Электрон тижорат: Қонунчилик, амалиёт ва таҳлил


Хорижий давлатларда Интернет-савдо — почта жўнатмалари орқали товарларни божсиз олиб кириш меъёри


Download 0.6 Mb.
bet5/9
Sana22.06.2023
Hajmi0.6 Mb.
#1648403
1   2   3   4   5   6   7   8   9
Bog'liq
Ракамли иктсодиёт

Хорижий давлатларда Интернет-савдо — почта жўнатмалари орқали товарларни божсиз олиб кириш меъёри

Изоҳ: Бази бир давлатларнинг қонунчилигида жисмоний шахсдан жисмоний шахсга юбориладиган шахсий совғалар учун божсиз олиб кириш меъёрлари турлича ўрнатилган.
Евроосиё Иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) мамлакатларида 2020 йил 1 январдан бошлаб интернет-савдо доирасида жисмоний шахслар томонидан товарларни божсиз олиб кириш чегараси 500 евродан 200 еврогача пасайтирилди. Апрелда Россия Молия вазирлиги 2020 йил 1 июлдан божсиз олиб кириш чегарасини 100 еврогача, 2021 йилдан 50 еврогача, 2022 йил бошидан 20 еврогача туширишни таклиф қилди. Шу билан бирга, агар товарнинг қиймати ёки вазн чегараси ҳозирги бир килограмм учун 2 евродан 3 еврога ошса, солиқнинг минимал ставкасини оширишни таклиф этган.
Бироқ Евроосиё Иқтисодий комиссияси ҳозирги вақтда ЕОИИ мамлакатлари учун онлайн-харидларни амалга оширишда божсиз олиб кириш меъёрини туширишни мақбул деб ҳисобламайди. Евроосиё Иқтисодий комиссияси май ойида, пандемия авжига чиққан пайтда бу мавзу муҳокамасини тўхтатди. Бунгача Россия томони 2021 йилнинг ўрталарига қадар чекловни 200 евродан 100 еврога тушириш муддатини кечиктириш таклифини илгари сурган эди.
Ўзбекистон фуқаролари — жисмоний шахслар ҳам шахсий фойдаланишлари учун чет элдан товарларга буюртмалар беришлари мумкин. Интернет ва мобил иловаларнинг ривожланиши бу имкониятларни осонлаштиради (сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчиларнинг сони 23,9 миллион, фойдаланувдаги смартфонларнинг сони эса 19 миллиондан ортиқ).
Президентнинг 2018 йил 6 февралдаги «Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан жисмоний шахслар томонидан республикага божхона тўловлари олинмайдиган товарларни олиб киришнинг чегараланган меъёрлари белгиланган бўлиб, булар қуйидагича:

  • халқаро курьерлик жўнатмалари орқали жисмоний шахслар номига келаётган товарлар учун — бир календарь чорак мобайнида 1 000 (бир минг) АҚШ доллари;

  • халқаро почта жўнатмалари орқали жисмоний шахслар номига келаётган товарлар учун — 100 (юз) АҚШ доллари.

Президентнинг 2019 йил 7 ноябрдаги «Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори билан 2020 йил 1 январдан бошлаб, нотижорат мақсадлар учун Ўзбекистон чегарасидан ўтиш пунктлари орқали қўл юкида ва кузатиб борилаётган багажида товарлар олиб кираётган жисмоний шахслар учун, шунингдек, жисмоний шахс номига халқаро почта ва курерлик жўнатмалари орқали келадиган товарларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган божхона божи, қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғи ўрнига ягона божхона тўловини тўлашни назарда тутувчи божхона тўловларини ундиришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилган.
Шунингдек, божхона қийматининг 30 фоизи миқдорида ягона божхона тўлови белгиланган, лекин ҳар бир килограмм юк учун 3 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда ягона божхона тўлови ставкаси белгиланди, бу жисмоний шахс томонидан олиб киришнинг максимал меъёрлари ошиб кетганда ундирилади.
Хўш, бу каби бож ва солиқ ўзгартиришлари электрон тижоратнинг ривожланишига қай даражада таъсир қилади, деган савол келиб чиқади. Албатта, бу каби ўзгаришлар Ўзбекистонда электрон тижоратнинг ривожланишига тўсқинлик қилмаслиги, аксинча унинг мамлакатда янада ривожланишига хизмат қилиши лозим.
Жаҳон миқёсидаги пандемия шароитида аксарият халқаро авиарейсларнинг тўхтатилиши, юкларни етказиб беришнинг кескин сусайиб кетиши оқибатида халқаро почта ва етказиб бериш тизимларини янада такомиллаштириш, бунда электрон тижорат тизимини янада кенгайтириш зарурлигини кўрсатиб қўйди.
Ўзбекистонда электрон тижорат тизимини ривожлантириш шароитида ҳал қилиниши керак бўлган бир қанча муаммолар мавжуд бўлиб, улардан бири — бу хорижий интернет-дўконларидан товарларни етказиб бериш вақтини қисқартиришга эришиш заруриятидир. Халқаро тажрибадан келиб чиқиб, бу масаланинг ечимларидан бири сифатида махсус божхона омборхоналарини яратиш ва улар фаолиятини тўлиқ автоматлаштирилган ҳолда назорат қилишга эришиш эканлигини таъкидлаш жоиз.
Масалан, Татаристон раҳбари 2020 йил июль ойида Россия Молия вазирлигига Татаристоннинг трансчегаравий интернет савдоси учун мамлакатнинг биринчи Б2Б2C, яъни «бизнес бизнес учун — бизнес мижоз учун» махсус «бонд зонаси» (божхона тўловлари тўланмаган товарлар омбори ёки омборлари зонаси)ни ташкил этиш таклифи билан мурожаат қилган. Республика раҳбарияти буни синов тариқасида трансчегаравий интернет-савдога йўналтирилган алоҳида эркин иқтисодий зонани яратиш орқали амалга оширишни таклиф қилган.
Бонд зонани яратиш бўйича Татаристоннинг шартлари орасида логистика инфратузилмасини юқори даражада тайёрлаш, мақбул жуғрофий жойлашув ва республика органларининг қўллаб-қувватлаши ҳам мавжуд. Россиядаги биринчи бундай зонани яратишга тўсқинлик қиладиган жиҳат — бу тартибга солувчи нормативларнинг йўқлигидир. Амалдаги божхона қоидалари божхона омбори моделидан фойдаланганда Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳудудидаги жисмоний шахсларга почта орқали товарларни жўнатишнинг соддалаштирилган тартибини қўллашга имкон бермайди.
Ҳозирги кунда Хитой ва Қозоғистон, Қирғизистон ўртасида айрим умумий чегара ҳудудларида эркин савдо ва божхона бонд омборлари мавжуд бўлиб, улар фаолиятини ҳам танқидий ўрганиб чиқиш лозим.
Ўзбекистон Туркманистон, Тожикистон ва, келажакда, Афғонистон бозорларига йўналтирилган бонд зоналарини яратиш мумкин. Бу эса, Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан трансчегаравий савдосининг янада ривожланишига, яратилажак «бонд зоналари» электрон тижорат орқали жўнатилаётган товарларнинг етказиб берилишининг тезлашишига ва мижозлар учун қулайликларнинг янада ортишига сабаб бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган товарларнинг ҳам электрон тижорат йўли билан бошқа давлатларга жўнатиш механизмларини ҳам ишлаб чиқиш лозим. Албатта, бу масалаларни мутахассислар иштирокида синчковлик билан ўрганиб чиқиш ва, лозим бўлганда, мавжуд норматив ҳужжатларга тузатишлар киритиш орқали амалга ошириш зарур.
Ривожланган давлатлар томонидан электрон тижоратга катта эътибор қаратилаётгани, бундай савдолар ҳажми ҳозирги кунда 6,5 триллион долларгача ўсгани Ўзбекистонда ҳам ушбу соҳани янада тараққий эттириш зарурлигини кўрсатмоқда. Айниқса, Ўзбекистонда тайёрланган истеъмол моллари ва товарларини электрон тижорат тизими орқали бошқа мамлакатларга тез, осон ва қулай сотиш жуда катта ютуқларга эришишга, мамлакат иқтисодиётининг ўсишига сабаб бўлади.
Бунинг учун, албатта, мутахассислар тайёрлаш, аҳоли ва тадбиркорларни электрон тижоратдан кенг фойдаланиш бўйича ўқитиш, соҳани ривожлантиришга хизмат қиладиган тизимларни ишлаб чиқиш зарур. Жаҳон савдо айланмаси яқин келажакда тез, қулай ва арзон электрон тижорат тизимига тўлиқ ўтишга ҳозирлик кўрмоқда. Уни ўзига тўлиқ мослаштирган, унинг қулайлик ва афзалликларидан фойдаланган мамлакатлар катта ютуқларга эга бўлиши, жуда кўп аҳолини иш билан таъминлаши мумкин.

Download 0.6 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling