Этнопсихология фанининг предмети, мақсади ва вазифалари бобнинг қисқача мазмуни
Миллий дидни шакллантирувчи омиллар
Download 0.99 Mb.
|
Этнопсихология дарслик Умаров Б 3
9.2. Миллий дидни шакллантирувчи омиллар
Фаолият жараёнида вужудга келадиган миллий дид миллатнинг ҳам моддий, ҳам маънавий эҳтиёжларида намоён бўлади. Кишиларнинг моддий эҳтиёжларини қондирилиши асосан ишлаб чиқаришнинг ривожланиш даражаси билан белгиланади. Шунинг билан бирга табиий-географик шарт-шароитларнинг хусусиятлари ҳам моддий истеъмол характерига таъсир кўрсатади. Ейиш ва ичишнинг қандай бўлиши шу халқнинг хўжаликни қайси тури билан шуғулланишига, уни ўраб турган наботот ва ҳайвонот оламига кўп жиҳатдан боғлиқ бўлади. Ҳеч бир одам ўзи кўрмаган ёки ҳали мазасини татиб кўрмаган нарсаларга нисбатан эҳтиёж ҳосил қилмайди. Шу нарсаларга доир унда табъ ва дид ҳосил бўлмайди. Хўжалик юргизиш шаклларидаги ўзига хослик ҳам халқ табъига таъсир кўрсатади. Шу жойга хос бўлган маълум маҳсулотларни узоқ асрлар давомида доимий истеъмол қилиниши, унга ўрганиш ва ўзига хос диднинг вужудга келишига олиб келади. Деҳқончилик ва боғдорчилик билан шуғулланадиган республикамиз аҳолисининг асосий овқати гуруч, сабзавот ва мевалар ҳисобланади. Шунга кўра, уларда қишлоқ-хўжалик ва ўсимлик маҳсулотларини ишлаб чиқаришга, улардан турли-туман озиқ-овқат муҳсулотлари тайёрлашга нисбатан, малака ва одатлар ривожланган бўлиб, шунга мос равишда табъ ва дидлар ҳам шаклланган. Чорвачилик билан шуғулланувчи халқларда эса гўшт ва гўшт маҳсулотларига нисбатан эҳтиёж ва дид шаклланган. Айрим халқларда ўз чанқоғи ва очлигини янги сўйилган ҳайвонларнинг қони билан қондириш, эҳтиёжларни қондиришнинг энг мақбул йўли ҳисобланади. Бундай табъ бошқа муҳитда яшаётган ва қон умуман биологик эҳтиёжларни қондириш воситаси ҳисобланмаган кишилар учун бутунлай қарама-қарши туйғуларни келтириб чиқаради. Миллий эстетик диднинг ўзига хослиги миллат маънавий ҳаётнинг кўп соҳаларида намоён бўлади. Айниқса, улар меъморчилик қурилишларида, тасвирий санъатда, мусиқада, рақсларда, адабиётда, миллий кийимларда ва унинг безакларида, аёлларнинг хушрўйлигида ва ижтимоий ҳаётнинг бошқа соҳаларида тўла ўз ифодасини топади. Гўзаллик табиатда ва жамиятда объектив жиҳатдан мавжуд. У объектив ва субъектив идрокнинг умумлашмаси сифатида турли миллатлар томонидан ўзига хос равишда идрок ва тасаввур этилади. Австралиядаги айрим қабилалар ўз қизларининг кўзларини ёшликданоқ ғилай қилишга ҳаракат қилиб, бош кийимининг чекка томонига ялтироқ нарса осиб қўйишар экан. Чунки бу ерда ғилай кўзли аёл гўзаллик белгиси ҳисобланади. Одам маълум табиий-географик шароитда ва ижтимоий муҳитда яшар экан, у доимо таъсир этиб турувчи нарса ва ҳодисаларнинг символик хусусиятларини бошқа муҳит одамларига қараганда чуқурроқ билиб олишга ўрганади ва бошқа табиий ва ижтимоий муҳитга тушиб қолганда, у ердаги нарсаларни ва ҳодисаларни ҳам ўзида шаклланиб қолган “механизм” орқали идрок этади. Шунинг учун ҳам гўзаллик тўғрисидаги тушунча ҳам турли табиий-географик ва тарихий шароитларда яшаётган халқларда ҳар хил бўлади. Россия подшоси Анна Ионавна саройига балга таклиф қилинган Хитой элчилари, маликанинг шу ерда ҳозир бўлган хонимлардан қайси бирини улар энг гўзал, деб ҳисоблайдилар, деб берган саволига Петр I нинг қизи Елизавета (бўлажак подшо) ни афзал кўрганликларини айтишади. Елизавета дарҳақиқат, жуда гўзал бўлган. Буни ҳамма замондошлари бир оғиздан эътироф этишган. Лекин элчилар назокатлик, Шарқ халқларига хос бўлган хушмуомалик билан, агар Елизаветанинг кўзи шаҳло бўлмай, сал қисиқроқ ва камбарроқ бўлганда эди, у ўз гўзаллиги билан ягона ва ҳар қандай кишини бир қарашда хушини олиб қўядиган бўлар эди, деб қўшиб қўйганлар. Тарихий тараққиётдаги ўзига хослик, ижтимоий ҳаётдаги турли синфларнинг, қатламларнинг таъсирига қараб миллий табъ ҳам турлича шаклланиши ва ўзгариши мумкин. Маълумки, ислом дини ҳукмронлик қиладиган мамлакатларда ҳайкалтарошлик, рассомчилик билан шуғулланиш ман этилганлиги сабабли, санъатнинг бу тури ривожланмаган. Бунинг натижасида кишиларнинг тасвирий санъатни идрок этишга нисбатан эстетик диди ҳам ривожланмасдан қолиб кетган. Ўзбекистон халқ рассоми Чингиз Ахмаров журналилистларга берган интервьюларидан бирида: “...Чамамда, Ўрта Осиёда тасвирий санъатни оммавий идрок этиш бирмунча суст, деган гапда жон бор. Хусусан, республикамиз аҳолисининг жуда кўп қисми, айниқса, бадиий ташвиқот кучсизроқ бўлган қишлоқ жойларда профессионал тасвирий санъат намуналарини кўргазма ва музейларга махсус бориб кўришга одатланмаганлар. Мен, Москва, Ленинград каби шаҳарларда ташкил қилинган тасвирий санъат кўргазмаларига кириш учун қор, ёлғир остида турнақатор бўлиб навбатда турган одамларни кўрганман. Афсуски, бизда бундай эмас...”.10 Кишиларнинг санъатни бу турига нисбатан бўлган эҳтиёжларини қондирилмаслиги эвазига, уни тўлдириш учун Шарқда, хусусан, республикамизда наққошлик, ўймакорлик, геометрик орнаментлар билан ишлаш каби санъатнинг бошқа бир тури ривожланиб кетган. Самарқанд ва Бухора, Хива ва Қўқон, Шаҳрисабз ва Тошкент шаҳарларидаги тарихий обидаларга туширилган турли-туман нақшлар, ёғочга ва деворга ўйиб ишланган ганжлар киши ақл-идрокини, тасаввурини ҳозир ҳам лол қолдиради. Бу ўринда мунозарали бўлса ҳам яна бир нарсани айтиб ўтиш жоиз. Худди тасвирий санъат сингари бизда рақс саньатининг гултожиси бўлган балет ўйинларини “идрок қилишимиз бир мунча суст”. Бу ҳодисани ўзбек халқининг бундай нодир санъат асарини “ҳазм” қилишга лаёқатсизлигини, бадиий савиясининг, дидининг пастлиги билан эмас, балки, халқимиз тарихий тараққиётидаги, ижтимоий ҳаётидаги ўзига хос жараёнлар билан тушунтириб бериш мумкин. Ўзбек санъатида хореография (рақс) тури вокал (ашула) турига нисбатан янги ва унчалик ривожланган эмас. Бунинг сабабларидан бири, ўзбек аёлларининг авваллари кўпчилиик олдига чиқиб ўйнаши мутлақо мумкин бўлмаган. Аёлларимиздаги мавжуд ўйин санъати фақат тор доирадагина - хотин-қизлар ўртасида намоён этилиб, кўпчилик, айниқса эркаклар бундан баҳраманд бўла олмаган. Эркаклар ўйини эса халқ ичида унчалик расм бўлмаган. Шу боис йигитларимиз томонидан ижро этиладиган ўйинларимиз эса, тан олиш керакки, Кавказ халқларида эркаклар ижро этадиган ўйинларчалик ранг-баранг эмас. Балет санъатининг оммавий бўлмаганлигига яна бир сабаб, ўзбек аёлларининг ўйинларида, балет рақсидагидек, чархпалак бўлиб айланиш, сакраш, оёқ учида юриб ҳаракатланиш каби динамик ҳаракатлар анча кам. Бутун жозиба ва назокат юз ва кўз ифодаларида, қўлнинг нозик ҳаракатларида, ҳар бир ҳаракати маълум маънони ифодаловчи нозли ва иболи юришларда намоён бўлади. Натижада бизнинг кўпчилигимизда, ҳатто зиёлиларимиз орасида ҳам хореография санъатини, унинг гултожиси бўлган балет рақсларини чуқур идрок этиш кўникмалари ва билимлари ҳали етарли даражада, деб бўлмайди. Аксинча, Шарқда, ислом дунёсида маданиятнинг бошқа бир тури - шеърият бениҳоя даражада ривожланган. Шарқ шоирларининг шеърияти ҳатто Европанинг гениал шоирлари - Гёте, Байрон, Шекспир, Пушкин кабилар учун ҳам илҳом манбъаи бўлган. Шунинг учун халқимиз назмни жони-дилидан севади. Шоирлар, ёзувчилар билан бўладиган ҳар қандай учрашувлар талабчан, юксак дид соҳиблари бўлган кўплаб назм мухлислар-ини доимо ўзига жалб қилади. Шулардан кўринадики, санъатнинг у ёки бу турини тўғри тушуниш ва тўла идрок этилиши учун унинг миллий заминда нечоғлик илдиз отган бўлиши, унга нисбатан халқда қанчалик табъ ва диднинг шаклланган бўлишига боғлиқ бўлар экан. Лекин булардан зинҳор-вазинҳор ҳайкалтарошлик, рассомлик, хореография каби санъат турлари биз учун тушунарсиз, нокерак нарсалар экан, деган фикр туғилмаслиги керак. Аксинча, инсоният тафаккурининг маҳсули бўлган бу ноёб санъат турлари, айниқса, хореография санъати кейинги йилларда бизда кенг ривожланиб бормоқда. Лекин ҳали ҳам кўпчилик томонидан миллий рақсларни тамоша қилганчалик завқ-шавқ билан қабул қилинаётгани йўқ. Меҳнат фаолияти, иқтисодий уклад ва яшаш шароитлари асосида вужудга келадиган миллий дид бу шароитларнинг ўзгариши билан маълум даражада ўзгаришларга учрайди. Лекин қадимий табъ ва дидлар бутунлай изсиз йўқолиб кетмайди. Чунки узоқ вақт кишилар истеъмолида бўлган у ёки бу табълар, халқ ҳаётининг маънавий ва моддий томонларида ўзининг чуқур илдизини қолдирган бўладики, уларнинг ўзгариши ёки йўқолиб кетиши, янги дид ва табъларнинг шаклланиши учун ўн ва юз йиллар керак бўлади. Кейинги ўн йилликлар давомида мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида содир бўлган иқтисодий, сиёсий ўзгаришлар натижасида мавжуд бўлган табъ ва дидлар ҳам ўзгара бошлади. Бу моддий ва маънавий эҳтиёжларни қондириш билан боғлиқ соҳаларга даҳлдордир. Халқимизнинг кийиниши, таомлар тайёрлашида миллий андозалар билан бирга бошқа халқлардан кириб қолган янги таомлар, ширинликлар ва уст-бошлар ҳисобига ўзгариш бўлди. Буларнинг ҳаммаси миллий дидга ўз таъсирини кўрсатади. Download 0.99 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling