Этика ва эстетика кафедраси


Download 35.44 Kb.
Sana15.03.2023
Hajmi35.44 Kb.
#1269713
Bog'liq
4. Этика ва эстетика


ЭТИКА ВА ЭСТЕТИКА КАФЕДРАСИ

Этика ва эстетика фанлари асрлар давомида инсон камолоти, жамият равнақи ҳамда давлат барқарорлигига хизмат қилиб келган. Бу фанларнинг тараққий этишида файласуфлар, адабиётшунослар, санъатшуносларнинг хизматларини алоҳида таъкидлаш жоиз. Мамлакатимизда этика ва эстетика фанларига бўлган эҳтиёжни ҳисобга олиб, 1986 йилда Тошкент Давлат Университетида (ҳозирги ЎзМУ) алоҳида «Этика ва эстетика» кафедраси ташкил этилди.


Ўттиз йилдан ортиқ фаолияти давомида кафедрага дастлаб филология фанлари номзоди, доцент Ҳожимурод Расулов (1986-1988 йй), сўнгра фалсафа фанлари доктори, профессор Маҳмуджон Нурматов (1988-1993 йй), фалсафа фанлари номзоди, доцент Ибодулла Эргашев (1993-1994 йй), филология фанлари номзоди, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али (1994-1996 йй), доцент Абдулла Шер (1996-1997 ва 2004-2005 йй), фалсафа фанлари доктори, профессор Эркин Умаров (1997-2002 йй), фалсафа фанлари доктори Оқназар Қурбонмамадов (2005-2006 йй), (2006-2017 йй) фалсафа фанлари номзоди Баҳодир Ҳусанов мудирлик қилган. 2017 йилдан буён кафедрага фалсафа фанлари номзоди, профессор Лаълихон Муҳаммеджанова раҳбарлик қилиб келмоқда. Кафедрада узоқ йиллар мудир бўлган Баҳодир Ҳусанов ҳозирда Чирчиқ Давлат педагогика университетининг проректори лавозимида, талабаларга таълим ва тарбия берган профессор Мукаррам Нурматова ҳозирда Оила ва хотин қизлар қўмитасининг бошқарма бошлиғи лавозимида, Феруза Абиджанова Ўзбекистон Бадиий Академиясининг Бош Илмий котиби лавозимида фаолият олиб боришмоқда.
Мустақиллик йилларида кафедра педагоглари турли мукофотларга сазовор бўлишди. Хусусан, 2000 йилда Абдулла Шер, Муҳамеджанова Лалихон “Ўзбекистон Республикаси олий таълим аълочиси”, 2006 йилда Муҳамеджанова Лалихон “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси”, 2011 йилда “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 20 йил” эсдалик нишони, 2012 йилда “Энг намунали олий ўқув юрти хотин қизлар қўмитаси”, 2013 йилда “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси”, Ҳусанов Баҳодир 2016 йилда “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишонлари билан тақдирланганлар.
Университетда, жумладан, факультет ва кафедрада Этика ва эстетика тарихи ҳамда назарияси илмий мактабининг шаклланиши бир қатор олимлар, хусусан, фалсафа фанлари доктори, профессор Тилаб Махмудов, фалсафа фанлари доктори, профессор Маҳмуджон Нурматов, фалсафа фанлари доктори, профессор Эркин Умаров, фалсафа фанлари доктори, профессор Оқназар Қурбонмамадов, доцент Абдулла Шер номлари билан боғлиқ. Кейинчалик ушбу илмий мактабни кафедра олимлари Баҳодир Ҳусанов, Лалихон Муҳамеджанова, Мукаррам Нурматова, Феруза Загыритдинова, Нилуфар Агзамова, Дилбар Кадирова, Насиба Абдуллаева, Феруза Абиджанова томонидан давом эттирилди. Ҳозирги кунда эса, Гулчехра Шадиметова, Авазбек Туляев, Зарина Абдуазимова, Инагамова Феруза, Алимов Сардор, Ражабов Шухрат, Нуруллаева Зулхумор ва бошқалар келажак давомчилари сифатида этика ва эстетиканинг долзарб масалалари бўйича ўз илмий ва педагогик фаолиятларини олиб боришмоқда.
Этика ва эстетика кафедраси Марказий Осиё олий таълим муассасалари орасида ягона, республикада таянч кафедра ҳисобланиб, ахлоқий ва эстетик мезонларига таянган ҳолда замонавий мутахассис тайёрлашга ҳамда ёшларни баркамол шахс этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратади. Бу борада, дунёнинг кўплаб етакчи олий таълим муассасаларининг ҳам тажрибаси ўрганилди. Хусусан, 2022 йилдан бошлаб, Ижтимоий фанлар факультети таркибида кафедранинг янги “Амалий этика” бакалавр таълим йўналиши ташкил этилди. Янги очилган таълим йўналишига 40 нафар ёш йигит-қизлар талабаликка қабул қилинди. Бугунги кунга келиб, кафедра жаҳонда ривожланган давлатларнинг нуфузли таълим муассасалари ўқув жараёнини ўрганиб, қиёсий таҳлил қилган ҳолда, замонавий илм-фан ютуқлари ва илғор педагогик технологиялар асосида яратилган янги ўқув режа, дастурлар воситасида фаолият олиб бормоқда.
Кафедра илк фаолиятини бошлаганда университетда фақат 2та фандан – “Этика” ҳамда “Эстетика” фанларидан машғулотлар олиб борилган. Кафедра профессор-ўқитувчиларининг саъй ҳаракати билан бакалавр таълим йўналишида ўқитиладиган фанларнинг сони ва кўлами янада кенгайди. Кейинги йилларда Ижтимоий фанлар факультетининг бакалавр таълим йўналишида “Санъат фалсафаси”, “Нотиқлик санъати”, “Ахлоқ фалсафаси”, “Нафосат фалсафаси”, “Касб этикаси”, “Риторика”, “Амалий этика” фанларидан ҳамда магистратура мутахасисликларида “Жамият, ахлоқ ва қадриятлар фалсафаси”, “Давлат хизматчиси этикаси ва имижи”, “Этикет”, “Бошқарув этикаси”, “Дизайн, атроф-муҳит ва техника эстетикаси”, “Амалий этика ва эстетика”, “Аналитик эстетика”, “Визуал эстетика ва дизайн”, “Санъат эстетикаси” каби янги, замонавий фанларни ўқитишга асос солинди. Кафедрада ўқитилаётган фанлардан дарсларнинг замонавий педагогик технологиялар асосида ўтилишига катта эътибор қаратилмоқда.
Кафедра профессор-ўқитувчилари томонидан фанлар бўйича дарсликлар, ўқув адабиётлар, илмий-оммабоп рисолалар нашр этилиши ҳам диққатга сазовор. Даставвал, кафедра ва унинг илмий мактаби асосчилари томонидан, хусусан ”Эстетика”, “Ахлоқшунослик” дарсликлари доцент Абдулла Шер, “Муомала маданияти”, “Культура общения” дарсликлари доцент Баходир Ҳусанов ва Валижон Ғуломов, “Эстетика асослари”, “Театр эстетикаси” ўқув қўлланмалари профессор Эркин Умаров, “Эстетика Фирдавсий”, “Из истории эстетической мысли в Средней Азии” ўқув қўлланмалари профессор Ақназар Қурбанмамедов, “Биоэтика”, “Прикладная этика”, “Некоторые проблемы биомедицинской этики” ўқув қўлланмалари профессор Феруза Загыритдинова, “Ахлоқий ва эстетик маданият” ўқув қўлланмаси профессор Мукаррам Нурматова ва доцент Насиба Абдуллаева, “Нотиқлик санъати”, “Жадид мутафаккирларининг ахлоқий ва эстетик асослари”, “Маънавиятнинг ахлоқий асослари”, “Касб этикаси” ўқув қўлланмалари профессор Лалихон Муҳамеджанова, “Санъат назарияси” ўқув қўлланмаси Дилбар Кадирова муаллифликларида нашр этилди.
Сўнгги йилларда адабиётлар чоп этиш салмоғи янада ошди. Жумладан, сўнгги 6 йилда Этика ва эстетика кафедраси профессор ўқитувчилари томонидан 5та дарслик: “Риторика” профессор Л.Муҳаммеджанова, “Философия нравственности” профессор Н.Агзамова, “Ахлоқ фалсафаси” профессор Л.Муҳаммеджанова доцент Г.Шадиметова билан ҳаммуаллифликда, “Нафосат фалсафаси” профессор Д.Кадирова, “Фалсафа” профессорлар Л.Муҳаммеджанова ва Д.Қодирова бошқалар билан ҳаммуаллифликда, 8та ўқув қўлланма: “Этика” профессор Н.Агзамова профессор М.Қаххарова билан ҳамммуаллифликда, “Фалсафа” профессор Л.Муҳаммеджанова ва доцент Б.Ҳусанов бошқалар билан ҳаммуаллифликда, “Эстетика: асосий тушунчалар изоҳли луғати” кафедра жамоаси, “Аналитик эстетика” ва “Санъат эстетикаси” профессор Д.Қодирова, “Профессиональная этика” доцент З.Абдуазимова ва доцент А.Туляев ҳаммуаллифлигида, “Этикет”, “Давлат хизматчиси этикаси ва имижи”, “Амалий этика ва эстетика” Л.Муҳаммеджанова, “Нотиқлик санъати” Л.Муҳаммеджанова, С.Алимова ва Ш.Ражабов ҳаммуаллифлигида, 4та услубий қўлланма: “Давлат хизматчисининг ахлоқий маданияти” Л.Муҳаммеджанова, “Соғлом оила асослари” Л.Муҳаммеджанова Л.Абдуқодирова билан ҳаммуаллифликда, “Эстетик тарбия: моҳияти, аҳамияти, зарурияти” Б.Ҳусанов ҳамда “Санъат ва эстетик тарбия” Д.Қодирова муаллифлигида чоп этилди.
Мамлакатимизнинг мустақилликка эришиши этика ва эстетика соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш учун кенг имкониятлар яратди. Кафедра аъзоларининг илмий-педагогик фаолияти доимий равишда этика ва эстетика соҳаларида олиб борилаётган замонавий илмий изланишлар билан чамбарчас боғлиқ. Бугунги кунгача, ўқитувчи, тадқиқотчи ва докторантларимиз томонидан эстетика ва унинг тармоқ соҳалари, ахлоқ ва унинг замонавий таълимотлари, маданият ва унинг умуминсоний тамойиллари билан узвийликда бир қатор тадқиқот ишлари амалга оширилди ва диссертациялар ҳимоя қилинди. Жумладан, 2004-2005 йилларда Баҳодир Ҳусанов ва Лалихон Муҳамеджановалар, 2012 йилда Нилуфар Агзамова ва Дилбар Кадировалар, 2021 йилда Зарина Абдуазимова, Авазбек Туляев, Гулчехра Шадиметовалар, 2022 йилда Сардор Алимов, Зулхумор Нуруллаева ва Шухрат Ражабовлар 09.00.02 – “Онг, маданият ва амалиёт шакллари фалсафаси” ихтисослиги бўйича фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертациясини ҳимоя қилишган.
Ҳозирда 09.00.02 – Онг, маданият ва амалиёт шакллари фалсафаси ихтисослиги бўйича кафедрада 3 нафар таянч докторант ва 4 нафар мустақил изланувчилар илмий тадқиқот ишини олиб бормоқда. Кафедрада доимий назарий семинар ташкил қилинган бўлиб, унда этика ва эстетика муаммолари муҳокама қилинади.
Кафедра илмий лойиҳаларда ҳам иштирок этиб келади. Хусусан, 2010-2011 йилларда ЁА–3 “Хозирги замонда инсон онги ва қалби учун ғоявий курашнинг эстетикада намоён бўлиши” мавзусидаги ёшлар лойиҳаси, 2017-2018 йилларда ОТ-А1-98 “Жамиятни ислоҳ этиш ва модернизациялаш жараёнида эстетик тарбияни ривожлантиришнинг миллий асослари” амалий лойихасида иштирок этилди. 2018-2019 йилларда Инновацион тадқиқотлар миллий танловида Л.Мухаммеджанова рахбарлигида “Давлат ва жамият қурилиш тизизмини такомиллаштиришда Давлат хизматчиси этикаси ва имиджи” лойиҳаси ғолиб бўлди ва амалга оширилди.
Бугунги кунда мамлакатимиз олий таълим тизимида ўз йўналишлари бўйича дунёнинг етакчи илмий-таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, ўқув жараёнига илғор хорижий тажрибаларини жорий этиш, айниқса мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, кадрлар тайёрлаш мазмунини тубдан қайта кўриб чиқиш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда.
Кафедранинг ташаббуси билан қўйидаги олий таълим ва илмий муассасалари билан ҳамкорлик шартномалари ва меморандум имзоланди:

  1. Россия Фанлар Академиясининг Фалсафа институти;

  2. Қозоғистон Республикаси Л.Н.Гумилёв номидаги Евроосиё миллий университети;

  3. Аль-Фаробий номидаги Қозоқ Миллий университети;

  4. М.Ауезов номидаги Жанубий –Қозоғистон Давлат универститети

  5. Қозоғистон Республикаси Е.А.Букетов номидаги Караганда университети

Кафедранинг истиқболли ривожлантириш стратегиясидан келиб чиқиб, Россия Федерациясининг М.Ломоносов номидаги МДУ Фалсафа факультети, Санкт Петербург Давлат университети “Этика ва эстетика” кафедраси, Иваново Давлат университети “Фалсафа” кафедраси, Қозон Федерал университети, Украинанинг Т.Шевченко номидаги Киев давлат Университети Фалсафа факультети, Гомель Давлат университети, Белоруссиянинг Могилев Давлат университети, Туркиянинг, Битлис Эрен ва Вайсал университетлари билан яқин илмий-педагогик алоқаларни ўрнатган ва ҳамкорликни йўлга қўйган. Ҳамкорлик шартнома ва меморандумларга асосан Ҳалқаро илмий-назарий конференциялар, илмий стажировка, семинар-тренинг ва онлайн дарслар ташкил этиб келинмоқда.

Кафедранинг талабалар билан олиб борадиган фаолияти кенг тармоқлидир. Бу фаолият нафақат ўқув жараёни, илмий-тадқиқот ишлари балки маънавий-маърифий ишлар қўлами билан ҳам белгиланади. Айниқса, кафедрада ўқитиладиган фанларнинг мазмуни бевосита маънавий-ахлоқий жараёнларга тегишли бўлганлиги боис, олиб бориладиган маънавий-маърифий, ахлоқий-тарбиявий ишлар муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, кафедра ташаббуси билан кенг миқёсда талабаларнинг маънавий-ахлоқий дунёқарашини янада юксалтириш, уларнинг бадиий-эстетик қобилиятини ривожлантириш, ижодкор ёшларнинг имкониятларини рўёбга чиқариш мақсадида “Олам ва одам ранглар инъикосида” тасвирий санъат танлови, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида “Шогирдимга беш китоб” акцияси, талаба-ёшларнинг иқтидор ва истеъдодларини намоён қилиш, санъат турларига қизиқишларини ошириш мақсадида “Ўзлигинг намоён қил” мавзусидаги Ёшлар фестивали ўтказиб келинмоқда.
Қолаверса, кафедра профессор-ўқитувчилари турли жамоат бирлашмалари ва ташкилотларда, маҳаллаларда маърузалар билан, ОАВда чиқишлар билан иштирок этиб келишади. Бундан ташқари, умумий ўрта таълим мактаблари, касб хунар коллежлари, академик лицей ва техникумлар билан ҳамкорлик шартномаси тузилиб, турли мавзуларида давра суҳбатлари ва маърузалар ташкил этилади.


Кафедра мудири Л.Муҳамеджанова
Download 35.44 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling