатиб қололмайди, лекин муваққат ҳолат вужудга келиши мумкин (айтайлик бир неча дақиқа ўзини тийиб туриш), бироқ тезда табиий эҳтиёжга мутелик қилиб, «тарки одат-амри маҳол» йўсинда иш тутаверади. Download 3.91 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling