“Эндопсихика» ва «Экзопсихика” ҳақида тушунча


Download 51.31 Kb.
Sana26.01.2023
Hajmi51.31 Kb.
#1125723
Bog'liq
endopsikhika va ekzopsikhika aida tu


Aim.uz

“Эндопсихика» ва «Экзопсихика” ҳақида тушунча


Юқорида таъкидлаб ўтилган илмий муаммолардан биринчиси бир шахсни бошқа одамлардан ажратиб турадиган индивидуал тузилишига эга эканлигидир. Ушбу яққол психологик муаммони ҳал қилиш шахснинг мазкур тузилишининг ички шароитларида ифодаланувчи хулқ-атворни олдиндан башорат қилиш имкониятини яратади. Мазкур масаланинг қўйилиши даставвал таълим ва тарбия эҳтиёжларидан, ташкилотчиликка оид фаолият соҳалари ва бошқа эҳтиёжлар замиридан келиб чиқади. Лекин бу масалани илмий асосда ҳал қилиш бошқа муаммони, яъни шахсни тоифаларга ажратиш (типология), унинг энг муҳим, мукаммал тузилишини аниқлаш билан боғлиқдир. Дарҳақиқат, шахс типологияси, шахсни типологик таҳлил қилишнинг энг нозик, ибратли жиҳатларини чеклаб ўтиш, у ҳақида етарли даражада тўла тасаввурга эга бўлишни хоҳласак, унинг энг умумий тасвирини умумлашган тарзда таъкидлаб ўтиш лозим.
Шахс тузилиши билан боғлиқ бўлган иккинчи масала эса бундай тузилишнинг бир қанча таркибий қисмларга ажратишни тақозо этади, бинобарин, ушбу бўлакларнинг йиғиндиси яхлит инсон шахсини вужудга келтиради. Жаҳон психологияси фанида психологлар шахсни психологик тузилишининг таркибий қисмларини турли моҳиятига асосланиб туркумларга ажратишни (классификациялашни) тавсия этмоқдалар.
Ҳозирги замон жаҳон психологиясида биологик (табиий) ва ижтимоий (социал) омил (фактор) нинг, воқеликнинг таъсири остида шаклланган инсон шахсида иккита муҳим қисм бўлганлигини тасдиқловчи назария юксак мавқени эгаллаб турибди. Мазкур назарияга биноан “ички психик” (“эндопсихик” - юнонча “эндо” ички деган маънони билдиради) қисмларга ажратилади, деган ғояни илгари сурилади. Ушбу талқинга кўра “эндопсихика” шахснинг психик тузилишининг ички қисмлари сифатида психик элементлар ва функцияларнинг ўзаро боғлиқлиги акс эттирилади. Унинг негизида инсоннинг нерв-психологик тузилиши билан “эндопсихик” айнан бир нарса деган тушунчани тасдиқлаш ётади, гўёки у одам шахсининг ички механизмини юзага келтиради. Психик тузилишнинг “экзопсихик” қисми бўлса шахснинг ташқи муҳитига нисбатан муносабатини, шахсга қарама-қарши бўлган барча жиҳатларини, шахслараро ва объектив муносабатини белгилайди. “Эндопсихика” ўз навбатида шахснинг таъсирланиши, хотира, тафаккур, хаёл каби билиш жараёнларининг хусусиятларини, иродавий зўр бериш хислатларини, ихтиёрсиз ҳаракатларни ва шу каби фазилатларни акс эттиради. “Экзопсихика” эса ўз таркибида шахс муносабатларининг тизимини ва унинг қизиқишлари, майллари, идеаллари, маслаги, устунлик қилувчи, ҳукмрон ҳиссиётларини, эгаллаган билимларни, тажрибаларни ва шу сингариларни қамраб олади. Табиий омилга (асосга) эга бўлган “эндопсихика” биологик шарт-шароитларга боғлиқдир, аксинча, “экзопсихика” ижтимоий воқеликлар таъсири остида юзага келади, таркиб топади ва такомиллашиб боради.
Шахснинг таркиб топиши бир қатор омилларга боғлиқ деган назариянинг намояндалари бўлмиш ҳозирги замон узоқ чет эл (АқШ, Англия, Франция, Германия, Швецария ва бошқалар) психологлари оқибат натижасида шахснинг тузилишини ўша иккита асосий омилларга, яъни биологик ва ижтимоий (социал) воқеликларнинг таъсирига боғлиқ бўлган тузилишининг мавжудлигидан манфаатдордирлар. Объект-субъект муносабатини белгилайди. “Эндопсихика” ўз навбатида шахснинг таъсирланиши, идрок, тасаввур, хотира, тафаккур, хаёл жараёнларининг хусусиятларини, иродавий зўр бериш хислатларини, ихтиёрсиз (идеомотор) ҳаракатларини ва шу каби фазилатларини акс эттиради. “Экзопсихика” эса ўз таркибига хос муносабатларининг тизимини ва унинг қизиқишлари, майллари, идеаллари, установкалари, маслаги, устунлик қилувчи, ҳукмрон ҳиссиётларини, эгалланган билимларни қамрайди.
Психология фанида кескин қайта қуриш жадал суръатлар билан давом этаётган бир даврда юқорида таҳлил қилинган қўш (икки) омиллик концепциясига қандай муносабатда бўлиш мақсадга мувофиқ?
Жумладан, диалектик материализм дарғаларининг ибораси билан айтганда, инсон шахсининг моҳияти барча ижтимоий муносабатлар йиғиндисидан иборат, бу ифодага ўта кескин эътироз билдиришга ҳожат йўқ. Чунки шахс ижтимоий мавжудод бўлганлиги (микромуҳит маҳсули эканлиги тан олинмаса-да) учун унда табиий-биологик тузилиш аломатлари сақланиб қолиши табиий ҳолдир. Масалан, шахс тузилишида биологик ва ижтимоий (социал) омилларни бирламчи деб эътироф қилиш муаммонинг бир томони (уларни ҳисобга олиш, албатта зарур), лекин иккинчи томони уларнинг ўзаро муносабатларини қай тарзда тушунишда ўз ифодасини топади. Кўпгина психологларнинг фикрича, бизнинг нуқтаи назаримизча, қўш омиллик назариянинг баҳсли жабҳаси шундан иборатки, бу назария ижтимоий омил билан биологик воқеликни, муҳит билан биологик тузилишни, “экзопсихика” билан “эндопсихика” ни механик равишда бир-бирига қарама-қарши қўяди, ўзаро таъсир этиш муаммосига лоқайдлик билан муносабатда бўлади. Мазкур концепция вакиллари шахснинг шаклланиши ва унинг тузилишига таъсир қилувчи табиий ва ижтимоий омиллар ички имкониятлари мавжуд эканлигини ҳисобга олмайдилар.
Таъкидлаб ўтилган фикрларни тасдиқлаш мақсадида улар ўтказган тажрибаларига мурожаат қиламиз. қўш омиллик назария тадқиқотчилари тажрибаларида 80-130 см баландликдаги одамларнинг шахс хислатларини таркиб топтириш ўрганилган. Бунинг натижасида улар шахснинг тузилишида кўп хислатлари ўхшашлиги топилган. Бундай одамларнинг бўйи паст (пакана) бўлишларидан ташқари, уларнинг тузилишида ҳеч қандай нуқсон ва камчилик йўқ эканлиги аниқланган. Бундай тоифага кирувчи кишиларда болаларга хос кулгини, ҳеч бир танқидсиз оптимизмини, ўта соддаликни, муайян даражада ҳиссий (эмоционал) зўриқишни талаб қиладиган вазиятга нисбатан чидамлиликни, уят ҳиссининг камроқ эканлигини учратиш мумкиндир. Шахснинг хислатларига на “эндопсихика”, на “экзопсихика” қисмларини киритиш мумкин эмас. Чунки шахснинг сифатлари митти одамларнинг психик хусусиятларининг маҳсули бўлиб, улар бўйига нисбатан ўз тенгқурлари ўртасидаги фарқ аниқланган даврдан эътиборан шундай бир ижтимоий вазиятда пайдо бўлиши, таркиб топишининг такомиллашиши табиийдир. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, теварак-атрофдагиларнинг митти одамларга бўйдор кишиларга қараганда бошқа муносабати, уларнинг писанд қилмаслиги, камситилиши, улар ҳам барча каби нарсаларни ҳис қилиш, орзу қилиш, ажабланиш, ҳайрон қолиш сабабли уларда шахснинг ўзига хос тузилиши вужудга келади. Бундай яққол воқелик уларнинг руҳий эзилишини, баъзан бошқаларга, ҳатто ўзларига нисбатан тажавузкорона йўл тутишларини ниқоблайди, холос. Мабодо биз митти одамлар (лилипутлар) ўзлари билан бап-баровар бўйли кишилар муҳитида яшайди деб тасаввур қилсак, у ҳолда уларда ҳам теварак-атрофдаги бошқа одамлардаги каби мутлақо бошқача шахсий фазилатлар, хусусиятлар, хислатлар, сифатлар мужассамлашиши мумкин бўлар эди.
Тараққийпарвар (гуманистик) психология фанида таъкидланганидек, шахс тузилишидаги табиий, органик жиҳатлар ва ҳолатлар унинг ижтимоий шарт-шароитларига боғлиқ таркибий қисмларидир. Шахс тузилишидаги табиий (анатомик-физиологик ва бошқа сифатлар) ва ижтимоий омиллар яхлит бирликни ташкил қилади ва улар ҳеч маҳал ихтиёрсиз равишда бир-бирига қарама-қарши қўйилишига йўл қўймаслик керак.
Шундай қилиб, илмий психология (материалистик деб аташдан сақланиш мақсадида) фанида барча категорияларга умумбашарий, умуминсоний тамойил нуқтаи назардан ёндашиш шахс тузилишида табиий (биологик) ва ижтимоий (социал) омиллар ролини тан олади, инсон шахсидаги биологик ва ижтимоий воқеликларни атиги шуларнинг негизида қарама-қарши қўйишга танқидий муносабатда бўлади.
Шахс муаммосини диалектик материализм позициясида туриб ҳимоя қилувчи собиқ совет психологияси ва бошқа тараққийпарвар йўналиш вакиллари шахснинг фаоллиги теварак-атрофдаги олам билан бўладиган ўзаро муносабат жараёнида фаолият вужудга келиши мумкин деган таълимотга асосланади. Шахсни фаоллигининг манбаи унинг эҳтиёжлари ҳисобланиб, худди шу эҳтиёжлар одамни муайян тарзда ва маълум йўналишга ҳаракат қилишга ундайди. Худди шу боисдан эҳтиёж шахс фаоллигининг манбаи сифатида юзага келади ва унинг яққол турмуш шароитига боғлиқлигини акс эттирувчи ҳолатдир.
Эҳтиёжларда шахснинг яққол ижтимоий турмуш шароитларига боғлиқлиги мотивлар тизими (мотивация) сифатида ўзининг фаол жабҳалари билан ифодаланади. Мотивлар маълум эҳтиёжларни қондиришга қаратилган фаолиятга нисбатан моликликдир, деган таърифланишга мутлақо мосдир. Психология фанида қизиқишлар деганда, одамларнинг билиш жараёнига йўналтирилган эҳтиёжларнинг ҳиссий акс этишидир. Билиш эҳтиёжларини шахс томонидан қондирилиши унинг билимларидаги узилишларини тўлдиришга, таълим вазиятларига тўғри мослашишга ҳамда уларни тушинишга зарур имкониятлар яратади ва ёрдам беради.
Эътиқод одамнинг шахсий қарашлари, хулқ-атвор тамойиллари, илмий дунёқарашларига асосланиб ҳаракат қилишга ундовчи англашилган эҳтиёжлар мажмуидир. Эътиқод шаклида юзага келадиган эҳтиёжларнинг мазмунини одамни қуршаб турган табиат ва у яшайдиган жамият ҳақидаги билимлар ҳамда уларни муайян даражада шахс томонидан англаш ҳосил бўлади ва аста-секин турли ташқи таъсирлар ёрдамида такомиллашиб боради.
Инсонда вужудга келадиган тилаклар саъи-ҳаракатлар мотивлари ҳисобланиб, бу мотивларда айнан шу вазиятда бевосита яққол намоён бўлмаган турмуш ва ривожланиш шароитларида эҳтиёжлар ифодаланади.
Шахснинг психик тараққиётининг ҳаракатлантирувчи кучлари инсоннинг ҳаёти-фаолияти давомида ўзгариб турувчи эҳтиёжлари билан уларни қондиришнинг ҳақиқий имкониятлари ўртасидаги қарама-қаршиликлар бўлиб ҳисобланади. Булар тўғрисида жаҳондаги илмий психологик адабиётларда бир қатор қимматли ва бой материаллар мавжуддир.
Одатда шахсни ривожлантириш, шакллантириш, таркиб топтириш, камолотга етказиш мавжуд қарама-қаршиликларни, зиддиятли вазиятларни енгиш, иродавий зўр бериш, зўриқиш, танглик, жиддийлик ҳолатларини бошқариш, ўзини қўлга олиш орқали ушбу фаолиятни амалга оширишнинг оқилона, омилкор воситаларини (йўллари, усуллари, операциялари, кўникмалари, уқувлари, малакалари, одатлари, ҳаракатлари, саъи-ҳаракатлари кабиларни) ўзлаштириш, эгаллаш натижасида вужудга келади. Буларнинг барчаси имитация (тақлид), идентификация, рефлексия, стереотипизация, таълим, ўқитиш, ўқиш, ўрганиш, ўргатиш, сабоқ олиш, ўзлаштириш, мустақил билим олиш жараёнида юзага келтирилади. Мазкур ҳолатда аниқ фаолият орқали эҳтиёжни қондириш қонуний равишда янада юксакроқ, юқори босқичдаги янги хусусиятга эга бўлган эҳтиёжни туғдиради.
Шундай қилиб, эҳтиёжларнинг туғилиши, тараққиёти, уларни саралаш ва шакллантириш ҳамда мустақил, демократик, ҳуқуқий жамият кишисига хос бўлган миллий, ҳудудий маънавият, руҳият ва қадриятларнинг қонуниятларига, хоссаларига, механизмларига асосланган шарқона, ўзбекона юксак ахлоқий ҳисларга эга инсонларни вояга етказиш республикамиз психолог олимларининг олдида турган асосий вазифаларидан биридир. Бунинг учун психологлар кўп тажрибаларда синалган (ишончли, валидли, репрезентатив) тестлар, методлар (инновацион хусусиятли), методикалар (уларнинг инвариантлари, вариациялари, модификациялари), муайян касбий малакалар, услубий қуроллар (кўрсатмалар, тавсиялар, ишламалар, модуль ва рейтинг тизимлари), замонавий техник воситалар билан тўла-тўкис қуролланишлари, назарий ва амалий билимларни эгаллашлари, олинган натижаларни кўп қиррали (сифат, миқдор, корреляцион, дисперсион, фактор ва ҳоказо) таҳлил қила билишлари, чуқур талқин қила олишлари мутлақо зарурдир. Чунки буларсиз шахсни комил инсон сифатида шакллантириш, камол топтириш мумкин эмас, бинобарин, иккиёқлама ўзаро таъсир бундай имконият яратишга қодир.

Aim.uz



Download 51.31 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling